II БОБ. МИЛЛИЙ ҒОЯ ВА ДЕМОКРАТИК ЎЗГАРИШЛАР ДИАЛЕКТИКАСИНИНГ МУСТАҚИЛЛИКГАЧА
БЎЛГАН БОСҚИЧЛАРИ
Ўзбекистон ҳудуди энг қадимги одамлар яшаган маконлардан бири саналади. Бундан 1,2 миллион йил олдин яшаган Фарғона вилоятининг Селунғур ғоридан топилган одам қолдиғи – “фарғона одами – фергантроп” бунинг исботидир. Бу деган сўз ўзбеклар ўзининг миллий маънавий, ғоявий-мафкуравий қарашларига, ўзига хос бошқарув тизимига эга бўлган миллий давлатчилигига, анъанавий қадриятларига, шунингдек, турмуш тарзига эга бўлган қадимий халқлардан биридир. Шу сабабли ўзбек халқининг миллий ғоя ва демократик тафаккури ўртасидаги боғланишларни босқичма-босқич тарзда диалектик инкор тамойилларига мос равишда тадқиқ қилиш асосида ёшларнинг тарихий дунёқарашини шакллантириш ва ривожлантириш масаласи ўзининг ечимини кутиб турибди.
Шунинг учун ҳам мазкур бобда ўзбек халқининг миллий ғоя ва демократик тафаккури ўртасидаги диалектик алоқадорликларнинг мустақилликгача бўлган босқичлари илмий билишнинг тарихийлик ва мантиқийлик методлари орқали таҳлил қилиниб, Ўзбекистонни янги тараққиёт босқичига кўтариш масаласи бўйича тавсиялар берилган.
2.1. Миллий ғоя ва демократик ўзгаришлар диалектикасининг Советлар даврига қадар бўлган асосий босқичлари
Марказий Осиёда миллоддан аввалги VI асрга қадар Қадимги Хоразм, Бақтрия ва Сўғд мамлакатлари – цивилизациялари мавжуд бўлган. Улардан олдинги цивилизациялар, масалан, Тур ёки Афросиёб мамлакатлари бўлганлиги баҳсли масаладир. Юртимизда миллоддан аввалги VI асрлардан IV аср ярмигача Аҳамонийлар мустамлакачилиги мамлакати мавжуд бўлди. Бу даврда Ватан мустақиллиги учун курашиб жасорат кўрсатган Тўмарис, Широқ каби аждодларимиз номларини барчамиз биламиз. Миллоддан аввалги IV асрнинг иккинчи ярмидан III аср ўрталаригача Салавкийлар мамлакати, у ҳам сўнгра иккига бўлиниб, Парфия ва Юнон-Бақтрия мамлакатлари юзага келганлигини кўрамиз. Миллоддан аввалги II асрдан бошлаб Даван мамлакати, III аср бошларидан Қанғ мамлакати, миллоднинг
I-IV асрларида Кушон мамлакати мавжуд бўлганлигини кўрамиз. Бу санаб ўтилган ўнта мамлакатлар Марказий Осиёдаги қадимги давр мамлакат – цивилизацияларидир.
Эфталитлар, Турк хоқонлиги, Араб халифалиги мустамлакаси – Моварауннаҳр ўлкаси, Сомонийлар, Ғазнавийлар, Салжуқийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар, Чиғатой улуси, Темурийлар1, Шайбонийхон ва Аштархонийлар давлатчиликлари, жами ўнта мамлакат Марказий Осиёдаги ўрта асрлар цивилизацияларини ташкил этади.
XIX асрнинг иккинчи ярмидан ҳудудимизда Чор самодержавияси мустамлакачилиги ўлкаси – Туркистон генерал-губернаторлиги ва кейинчалик унинг ўрнига мустамлака ўлка – Ўзбекистон ССР қарор топди. Улар янги давр мустамлака цивилизацияларидир.
1991-йил 31-августдан бошлаб мустақил мамлакат – Ўзбекистон Республикаси юзага келди. Ўзбекистон халқлари тарихида энг янги давр бошланди. Бу цивилизацион даврлаштиришлар Марказий Осиёнинг ҳозирги барча халқларига хосдир.
Ўзбекистон халқларининг ана шу тарихий даврларни ўз ичига олган цивилизацион босқичларида қандай ғоялар, мафкуралар етакчилик қилган, шунга асосан жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий, маънавий-маданий ҳаётида қандай демократик тафаккур шаклланган, шу асосда қандай амалий хатти-ҳаракатлар1 содир этилган ва уларнинг оқибати нималар билан тугаган деган саволлар туғилади. Бу масаланинг ечимини топишда турлича, яъни диний, мудофаа, ҳужум, бошқариш, ишлаб чиқариш каби омиллар нуқтаи назаридан ёндашиш мумкин.
