2.2. “Советлар демократияси”нинг қатағонликлари ва миллий мустақиллик заминларининг шаклланиши
“Совет” сўзи русчадан “маслаҳат”, “кенгаш” деган маъноларни беради.
XIX асрнинг 90 йилларида Россияда ишчилар синфининг партияси сифатида шаклланган РСДРП ва кейинчалик РКП(б) (б. – В.И.Ленин бошчилигидаги болшевиклар, яъни меншевикларга нисбатан кўпчилик, дегани) СССР ташкил топганидан сўнг КПССга айлантирилди. КПСС Программасида шундай дейилган: “Совет халқи партия раҳбарлигида, марксизм-ленинизм байроғи остида социализм қурди”3. Демак, Совет демократиясининг мафкуравий асослари марксизм-ленинизм экан.
Марксизм уч манбаи ва уч таркибий қисми мавжуд эди. Марксизмнинг биринчи таркибий қисми марксча-ленинча фалсафа бўлиб, у диалектик материализм ва тарихий материализм каби қисмлардан иборат эди. Марксизм-ленинизмнинг иккинчи таркибий қисми – марксча-ленинча сиёсий иқтисод “фани” эди. Бу фанда асосий ютуқ капиталистларнинг қўшимча қиймат ҳосил қилиш эксплуатациянинг манбаи эканлиги айтилган. Бу фан капитализм сиёсий иқтисоди ва социализм сиёсий иқтисоди қисмларидан ташкил топган эди. Марксизм-ленинизмнинг учинчи таркибий қисми – илмий коммунизм “фани” эди. Унинг биринчи қисми социализм ва иккинчи қисми коммунизм қуриш назарияларидан иборат.
Хўш, эксплуатациянинг негизлари қаерда? Ушбу саволга тарихий материализмда ишлаб чиқариш воситаларига бўлган хусусий мулкчиликда, деб жавоб берилган. Агар ишлаб чиқариш воситаларига мулкчилик хусусий бўлса, унда иқтисодий жиҳатдан ҳукмрон ва уларга қарам синфлар шаклланади. Ҳукмрон синфлар параллел равишда ўз давлатчилиги ва мафкурасини ўрнатадилар. Шунинг учун ҳам 1917 йил 25 октабрь
(1 ноябр) да В.И.Ленин бошчилигидаги болшевиклар партияси эксплуатацияни, хусусий мулкчиликни йўқ қилиш мақсадида ишчи-деҳқон ва солдат депутатларидан иборат пролетариат диктатурасининг Советлар формасини ўрнатдилар. Пролетариат диктатураси ва умумхалқ давлати социалистик давлатнинг икки босқичидир. Пролетариат диктатурасининг ўрнатган тартибини В.И.Ленин “ҳар қандай буржуа демократиясидан миллион марта демократроқ демократиядир”1, деган эди. Чунки унинг ўрнатган тартиби ишлаб чиқариш воситаларига бўлган хусусий мулкчиликни тугатишдан, хусусий мулк эгаларини душман-эксплуататорлар ҳисоблаб, фуқароларни қарама-қарши синфга бўлиб, улар ўртасидаги муносабатларни абсолютлаштиришдан, пролетариат диктатурасини бу синфий антогонизмни йўқ қилиш воситаси, деб тушунишдан иборат эди.
1917-йил Петроградда феврал-буржуа револуцияси туфайли “Шўрои Исломия”, “Шўрои Уламо”, “Турон”, “Турк адати Марказият”, “Иттифоқи муслимин”, каби партия, жамият ва бирлашмалар истиқлол йўлида 1917 йил 16-23 апрелда Тошкентда бўлган биринчи қурултойда демократик Россия таркибида “Туркистон Мухторияти”ни ташкил этиш ғоясини илгари сурдилар. Бунинг натижаси 1917 йил 26-28 ноябрь (11-декабр) кунлари Қўқонда Бутунтуркистон мусулмонларнинг фавқулодда IV қурултойида Туркистон Мухторияти тузилди ва у 1918 йил 22 февралда қизил аскар ва деҳқонлар томонидан шафқацизларча йўқ қилинди, 10 мингдан зиёд киши ўлдирилди1. Хўқанд (Қўқон) ўликлар шаҳрига айлантирилди.
