1.3. Миллий ғоя ва демократик ўзгаришлар диалектикасига умумсоциологик, формацион ва цивилизацион ёндошувлар
Тарихни диалектик маданий тушунишга мувофиқ, кишилик тарихи мавжудлиги ва ривожланишининг асоси маданий борлиқ экан, унда умумийлик, хусусийлик ва алоҳидалик томонлари бор. “Жамиятнинг мавжудлик ва ривожланиш қонунлари объектив қонунлар сифатида, - дейди И.Н.Ахмедов, - жамият ядроси – маданий борлиқнинг ички структуравий детерминацион боғланишларидан келиб чиқади. Миллий ғояни асослаш учун ва халқ, хусусан, миллий зиёлиларимизни демократик фуқаролик жамияти қуришда миллий ғоямизга эргаштириш учун жамият асоси – маданий борлиқдан келиб чиқадиган умумижтимоий қонунлар – корреляцион-функционал ва субстанционал қонунлар тўғрисидаги билимлар билан қуроллантиришимиз зарур”1. Ушбу умумижтимоий қонунлар ва советлар давридан ўқитиб келинган ижтимоий борлиқнинг ижтимоий онгни белгилаб келиши, базиснинг устқурмани белгилаб келиши каби қонунларнинг тарихни диалектик маданий тушунишга асосланган концепциялари маданий борлиқнинг умумий томонларини ташкил қилади ва акс эттиради. Ижтимоий воқеликнинг бу умумижтимоий томонлари миллий ғоя ва демократик ўзгаришлар диалектикасини билишда ҳам умумсоциологик ёндошувни ташкил этади. Мазкур умумсоциологик ёндошув миллий ғоя ва демократик ўзгаришлар диалектикаси генезиси, ўрни ва ролидан иборат механизмини, манбаини ва йўналиши – тенденцияларини кўрсатиб беради. Тарихни ўрганишда, жумладан, миллий ғоя ва демократик ўзгаришлар диалектикасини “ўрганишда бир йўла барча воқеа-ҳодисаларни қамраб олиши қийин, - дейди, профессор М.Исҳоқов. – Бироқ жаҳон миқёсида кечган кишилик тарихининг ранг-баранглиги бир қарашда тарихлар хилма-хиллиги бўлиб кўринади. Бироқ тараққиётнинг умумий ўлчовларида уларнинг қонуният асослари бир экани кўзга ташланади”2.
Жамият ўтмишдан бугунги кунга қадар бир бутундир, бунинг моҳияти – унинг ядроси – маданий борлиқ қонуниятлари ила бир бутун ҳолатида узлуксиз ва узлукли равишда такомиллашиб бормоқда. “Миллий ғоялар ва мафкура жамиятнинг тўртта асосий томонлари ва уларнинг шахобчаларини ички ва ташқи боғланишлари ила акс эттириши керак, - дейди И.Н.Ахмедов. – Акс эттирганда ҳам, уларнинг маданий томонларининг асос эканликларини эътибордан четда қолдириши назарий хатоликларга олиб боради. Маданият – бу инсон ва улар томонидан воқеаликнинг ишлов бериб яратилган қисмидир. “Маданият” ва “маданий борлиқ” тушунчалари синоним тушунчалардир. Моддий ҳаётнинг ядроси моддий маданият, сиёсий ҳаётнинг ядроси сиёсий маданият, ҳуқуқий ҳаётнинг ядроси ҳуқуқий маданият, маънавий ҳаётнинг ядроси маънавий маданият, социал соҳанинг асосий маданий қисми инсон ва унинг бирликларидир. Уларнинг корреляцион-функционал бирлигидан жамият ядроси – маданий борлиқ қарор топади. Жамиятнинг тузилиши тўғрисидаги тарихни диалектик маданий тушунишга асосланган мазкур таълимот “Миллий ғоя: асосий тушунча ва тамойиллар” фанининг ижтимоий-фалсафий онтологик асоси бўлиб хизмат қилади”1. Мазкур ижтимоий-фалсафий қарашлар миллий ғоя ва демократик ўзгаришлар диалектикасини билишда ҳам умумсоциологик ёндошув ҳисобланади.