Булар ичида миллий ғоя ва демократик ўзгаришлар ўртасидаги диалектик алоқадорликлар бошқа омилларга қараганда нисбатан диний омилларнинг кучли таъсири асосида амалга оширилган, десак хато қилмаган бўламиз. Демак, юқорида санаб ўтилган масалани диний ғоя ва унинг таъсири ҳамда акс таъсири остида юзага келишини тадқиқ қилишда методологик жиҳатдан қуйидагича ёндашишни таклиф қиламиз.
Биринчиси - бу қабилавий диний ғоялар: анимизим, тотемизм, фетишизм2 таъсири остида содир бўлган илк демократик ўзгаришларни тадқиқ қилишга қаратилган ёндашувдир. Бунда анимизим - (81бет), тотемизм – (2 том, 328-бет), фетишизм – (2 том, 427 бет). Бу динлар уруғ-аймоқ, қабилавий характерда бўлиб, дастлабки, яъни илк миллий ғоявий қарашларнинг шаклланишига, демократик тафаккурнинг пайдо бўлишига, маслаҳатлашган ҳолда аномал ҳодисаларга қарши биргаликда курашишга гносеологик жиҳатдан замин ҳозирлаб берган.
Иккинчиси - бу қабилавий динлар заминида якка худоликка қараб бориш асосида шаклланган зардўштийлик динида мужассамлашган миллий мазмундаги ғоялар, уларнинг таъсири остида жамиятда юзага келган демократик ўзгаришларни тадқиқ қилишга қаратилган ёндашув бўлиб, унинг тадқиқот манбаини “Авесто” китоби ташкил қилади.
Ушбу ёндашувларнинг зарурлигини тасдиқловчи мисоллар келдирамиз. Масалан, Қанғ давлати хоқон томонидан оқсоқоллар кенгаши орқали бошқарилган. Етимнинг, бева хотиннинг ҳаққи каби одам ҳуқуқлари мавжуд бўлган. Даван-Паркана-Фарғона давлатида шоҳ давлат ҳокимиятини маҳкамалар, кенгаш ва ҳокимлар орқали бошқарган. Кенгаш подшо тақдирини ҳам ҳал қилган. Кўчманчи тоҳарларда давлат шаҳарларга бўлиниб, ҳар бир шаҳар ўз ҳокими орқали бошқарилган.
Кушонлар давлатининг ҳудуди Марказий Осиё, Шимолий Эрон, Афғонистон, Покистон ва Шимолий Ҳиндистон эди. Ҳудуд кенглиги учун ҳам диний эътиқодлар турли-туман бўлган. Зардуштийлик ва бошқа динлар, жумладан, буддавийлик дини кенг тарқалади. Диний бағрикенгликни кўрамиз. Кушонлар давлатида бошқарув юечжи қабилаларининг бешта ярим мустақил бекликлари, Бухоро, Фарғона, Шом каби шаҳар-давлат иттифоқлари орқали бошқарилган.
Биз юқорида кўриб чиққан қадимги давр цивилизацияларида Хоразмда келиб чиққан ва сўнгра биринчи навбатда Марказий Осиё ва эронгача ёйилган зардуштийлик дини кенг тарқалган. Бу диннинг муқаддас китоби “Авесто” ҳисобланади. Зардуштийлик қадимги давр цивилизацияларида барча динлар ичида энг кўп тарқалгани ва асосий мавқега эга ҳисобланган. “Авесто”да таъкидланишича, дунёнинг асосини яхшилик ва ёмонликдан иборат қарама-қаршилик ташкил этади. Ахурамазда яхшилик худоси. Ахриман ёмонлик худоси. Давлат ҳокимияти бошқаруви Ахура-Мазда номидан илоҳийлаштирилган. Қадимги Хоразм, Сўғд, Бақтрия ва Эронда қабилалар иттифоқи шоҳи Кави деб номланган. Бу ўлкаларда аҳолисининг социал таркиби коҳинлар, аскарлар, деҳқонлар, чорвадорлар, савдогарлар ва қуллардан иборат бўлган. Эзгу сўз, эзгу фикр ва эзгу амал “Авесто”да илоҳийлаштирилган. Масалан, қасам ичдим – бу сўз орқали мажбурият келиб чиққан. Бу битим сифатида илоҳийлаштирилган. Бу давлатларда давлат ҳокимиятининг олий бошлиғи Кави (шоҳ) ҳисобланган. Шоҳ ҳузурида қабила бошлиқларининг кенгаши фаолият юритган. Демак, “Авесто” бўйича манфаатлар уйғунлиги ва унинг бошқарилуви амалга ошган. Қабила бошлиқлари кенгашидан кейинги бошқарув ҳарбий бошлиқ (қўшинлар бирлашмаси)лар ва Олий Судя ҳисобланган. Бошқарувнинг қуйи бўғини оқсоқоллар кенгашидан иборат бўлган.