Туркистон ҳудудида болшевиклар томонидан «демократия» ниқобидаги Совет Социалистик Республикалари тузила бошлади: 1918 йил 20 апрел – 1 майда РСФСР таркибида Туркистон Автоном Совет Социалистик Республикаси (ТАССР)2, 1920 йил 26 апрелда Хоразм Халқ Совет Республикаси (ХХСР) ва 1920 йил 6 октабрда Бухоро Халқ Совет Республикаси (БХСР) тузилди. Хоразм Халқ Совет Республикаси тузилгунига қадар – 1919 йил 9 апрелда Жунаидхон билан Совет Россияси ўртасида Тахта битими имзоланиб, Хива хонлигининг мустақиллиги тан олинди. Лекин 1920 йил 2 февралда Совет Россияси битимни бузиб, Хива хонлигини тугатди. Мустамлакачилар қаерда бўлмасин, “собини ўзидан чиқариш”га уста бўлади. Жунаидхон қўшинларини тор-мор келтиришда ўша даврдаги Қизил Армия сафидаги қўмондон Миркомил Миршароповдан ҳам фойдаланишди. Кейинчалик Шимолий Кавказ Қизил Армияси штаби бошлиғи бўлиб хизмат қилаётган Миркомил Миршароповни “миллатчилик”да айбланиб қатл қилинди.
Совет давлатининг асосчиси В.И.Ленин “биз ҳеч қандай хусусийликни тан олмаймиз, биз учун хўжалик соҳасидаги барча нарса оммавий-ҳуқуқийдир”3, деган ғояни илгари сурган эди. Пролетариат диктатурасининг Россиядаги кўриниши – Совет ҳукумати биринчи навбатда банк, оғир саноат, транспорт (темирйўл) ва ташқи савдони давлат мулкига айлантира бошлади. Натижада 1920 йилларнинг бошларида фуқаролар уруши авжига чиқди. Ишлаб чиқариш ва тақсимот устидан давлат назорати ўрнатилди. “Ер тўғрисида декрет” амалга оширила бошланди. 1921-1922 йилларда мулкдорлардан ерлар тортиб олинган ва деҳқонларга бўлиб берилган ва 1925-1929 йилларда яна тортиб олинди. Коллективлаштиришгача бўлган йилларда давлатнинг иқтисодиётга аралашуви бирмунча камайган ва хусусий савдо кенгайган.
Россиядан бошланган “аграр инқилоб”нинг стратегия ва тактикаси Ўзбекистон Компартиясининг 1925 йил ноябрдаги II сездида тасдиқланиб, ўлкада амалга оширилаётган ер ислоҳотлари бўйича ҳам “хусусий мулкчилик муносабатлари… давлатнинг социалистик иқтисодиёт таъсирига бўйсундирилиши керак»лиги расмийлаштирилган1. 1925-1929 йилларда 1492 та “помешчик типи”даги хўжаликлар тугатилган2. 89492 та ерсиз ва кам ерли деҳқон хўжаликлари чек ерлари олишган3.
1922 йил 30 декабрда СССР ташкил топди. Москванинг қайта-қайта маъмурий бўлиш сиёсати натижасида Туркистонда Совет Социалистик Республикалари юзага келди. 1925 йил май ойида Ўзбекистон ССР шакллантирилиб, СССР таркибига кирди. 1929 йил 1 декабрда республикамизда араб алифбосидан лотин ёзувига ўтилди. Бу билан ўтмиш меросимиздан бегоналашиш бошланди. Ўзбекистон тарихида 1917 йил октабридан то 1991 йил 31 августига қадар миллий демократия учун курашганларнинг қатағон қилиниши босқичларини кўрамиз.
Туркистон, жумладан Ўзбекистоннинг мустақиллиги учун курашган истиқлолчиларни қатағон қилишнинг 1-босқичи 1917 йил октабридан 1920 йилларнинг бошларига тўғри келади. Туркистон Мухторияти учун курашган кўплаб ватанпарварлар Мадаминбек, Шермуҳаммадбек, Кичик ва Катта Эргаш, Ислом Паҳлавон, Ёрмат Махсум, Иброҳимбек, Анвар Пошо, Жунаидхон қўрбоши ва раҳбарлар истиқлолчи эдилар. Уларнинг ҳаммаси қатағон қилинган, баъзилари ўлдирилди ва баъзилари қочиб кетдилар. “Босмачилик” ўз моҳиятига кўра миллий-озодлик ҳаракати эди. У Туркистонда пролетариат диктатураси давридаги миллий ғоя ва демократик ўзгаришлар диалектикасининг биринчи босқичи эди.
Қатағонликнинг иккинчи босқичи 1921-1929 йилларда амалга оширилган “қулоқлаштириш” бўлган. Советлар даврида демократия, жумладан истиқлол учун курашувчиларни қатағон қилишнинг 3-босқичи 1927 йилда “Ҳужум” компанияси билан боғлиқ ҳолда бошланди. “Ҳужум”дан мақсад миллий удумларни синдириш эди. Болшевиклар юз минг аёлнинг паранжисини зўравонлик билан ташлаттирди. 1927-1928 йилларда Ўзбекистонда “Ҳужум”га қарши чиққанлиги учун минглаб аёллар, жумладан 25 фаол аёллар, хусусан, ўқитувчилар ўлдирилганлар1.