Энди эътиборни хусусий ижтимоий ёндошув, яъни формацион ёндошувга қаратамиз. Кишилик жамияти пайдо бўлибдики, унинг форма – шакли тарихий тараққиёт давомида ўзгариб келмоқда. “Тарих фанидаги қонуниятлар билан, - дейди Д.А.Алимова, - узвий боғланган яна бир жиҳат тарихни даврлаштириш ва тарихий замон категориялари масалаларидир”2. Ижтимоий формация масаласи даврлаштиришга хосдир. Агар “ижтимоий формация” сўзи ўрнига “ижтимоий-иқтисодий формация” термини ишлатилса, илмий фикрлаш объективликдан узоқлашади, яъни иқтисодий муносабатларнинг ўрни ва роли муболағалаштирилади3.
Карл Маркс бешта ишлаб чиқариш усули мавжудлигини аниқлайди: ибтидоий ишлаб чиқариш усули, қулдорлик ишлаб чиқариш усули, феодалистик ишлаб чиқариш усули, капиталистик ишлаб чиқариш усули ва коммунистик ишлаб чиқариш усули4. Бу усуллар, яъни асосий иқтисодий укладлар маданий ҳодисалардир, табиат томонидан эмас, балки инсонлар томонидан яратилган ҳодисалардир. Маркс бешта ишлаб чиқариш усули асосида бешта ижтимоий-иқтисодий формация келиб чиқишини кўрсатди. Шу асосида барча ижтимоий ҳодисалар, жумладан, миллий ғоя ва демократик ўзгаришлар диалектикасига ҳам формацион ёндошув шаклланди. Ижтимоий формация, яъни жамият тарихи – эволюциясининг формалари мавжуд. Бу объектив билим кўпчилик томонидан эътироф этилади. Жумладан, И.А.Каримов шундай деган эди: “… тарих сабоғи шундаки, унинг айнан кескин бурилишларида, ижтимоий формациялар алмашинаётганда ижтимоий муаммолар ва зиддиятлар ғоят кескинлашади, миллий хавфсизликка, фуқаролар тинчлигига ва барқарорликка таҳдид солувчи омилга айланади”1. Демак, жамиятнинг ривожланиши формаларини ифодалашда “ижтимоий-иқтисодий формация” терминини эмас, “ижтимоий формация” сўзини ишлатиш ўринлидир. Чунки “иқтисодий” сўзини қўшиш “мулкчилик муносабати ҳуқуқнинг барча асосларининг асоси”2 деган чекланган хулосага олиб боради. Жумладан, оила ҳуқуқининг бевосита асоси кишиларнинг табиий ҳолатлари, қариндошлик муносабатларидир. Худди шундайин оиладаги демократик муносабатларни мулкчилик асосида олиб бориш инсонпарварлик муносабатларини оширади. Бу ҳолат бўйича изланиш олиб борсак, иқтисодий-ижтимоий формация тўғрисидаги марксча социологиянинг чекланганлигини такрорлаймиз.
Кишилик тарихи шаклланиши ва ривожланиши форма-шаклларини, яъни ижтимоий формациялар мавжудлиги ва босқичма-босқич қуйидан юқорига томон боришларини маданий борлиққа хос хусусий томонлар белгилайди. Бу хусусий томонлардан бири – хўжалик маданияти, яъни К.Маркс сўзи билан айтганда ишлаб чиқариш усулидир. Ижтимоий формацияларнинг мавжудлигини таъминлашда нафақат хўжалик маданияти, балки шу билан бирга сиёсий-ҳуқуқий маданиятлар, маънавий маданиятлар, инсон ва унинг бирликларининг хусусий томонлари ҳам иштирок этади1.