Демак, бизнингча Марказий Осиёда таркиб топган қадимги давр цивилизацияларида давлатчиликни бошқаришда зардуштийликнинг таъсири кучли бўлган. Чунки бу давлатларнинг бошқаруви тизимида кенгашларнинг ўрни катта бўлган. Зардуштийлик диний мафкураси ўша давр ижобий ўзгаришларининг миллий ғоявий асосларидан ҳисобланади.
Энди эътиборни Марказий Осиёдаги ўрта аср цивилизацияларидаги миллий ғоя ва демократик ўзгаришлар диалектикасига қаратамиз. Эфталитлар давлати ва Турк хоқонлиги Марказий Осиёдаги исломгача бўлган дастлабки ўрта аср цивилизацияларидир. Эфталитлар Орол бўйида яшаган массагетлар авлодларининг давлатчилигидир. Бу давлат якка ҳукмдор томонидан бошқарилган. Лекин ҳукмдорлик отадан болага мерос бўлиб ўтмаган, сулоладан лаёқатлиси тахтга сайланган. Барча қонунларга бўйсинган. Шу фактларнинг ўзида бу давлатчиликда адолат тўғрисида фикрлар асосий миллий ғоялар ҳисобланган.
Олтойдан бошланиб Марказий Осиё орқали Қора денгизгача ёйилган Турк хоқонлиги марказлашган конфедератив монархия эди. У 15 га яқин яриммустақил давлатларнинг бирлашмасидан иборат бўлган. Хоқон император бўлса, жойлардаги бошқарув беклик ва отабеклик (князликка ўхшаш) шаклларида амалга ошган. Албатта, бу туркий халқлар бошқарувидаги ўзига хосликдир.
Бу давлат бошқарувида ҳам зардуштийлик, будда, манихейлик ғоявий оқимлари асосий манба бўлган. Манихейликда ҳам зардуштийликдаги сингари яхшиликнинг тантанаси асосий масала ҳисобланса, Маздак таълимотида эса мулкий тенглик ғояси асосий ўрин эгаллайди.
Турк хоқонлигида одат ҳуқуқи кенг тарқалган. Жумладан, унда аёл киши – она ниҳоятда қадрланган. Агар бирор эркак аёлнинг номусига тегса, эркак ўлимга маҳкум қилинган. Ёки эркак ёш қизнинг номусини поймол қилса, унга уйланиш шарт бўлган1. Демак, эфталитлар ва турк хоқонлигидаги бу сиёсий ва ҳуқуқий ютуқлар Марказий Осиёнинг ўрта асрлар цивилизацияларидаги миллий ғоя ва демократик ўзгаришлар диалектикасидаги ўзига хос бўлган биринчи босқичдир.
Марказий Осиё, хусусан ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида 651-715 йилларда араблар босқини юз берди. Унга қарши халқ қўзғолонлари, ҳурлик, тенглик, адолат, эркинлик, фаровонлик учун кураш ғоялари Ғўрак, Диваштич, Муқанна бошчилик қилган қўзғолонларда ҳам ўз ифодасини топган. “Бунда истило ва истибдодга қарши кураш ғоялари ягона мақсад йўлида, масалан, Турон-заминнни араб истилочиларидан озод қилиш учун жангларда бирлаштирувчи ғоя бўлди. Муқанна қўзғолони ва унинг озодлик учун кураш ғоялари истилочиларига қарши курашда мафкура вазифасини бажарди”2. Истиқлол учун амалга оширилган мазкур миллий озодлик ҳаракатлари ўрта асрларда Ўзбекистон ҳудуди цивилизацияларида миллий ғоя ва демократик ўзгаришлар диалектикасида юз берган иккинчи босқичдир.
Ислом динининг тарқалиши туфайли Марказий Осиёда ҳам Сомонийлардан тортиб Аштархонийлар давлатчилигигача бўлган ислом цивилизациялари мустақил давлатлар сифатида шаклланди. Яна бир улкан ўзгариш: Араб халифалигининг мустамлакаси – Моварауннаҳр ўлкасидан Темурийлар давлатчилигигача оралиқ даврда фанда улкан ютуқларни қўлга киритган Уйғониш даври юз берди. Бу Шарқдаги Уйғониш даврининг бошловчиси Мусо Ал-Хоразмий бўлса, сўнгги вакили Заҳириддин Муҳаммад Бобур эди. Шарқдаги Уйғониш даврининг 1-босқичи Монгол ҳукмронлигигача бўлса, 2-босқичи Амир Темур фаолияти билан бошланиб 16-асргача давом этган. Таниқли ҳуқуқшунослар А.Саидов ва А.Жузжонийнинг фикрига кўра, Шарқ ижтимоий-сиёсий қарашлари Қуръони каримдаги қуйидаги уч оятга таянади:
“Оллоҳга, пайғамбарга ва амр эгаларига (Сизларга ҳоким бўлган кишиларга) бўйсунинг”;
“Улар ўзаро Кенгаш асосида иш олиб борадилар” (пайғамбар ва унинг сафдошлари ҳақида).