Советлар даврида миллий демократик жамият учун кураш туйғусини синдириш мақсадида 20-30 йилларда атеистик ҳаракат бошланган. Бу қатағонликнинг 4-босқичи эди. 1928 йилда “Курашган худосизлар” уюшмаси тузилган. Бу ҳаракатга В.И.Лениннинг “Дин халқ учун афюндир, - Маркснинг бу қимматли сўзи марксизмнинг дин масаласидаги бутун дунёқарашининг негизидир”2 тезиси асос қилиб олинган. Бу уюшманинг аъзолари 1931-йилда 90000 кишига етган3. Уларнинг фаолияти туфайли кўплаб масжид ва диний мактаблар ёпилган, руҳонийларнинг асосий қисми қатағон қилинган.
Пролетариат диктатураси давридаги қатағонликларнинг 5-босқичи 1937-1939 йилларга тўғри келади. Кўплаб атоқли давлат ва партия арбоблари “советларга қарши қўпорувчилик” уйдирмаси ниқоби остида отиб ташландилар. Ички ишлар халқ коммиссарлиги “учлиги” томонидан ўн минглаб кишилар қамалган. Тарих фани дарсликларида кўрсатилганидек, шулардан 56,1 минг нафардан кўпроғи ҳукм қилинган, 7,1 минг киши отиб ташланган. 1938 йил баҳорига келиб вилоятлар, шаҳарлар, туманлар партия комитетлари котибларининг 60 фоиздан кўпроғи, худди шу йилнинг иккинчи ярмида эса вилоятлар, шаҳарлар, туманлар партия комитетларининг яна 114 нафар котиблари қатағон қилиндилар.
Пролетариат диктатураси давридаги қатағонликларнинг 6-босқичи ХХ асрнинг 40-йиллари охири – 50-йиллари бошларида юз берган. Бу даврларда ВКП(б) МК марксизм-ленинизмдан чекинишларга қарши мафкурага оид қарорлари чиқади. Шу асосда халқ комиссарлигининг йўриқномалари ҳам тайёрланади. Жумладан, унинг 1947 йил июнда (003)47-сонли буйруғини олайлик1:
- буйруқнинг 34-бандида - Черковга алоҳида эътиборни қаратиш лозим. Маданий ва тарбиявий ишларни шундай ташкил қилиш керакки, натижада диний қадамжоларга нисбатан нафрат ҳисси пайдо бўлсин, черков адабиётини, архивни, диний таълим ишларини ва ҳатто кўмиш маросимларини ҳам кузатиб бориш керак.
- буйруқнинг 35-бандида - Тарих фанларида ўтган сиёсатдонлар, кимлар ватан равнақи учун хизмат қилишгани ёки хизмат қилишга уринишгани ҳақида гапириш мумкин эмас, эътиборни фақат подшолар зулми ва уларга қарши қаратилган халқ курашига бурмоқ лозим бўлади. Махсус мактабларда мутахассислик жуда чегаралаб ўтилиши керак.
- буйруқнинг 36-бандида - Маҳаллий халқнинг чет элликлар босқинига, айниқса, немис босқинчиларига қарши курашига бағишланган (русларга қарши курашни четлаб ўтиб) ва социализм учун курашни мадҳ этувчи маданий-соғломлаштириш тадбирларини қўллаб-қувватлаш лозим…
- буйруқнинг 40-бандида - Сиёсий раҳбарларнинг ҳаммаси қамалган бўлиши борасида ҳам қайғуриш лозим. Маҳаллий аҳоли ихлос қўйган ғанимларимизни оғдириб олмоқ ёки калтакламоқ зарур. Уларни қандайдир қонунни бузганликда айблаб қамаш ёки бахциз ҳодиса аталмиш баҳонаи сабаб билан йўқ қилиб юбормоқ керак….
- буйруқнинг 45-бандида - Олий ўқув юртларига шундай кишиларни қабул қилишга эришиш керакки, улар халқнинг оми қатламидан бўлишсин ва уларни мутахассислик бўйича чуқур билим олиш эмас, балки фақат диплом қизиқтирсин1. Мана, сизга Совет демократиясининг ўрнатган тартиби.
1949 йил 25 июнда ЎзР КП(б) МҚ бюросида Ўзбекистон ёзувчилари иши муҳокама қилинди. Бюрода ёзувчи-шоирлар ижодида миллий чекланганлик, феодал ўтмишни зарарли тарзда идеаллаштириш ва феодал маданият олдида қулларча тиз чўкишда айблашга уриндилар. Чунончи, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, М.Бобоев, Ў.Рашидов, Миртемир, Шайхзода ва бошқа ўзбек ёзувчилари бадном қилинди. Миллий чекланганлик учун “Шарқ юлдузи”, “Звезда Востока” журналлари таҳририятларига ҳам жиддий айблар қўйилди.