Жамият ривожланиши узлукликлардан иборат узлуксиз жараёндир. Ижтимоий формация узлуксизликлар ичра узлуклиликни ифодалайди. “Агарда кишилар, - деган эди И.А.Каримов, - ижтимоий тараққиётнинг навбатдаги босқичини босиб ўтмасдан, ундан кейинги босқичга, айтайлик, қулдорлик тизимидан бирданига ривожланиб капитализмга ўтиб кетиши мумкин, деб ўйласа, қаттиқ адашади”2. Демак, ижтимоий тараққиёт формацияларининг босқичма-босқич келишлари, К.Маркс сўзи билан айтганда, табиий-тарихий, яъни қонуниятли жараёндир. Ижтимоий формация тўғрисидаги тарихни диалектик маданий тушунишга асосланган таълимотнинг миллий ғоя ва демократик ўзгаришлар диалектикасини билишдаги аҳамияти шундаки, биз ушбу даврлаштириш асосида ибтидоий демократия, қулдорлик демократияси ёки деспотияси, феодал демократияси ёки абсолютизми, капиталистик формацияда формал демократия ёки очиқ диктатура, коммунистик формацияда советлар шаклидан иборат социалистик демократия тўғрисида таҳлил ишларини олиб боришимиз мумкин. Лекин мазкур таҳлил объектив билимлар, жумладан, миллий ғоя ва демократик ўзгаришлар диалектикасига оид билимларни тўлақонли равишда бера оладими?
Ижтимоий формация масаласи бўйича муаммоли масалалар: бизга коммунистик ижтимоий формация социализм ва коммунизм босқичларидан иборат, деб ўргатилган эди. Ўтган асрнинг охирларига келиб социалистик система емирилди. Собиқ СССР ўрнида 15 мустақил республика юзага келиб бозор демократиясига ўтишда, яъни бозор муносабатларига асосланган ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этишга киришди3. Лекин Хитой, Ветнам, Шимолий Корея, Лаос ва Кубада давлат мулкчилиги социалистик мулкчилик сифатида сақланиб қолинган. “Ватан тарихшунослигида, - В.Н. Сыров, - қабул қилинган бешта ижтимоий-иқтисодий формация назарияси кўплаб фактларни, хусусан, Европа бўлмаган жамиятлар тарихида, қониқарли тушунтириш ҳолатини бермайди”1. Бу фикр миллий ғоя ва демократик ўзгаришлар диалектикасини тадқиқ қилишга ҳам дахлдордир.
Биз қайси ижтимоий формацияга асосланган жамият сари кетмоқдамиз? Албатта “демократик фуқаролик жамиятини қуриш сари кетмоқдамиз” (Ж.Қўчқоров). Бу билан, биринчидан, дейилмоқчики, демократия манфаатлар уйғунлиги ва унинг бошқарилиши экан, бу жараён халқ ҳокимиятчилиги субъектлари орқали амалга ошади. Халқ ҳокимиятчилиги субъектлари уч таркибий қисмга бўлинган давлат ҳокимиятчилигидан, сиёсий партиялардан, фуқароларнинг ўз-ўзини бошқариш органларидан, ижтимоий ҳаракатлардан, нодавлат ва ижтимоий ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари тизимларидан ташкил топган2. Улар оммавий характерга эгадирлар. Бу билан, иккинчидан, дейилмоқчики, демократик фуқаролик жамиятининг иккинчи қисми фуқаролар ва уларнинг оила ва бошқа шу каби хусусий характерга эга жамоалардан иборат. Улар бир-бирларини тақозо қиладилар. Улар бир-бирларисиз мавжуд бўла олмайдилар. Фуқароликни давлат ҳокимияти таъминлайди. Демак, бугунги кунда биз миллий ғоя ва демократик ўзгаришлар диалектикасини жамиятнинг ушбу формацияси доирасида таҳлил қилишни маъқуллаймиз.
Энди эътиборни миллий ғоя ва демократик ўзгаришлар диалектикасига цивилизацион ёндошувга қаратамиз. Бу борада Л.Г.Олех, Н.Я.Данилевский ва А.Дж.Тойнбиларнинг фикрлари қимматлидир3. Цивилизацион ёндошув жамият ядроси – маданий борлиқнинг ҳар бир мамлакатдаги ўзига хос томонларини ифодалайди. Юқорида умумсоциологик ёндошув жамият ядроси – маданий борлиқнинг умумий томонларини ифодалашини, формацион ёндошув эса жамиятнинг йирик ҳажмдаги даврий умумий, яъни хусусий томонларини ифодалашини кўрдик. Цивилизацион ёндошув эса муайян ижтимоий формация ичидаги, масалан, қадимги давр, яъни қулдорлик формацияси ичидаги мамлакатларнинг ўзига хослигини ифодалайди. Бу давр мамлакатларини қадимги давр цивилизациялари деймиз. “Ҳозирги замон илмий адабиётида, - дейди Ҳ.В.Воҳидов, - формацион ёндошув аста-секин ўз ўрнини цивилизацион ёндошишга бўшатиб бермоқда, чунки бу ёндошув ҳуқуқий давлат ва ҳуқуқ вазифаларига мосдир, уларни илмий таҳлил қилиш имкониятини беради…”1. Агар формацион ёндошиш тарихни материалистик тушунишнинг пировард мақсади бўлса, цивилизацион ёндошиш тарихни диалектик маданий тушунишнинг пировард мақсади ҳисобланади.