“(Ей Муҳаммад), барча ишларда улар билан (сафдошларинг билан) маслаҳат қилгин”1.
Демак, Қуръони Каримда ҳам кенгаш, маслаҳат манфаатлар уйғунлиги ва унинг бошқарилишининг ибтидоси ҳисобланган2.
Марказий Осиёлик ўрта аср мутафаккирлардан Абу Наср Фаробий (873-950-йй), Юсуф Хос Ҳожиб (1016-1018-йилларда туғилган), Абу Али Ҳасан ибн Али Тусий – Низомулмулк (1018-1092-йй), Бурҳонуддин Али ибн Бакр ибн Абдужалил ал-Фарғоний ал Марғиноний (1123-1197-йй), Амир Темур ибн Тарағай, Алишер Навоий (1441-1501-йй) ва бошқаларнинг ўзларининг демократик қарашларида илоҳий китоб – Қуръони Каримда қайд этилган кенгаш ва маслаҳатни асос қилиб олганлигини кўрамиз. Жумладан, Абу Наср Фаробий демократик бошқарув тўғрисида шундай деган эди: “Уларнинг ўзларидан сайланган раҳбар ва бошлиқлар ҳокими мутлақ бўлмайди. Улар одамлар ичидан кўтарилган, синалган энг олижаноб, раҳбарликка лойиқ кишилар бўладилар. Шунинг учун бундай раҳбарлар ўз сайловчиларини тўла озодликка чиқарадилар, уларни ташқи душмандан муҳофаза қиладилар”1. Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, сайлов кенгаш ва маслаҳатсиз юз бермайди.
Мамлакат тартиботини сақлаш ва идора қилишда ҳуқуқ нормалар, ўша даврда шариат нормалари устун вазифасини ўтар экан, бунда 1123-1197 йилларда яшаб ижод этган Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ҳидоя” асарининг ўрни беқиёсдир. “Ҳидоя” арабчадан “қўлланма” деган маънони беради. “Ҳидоя фи фируз-ил фикҳ” тушунчаси унинг тўлиқ номидир. “Ҳидоя” шариат қўлланмаси-кодекси сифатида суннийликнинг ҳанафия мазҳаби йўналишига оид2.
Демак, Марказий Осиёда ўрта асрларда Уйғониш даврининг биринчи босқичи мутафаккирларининг демократик тамойиллар тўғрисидаги қарашларнинг юзага келиши ўлкамиз тарихида ўрта асрларда миллий ғоя ва демократик ўзгаришлар диалектикаси соҳасида илгари ташланган учинчи босқичдир.
Сомонийлар (877-999-йй) даврида давлатчилик амир томонидан маҳкамалар орқали бошқарилган. Ғазнавийлар давлатчилиги (962-1186-йй)да султон бош вазир ва маҳкама(девон)лар орқали бошқарган. Салжуқийлар давлатчилиги (1040-1160-йй)да ҳам султон вазир ва марказий ҳокимиятнинг олий органи девони орқали юртни бошқарган. Босиб олинган ерлар отабеклар, вилоятлар валийлар ва унинг ноиблари орқали бошқарилган. Қорахонийлар давлатчилиги (990-1212-йй)да мамлакат хон, вазир ва амалдорлар (сарой бошқарувчилари) ва беклар орқали бошқарилган. Хоразмшоҳлар давлати (1097-1231-йй) шоҳ, бош вазир, олти кишидан иборат Кенгаш, беклик ва отабеклик орқали бошқарилган.
Демак, юқорида кўрсатилган давлатчиликларни бошқаришда мутлақ монарх характери мавжуд бўлса-да, улар тизимида шариат нормалари тизгин вазифасини ўтаган ва мутафаккирларимизнинг демократик тамойилларга оид қарашлари давлатни бошқариш ишларига кучли таъсир қилган.