Шу билан бирга, “Фарҳод ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун”, “Тоҳир ва Зуҳра”, “Алпомиш2, “Гуландом” ва бошқа афсонавий фолклор сужетларига асосланган опера, балет ва мусиқали драма спектакллари ижодкорлари ҳам “зарарли” ғояларни тарғиб қилишда айбландилар. Кўпгина концерт ташкилотлари ва мусиқий театрлар “Эски архаик мусиқани ва жуда ғамгин, мунгли мақом намуналарини” тарқатишда қораланди. Бюрода “Ўзбекистоннинг мусиқий санъати ҳаётдан орқада қолмоқда, ўзбек халқини коммунистик руҳда тарбиялаш мақсад ва вазифаларига тўла-тўкис хизмат қилмаётир”, деб узил-кесил таъкидлади.
1951 йил августда республика матбуотида “Баъзи шоирларнинг ижодидаги мафкуравий бузғунчилик тўғрисида” номли мақола эълон қилиниб, унда Туроб Тўла, Камтар Отабоев, Миртемир, А.Бобожонов, Собир Абдулла, Ҳабибий миллатчилар сифатида ноҳақ танқид қилинди. Шундан сўнг “Ўзбек совет адабиёти вазифаларидан четда” номли мақола пайдо бўлди, унда ўзбек адабиётининг Ойбек, Ҳ.Зарипов, Ҳ.Ёқубов, И.Султонов ва бошқа арбоблари “жиддий мафкуравий хатолар ва бузғунчилик”да айбланди.
Ёзувчилардан М.Шайхзода, Шукрулло Юсупов, Шуҳрат Жалилов, Ғулом Алимов, Ҳамид Сулаймон ва бошқалар 1951 йили “советларга қарши миллатчилик фаолияти”да айбланиб, қамоққа олиндилар, сўнг эса 25 йил муддатга озодликдан маҳрум этилдилар.
1952-йил 21-22-февралда Ўзбекистон Компартиясининг Х пленумида “Республикада мафкуравий ишларнинг аҳволи ва уни яхшилаш чоралари” деган масала кўриб чиқилди. Пленум ижодий ва миллий муассасалардаги “миллатчи”лар, “пантуркчи”лар, “космополит”ларни фош қилиш компаниясининг олий нуқтаси бўлди, фолклор асарлар, айниқса, “Алпомиш” достони табиатан зарарли, халққа қарши, чунки ўтмишни “идеаллаштиради” деб кўрсатди. Пленум маданият арбобларинигина эмас, ижтимоий фан олимларини ҳам айблади. Файласуф В.Зоҳидов илмий ишларида буржуа-миллатчилик тамойилари бўлганликда, тарихчи А.Бобохўжаев, иқтисодчи О.Аминов пантуркизмни тарғиб қилишда айбландилар. Туроб Тўла, Шайхзоданинг шеър ва қўшиқлари “ғоясиз ва ахлоқсиз” асарлар тоифасига киритилди. Бу зиёлиларни таъқиб қилишни кучайтиришга туртки берди. “Навоий” романи муаллифи Ойбек ўзбек адабиёти асосчиси Алишер Навоийнинг Ҳусайн Бойқаро Ҳиротда ҳукмдорлик қилган даврда вазир бўлгани, асарлари сўфизм фалсафаси билан суғорилганликда айбланди.
Қатағон қилинган санъат, маданият арбоблари тоталитар тартибот даврида авжига чиққан ўзбошимчалик, қонунбузарлик ва бедодлик дастидан бегуноҳ қурбон бўлдилар. Лекин адолат, гарчи тезда бўлмаса-да, ҳар қалай тикланди. Ўзбекистон маданиятининг асоссиз қатағон қилинган кўпгина арбоблари 1956 йилда шахсга сиғиниш фош этилиши шарофати билан батамом оқландилар1.
40-йиллар охири – 50-йиллар бошларида Ўзбекистон илмий ва бадий зиёлилари ўз эътиқодлари учун мустабид тузум йилларида ўз озодлиги, бахти ва ҳатто ҳаётлари билан товон тўладилар. 40-йиллар охири – 50-йиллар бошлари сталинизм даврида мустабид тузум ўз халқига қарши ўтказган оммавий қатағонларнинг навбатдаги босқичи бўлди. Бу қатағонлар СССРда 1930-йилдан 1953-йилгача 3.778.234 кишига дахлдор бўлди, улар ҳуқуқ органлари томонидан “аксилинқилобчи” ва “халқ душмани” сифатида айбланган эдилар, улардан 786.098 киши отиб ташланди1. 1937 йилдан 1953 йилгача республикада НКВД “учлиги” томонидан 100 минг киши қамоққа олинди ва турли муддатларда озодликдан маҳрум этилди, улардан 15 минг нафари отиб ташланди2. Сталинизм қурбонлари орасида турли даражадаги раҳбар ходимлар, адабиёт ва фан арбоблари, ўқитувчилар ва журналистлар, сиёсатдан узоқ кишилар-ишчилар ва деҳқонлар, турли қатламлар ва миллатларнинг вакиллари бор эди.