С.Э.Крапивенский илмий адабиётларда цивилизациянинг маъно-мазмуни тўғрисида бир хил фикрга келинмаганлигини таъкидлайди ҳамда цивилизацияларни қуйидагича талқин қилади:
1. Маданиятнинг - синоними сифатида...
2. Локал маданиятлар ривожланишининг муайян босқичлари, хусусан, уларнинг таназзули ва пасайиши сифатида...
3. Инсоният тарихий ривожланишининг ёввойиликдан кейинги босқичи...
4. У ёки бу ҳудуд ёки алоҳида этнос ривожланишининг даражаси (босқичи) сифатида...”.2
Яна шунингдек, цивилизация муаммосига христиан ё буддистик ёки ислом цивилизациялари, деган регионал ёндошувлар ҳам бор.3 Бундай ёндошишлар негизида ҳам маданий омилларни ҳисобга олиш ётади. Эътиборни цивилизацияни маданиятнинг синоними сифатида тушунишга қаратайлик. Бу чекланган қарашдир. Маданият ишлов бериб яратилган борлиқдир. Цивилизация эса маданият негизида юзага келга жамиятдир. Цивилизация маданиятни ҳам ўз ичига олади. “Агар, - дейди В.К.Карнаух, - маданият кишилик жамияти билан бирга юзага келган бўлса, цивилизация эса унинг ривожланишининг муайян босқичида пайдо бўлди”1. Бизнингча, маданиятни цивилизация билан айнанлаштириш нотўғри. Маданият ва цивилизациянинг алоқадорлиги мазмун ва шаклнинг диалектик алоқадорлиги кабидир. Мазмун шаклга нисбатан белгиловчилик характерига эга экан, миллий ғоя ва демократик ўзгаришлар диалектикаси мазмун таркибида амал қилади ва муайян цивилизацияларнинг шаклланишида фаол иштирок этади.
Цивилизацияларнинг локал ва этник ривожланишининг босқичларида қайсидир маданий омилларнинг устиворлигини кўрамиз. Бу цивилизациялар, олайлик, қадимги давр цивилизациялари ворисийлик асосида ўрта аср цивилизацияларини шакллантирган. Лотин Америкасидаги қадимги цивилизациялар Ғарб мустамлакачилиги туфайли, баъзи моддий ва маънавий меросларни ҳисобга олмаганда, ўз ўрнини янги давр цивилизацияларига бўшатиб берган.
Цивилизация тўғрисидаги талқинларнинг барчаси муайян халқлар ва уларнинг давлатчилигига бориб тақалади. Ф.Бродел ва М.Гефтерлар “мамлакат – цивилизация” тўғрисидаги ғояларни илгари суришган2.
Демак, Ф.Бродел, М.Гофтер, В.Ф.Шаповаловлар цивилизацияни мамлакат маъносида ишлаб чиққанлар. “ ... мамлакат, - дейди В.Д.Панков, - қайсики кишиларнинг этномаданий бирлигининг маконий авж олиши босқичи реализация қилинган экан, “фуқаролик жамияти – давлат” муносабатлари орқали қарор топувчи ўзининг ижтимоий маконий умумийлигини қанчалик ифода қилган бўлмасин, махсус тарихий реаллик сифатида ижтимоий-фалсафий тушунчалар аппарати мавжудлигида ўзининг айнан аксини топган эмас”1. И.А.Каримов цивилизацияларни этимологик маъносида - ўз фуқаролари ва давлатига эга мамлакат маъносида ифодалаб шундай дейди: “Улкан маданий мерос маскани бўлган заминимизда кўпдан-кўп мустақил цивилизациялар ўз қадриятларини авлоддан-авлодга ўтказиб, замонларнинг чамбарчас алоқасини маънавий ва маданий қадриятлар давомийлигини вужудга келтиради”2.