1219-1370 йилларда Турон ўлкаси ҳам ҳарбий-демократик тузумдаги марказлашган турк-мўғул давлати истибдодида қолди. Чингизхоннинг бизнинг ўлкамизга бостириб кириши фақат вайронкорлик хусусиятига эга бўлди. Бу даврда хоразмшоҳ Жалолиддин Мангубердининг босқинчиларга қарши курашдаги жасорати истиқлол йўлида миллатимизнинг ғурури ва шаъни бўлиб қолди. Чингизхон Турон ўлкасини Ясо қонунлари орқали бошқарар экан, босқинчи мўғулларнинг халққа ўтказган зулмлари халқнинг бир неча бор қўзғолонларига олиб келди. Маҳмуд Таробий қўзғолони ушбу истиқлол учун курашларнинг энг йириги бўлди. Босқинчи мўғулларнинг халқимизга қилган зулмларини Чингизхоннинг қарорлари ҳам тасдиқлайди. Жумладан, Чингизхон тўрт улус бўйича ўтказган давлатнинг маслаҳат органи – қурултойда мўғуларнинг ўзбошимчаликлари туфайли Турон ўлкасидаги оғир иқтисодий аҳволга тўхталиб “ҳар бир шахзода шартномага кўра, ўзига тегишли минглик (ҳазора) билан ҳамда Самарқанд ва Бухородаги ҳунармандчилик устахоналари билан қаноатланиши лозимлиги”ни, қўшинларнинг шаҳарларга ва экин ерларига яқин келишларини таьқиқлайди.1
Демак, Жалолиддин Мангубердининг Чингизхон қўшинларига қарши тинимсиз, матонатли жангларга кириши-ю Таробий қўзғолонларигача барча-барчаси халқимизнинг истиқлол йўлидаги курашлари – ўрта асрларда миллий ғоя ва демократик ўзгаришлар диалектикаси тизимидаги тўртинчи босқичдир.
150 йил давом этган мўғул истилосига қарши кураш ҳеч вақт тинмаган. Лекин мўғуллар истибдодига узил-кесил барҳам берган шахс Амир Темурдир. У ўрнатган давлат XIV асрнинг иккинчи ярмидан XVI асрнинг бошларигача бўлган даврларни ўз ичига олади. Соҳибқирон Амир Темур “Жаҳонгирлик қилишга киришганимда, - дейди, - тўрт нарсани хотирамда маҳкам сақладим. Биринчиси – қайси мамлакатни забт этмоқчи бўлсам, тўғри тадбир ва кенгаш билан иш тутдим. Иккинчиси – хатога йўл қўймаслик учун ҳар бир ишни кўп ўйлаб, сергаклик ва эҳтиёткорлик билан қилдим… Учинчиси – уч юз ўн уч асил, зотли, шижоатли ва ақл-фаросатли эр-йигитларни атрофимга бирлаштирдим. Тўртинчиси – қайси ишни чора-ю тадбир билан битиришнинг иложи бўлса, унда қилич ишлатмадим”1. Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, Амир Темур фаолиятида кенгаш ва маслаҳат асосий ўринни эгаллаган. Амир Темурнинг кенгаш ва маслаҳатдан иборат фаолиятида ҳам, мамлакатда тартиб ўрнатиш ва уни сақлашда ислом дини, унинг мафкураси ва шариат нормаларидан келиб чиққанлиги таъкидланган. «… мен салтанатим биносини, - дейди Соҳибқирон Амир Темур, - ислом дини, тўра ва тузук асосида мустаҳкамладим. Салтанатни бошқаришимда учраган ҳар қандай воқеа ва ишни тўра ва тузук асосида адо этдим”2.
Амир Темур давлатчилиги Шарқда бошланган Уйғониш даврининг иккинчи босқичи учун шароит яратди. Бунинг натижасида жаҳонга машҳур даҳолар – Мирзо Улуғбек (1394-1449-йй), Алишер Навоий (1441-1501-йй), Заҳириддин Муҳаммад Бобур (1483-1530-йй) каби сиймолар етишиб чиқдилар. Жумладан, Алишер Навоий “давлат ишида турганида ҳам бир нафас бўлса-да, - дейди В.Зоҳидов, - халқни эсдан чиқармади. У давлатни халқ манфаатларини кўзловчи, халқ орзуларини амалга оширувчи воситага айлантиришга, давлат арбобларини халқ хизматчиларига айлантиришга тиришди ва бу ишда унинг ўзи намуна бўлди. У давлат ишларини интизомга солишда, ҳукумат идораларини, саройни ярамаслардан, халқ ҳисобига зарбоф тўн киювчи, айш-у ишрат қилувчи ифлослардан, амалпарастлардан, фитначилардан тозалаш, уларни фош этиш, қамчилаш учун қўлидан келганча ҳаракат қилди”3. Амир Темур давлатчилиги истиқлол ва бунёдкорлик йўлида – миллий ғоя ва демократик ўзгаришлар диалектикаси тизимида ўрта асрларда юзага келган 5-босқичдир.
