3.1. Мустақиллик ғояси ва уни амалга ошириш учун кураш- демократик ўзгаришлар диалектикасининг асоси
Ҳар бир инсон, элат, миллат, халқ доимо мустақил яшашни орзу қилиб келган, унга эриши учун, мустаҳкамлаш учун курашган. Хўш, мустақиллик нима? Бу саволга жавоб топиш ҳамма вақт файласуф, ҳуқуқшунос, сиёсатшунос, иқтисодчи, тарихчи, мафкурачи олимларнинг диққат марказида бўлиб келган. Мустақиллик сўзи: “Мустақил [ арабча – эркин, озод; тобе бўлмаган, алоҳида] – 1) ихтиёри ўзида бўлган; тобе, қарам бўлмаган; 2) ўзганинг ёрдамисиз ёки раҳбарлигисиз иш қила оладиган, ўзича фикр юрита оладиган, яшай оладиган; 3) фақат ўзига тааллуқли, ўзгалар иштирокисиз, таъсирисиз бўладиган”1, – деган маъноларни билдиради. Шундан келиб чиққан ҳолда мустақиллик деб - ҳар бир инсоннинг, миллатнинг, халқнинг, давлатнинг ўз моддий, маънавий бойликларига тўла ҳуқуқли қонуний соҳиб бўлиб, у ўз ихтиёри билан, бировларга тобе ва қарам бўлмасдан, ўзгаларнинг ёрдамисиз, раҳномаю раҳбарлигисиз иш қила олишига, фикр юритишига асосланган ҳолда ҳаёт кечиришидан иборат бўлган ижтимоий борлиғига айтилади.
Демак, ҳар бир халқ учун мустақиллик биринчидан, ўзи яшаётган жой – ҳудуддаги моддий бойликларнинг ҳақиқий эгаси бўлиш; иккинчидан, ўзларини ўзгаларнинг раҳномалигисиз миллий қонунчилик асосида сиёсий-ҳуқуқий жиҳатдан бошқаришни таъминлаш; учинчидан, ўзларининг маънавий-маданий борлиғини ташкил этувчи миллий қадриятларнинг тўла қонли соҳиби бўлиш демакдир2.
Бундай олий мақсадга эришиш учун дастлаб, яъни мустақиллик остонасида қандай ишлар амалга оширилди?
1. “Пахта якка ҳокимлигини” тугатиш, одамларга томорқа бериш, борларини кенгайтириш орқали озиқ-овқат масаласини ҳал этиш бўйича Кремелга қулоқ солмасдан мустақил равишда қарорлар қабул қилинди. Чунки ер, пахта майдонлари Москвага хизмат қилиши керак эди. Бу жараённи мустақиллик учун курашнинг, демак, демократлаштиришнинг бошланиши, деб ҳисоблаш мумкин. Демак, миллий мустақиллик учун кураш республикамиз ичида кечган.
2. Ўзбек халқининг шаънларидан бири ўзбек тилидир. Ўзбек тилини менсимаслик каби иллатларнинг олдини олиш мақсадида ҳам ЎзССР Олий Советининг 11-сессияси 1989 йил 21 октабрда “Ўзбекистон ССРнинг давлат тили ҳақида”ги қонунни қабул қилди. Бу қонуннинг тайёрланиши ҳам зиддиятли тарзда, сиёсий баҳсли тарзда кечган. Аслида бу қонуннинг қабул қилиниши миллий мустақиллик сари, яъни миллий ғоя ва демократик ўзгаришлар диалектикасида мустақиллик остонаси даврида ташланган биринчи қадам эди1.
3. СССР парчаланмасдан туриб 1990 йил 24 мартда ЎзССР Олий Совети биринчи сессиясида Ўзбекистонда Президентлик бошқаруви таъсис этилди ва ЎзКП МК биринчи котиби И.А.Каримов Ўзбекистон ССР Президенти деб эълон қилинди. Президентлик институтининг таъсис қилиниши миллий мустақил давлатчилик сари, яъни миллий ғоя ва демократик ўзгаришлар диалектикасида мустақиллик остонаси даврида ташланган иккинчи қадам эди2.
Мустақиллик остонасида Марказ ва Ўзбекистон раҳбарияти ўртасида муносабатлар кескинлаша бошлади. Хусусан, ЎзССР КП МКнинг 1989 йил 25 ноябрдаги 18-пленумида ўзбекларнинг миллий шаънига тегадиган чиқишларни, СССРда илдиз отган “хуфёна иқтисодиёт” каби нуқсонларни ўзбекларга тўнкаш ғайриқонуний эканлиги айтилди. 1990 йил 24 мартда ЎзССР Олий Совети биринчи сессиясида Ўзбекистонда Президентлик бошқаруви таъсис этилди ва ЎзКП МК биринчи котиби И.А.Каримов Ўзбекистон ССР Президенти деб эълон қилинди. Президентлик институтининг таъсис қилиниши миллий мустақил давлатчилик сари, яъни миллий ғоя ва демократик ўзгаришлар диалектикасида мустақиллик остонаси даврида ташланган иккинчи қадам эди.