Демак, Туркистон, жумладан, Ўзбекистон ССРда Коммунистик партия ва Пролетариат диктатураси ўрнатган “демократия” бизнинг миллий манфаатларимизга зид қонли тартиб эди. Ривожланган социализм, жумладан, социалистик умумхалқ давлатининг амалда шаклланиши СССРда ХХ асрнинг 60-йилларининг ўрталаридан бошланган бўлса, унинг илдизлари 1956-йилга – КПСС МК биринчи котиби Н.С.Хрушчевнинг Сталин шахсига сиғиниш оқибатларини фош қилишдан бошланади. Бу даврни тарих фанида “илиқлик” даври ҳам дейилади. Бу даврда, биринчидан, республикаларнинг давлат, хўжалик ва маънавий маданият соҳаларидаги ҳуқуқлари қисман кенгайтирилди. Иккинчидан, иттифоқдош республикалар ихтиёрига суд тузилиши ҳал қилиш, фуқаролик, жиноят ва процессуал кодексларни қабул қилиш ва маъмурий-ҳудудий тузилиш масалаларини ҳал қилиш берилди. Ушбу демократик масалаларни республика ҳудудида қўллашда ўша вақтда ЎзССР КП МКнинг биринчи котиби Н.Муҳиддинов ва ЎзССР Олий Совети Президумининг раиси Ш.Рашидовларнинг хизматлари катта бўлган.
СССР тарихида 1970-1980 йиллар турғунлик даври дейилади. Турғунлик даврининг 1985-1990 йиллар “қайта қуриш” даври ҳисобланади. СССР даврининг бу иккала даврлари – илиқлик ва турғунлик даврларида ишлаб чиқариш ва иқтисодий муносабатлар бир бутун социалистик халқ хўжалиги комплекси асосида бошқарилар эди1. Бу бир бутун социалистик халқ хўжалиги комплексининг асосини ишлаб чиқариш воситаларига бўлган ижтимоий мулкчилик ташкил этар эди. Бу иқтисодий ғоя ва унинг 1917 йилдан бошлаб СССР ҳудудида воқеаликка айланганлиги асосий юридик ҳужжат – СССР Конституциясининг 10-моддасида қуйидаги тартибда мустаҳкамланган эди: “СССРнинг иқтисодий тизимининг асосини ишлаб чиқариш воситаларига бўлган давлат (умумхалқ) ва колхоз-кооператив мулкчилиги ташкил этади”2. Бу ҳолат Совет Социалистик демократиясининг ҳам иқтисодий асоси эди. Демак, Ўзбекистон ССР СССР мустамлакачилигининг бир таркибий қисми экан, ҳар бир ўлкадаги ишлаб чиқариш ҳам бир бутун социалистик халқ хўжалиги комплекси доирасида ташкил этилган. Худди шундайин, бу – Ўзбекистондаги совет демократиясининг иқтисодий асослари эди.
Умумхалқ социалистик давлатчилиги даври Совет давлатининг “қутурган” улкан империяга айланган босқичи эди. Ўзбекистонда ҳам ер ости бойликлари текинга ҳам, ўша даврда асосий бойлигимиз – пахта ҳам ўта арзон нархда Россияга ташиб кетилар эди. Лекин мана шундай оғир мустамлакачилик даврида Ўзбекистон дунёга танилди. Бугунги мустақиллигимизнинг технологик ва маънавий илмий заминлари ўша даврларда шакллантирилди.
