2.3. Ўзбек халқини манқуртликка айлантиришга бўлган сўнгги урунишлар: сохта демократия, натижа ва сабоқлар
Ҳар қандай жамият ҳаётида содир бўлаётган нарса, воқеа, ҳодисаларнинг туғилиш, шаклланиш, ривожланиш, инкор қилиш натижасида бошқа бир нарса, воқеа, ҳодисага айланиши исбот талаб қилмайдиган қонуният ҳисобланади. Шу борада КПСС (Совет Иттифоқи Коммунистик Партияси) Марказий комитетининг раҳбарлигида фаолият юритадиган Совет ҳукуматининг мамлакатда олиб бораётган ички сиёсати ХХ асрнинг 80 йилларига келиб ўзининг ниҳоясига ета бошлади. Чунки, аслида Марказнинг асл мақсади уларнинг кўзлаган мақсад-муддаоларини ҳеч нарсани ўйламасдан сўзсиз амалга оширувчи манқурт субъект - инсонларни тайёрлаб етиштиришдан иборат эди.
КПСС раҳномалигидаги Марказнинг ўзбек халқини манқуртликка айлантириш сиёсатининг туб моҳияти – ўзини ва ўзлигини англашдан, аждодлар тарихини билишдан, мустақил фикрлашдан жудо қилиб, итоаткор, айни вақтда, фақат моддий эҳтиёжнинг қулига айлантиришдан иборат эди. Шу сабабли, биринчи навбатда, ўзбек халқининг тарихи сохталаштирилди, барча ўқув юртларида “Ўзбекистон тарихи” олиб ташланиб, ўрнига “КПСС тарихи” ўқитилди. Соҳибқирон Амир Темур эса босқинчи “жаллод” сифатида таърифланди, тавсифланди. Рус тилининг мавқеи кўтарилиб, уни давлат тили сифатида ўрганиш ихтиёрий-мажбурий қилиб қўйилди. Онгли, билимли, ватанпарвар олимлар, ёзувчилар, хуллас, барча зиёлилар қатағон қилинди. Диндорлар тақиб остига олинди, ислом дини қадриятлари оёқ-ости қилиниб, аниқроғи, марҳум ва марҳумаларни жанозасиз кўмишга мажбур қилинди. Ақлли, ватанпарвар, адолатпарвар зиёлиларидан қатағон туфайли маҳрум бўлган халқ аста-секин манқуртлашиб борди. Баъзида уйғониб турадиган миллий онгни бостириш учун бошқача йўл, яъни қатоғон қилиш усулларидан фойдаланишга киришдилар.
Масалан, олайлик, эркин Воҳидовнинг “Ўзбегим” қасидаси, Пиримқул Қодировнинг Бобур ҳақида ёзган романлари ва шунга ўхшаш бошқа тарихий роман ва қиссалар советлар тузуми мафкурасига зид баҳолана бошлади. Академик Иброҳим Мўминов Амир Темур шахсини тиклаш борасида 1968 йилда қилган маърузаси чоп этилган “Амир Темурнинг Ўрта Осиё тарихида тутган ўрни ва роли”1 номли китобчаси рус ва ўзбек тилларида босилиб чиққандан сўнг кўп ўтмай Москва ва республикада ўз ичимиздан “жаллодни нега кўкка кўтаряпсизлар” деган мазмунда зарбалар уюштирила бошланди. Натижада 1974 йил августида И.Мўминов қон босими ошишидан вафот этди. Академик Ҳ.Абдуллаев ҳам тайзиқлар туфайли қон босими ошишидан вафот этган эди. Республикада республика, вилоят ва туман даражасидаги партия комитети 2-котиблари ҳаммавақт Москвадан юборилган бўлиб, уларнинг “кўз-қулоғи” эди. Худди шу кимсалар туфайли миллатимиз вакиллари кўп озор чекишган.
Л.И. Брежнев вафот этиб, ҳокимиятни В. Андропов эгаллаши билан ғаразли жиноий ишлар бошлаб юборилди, бу иш кейинчалик “ўзбеклар иши” деб ном олди. Аслида “ўзбеклар иши”, “Кремль глобалистлари”, жумладан, КПСС МК котиби Е.Лигачовнинг махфий хатти-ҳаракатларидаги дастлабки босқич бўлиб, улар Иттифоқда социализмни йўқ қилишни ва капитализмни ўрнатишни ният қилганди1.