Амир Темур вафотидан кейин, Шайбоний ва Аштархонийлар, уч хонликлар даврларида, яъни Чор Россияси босқинига қадар илғор миллий ғоялар юзага келган бўлса-да, демократик ўзгаришлар соҳасида депсиниб туриш ёки орқага кетишлар мавжудлигини кузатамиз. Эьтиборни миллий ғоя ва демократик ўзгаришлар диалектикасининг Чор Россияси мустамлакачилиги давридаги босқичларига қаратамиз. Сиёсий-ҳуқуқий қарашлар тарихида Чор Россияси мустамлакачилиги даврида ўлкамизда демократик ғояларнинг тарихий заминлари ва уларнинг йўналишлари илмий адабиётларда тадқиқ қилинган1. Жумладан, феодал-клерикал, маърифатпарварлик, 20-асрнинг бошларида жадидчилик ва биринчи жаҳон уруши даврида болшевистик ғоявий оқимлари мавжудликлари кўрсатилган.
Чор Россияси даврида миллий озодлик ҳаракатлари сифатида халқ қўзғолонлари – Дукчи Эшон қўзғолони, Жиззах, Тошкент, Хўжанд, Марғилон, Қўқон, Наманган, Самарқанд ва бошқа қўзғолонлар кўрсатилган бўлсада, халқнинг жасоратлари миллий озодлик ҳаракати сифатида қайд этилмаган. Зеро, халқнинг асосий мақсади миллий мустақиллик - миллий ғоя ва демократик ўзгаришларнинг асосий мақсади экан, бизнингча, миллий озодлик ҳаракатлари икки босқич ёки кўринишларда юз берган: биринчиси, босиб келаётган душманга қарши кураш-жанглар кўринишларида юз бериб, асосий мақсад ҳурлик – миллий мустақилликни қўлдан чиқармаслик, мустамлакачилик истибдодининг ўрнатилишига қарши ҳаракат бўлса, иккинчиси, юрт мустамлакага айлантирилгандан сўнг йиллар давомида истиқлол учун ҳаракатлар бўлган. Демак, Чор Россиясининг босқинчилик ҳужумлари ва мустамлакачилигига қарши миллий-озодлик ҳаракатлари она-юртимиз Турон ўлкасида миллий ғоя ва демократик ўзгаришларнинг Чор Россияси мустамлакачилигидаги биринчи босқичи бўлса, иккинчи босқичи 1905 йилгача бўлган халқ қўзғолонлари ва учинчи босқичи ХХ аср бошларидаги Советларнинг ҳукмронлигигача бўлган қўзғолонлардир. Бу даврда биринчи босқичда дин, иймон ва қарам бўлмаслик ғоялари, иккинчи босқичда демократик маърифатпарварлик ғоялари ва учинчи босқичда жадидлик ғоялари асосий ўринга чиққан.
Чор Россияси босиб олган жойларни бошқариш учун 1867 йил
14 июлда Подшо Александр II нинг олий фармони билан Туркистон генерал-губернаторлиги ташкил этилган. 1868 йил 23 июнда Туркистон генерал-губернаторлиги билан Бухоро амирлиги ўртасида сулҳ тузилади. Бухоро амирлиги протекторатга, яъни Чор Россиясига қарам ўлкага айлантирилди. Туркистон ўлкасини генерал-губернаторига судсиз “Сиёсий ишончсиз бўлган ерли аҳолини 5 йил муддатга ўлкадан бадарға қилиш” ҳуқуқи берилган”1. Мана, сизга деспотик режим. Шу режим туфайли Дукчи Эшон, Жиззах ва бошқа қўзғолонлар келиб чиққанлигини биламиз.
Мудофаачилар Чор Россияси истилосига қарши истиқлол учун жон-жаҳди билан курашганлар. Бу курашда ўша даврда кенг тарқалган мафкуралардан бири – феодал диний ғояларнинг ўрни катта бўлган. Бу ғоялар мудофаачиларга пафос берган. Истибдодга қарши миллий мустақиллик учун юз берган бу курашлар Чор Россияси давридаги миллий ғоя ва демократик ўзгаришлар диалектикасининг биринчи босқичи эди.
Туркистон ўлкаси – Бухоро амирлиги, Хива ва Қўқон хонликлари 1865-1917 йиллар давомида Чор Россиясининг мустамлакаси эди. Чор Россияси Туркистон ўлкаларида мустамлакачиликдан иборат ҳарбий ва шафқациз жазо режимини ўрнатди, хонликлар давридаги маҳаллий режимларни йўқ қилди, қисман кундалик даражадаги тартиблар учун шариат нормаларининг амал қилишига рухсат берилди. Чор Россиясининг Туркистонда ўрнатган режими маҳаллий халққа нисбатан камситишга асосланган тузум эди. Шаҳарлардаги парклар дарвозалари пештоқларига “итлар ва сартларга кириш таъқиқланади” деб ёзиб қўйилиши бунинг яққол фактидир. Чор Россиясининг Туркистонда ўрнатган режими ўлка бошлиқларини талон-тарож қилишга асосланган тузум эди. Биргина XIX асрнинг иккинчи ярмида россиялик корчалонлар Туркистоннинг қарийиб 40 фоиз бойлиги – тилласи, қимматли металлари, қоракўли, ипаги, пахтаси, мева-чеваси ва бошқаларини ташиб улгурган эди1. Бу ҳолатлар халқнинг ночор бўлишига олиб келди. Натижада кўплаб халқ қўзғолонлари бўлиб ўтди.
Туронда Чор Россияси мустамлакачилигининг ХХ аср бошларигача бўлган даврда бўлиб ўтган халқ қўзғолонлари ва демократик маърифатпарварлик оқимининг келиб чиқишини ўлкада миллий истиқлол ғояси ва демократик ўзгаришлар диалектикасининг 2 босқичи ёки даври деб ҳисоблаш мумкин.
ХХ асрга келиб Чор Россиясининг ижтимоий-сиёсий аҳволи ўзгарди. Ҳокимият В.И.Ленин бошчилигидаги болшевиклар қўлига ўтди. Шу билан Чор Россиясининг умри тугади. Ленин Белоруссия, Украина, Молдавия, Кавказ ва Кавказорти, Ўрта Осиё ва Қозоғистон, кейинчалик Болтиқбўйи ўлкаларида Совет Россиясининг истибдод тузуми бошланди. Болшевикларнинг бу истибдод тузумининг ғоявий асосларини марксизм-ленинизм ташкил этар эди. Бу мафкура ХХ асрнинг бошларида рус ишчилари ва матбуот орқали тарқала бошлаган эди. 1914 йилдан бошлаб Хива хонлиги Шеробод беклиги ва бошқа ўлкаларда халқнинг норозилик ҳаракатлари кучайди. 1916 йилда Хўжанд, Марғилон, Қўқон, Наманган, Самарқанд ва Жиззахда халқ қўзғолонлари бўлиб ўтди. Қорақалпоқларнинг норозилик ҳаракатлари келиб чиқди. Бу ҳаракат ва қўзғолонларда минглаб одамлар ҳибсга олинди, отиб ташланди ва дорга осилди.
Бу қўзғолонларнинг фаоллашишида жадидчилик ҳаракати кучли ғоявий таъсир бўлди. “Жадид” сўзи арабчадан “янги” деган маънони беради. “Мусулмонлар, қолаверса, туркийлар дунёсининг жаҳон тараққиётидан узилиб қолганлигини, бу ғоят хавфли ҳолга берҳам бериш кераклигини ҳамда умумтуркий қавм эл-улуслардаги жаҳолатни йўқ қилиб, маърифат орқали тараққий топган мамлакатларга тенглашиш зарурлигини биринчи бўлиб туркий қрим-татар халқининг улуғ фарзанди Исмоил Гаспирали (1851-1914-йй) тушуниб етди. У жадидлик ҳаракатининг бутун турк дунёсидаги “ғоявий отаси”дир”1. Туркистондаги жадидчилик ҳаракатига Беҳбудий, Мунавварқори, Садриддин Айний, Фитрат, Чўлпон, Паҳлавон Ниёзхожи, Абдулла Авлоний, Ҳамза Ҳакимзода, Абдулла Қодирий, “Ёш бухороликлар”, “Ёш хиваликлар” ташкилоти раҳбарлари бошчилик қилишган2.