Чунки, Ги Эрме сўзи билан айтганда “… демократия тегишли институтлар ва жараёнлар тизими эмас, балки маданиятдир, аниқроғи, демократик маданиятнинг етилиш ҳосиласидир3. Маданият инсонлар ва уларнинг воқеаликка ишлов бериб яратган буюмлари ва муносабатлари экан, у шакллантирилади. Шу нуқтаи назардан С.Абдухаликов маданият, шу жумладан, демократия қандай қилиб ва кимлар томонидан шакллантирилади, деган саволни қўяди ва у ўз жавобида тарихда халқ оммаси ва шахсининг роли масаласида янги концепцияни беради. «Ижтимоий воқеаликни диалектик маданий тушунишга мувофиқ, жамиятнинг мавжудлиги ва ривожланишини маданий борлиқ белгилайди. Маданий борлиқни эса унинг компоненти сифатида инсонлар яратади. Маданий борлиқнинг моддий ёки социал, сиёсий-ҳуқуқий ёки маънавий-маданий соҳалари бўлсин, уларни яратишда халқ оммаси ва конкрет шахсларнинг ўрни ва роли баб-баравар1 қимматга эга. Маданий борлиқнинг шаклланиши ва ривожланиши конкрет шахслардан ташкил топган халқ оммаси (микро ва макробирликлар)сиз бўлиши мумкин эмас. Бу – оддий аксиома. Аммо маданий борлиқ ишлов бериб яратилар экан, унинг у ёки бу жабҳасининг юзага келишини конкрет шахслар белгилаб беради. Конкрет шахслар ижтимоий ҳаётнинг у ёки бу соҳасига оид тармоқларда улкан бир давр ёки босқични бошлаб берар экан, улар сўзсиз тарихий шахслар даражасига кўтарилади».2
СССРнинг мустабидлиги энг кучайган даврда ЎзССРни бошқарган, ўзбек халқини бутун дунёга машҳур қилган шахс Шароф Рашидов (1917-1983йй) эди. У 1950-1959 йилларда ЎзССР Олий Совети Президумининг раиси ва СССР Олий Совети Президиуми раисининг ўринбосари, 1959 йилдан то 1983 йил умрининг охиригача Ўзбекистон Коммунистик партияси Марказий Комитетининг 1-котиби лавозимларида ишлади. “Ўз даврининг фарзанди бўлган Ш.Рашидов ўша мустабид тузумга садоқат билан хизмат қилишга, Марказнинг буйруқларини ҳаётга татбиқ этишга мажбур эди, - дейилади “Ўзбекистоннинг янги тарихи. К.2. Ўзбекистон совет мустамлакачилиги даврида” номли китобда, - Марказий сиёсий раҳбариятнинг тазйиқи билан Ўзбекистон манфаатларига зид боришга тўғри келади. Лекин у иттифоқ раҳбариятининг империяча хатти-ҳаракатлари туфайли етказилаётган зарарни энг кам миқдорга туширишга интилди, республика учун энг зарур маблағлар ва моддий ресурсларни ундиришга ҳаракат қилди. Кўпгина муҳим объектлар (қўриқ ва бўз ерларни ўзлаштириш, сув иншоотлари қуриш, Тошкент зилзиласи оқибатларини тугатиш ва шаҳарни қайта қуриш, Тошкент метрополитени қурилишини йўлга қўйиш ва ҳ.к.) қурилиши, Ўзбекистоннинг кўп қиррали салоҳияти ривожланиши унинг номи билан боғлиқдир1.
СССР Конституциясининг 11-моддасида «Давлат мулки бутун совет халқининг умумий бойлиги, социалистик мулкнинг асосий формасидир. Ер, ер ости бойликлари, сувлар, ўрмонлар фақат давлат мулкидир. Саноатдаги, қурилишдаги ва қишлоқ хўжалигидаги асосий ишлаб чиқариш воситалари, транспорт ва алоқа воситалари, банклар, давлат ташкил этган савдо, коммунал ва бошқа корхоналарнинг мол-мулки, шаҳарлардаги асосий уй-жой фонди, шунингдек, давлат вазифаларини бажариш зарур бўлган бошқа мол-у мулклар давлатникидир2, дейилган. Худди шу ҳолат совет мустамлакачилиги ва унинг эксплуатациясини кафолатлаган. Хусусан, советлар даврида ер ости бойликлари фақат Москванинг ихтиёрида эди ва Россияга ташиб кетилар эди.
50-йилларда Бухоро вилоятида газ-нефт кони топилди. 1963 йилдан Бухоро-Урал, 1967 йилдан энг узун Ўрта Осиё Марказий газ қувури орқали Россиянинг саноат марказларига 28 млрд. кубометр табиий газ олиб кетилди. 50-60-йилларда олтин ишлаб чиқариш саноати кенгайди. Кейинги йилларда мис, қўрғошин, рух, волфрам, уран, табиий газ, тошкўмир ва бошқа конлар топилиб, руда комбинатлари, нефт ва газ корхоналари қурилди. Олмалиқ кон-металлургия комбинати тўлиқ ишга туширилди.
СССРнинг “илиқлик” ва “турғунлик” йилларида Чотқол, Қурама, Нурота тоғлари, Маржонбулоқ, Қалмоққир, Учқудуқ, Зарафшон, Навоий олтин конлари ва бошқа конлар Иттифоқ хазинасини бойитиб келди. Бу бойликларнинг эгаси Ўзбекистон эмас эди, Ўзбекистон раҳбарлари уларни назорат қила олмас эди. Бу бойликларни тасарруф қилиш билан Москва шуғулланар эди. Олинадиган фойданинг арзимаган озгина қисмигина Республикамиз фондига ўтказилар эди. Ўта махфий бу талон-тарожга қарши ҳеч ким қаршилик қила олмас эди. Матбуотда у ёқда турсин, ҳамкасблар билан ўзаро суҳбатда ҳам бу ҳақда гапириш мумкин бўлмаган. Геолог олим, академик, 60-йилларда геология бўйича министр, ЎзССР Министрлар Совети раисининг ўринбосари бўлиб ишлаган Ҳ.Абдуллаевнинг худди шу суҳбатлардаги фикрлари Москвага етиб боради ва натижада у мафкуравий исканжага олиниши туфайли қон босими кўтарилиши натижасида бевақт вафот этади.