Марказдан қўрқиб, амалидан ажралишидан ҳадиксираган И.Б.Усмонхўжаев, Р.Нишонов, Р.Абдуллаева ва бошқа шу каби раҳбарлар Марказнинг топшириғи билан маҳаллий ижрочилар ва уларнинг марказдаги ҳомийлари томонидан пухта ишлаб чиқилган кенг қамровли зўравонликлардан иборат тозалашлар “пахта иши”, “ўзбеклар иши”, “рашидовчилик” шиорлари остида авж олдирилди2.
Бу “ўзбеклар иши” СССРда амалга оширилган қатағонликларнинг еттинчи босқичи эди. “Ўзбеклар иши”нинг биринчи кўриниши миллий қадриятларимизни бадном қилишдан иборат антидемократик ҳаракат бўлди. Иккинчи кўриниши эса Гдлян-Иванов гуруҳининг қонсираган қотиллари томонидан ўзбек миллати вакилларини қатағон қилишлар – миллий демократияга зид ҳаракатлар бўлди. Учинчиси месхети турклар билан маҳаллий халқлар ўртасида жанжалларни уюштиришлардан иборат антидемократик ҳаракатлар бўлди.
90 йиллар арафасида “Бирлик” ҳаракати, “Эрк” демократик партияси, турли номлардаги исломий экстремистик гуруҳлар (улар кейинчалик Ўзбекистон ислом партиясига бирлашганлар) шаклланди.
Эътиборни “Ўзбеклар иши”нинг биринчи кўриниши – миллий қадриятларимизнинг топталишига қаратайлик. И.Б.Усмонхўжаев 1983-1988 йилларда Ўзбекистон Коммунистик партияси Марказий Комитетининг
1-котиби бўлиб ишлайди. Республика тарихида салбий из қолдирди. Охир-оқибат унинг ўзи қатағон қилинди. 1984 йил 23 июн куни ЎзКП МКнинг
1-котиби И.Б.Усмонхўжаев партиянинг ХVI пленумида урф-одатларимиз, жумладан, диний маросимларимизни ўтмиш сарқити сифатида танқид қилди. У “Партия ташкилотлари баъзан одамлар онгидаги ўтмиш сарқитларининг социал хавф-хатарига етарли баҳо бермаётганликлари, коммунистларнинг диний маросимларда қатнашиш ҳоллари учраб турганлигини ҳамда дабдабали тадбирлар ҳаддан ташқари кўплиги, одамлар онги ва феъл-атворидаги реакцион сарқитларга қарши, истеъмолчилик психологиясига, қолоқ урф-одатларга ва ҳашамдор тўй-томошаларга ва маъракаларга қарши курашдаги ҳужумкорлик ва таъсирчанлик бўшаштириб юборилганлигини, оммавий ахборот воситалари эса халқ орасида социалистик турмуш тарзини янада кенгроқ тарғиб қилишлари лозимлиги”ни алоҳида1 таъкидлади. Натижада бу Пленум қарорларини амалга ошириш бўйича тадбирлар ишлаб чиқилади.
1985 йил 10 июлда Ўзбекистон КП МКда И.Б.Усмонхўжаевнинг “Социалистик турмуш тарзи меъёрлари ва тамойилларидан жиддий чекинишлар, уларни тугатиш ва республика аҳолиси ҳаётида илғор анъаналар ва урф-одатларни қарор топтириш ҳақидаги” ёзма маълумоти асосида махсус қарор қабул қилинади. Шу қарорнинг 2-бандида: “ҳар бир оила, ҳар бир меҳнат ва ўқув жамоаси ҳаётига партия ва совет халқининг шонли коммунистик идеаллари, револуцион, ҳарбий ва меҳнат анъаналарига, В.И.Лениннинг ҳаёти ва фаолиятини тарғиб этишга асосланган илғор, совет удумларини жорий этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилсин ва амалга оширилсин, бу чора-тадбирлар аҳолининг теран ғоявий ишончини, фаол ҳаётий позициясини янада шакллантиришга, шахснинг ҳар томонлама ривожига хизмат қилиши назарда тутилсин” дейилиб, чора-тадбирларни кўриш бўйича кўрсатмалар ишлаб чиқилган.