Маданиятнинг тарихий типлари цивилизацияларни келтириб чиқаради. Цивилизация муайян тарихий макон ва замондаги ҳудудий ўлка – мамлакатдир. Масалан, қадимги давр, ўрта асрлар ёки янги давр цивилизациялари. Миллий ғоя ва демократик ўзгаришлар диалектикаси маданиятнинг жиҳатлари ва қирралари бўлиб, муайян цивилизациянинг шаклланишида фактор сифатида иштирок этади. Қадимги давр, ўрта асрлар, янги давр ва энг янги давр цивилизациялари, биринчидан, мамлакатларнинг даврий жиҳатдан узлуксиз кетма-кетлигини ифодалайди. Иккинчидан, бу ёндошувда ҳудудий жиҳатдан ҳам фарқларни кўрсатиб беради. Мисол сифатида ҳозирги давр цивилизацияларидан Эрон Ислом Республикаси ва Мустақил Ўзбекистон Республикасини олайлик. Улардан биринчисининг миллий ғояси исломга асосланган ва демократия шу асосда олиб борилади. Ўзбекистонда демократик ўзгаришлар эса дунёвий билимлар, жумладан, диний ахлоқ ютуқларига таянган миллий ғоялар асосида юз бермоқда.
Хуллас, маданий борлиқнинг аниқ тарихий типлари цивилизациялар, яъни ўз давлати ва фуқароларига эга мамлакатлар – жамиятлар белгилаб келади. Кишилик жамияти ва унинг тарихи ижтимоий формациялардан, ижтимоий формациялар цивилизациялардан, цивилизациялар эса тарихий даврлардан иборат. Миллий ғоя ва демократик ўзгаришлар диалектикасининг цивилизацияларга боғлиқлиги қонунияти ва аксинча, бу қонуниятли тизимда демократик миллий ғояларнинг гносеологик ўрни борлиги ушбу ёндошиш – цивилизацион ёндошиш орқали аниқланади. Жамиятнинг асосини маданий борлиқ ташкил этар экан, бир цивилизациядан иккинчи цивилизацияга ўтиш биринчи типдаги маданий борлиқнинг иккинчи типдаги маданий борлиққа ўсиб ўтиши орқали юз беради1.
Демак, биринчидан, миллий ғоя ва демократик ўзгаришлар диалектикасида жамият ядроси – маданий борлиқнинг энг умумий алоқадорликлари, жумладан, структуравий алоқадорликларидан келиб чиқадиган қонуниятлар устуворлик қилади. Бу ҳолатни билиш умумсоциологик ёндошишни тақозо этади. Иккинчидан, миллий ғоя ва демократик ўзгаришлар диалектикасида кишилик тарихининг ядроси – маданий борлиқ энг умумий эмас, балки умумий, яъни хусусий сифатга эга босқичларидан келиб чиқадиган жамиятнинг йирик тарихий даврлари – қадимги ё ўрта асрлар ёки янги ёхуд энг янги даврларга хос жиҳат-қонуниятлар ҳам борки, улар мавзуга формацион ёндошишни тақозо этади. Учинчидан, миллий ғоя ва демократк ўзгаришлар диалектикасида қадимги, ўрта асрлар, янги ва энг янги даврларга оид цивилизациялар – мамлакатларга хос алоҳида-алоҳида томонлар борки, улар кишилик тарихи ядроси – маданий борлиқнинг конкрет тарихий типларидан келиб чиқади. Бундай ҳолатлар цивилизацион ёндошишни тақозо этади. Бу тизимда миллий ғоя ва демократик ўзгаришлар диалектикасининг цивилизацияларга боғлиқлиги қонунияти ҳам келиб чиқади.