4. 1990 йилда Президент И.А.Каримов бошчилигида барча қўмита, вазирликлар, вилоят, шаҳар ва туман ижроия қўмиталари билан биргаликда “Ўзбекистоннинг иқтисодий мустақиллигини шакллантириш концепцияси” тайёрлана бошлади. Ва ушбу концепция асосида 1990 йил 17 октабрда умумхалқ муҳокамасига қўйилган “Ўзбекистон халқ хўжалигини соғломлаштириш ва бозор иқтисодиётига ўтишнинг асосий принциплари” ишлаб чиқилди. Бу тадбир миллий ғоя ва демократик ўзгаришлар диалектикасида мустақиллик остонаси даврида ташланган учинчи қадам эди.
5. И.А.Каримов ташаббуси билан 1990 йил 20 июнда ЎзССР Олий Советининг иккинчи сессиясида “Мустақиллик Декларацияси” қабул қилинди. Декларация Ўзбекистон ССР демократик давлат сифатида республиканинг барча таркибий қисмларида ва ташқи муносабатларда танҳо ҳукмронлиги кафолатланди. Бу муҳим ҳужжат Ўзбекистоннинг миллий ғоя ва демократик ўзгаришлар диалектикасида мустақиллик остонаси даврида ташланган тўртинчи қадам эди.
“Мустақиллик Декларацияси”даги асосий масала Ўзбекистоннинг Иттифоқ (СССР) таркибида тенг ҳуқуқли республика бўлиши масаласи эди. Шунинг учун 1991 йил 17 мартда бўладиган СССР Олий Совети томонидан белгиланган умумхалқ референдумига 1991 йил 20 февралда ЎзССР Олий Совети Раёсати томонидан “Ўзбекистонни янгиланаётган Иттифоқ (Федерация) таркибида мустақил, тенг ҳуқуқли республика бўлиб қолишига розимисиз?” деган савол бўйича қўшимча бюллетен киритилди. Мазкур саволга 9 млн. 215 минг 571 нафар фуқаро, яъни қатнашганларнинг 93,9 % ижобий овоз берган1.
6. “Мустақиллик декларацияси”нинг биринчи аҳамияти, у Иттифоқ Шартномасига асос бўлди. Хусусан, Россия ва Ўзбекистон ўртасида тенг ҳуқуқли муносабатлар қарор топа бошлади. Жумладан, Москвани четлаб ўтган ҳолда Ленинград вилояти билан Ўзбекистон ўртасида иқтисодий, илмий ва маънавий маданий ҳамкорлик амал қила бошлади.
Нафақат бу, балки шу билан бирга Ўзбекистоннинг сиёсий, иқтисодий, социал ва маънавий ҳаётига доир масалалар Кремлга боғлиқ бўлмаган ҳолда – мустақил тарзда ҳал қилина бошланди1. Жумладан, ЎзССР Олий Совети Президиуми 1991 йил 22 июлда “Ўзбекистон ССР ҳудудида жойлашган Иттифоққа бўйсинувчи давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларини “Ўзбекистон ССРнинг ҳуқуқий тобелигига ўтказиш тўғрисида” қарор қабул қилди. Унда жумладан, шундай дейилган: “Ўзбекистон ССРнинг “Мустақиллик Декларацияси”га амал қилиб, бозор иқтисодиётига ўтиш шароитида меҳнат жамоалари манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларнинг хўжалик мустақиллигини таъминлаш мақсадида республика ҳудудида жойлашган иттифоққа бўйсинувчи давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари Ўзбекистон ССРнинг ҳуқуқий тобелигига ўтади”. Бу тарихий жараёнлар Ўзбекистоннинг мустақиллиги остонасидаги миллий ғоя ва демократик ўзгаришлар диалектикасидаги илгари ташланган бешинчи ва кейинги қадамлар эди. Демак, миллий мустақиллик учун кураш, тенглар ичра тенг бўлиш учун кураш халқимиз, хусусан зиёлиларимиз, ватанпарвар депутатларимиз, арбобларимиз томонидан ҳеч вақт тўхтамаган. Демак, И.А.Каримов ва у бошчилигидаги ватанпарварлар шундай мустабид тузумни синдириб “Мустақиллик Декларацияси”ни қабул қилган эканлар, бу уларнинг демократия йўлидаги улкан қаҳрамонликларидир.
1990 йил 20 июнда “Мустақиллик Декларацияси” қабул қилинган экан, мустақиллик остонасида унга нисбатан зид ҳаракатлар ҳам бўлиб ўтди. Жумладан, 1991 йил 19 августда “ГКЧП” Москвада ҳокимиятни қўлга олгач СССРда фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Бундан мақсад “бўлинмас иттифоқ”ни сақлаб қолиш эди. Уларнинг тарафдорлари Ўзбекистонда ҳам топилди. ЎзССРнинг вице-президенти Ш.Мирсаидов Президент И.А.Каримов Ҳиндистонда эканлиги туфайли ГКЧПнинг барча қарорларига сўзсиз бўйсуниш ҳақида қуйидаги буйруқни чиқарди:
Do'stlaringiz bilan baham: |