“Авлодлар ўртасидаги боғлиқлик ва ворисийликни мустаҳкамлаш, - дейилади қарорнинг 6-бандида, - ўтиб кетган ота-оналар ва яқинларни, ўзининг жанговор ва меҳнат жасоратлари билан социалистик Ватаннинг озодлиги ва мустақиллигини ҳимоя қилган, унинг куч-қудратини улуғлаган ва юксалтирганларнинг табаррук хотирасини авайлаб-асраш мақсадида Ўзбекистон ССРда хотира кунини жорий этиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблансин. У ҳар йили март ойи учинчи ўн кунлигининг якшанба кунида нишонлансин”. Бунда гап “Наврўз” байрами тўғрисида кетган. Бундан мақсад, биринчи навбатда Наврўзни эскилик қолдиғи, диний урф-одат сифатида йўқотиш эди. Шундай бўлди ҳам: ҳар йили 30 мартда Хотира кунини нишонлаш Наврўзни йўқотиш йўлида қўйилган биринчи манфур қадам эди1.
ЎзКП МКнинг ўша даврдаги мафкура бўйича котибаси Р.Абдуллаева 1986 йилнинг март ойининг иккинчи декадасида республика оммавий ахборот воситалари масъул ходимларини йиғиб, “Наврўз” байрамини ўтказмаслик тўғрисида маъруза қилади.
1984 йил 23 июнида бўлиб ўтган Ўзбекистон КП МК ХVI пленумида И.Б.Усмонхўжаев юқоридаги фикрлар билан чекланиб қолмасдан КПСС МК котиби Е.Лигачовнинг сценарийси бўйича “Республиканинг барча вилоятларида раҳбарлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида ишлашнинг жиноий усуллари ҳукм сурмоқда, уларни шафқациз тугатиш зарур”, “Ўзбек халқига ишониб бўлмайди”, “Четдан кадрлар жалб қилмасдан туриб, республика ҳаётини тўғри йўлга солиб бўлмайди”, деган манқуртона ғояларни илгари суради ва бу ғоялар пленум қарорларига асос қилиб олинади. КПСС ХХVII сьездида “Турли жиноятлар содир этган собиқ партия, совет, хўжалик арбоблари, ҳуқуқ ҳимояси органларининг раҳбарлари партиявий ва жиноий жавобгарликка тортилди”, - шунинг учун “Биз халқ хўжалиги мутахассислари сонини кўпайтиришни, Ўзбекистонга марказий минтақалардан кадрлар юборишни сўраймиз”, дея мурожаат қилади. Натижада Марказдан юборилган жаллодлар 1984 йилдан 1988 йилгача бўлган даврда республикамизда “Пахта иши” ва “Ўзбеклар иши” бўйича 20 мингдан зиёд кишини туҳмат асосида ҳибсга олди, ноанъанавий усуллар-қийноқлар асосида тергов олиб борилди ва турли йилларга ҳукм қилди. Уларнинг кўпчилиги бегуноҳ эдилар ва ноқонуний равишда жиноий жавобгарликка тортилдилар, ўн минглаб кишилар, уларнинг оила аъзолари, қариндош-уруғлари сўроққа тутилдилар, жисмоний ва маънавий таҳқирландилар, азоб-уқубатда яшадилар1.
1983-1988 йилларда республикамизда юз мингдан ортиқ масъул ходимлар ишдан бўшатилди. Уларнинг ўрнига Марказдан келган кадрлар ва Ш.Рашидов даврида ишдан ҳайдалганлар жойлаштирилган. Бу даврларда десантчиларнинг фаолияти туфайли республикада ишлаб чиқариш деярли издан чиқди.