Энди эьтиборни миллат мустақиллиги миллий ғоя ва демократк ўзгаришлар диалектикасининг бош масаласи эканлигига қаратамиз. Инсон биоижтимоий маданий ҳодиса сифатида ўз жамоаси – инсонлар жамоасида шаклланади. Инсонлар жамоаси илмий адабиётларда “инсон бирликлари” дейилади. Оила ва меҳнат жамоалари инсонларнинг микробирликлари, уруғ – қабилачилик, элат (муайян регионларда халқ-халқ бўлиб яшаш) ва миллат эса макробирликлари ҳисобланадилар2. Мазкур макробирликлар кишилар тарихий бирлигининг шакллари, деб ҳам юритилади. Социал-синфий, демографик, посёлкавий тузилишлар миллатнинг ички бўлиниши ҳолатларидир1. Мазкур онтологик ҳолат миллий ғоя ва демократик ўзгаришлар диалектикасида субъектларнинг белгиловчилик аҳамиятини кўрсатиб беради.
Жамият – кишиларнинг бир-бирларига таъсир қилишларининг маҳсули экан, халқаро ёки биронта мамлакат даражасида бўлсин, вертикал тузилиши бўйича моддий ҳаёт, социал ҳаёт, сиёсий-ҳуқуқий ҳаёт ва маънавий ҳаёт соҳаларидан ташкил топган2. Юқорида таъкидланганидек, жамиятнинг ушбу онтологик структураси ижтимоий ҳаёт соҳаларининг ҳар бирига хос миллий ғоя ва демократик ўзгаришлар диалектикасининг ўзига хосликларини белгилайди. Инсон ва унинг бирликлари эса жамият социал соҳасининг асосий тузилмасидир. Социал соҳани ўзбек тилидаги адабиётларда ижтимоий соҳа ҳам дейилади. Бундай талқин мантиқий жиҳатдан хатодир. Чунки “ижтимоий” сўзи “табиий” сўзининг нисбатдошидир. “Ижтимоий” сўзи ўз ичига жамиятнинг моддий ҳаётини ҳам, сиёсий-ҳуқуқий ҳаётларини ҳам ва маънавий ҳаёт соҳаларини ҳам ўз ичига олади. Шунинг учун биз ўз сифат муайянлигига эга бўлган соҳа – инсон ва унинг бирликлари, маиший ҳаёт, савдо, овқатланиш шахобчалари, коммунал хўжалик, соғлиқни сақлаш ва спорт кабиларни ўз ичига олган соҳани рус тилида ишлатилганидек, “социал соҳа” деб ишлатишни мантиқан тўғри, деб ҳисоблаймиз.
Бирон-бир миллат ёки бир неча миллатлар мамлакат сифатида ҳудудий бирлашганлар, бу бирликни сиёсий-ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаганлар3. Жамиятни халқаро даражада бутун деб олсак, мамлакатлар ва уларнинг субъектлари – халқлар ва миллатлар эса унинг таркибий қисмларидир. Демак, миллат мустақиллиги ёки миллий мустақиллик дейилганда бирон-бир мамлакатнинг халқаро тизимда оккупацион давлатларга нисбатан мустақиллиги тушунилади. Биз юқорида умуман бир бутун жамиятнинг мустамлакачи ёки мустамлака эканлигидан қатъий назар, субстанционал ривожланиши қонуниятларини кўрдик. Жамият ривожланишининг бу умумий субстанционал қонунлари ҳар бир ижтимоий ҳодисалар ҳаракатида устиворлик қиладилар, трансформациялашадилар ва ўзига хос равишда намоён бўладилар. Бу ўзига хос субстанционал ривожланиш миллий ғоя ва демократик ўзгаришлар диалектикасида ҳам мавжуддир. Худди шу жойда миллат мустақиллиги ёки янада тўлдириб айтганда, миллий мустақилликнинг субстанционал ҳаракати юз беради. И.Каримов юристлар билан бўлган учрашувда ҳуқуқ – бу мустақилликдир1, деган эди. Шундай экан, миллий, яъни мамлакат мустақиллигининг субстанционал ҳаракати негизида ҳуқуқ ётади. Мустақиллик – бу ҳаракат, бу – боғланишлар. Бу ҳаракатнинг эгаси – субъекти эса миллат ва мамлакат аҳолисидир. Шунинг учун асосий таҳлилни миллат категориясидан бошлаймиз. Миллат ва унинг томонлари (яъни белгилари)ни билмасдан туриб миллий ғоя ва демократик ўзгаришлар диалектикасининг манзарасини ҳосил қилиш қийин.