Жадидчилик Ўрта Осиёга ХХ асрнинг бошларида тарқала бошлаган экан, ундаги асосий масала миллий мустақиллик – истиқлол масаласи эди. Уларнинг жадидчилик оқими билан умумийлиги мустамлакачилик ва зулмнинг негизида халқнинг саводсизлиги ётибди, деган ғоядир. Бунга генерал-губернатор Кауфманнинг мусулмон мактабларига нисбатан “аралашмаслик” сиёсати ҳам сабаб бўлган. “Барча мусулмонларга бўлган муносабатда орттирилган йўлни тутиш қолди. Бу йўл – эътибор бермаслик”3. “Аралашмаслик” сиёсатида мусулмон мактабларига очиқдан-очиқ қарши чиқилмайди ёки мударрислар таъқиб остига олинмайди. Туркистон генерал-губернаторлигининг маҳаллий мактабларга нисбатан бу муносабати қуйидаги уч босқичдан иборат эди:
1-босқич 1860 йилдан 1898 йил – Дукчи Эшон қўзғолонигача бўлган давр;
2-босқич 1898 йилги Дукчи Эшон қўзғолонидан то 1905 йил биринчи рус револуциясигача бўлган қисқа давр;
3-босқич 1905 йилдаги биринчи рус револуциясидан 1917 йил Совет ҳукумати ўрнатилганга қадар давр оралиғи. Шунинг учун у биринчи босқичда ва биринчи навбатда маъмурий лавозим – раисликни бекор қилди. Хонликлар даврида раислик урф-одат, маросимларнинг бажарилишини, ота-оналарнинг ўз болаларини мактабга берган-бермаганлигини назорат қилувчи лавозим бўлиб, бажармаганларни жавобгарликка тортар эди. Раислик бекор қилингандан сўнг ота-оналарнинг кўпчилиги мактабларга сарфланадиган харажатдан қочиб фарзандларини ўқишга юбормай қўйдилар. Кауфман бу билан халқимизнинг саводсиз бўлиб қолишини таъминлаган.
80-йилларга келиб Чор ҳукуматининг Туркистонни хом ашё базасига айлантиришга вақф мулки тўсиқ бўлиб қолаётганди. Шунингдек, вақф мулки мусулмонларнинг иқтисодий мустақил бўлишларига имкон берар эди. Шу сабабдан Кауфман биринчи босқич даврида иккинчи навбатда мутаваллибоши лавозимини бекор қилди. Натижада вақфлар устидан назорат йўқолди ва ундан тушадиган даромадлар талон-тарож бўлди. Вақф ерлари эса Туркистон генерал-губернаторлиги ихтиёрига ўтказила бошланди. Натижада мусулмон мактаблари даромадсиз қола бошлади.
Кауфман биринчи босқич даврида, учинчидан, мударрисларнинг фаолиятини назорат қилувчи аъламлик лавозимини бекор қилди. Бу билан мударрислар ўз ишларига совуққонлик билан қарай бошладилар. Кауфман биринчи босқич даврида, тўртинчидан, маориф тизимидаги маъмурий лавозимларга рус офицерларини қўя бошлади. Мусулмон мактабларини Чор Россияси манфаатларига мослаб ислоҳ қилиш, жумладан, рус тили ва маданиятини тарғиб қилиш мақсадида мусулмон татар ўқитувчиларини ишга жалб қилиш бошланди. Чунки улар иккала халқ тилларини билади. Аммо Дукчи Эшон қўзғолонидан кейин уларга нисбатан ишонч сусайди.
2-босқич даври 1898 йилги Андижон қўзғолонидан кейин, бу қўзғолонларнинг манбаи мусулмон мактаблари, деган ғоя остида, мударрислар ва эшонлар номлари, муқаддас жойлар ўрганила бошлади. Мударрисларнинг уезд маъмурияти томонидан ишончли ёки ишончли эмаслиги текширила бошланди.
3-босқич даври 1905 йилги биринчи рус револуцияси туфайли бошланиб кетди. Янги усулдаги мактаблар тафтиш қилина бошланди. Татар ўқитувчилари қувила бошланди. Уларнинг ўрнини маҳаллий ўқитувчилар эгаллай бошладилар. Бу сиёсат ҳам наф бермагач, “ёруғлик етишмайди”, “бино ночор”, деган баҳоналар билан янги усулдаги мактаблар ёпила бошланди. Мударрис ва ўқувчилар давомати аниқланиб, улар тўғрисида фактлар тўплана бошланди. Чор Россиясининг ўлка мактабларига бу муносабати маҳаллий халқнинг саводсиз бўлишига олиб келган. Шунинг учун демократик характерга эга маърифатпарварлик ва жадидлик ҳаракатлари вакиллари саводсизликни тугатишни долзарб масала деб ҳисоблашганлар. Бу ғоявий оқимларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли истиқлол йўлида курашган “Шўрои-Уламо” ва “Шўрои-Исломия” ташкилотлар тузилган. Улар “Туркистон федератив республикаси” номи билан юритиладиган миллий-ҳудудий муҳториятни ташкил қилишни илгари сурганлар. Демак, 1905-1917 йиллар оралиғи “демократик ғояларни ўлкада ёйишнинг муҳим босқичи сифатида тарихга кирди”1. Бу давр миллий ғоя ва демократик ўзгаришлар диалектикасининг Чор Россиясининг мустамлака Ғарбий Туркистонидаги 3-босқичидир2.
Do'stlaringiz bilan baham: |