1984 йил Ўз КП МКнинг ХVI пленумидан ўтган даврдан эътиборан Ш.Рашидов даврида эъзозланган “Наврўз” умумхалқ байрами тақиқланди, кўплаб масжидлар ёпилди. Диний маросимларни бажариш, масалан, жаноза ўқиш яширин тус олди. Чунки Ш.Рашидов мусулмон мамлакатларига сафарларидан кейин республикани мўтадил исломлаштириш йўлидан борган эди. Бу даврга келиб яна даҳрийлик тарғиботи кучайди. Ш.Рашидовга ва бутун ўзбек миллатига туҳмат тошлари отилар экан, Ўзбекистон раҳбарларини у “гипноз қилиб қўйган” эмиш. Ўзбекистоннинг раҳбарларининг “нўноқликлари” туфайли 1984-1988 йилларда Россиядан 400 дан ортиқ киши Ўзбекистоннинг партия, совет, маъмурий, хўжалик органларига ишга юборилди. Бу даврда халқнинг обрўйини тушириш мақсадида “пахта иши”, “ўзбеклар иши”га айлантирилди.
Т.Гдлян – Н.Иванов тергов гуруҳи М.С.Горбачов ҳокимият тепасига келгач 200 кишига кўпайтирилади. Бу тергов гуруҳининг ҳибсга олинганларга нисбатан қўллаган усуллари ХХ асрнинг 30 йиллардаги каби ўта шафқатсиз эди. Гуруҳ аъзоси М.Аверков “мен Гдлян билан ишлашдан бош тортдим, бирон нарсадан қўрққаним учун эмас, балки одамларни ҳақорат қилиш, қийнашга кўникмаганим учун шундай йўл тутдим”, деб гуруҳдан чиққанлигини кейинчалик ёзган1. Ватандошларимиздан 20 минг киши партиядан ўчирилган ва ҳибсга олинган. Ҳибсга олинганларни “пора олганман ёки фалончига, жумладан, Шароф Рашидовга пора берганман” деган мазмунда тилхат берасан, деб қийноққа солишган. Бундан мақсад Шароф ота Рашидов номини бадном қилиш билан бутун ўзбек халқини халқаро даражада бадном қилиш эди. Ҳолбуки, Шароф ота ниҳоятда ҳалол инсон бўлган.
Ҳибсга олинган ватандошимиз Ваҳобжон Усмонов ноқонуний тарзда, бешафқатларча отиб ташлангандан кейин Европа кенгашига аъзо бўлган давлатлар СССР сиёсатига қарши норозиликлар билдиришади. Яна шунингдек, СССР Олий суди илк бора 1988 йилнинг охирида ватандошимиз Тоштемир Қаҳрамоновни оқлайди. Натижада Марказ Гдлян-Ивановлар гуруҳи олиб борган тергов ишлари билан шуғуллана бошлайди. Яна шунингдек, Гдлян-Иванов тергов гуруҳи КПСС МК котиби Е.Лигачовнинг оёғидан тортишга ва бу билан “Кремль иши”ни очишга киришади. Натижада улар мазкур тергов ишидан четлаштириладилар.
1988-1989 йилларда ЎзКП МКнинг 1-котиби бўлиб, яна бир кимса-кўрнамак Рафиқ Нишонов ишлади. Республикани бошқарган даврда Фарғонада иккита мусулмон халқ – месхети турк халқи ва ўзбек-тожик халқи ўртасида қонли жанжал уюштирилди. Унинг 1988 йил “Аргументы и факты” газетаси мухбири саволларига берган қуйидаги жавобига эътибор берайлик: “Республикада жамият ҳаётининг барча жабҳаларини соғломлаштириш учун, турғунлик даври меросига қарши қаттиқ, оғир кураш кетмоқда. КПСС Марказий Қўмитаси кейинг тўрт йилда Ўзбекистонга юзлаб тажрибали ходимларни юборди… Аввало республикага шундай кўламдаги ёрдам кейинги 30 йил мобайнида биринчи марта амалга оширилганини таъкидламоқчиман. Янги ходимларнинг келиши бизнинг чинакам бахтимиз бўлди…. Республикада сўнгги тўрт йил ичида 58 минг масъул ходим вазифасидан бўшатилди. Мен шахсан ўзим тергов (Т.Гдлян ва Н.Ивановлар) гуруҳининг ишини ғоятда ижобий баҳолайман. Биз СССР прокуратурасининг ходимлари билан қўлни-қўлга бериб иш олиб бормоқдамиз. Улар (яъни, Гдлян, Ивановлар) республикада адолат ўрнатиш, Рашидов атрофига яқин одамларни жавобгарликка тортишда жон куйдириб ишламоқдалар. Кескин кураш кетмоқда. Шуни рўй-рост айтишим керакки, Гдлян гуруҳи республикада фирқа идоралари томонидан қаттиқ қўллаб-қувватланмаганда ва уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатилмаганда, улар бу қадар самарали ишлай олмасдилар, албатта…”1 . Бу лўттибозликдан бошқа нарса эмас эди.