Қуръони Каримнинг “Моида сураси” 48-оятида “…Агар Оллоҳ хоҳласа эди, ҳаммангизни бир миллат қилиб қўйган бўлур эди”2, дейилса, ҳадисларда “Кимки бирор миллатни дилидан севса, қиёматда Тангри ўша миллат сифатида тирилтиради”3, деган ўгит берилган. Демак, барча миллатлар Худонинг тенг ҳуқуқли бандаларидир4. Шундай экан, диний таълимотлар бўйича Яратган эгам ҳар бандасининг ризқ-рўзини ҳам берган бўлади. Ҳар бир банданинг бу ризқ-рўзини топиши эса “сендан ҳаракат, мендан баракат” тарзида амалга ошади. Ризқ-рўз ва уни таъминлаб турган ҳудуд муайян бирликка эга бандаларининг манфаатларидир. Ҳайвонот дунёсида ҳатто шерлар ҳам оила-оила бўлиб, ўз ҳудудлари учун курашадилар. Чунки ўша ҳудуд улар ризқ-рўзининг манбаидир. Ризқ-рўз барча-барчанинг манфаатидир.
Илмий адабиётларда таъкидланганидек, манфаат ҳар бир субъектнинг, у хоҳ, якка инсон сифатида бўлсин, хоҳ, микробирликлар бўлсин, хоҳ, макробирликлар, жумладан, миллат даражасида бўлсин, ўз статуси, яъни мақоми-мавқеини сақлаб қолишидир. Юқорида таъкидлаганимиздек, она юртимизда қадимги даврдан Қадимги Хоразм, Бақтрия, Сўғдиёна деб ном олган мамлакатлар – давлатчиликлар келиб чиққанлиги, яна шунингдек, қадимги даврда мустамлака Аҳамонийлар ва Грек-Бақтрия давлатчиликлари, сўнгра Парфия, Қанғ, Довон ва Кушон мамлакатлари, ўрта асрларда эфталийлар, Турон хоқонлиги, мустамлака Араб халифалиги, Тоҳирийлар, Сомонийлар, Қорахонийлар, Ғазнавийлар, Салжуқийлар, Хоразмшоҳлар, мустамлака Мўғуллар, Амир Темур, Шайбонийлар, Аштархонийлар давлатчиликлари, Хива хонлиги, Бухоро амирлиги, Қўқон хонлиги давлатчиликлари, янги даврда Туркистон генерал-губернаторлиги ва совет мустабид-мустамлака тузуми, Ўзбекистон халқларининг энг янги даврида эса Мустақил Ўзбекистон Республикаси ташкил топганлиги фактларини кўрамиз. Шунинг учун ҳам “Болалар ва ёшларга махсус фанлар, - дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев, - мамлакатимиз ва жаҳон цивилизацияси тарихини… чуқур ўргатиш вазифалари ҳали сифатли ва тўлиқ ҳолда ечилгани йўқ”1.
Демократик фуқаролик жамияти ҳар бир мамлакатда ўзига хос ҳолда шаклланар экан, унинг асосий субъектлари миллатлардир. Миллат ва унинг белгиларини аниқлаш масаласида бугунги кунда Ўзбекистонда илмий адабиётларда иккита ижтимоий-фалсафий концепция шаклланган. Улардан биринчиси – миллат тўғрисидаги тарихни материалистик тушунишга асосланган концепция. Иккинчиси эса тарихни диалектик маданий тушунишга асосланган концепция.
Биринчи тарихни материалистик тушунишга асосланган концепцияга кўра: “Миллат одамларнинг тарихан таркиб топган мустаҳкам бирлиги бўлиб, бу бирлик тил, территория, иқтисодий турмуш ва маданият бирлигида кўринадиган психик тузилишининг бирлиги заминида вужудга келгандир”1.
Иккинчи тарихни диалектик маданий тушунишга асосланган концепция: Бунга кўра: “Миллат умумий этник асос бўйича ўзига хос макросоциал бирлик, моддий, маънавий (шу жумладан, тил), сиёсий-ҳуқуқий маданиятларга эга бўлган инсонларнинг маданий-тарихий бирлигидир”2. Демак, ўз-ўзидан кўриниб турибдики, миллат маданий тарихий ҳодисадир. Тарихни диалектик маданий тушунишга асосланган ушбу таърифда миллатнинг этногенез бирлиги ҳисобга олинган. Ҳолбуки, бу белги ёки томон сталинча таърифларда учрамайди. Миллатнинг этногенез бирлигини ҳисобга олмаслик миллий ўзликни англашни унутишга олиб боради.