Республикада умумхалқ социалистик давлатчилиги шароитида “илиқлик” ва “турғунлик” йилларида кимё саноати ҳам шаклланди.
1940 йилда Чирчиқ электр кимё комбинати, 1947 йилда Қўқон ва 1955 йилда Самарқанд суперзаводлари ишга туширилган бўлса, кейинчалик улар негизида Фарғона азотли ўғитлар, Навоий кимё, Олмалиқ кимё, Андижон гидролиз, Фарғона фурон бирикмалари, Янгийўл кимё заводлари, 1985 йилга келиб жами кимё саноати бўйича жами 20 та корхона фаолият кўрсатган.
1970 йилга 100 га яқин машинасозлик ва металлишловчи корхоналар, жумладан, “Ташселмаш”, “Ўзбекселмаш”, “Чирчиқселмаш”, Тошкент трактор заводи ишлар эди. 1976-1980 йилларда республикада 23 та енгил саноат корхоналари қурилди. Аммо енгил саноат орқада қолмоқда эди. Саноатда тайёр маҳсулотнинг 50% ни ташкил этар эди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 80% дан ошиғи, жумладан, пахтанинг 99% мутлақо ишланмасдан республикадан ташиб кетиларди1.
“Илиқлик” ва “турғунлик” йилларда Ўзбекистоннинг кўпгина жойларида йирик электр стансиялари, жумладан, Сирдарё ГРЕСи қурилди. Электр қуввати ишлаб чиқариш 1940 йилдагига нисбатан 180 баравар кўпайди2. 1962 йилда саноат соҳасида ишлаётган маҳаллий кадр – ишчилар 30% дан сал ортиқни ташкил қилар эди. 60-80 йилларга келиб Ўзбекистон корхоналарида ишчи кадрларнинг ¾ қисмини тайёрлашга эришилди ва Россиядан кадрларни чақиришга эҳтиёж деярли қолмади.
Н.С.Хрушчев КПСС МК 1-котиби бўлгандан сўнг СССРда “илиқлик” даври бошланган. Н.С.Хрушчев Ўзбекистондан давлатга пахта етказиб беришни СССР бўйича етказиб берилаётган пахтанинг 70% қадар чиқаришни талаб қилади. Бошқа соҳаларни ривожлантиришга имкон бермайди. Масалан, Ўзбекистонда кўмир ишлаб чиқаришни тақиқлайди ва чеклайди. Мана, сизга социалистик демократиянинг қиёфаси.
1960-1970 йилларда пахта экиладиган ерлар 1386 минг гектардан 1709 минг гектарга, яъни 323 минг гектарга ортди. Полиз ва боғдорчилик майдонлари қисқартирилган. Пахта тайёрлаш 1970 йилга келиб 4 млн. 495 минг тоннага етган.
Кремль салтанатига ҳар қанча хизмат қилма, барибир озгина ишда депсиниш бўлдими, олиб ташланган. 30-йилларнинг охирида Жунаидхон ҳокимиятини мағлубиятга учратган Миркомил Миршаропов қатл қилинган эди. Москванинг барча топшириқларини бажарган Усмон Юсуповнинг хизматлари ҳам инобатга олинмади. 1954 йил декабрда у пахтачилик масаласида ишдан олинди. Бу ҳақда Ф.Раззоқов шундай дейди: “…Совет республикаларининг барча раҳбарлари Москвага тобе (еди)… Мисол учун Шароф Рашидов, тахминан 70 йилларнинг бошида Ўзбекистонда пахта териш режасини пасайтириш ҳақидаги сўров билан бир неча марта Москвага чиқди, чунки талаб қилинаётган миқдордаги пахта хомашёсини топширишнинг имкони бўлмагани боис қўшиб ёзишлар бошланганди. Бироқ Москва пахта толасини четга сотиш гўёки етишмаётган аниқ валютани мамлакатга келтиради, деган баҳона билан рад жавобини бераверарди. Шунинг учун Рашидовдан пахта ишлаб чиқаришни камайтириш эмас, балки кўпайтириш талаб қилинарди. Мабодо Рашидов ўша режаларга фаол қаршилик кўрсата бошлаганида эди, унинг тақдири шу ондаёқ ҳал бўларди – Марказ унинг ўрнига гапга кирадиган бошқасини ўтқазарди – қўярди”1.