КПСС МК Бош котиби М.С.Горбачов партиянинг 1985 йил пленумида қайта қуриш концепциясини илгари сурди. Уни амалга оширишнинг
1-босқичи (1985-1987 йиллар)да фан-техника ютуқларидан иқтисодий тараққиётни жадаллаштириш масаласи ва 2-босқичи (1987-1990 йиллар)да совет жамиятини тўлиқ демократлаштиришдан иборат эди. Қайта қуриш концепциясининг иккала босқичи ҳам амалга ошмади.
Қайта қуришнинг иккинчи босқичини эса тоталитар йўл билан амалга ошириб бўлмас эди. Чунки демократлаштириш ва тоталитаризм бир-бирларига бутунлай зид маданий ҳодисалардир. Бунинг учун бозор шароитига, кўп мулкчилик ва плюрализм шароитларига ўтиш керак эди.
“Қайта қуриш” Республикамизда ҳам салбий оқибатларни олиб келди. Жумладан, ишчи ва хизматчиларнинг иш ҳақи Ўзбекистонда 1987 йили 81,3% га, аҳоли жон бошига истеъмол фонди 58% га камайди. 1988 йилда 1267 та йирик саноат корхоналаридан фақат 320 тасигина ўзини-ўзи маблағ билан таъминлаш даражасида эди. Қолганлари эса банкрот ҳолатига тушиб қолган эди1. Агар 1986 йил декабрида корхоналар маҳсулотларининг 60% давлат сифати талабига жавоб берган бўлса, 1987 йилнинг январига келиб, 48,5% га тушиб қолди2. Меҳнат унумдорлиги режа бўйича 1985 йилга нисбатан 18% га ўсиши керак эди, аксинча ҳолат юз берди: оғир саноатда 12% га, қурилишда 7% га, енгил саноатда 2% га камайди3. Бундай фактларни ўнлаб келтириш мумкин. Бу фактлар иқтисод соҳасида ҳам демократия-манфаатлар уйғунлиги ва унинг бошқарилишининг бузилганлигини кўрсатади.
“Қайта қуриш” даврида Марказ уюштирган “ўзбеклар иши”нинг учинчи кўриниши месхети турклар билан маҳаллий халқ (ўзбек ва тожик)лар ўртасида жанжаллар келтириб чиқариш бўлди.
1989 йил май-июн ойларида миллатлараро можаролар уюштирилди. Бундан мақсад Марказнинг мамлакатда қаттиқроқ сиёсат олиб бориши учун керак эди. 1989 йил 24 майда Қувасой шаҳрида маҳаллий ёшлар (яъни ўзбек ва тожик йигитлари) ва месхети турклар ўртасида бир-бирларининг иззат-нафсларига тегишлари туфайли жанжал келиб чиқадики, у можаро Фарғона, Наманган аҳолиси ёшларининг оммавий миллатлараро жанжалига айланади4.
Тошкент шаҳрида ишлаётган ва ўқиётган фарғоналик 100 нафар ёшлар 1989 йил 11 июнда Тошкентдаги “қизил майдон”да Фарғона фожеалари матбуотда нотўғри берилганлигига қарши чиқиб намойиш уюштиришади5. Бу намойишга қарши ҳарбий қисмлар ташланади. 1989 йил 8 июнда Қўқон шаҳрида бу миллатлараро жанжалга қарши намойиш ўтказилади ва бу тинч намойишчилар ҳарбий қисм аскарлари томонидан ўққа тутилади, натижада 50 дан зиёд намойишчи ҳалок бўлади, 200 дан ортиғи ярадор бўлади.