Хўш, миллий ғоя ва демократик ўзгаришлар диалектикасини билишда ушбу параметрни ҳисобга олмаслик, қатор салбий оқибатларга олиб келмайди-ми? Бугунги кунда Тоғли Қорабоғдаги этник жанжал-муаммолар ушбу фикрларнинг тасдиғи эмас-ми?! Шунинг учун ҳам С.Отамуратов миллий ғоя ва демократик ўзгаришлар диалектикаси субъектларнинг ўзига хослигидан келиб чиқишини кўрсатиб миллатга қуйидагича таъриф беради: “Миллат деганда, кишиларнинг ягона тил, миллий ўзликни англаш руҳияти, маънавияти, урф-одатлар, анъаналар, қадриятлар ягоналиги асосида маълум ҳудудда яшовчи, ўз давлатига эга бўлган, ўзаро иқтисодий алоқалар билан боғланган ўзига хос моддий ва маънавий бойликларни ифодаловчи ҳамда яратувчи кишиларнинг мустақил субъект сифатида этник бирлиги тушунилади”3. Демак, миллий ғоя ва демократия ўртасидаги диалектик алоқадарликни амалиётга жорий қилишда,ушбу методологияга амал қилиш мақсадга мувофиқдир. Чунки, миллатларнинг мавжудлиги объектив тарихий қонуниятлидир. Катта миллат бор, кичик миллатлар бор. Кучли миллатлар бор, кучсиз миллатлар бор. Уларнинг шундай ҳолатларда бўлишлари объектив шартлангандир. Шунинг учун кучли кучсизга зулм ўтказиши ёки йўқ қилиши мумкин эмас. Шунинг учун ҳам уларни миллий ғояларда акс эттириш ва демократик ўзгаришлар орқали амалга ошишини таъминлаш миллат мустақиллигининг шартидир.
Биринчи бобга оид хулосалар:
1. Миллий ғоя ва демократия маданий ҳодисалардир. Миллий ғоя, жумладан, демократия тўғрисидаги миллий ғоялар демократик ўзгаришларнинг гносеологик асослари бўлиб хизмат қилади. Демократик ўзгаришлар эса миллий ғоянинг ҳаётий манбаи ва мезони ҳисобланади.
2. Миллий ғоя ва демократик ўзгаришлар диалектикасининг тарихий босқичлари кишилик тарихи ядроси – маданий борлиқнинг эволюциясига боғлиқ ҳолда юз берган. Маданий борлиқнинг таркибий қисмларининг бир бирларига муносабатларидан корреляцион-функционал қонунлар келиб чиқади. Тўртта корреляцион-функционал қонунлар ижтимоий ҳаёт соҳаларидаги демократия турларини белгилаб беради.
3. Ижтимоий борлиқ ижтимоий-тарихий онгни ҳам ўз ичига олади ва бу ҳолатдан демократик тафаккурнинг шаклланишини асословчи қонуни келиб чиқади.
4. Жамият ядроси – маданий борлиқнинг система ташкил этувчи субстанционал элементларининг генетик боғланишларида учта умумижтимоий субстанционал қонун шаклланган бўлиб, улар бизнинг тадқиқот объектимизда миллий ғоя ва демократик ўзгаришларнинг субстанционал бир бутунлиги қонуни, миллий ғоя ва демократик ўзгаришларнинг субстанционал илгарилама доиравий айланиши қонуни ва миллий ғоя ва демократик ўзгаришларнинг ўсиб бориши қонуни кўринишларида намоён бўладилар.
5. Миллатнинг мустақиллигини сақлаш ва мустаҳкамлаш миллий ғоя ва демократик ўзгаришлар диалектикасининг бош масаласидир. Биз Ўзбекистон аҳолиси демократик фуқаролик жамиятини қуриш сари кетмоқдамиз.
Do'stlaringiz bilan baham: |