Бу даврда – 1961 йили узунлиги 127 км бўлган Жанубий Мирзачўл канали ишга туширилади. Бу канал суви 350 минг гектар ерни суғоришга етади. 1965 йилда 200 км узунликдаги Аму-Бухоро канали ва 1968 йилда 63 км узунликдаги Марказий Мирзачўл коллектори қурилади. Натижада Бухоро вилоятида 90 минг гектар суғориладиган ер пайдо бўлади. 300 минг гектар яйлов ер сув билан таъминланади. Бу даврларда Жанубий Сурхон сув омбори, Занг, Шеробод ва Аму-Занг каналлари қурилади. Сурхон-Шеробод водийси обикор ерга айлантирилади. Бундан ташқари вилоятларда бир неча ўнлаб канал ва сув омборлари қурилади.
Москванинг кўрсатмаси билан пахта майдонларининг кенгайиши пахта монокултурасини, Орол фожеасини келтириб чиқарди. Бу ҳолатлар турғунлик йилларида узил-кесил намоён бўлди.
Бу даврда пахта майдонларининг кенгайиши ва кон-саноати туфайли ўнлаб шаҳарлар қад кўтаради. Темир ва автомобил йўллари қурилади. Тошкентни зилзила туфайли қайта қурилиши ва метрополитенни қуриш Ш.Рашидовнинг улкан маҳорати натижасидир. Чунки ўша даврда республика бюджетида маблағ бўлмаган. “Халқлар дўстлиги” шиори барча республика раҳбарларига пафос берган. Тошкент шаҳрини қайта қуришда, жумладан, РСФСР 330 минг, Украина 160 минг, Ленинград 100 минг, Озарбайжон 35000, Қозоғистон 28000, Грузия 25,5 минг, Белоруссия 25 минг, Литва 20 минг, Арманистон 15 минг, Қирғизистон 11,5 минг, Туркманистон 9 минг, Тожикистон 8 минг, Латвия 7,5 минг, Молдавия 6 минг, эстония 5,4 минг квадрат метр уй-жой қуриш мажбуриятларини олади1. Бу жараёнлар Халқлар дўстлигининг натижаси эди. Халқлар дўстлиги демократиянинг кўринишларидан биридир. Шароф Рашидов ўша пайтда Тошкентда халқлар дўстлиги аурасини ярата олди ва шу аура – пафос учун курашди. Ушбу пафос кучи билан СССР ва иттифоқдош республикалар раҳбарларини зилзила туфайли Тошкентга тўплай олди. 1950 йилларнинг бошида АҚШ Марказий Разведка бошқармасининг бошлиғи бўлиб ишлаган Ален Даллес вақти келиб Совет социалистик тузумининг раҳбарияти совет халқлари дўстлигини йўққа чиқаришига шама қилган. Орадан неча ўн йиллар ўтиб Андропов ва Горбачов тўдаси шу ишни амалга оширди. Уларнинг даврида ўзбеклар ҳаммаси кўзбўямачи, ўғри ва Россиянинг устига ўзларини ортиб олган боқиманда халқ, деган ғоя совет кишилари онгига сингдирилди. Ш.Рашидов вафотидан кейин ўзбекларни ёмонлаб 400 дан ортиқ мақолалар чоп этилган. Бу билан иттифоқ миқёсида ҳам, халқаро миқёсда ҳам «ўзбеклар иши»ни тинтув қилаётган Гдлян-Ивановнинг тергов гуруҳи учун мафкуравий замин яратилган, уларнинг ишига фатво бериб турилган. Улар бу ишлари билан умуминсоний демократия қуролларидан бири – халқлар дўстлигига болта уришган.
Республикамизнинг ХХ асрнинг 20-, 30- ва 50-йилларида халқимиз устидан олиб борилган қатағонликларнинг давоми Ш.Рашидов вафотидан кейин 1984-1989 йилларда “Андропов десанти” ёки “Гдлян-Иванов группаси” томонидан амалга оширилган экан, бунда ичкаридан чиққан хоинларнинг роли каттадир. СССРнинг сўнгги Президенти М.С.Горбачов ва унинг тарафдорларининг мақсади эса “қайта қуриш” билан совет тузумини мустаҳкамлаш эмас, балки барбод қилиш эди. Чунки М.С.Горбачов Ғарбнинг садақасига сотилган кимса эди. Шунинг учун ҳам унинг даврида коммунистик мафкура ва демократик ўзгаришлар ўртасидаги боғлиқликлар масаласи зиддиётли тус олиб СССРнинг парчаланиб кетиши билан ўзининг ниҳоясига етди.
Do'stlaringiz bilan baham: |