3-12 июнларда бу можаро сабаб Фарғона вилоятининг ўзида 100 киши ҳалок бўлади, 1009 киши жароҳатланган, 650 та хонадонга ўт қўйилган ва вайрон қилинган1. Бу матбуот билган маълумотлар, қолганлари сир сақланган.
Хўш, бу миллатлараро жанжални ким уюштирган ва нима сабабдан, деган саволларни ўртага ташлаймиз. Бу саволларга жавобларни биз Мирзо Кенжабекнинг “Фитна санъати” асаридан деярли топдик2.
М.Кенжабек “Фарғона воқеаси “етти ўлчаб” тузилган режа асосида махсус уюштирилди ва ташқаридан бошқариб турилди, бундан кўзланган натижаларга эришилди”3, дейди.
Хулоса шуки, “…тартибсизликлар олдиндан тайёрланган”4. Фарғона фитнаси ўзбекларни ёмонотлиқ қилишнинг навбатдаги кўринишларидан бири ҳисобланади. Бу ривожланган социализм даврида, хусусан 1980 йиллардаги Совет социалистик демократиясининг негизи – маъмурий-буйруқбозликдан иборат, тоталитар режимнинг қиёфаси қандай бўлганлигини кўрсатади. Ушбу режим туфайли улкан табиий бойликларга ва меҳнат ресурсларига эга бўлган Ўзбекистон СССР бир бутун халқ хўжалиги комплекси тизимида бир томонлама – пахтачиликка мослаб ривожлантирилди. Ҳолбуки, ЎзССР Конституциясида “Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси – совет халқи давлат бирлигининг тимсоли бўлган, биргаликда коммунизм қуриш учун барча миллатлар ва элатларни жипслаштирган Совет Социалистик Республикалари Иттифоқи составида тенг ҳуқуқли Республикадир”5, дейилган эди. Аслида бу қоғозда эди. Ўзбекистонда мустақиллик арафасида 100 дан зиёд соҳалардан иборат 1500 га яқин корхона бор эди. Ўзбекистон собиқ СССРда ишлаб чиқарилган олтинниёнг ¼ (яъни тўртдан бир) қисмини, пахтанинг 2/3 (яъни учдан икки) қисмини, қоракўл терисининг 1/3 (яъни учдан бир) қисмини, пилланинг 60% ини берар эди, республикадан хомашёнинг 80%и қайта ишланмасдан четга чиқарилиб кетилар эди. Натижада Республикада миллий даромад ва аҳолининйг турмуш шароити пасайиб кетган эди. Халқ норозилигининг илдизи шу жойда эди. Мазмунан социалистик ва шаклан миллий мафкуравий сиёсат туфайли миллий ва диний қадриятлар ҳам синдирилди.
Ўзбекистонга раҳбарлик қилган И.Б.Усмонхўжаев ва Р. Нишоновлар амалларидан ажралиб қолишдан қўрқиб, Марказга тилёғламалик қилиб ўзбек халқини манқуртлик балосидан қутқариш ўрнига, унинг батқоғига янада чуқурроқ ботиришга кенг йўл очиб бера бошлаган эдилар.
Ўзбек халқининг бахтига республикада шундай оғир шароит туфайли зиддиятлар кучайган пайтда – 1989 йил 23 июнда И.А.Каримов Ўзбекистон Коммунистик партиясининг биринчи секретарлигига сайлангач, биринчи навбатда “пахта иши” бўйича қамалганлар реабилитация қилинди. Натижада,социал-сиёсий вазиятлар бошқача тус олиб, демократик ўзгаришлар бошланиб кетди. Ўзбекистоннинг ҳақиқий ватанпарвар фарзандлари ўзбек халқини0 манқуртликдйан қутқазиш учун ягона йўл, миллий мустақилликка эришиш тарихий зарурият эканлигини англаган ҳолда,уни қўлга киритиш учун астойдил кураш бошладилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |