1.2. Кишилик тарихининг корреляцион-функционал ва субстанционал қонунларининг миллий ғоя ва демократик ўзгаришлар диалектикасини билишдаги ўрни
Кишилик тарихида давлатчилик пайдо бўлган даврдан бошлаб, то ҳозирги кунгача жамиятнинг қуйидаги тўртта асосий соҳаси:
- биринчидан, инсонларнинг биологик мавжудлигини таъминлашга бўлган эҳтиёжлар асосида жамиятнинг моддий ҳаёти;
- иккинчидан, оила, уй хўжалиги, маиший маданият, соғлиқни сақлашга бўлган эҳтиёжлар асосида жамиятнинг социал соҳаси;
- учинчидан, жамиятнинг барча соҳаларига хос бошқариш ва тартибга солишга бўлган эҳтиёжлардан жамиятнинг сиёсий-ҳуқуқий соҳалари;
- тўртинчидан, ахлоқ, нафосат, илм, маърифат, жумладан, кадрлар тайёрлаш ва ахборот етказиш кабиларга бўлган эҳтиёжлардан жамиятнинг маънавий ҳаёти келиб чиққан ва такомиллашган.
Тарихни диалектик маданий тушунишга мувофиқ, ҳайвон табиатнинг тайёр маҳсулотларини ўзлаштириб, одам-инсон эса табиатни ўзгартириб ўзлаштириш орқали ўз мавжудликларини таъминлайдилар. Бу маданий жараёнда инсонлар ўзларини ўзгартирганлар: табиий танланиш қонуни одамда йўқолган, тик юриш шаклланган, фикрлаш жараёни ва тажриба кучайган. Демак, инсонларнинг ўз мавжудликларини таъминлаш мақсадида воқеаликка ишлов бериб яратган борлиғи маданият, яъни маданий борлиқ бўлиб, у жамият мавжудлиги ва ривожланишининг асоси ҳисобланади. Унинг такомиллашиши билан жамият ҳам ривожланади.
Жамият ядроси – маданий борлиқнинг таркибий қисмларидан бири моддий маданиятдир. Унинг негизида жамиятнинг моддий ҳаёти шаклланган. Маданий борлиқнинг иккинчи таркибий қисми - инсон, унинг бирликлари ва маиший маданиятдир. Унинг негизида жамиятнинг социал ҳаёти келиб чиққан. Маданий борлиқнинг учинчи таркибий қисми – жамиятнинг сиёсий ва ҳуқуқий маданиятларидир. Улар негизида жамиятнинг сиёсий-ҳуқуқий ҳаётлари шаклланган. Маданий борлиқнинг тўртинчи таркибий қисми жамиятнинг маънавий маданиятидир. Унинг негизида жамиятнинг маънавий ҳаёти таркиб топган. Демак, ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларининг негизлари мавжуд бўлиб, бу қонуниятли жараёнлар тарихий материализмда ҳисобга олинмаган.
Маданий борлиқнинг бу тўртта асосий соҳалари бир-бирларини функционал ҳолатларига кўра тақозо қиладилар, яъни корреляцияда бўладилар. Моддий маданият жамиятнинг социал, сиёсий-ҳуқуқий ва маънавий маданиятлари ва умуман ижтимоий ҳаёт соҳаларига нисбатан моддий асос – замин қонунини бошқаради1. Социал ҳаётнинг асосий қисми – инсон ва унинг бирликлари жамиятнинг бошқа маданий қисмлари ва умуман ижтимоий ҳаёт соҳаларига нисбатан социал асос қонунини, яъни субъектнинг белгиловчилик роли қонунини бажаради.
Жамиятнинг сиёсий ва ҳуқуқий маданиятлари ижтимоий ҳаётнинг бошқа соҳаларига, хусусан, маданий қисмларига нисбатан бошқариб ва тартибга солиб турувчилик қонунларини бошқаради2. Жамиятнинг маънавий маданияти ижтимоий ҳаётнинг, хусусан, маданий қисмларига нисбатан маънавий, жумладан гносеологик асос қонунини бошқаради. Профессор С.Абдухолиқов – “маданий борлиқ кишиларнинг социал бирликлари ва унинг томонлари – моддий, маънавий ва сиёсий-ҳуқуқий маданиятларнинг коррелятив-функционал бир бутунлигидан иборат бўлиб, ижтимоий ҳаётнинг асосини ташкил этади”1 дейди. Уларнинг, яъни тўртта томонларнинг алоқадорлигидан тўртта корреляцион-функционал қонунлар – социал асос қонуни, моддий асос қонуни, маънавий асос қонуни ва бошқариб тартибга солиб турувчилик қонунлари келиб чиқади2.
Бизни тўртта корреляцион-функционал қонунларни билишнинг жамиятда миллий ғоя ва демократик ўзгаришлар диалектикасининг ўрни ва ролини аниқлашдаги аҳамияти қизиқтиради. Жамиятнинг моддий ҳаётини олайлик. У хўжалик ва экоҳаётдан иборат. Хўжалик ҳаётининг асосини хўжалик маданияти ва экоҳаётнинг асосини экомаданият ташкил этади. Хўжалик маданияти ўз навбатида технологик ва иқтисодий маданият (мулк, тақсимот, айирбошлаш ва истеъмол)ларнинг бирлигидан иборат. Мисол сифатида пахтачилик, буғучилик, тоғ-кон саноати ўзига хос технологик ҳаётларни юзага келтиради. Иқтисодий маданият технологик маданият ва унинг суръати – ишлаб чиқаришга боғлиқ. Хўжалик маданияти тизимининг биринчи субстанционал элементи инсонлар бўлиб, улар юридик ва жисмоний шахслар, мулкдор ва ёлланма ишчилар бирлигидан иборат меҳнат жамоалари сифатида намоён бўлади. Улар ўртасидаги муносабатлар тенглик, адолат ва эркинликни, яъни демократия талабларини тақозо этади. “Ишчи ўрни демократияси”, баъзан тасдиқлашганидек, - дейди Роберт А.Дал, - инсоннинг ривожланишига ёрдам беради, сиёсатни янги амалий даражага олиб боради, бегоналашувни кучсизлантиради, меҳнатга асосланган бир бутун жамоани яратишга имкон беради, жамоанинг умумий фаровонликка интилишини кучайтиради, эгоизмни камайтиради, корхона доирасида умумий ишлардан манфаатдор ишчан фуқаролар корпусининг келиб чиқишига олиб келади, давлат ишларини бошқаришда янада кўпроқ иштирок этишига ва фуқаролик онглилигига стимул беради”3. Демак, хўжалик ҳаёт соҳасидаги бундай муносабатларни иқтисодий демократия деймиз.
Иқтисодий демократия тўғрисидаги қарашлар кундалик ёки назарий даражада бўлсин, маънавий маданиятнинг ядроси – инсон онгида, хусусан, мутахассислар тафаккурида яратилади. Иқтисодий демократиянинг кундалик даражадаги ўзига хос кўринишини шу соҳадаги ахлоқий демократия деймиз. Иқтисодий демократиянинг кодекслар кўринишидаги юқори қисми илм-фан тизимида яратилиб, уларнинг ҳаётга татбиқ этилиши давлат ва мулкдорлар, сўнгра ишчиларнинг фаолиятига боғлиқдир. Демак, иқтисодий демократия тўғрисидаги қарашлар маънавий маданият тизимида, демократия талабларининг ҳаётга татбиқ этилиши эса хўжалик ҳаёти соҳасида юз беради.
Энди жамиятнинг социал ҳаёти соҳасини олайлик. Матбуотда кўпинча бу соҳани ижтимоий дейишади. Ҳолбуки, жамиятнинг моддий, сиёсий-ҳуқуқий ва маънавий ҳаётлари соҳалари ижтимоий эмас-ми, деган савол туғилади. Шунинг учун инсон ва унинг бирликларини, маънавий ҳаётни, спорт, тиббиёт, озиқ-овқат, коммунал хизмат соҳаларини жамиятнинг социал ҳаёти соҳаси деб ном билан юритиш мантиқан тўғридир. Бу соҳанинг биринчи таркибини инсон ва унинг бирликлари дедик. Бу бирликлар микро ва макро даражалардан иборат. Микро даражадагиси оила ва меҳнат жамоаларини ташкил этади. Оилавий демократия оилада тақозо қилинадиган маданий ҳодиса. Агар оилавий демократия бузилса, масалан, ота-она фарзандларга зуғум ўтказсалар ва аксинча бўлса, унда фарзандларни давлат ва жамият ўз ҳимоясига олади. Меҳнат жамоалари функционал ҳолатларига кўра ижтимоий ҳаётнинг ҳар бир соҳасида ўзига хос кўринишларга эга. Шунинг учун ҳам ҳар бир меҳнат жамоаларидаги демократик талаблар ўзига хос тартибда бўлади.
Инсон бирликларининг макробирлиги уруғчилик, миллат ва улар ичидаги социал-синфий, демографик ва посёлкавий бўлинишлардир. Уруғчилик психологиясига Қозоғистон пойтахтининг Олма-Отадан Остона (илгари Целиноград)га кўчирилишини мисол қилиб келтириш мумкин. Бизда бу психология деярли йўқолиб кетган. Лекин бу ҳолатлар бўлганида ҳам, уларни муросаи-мадорга келтириш демократия талабларидир. Миллатлараро демократик тартиблар Конституциямизнинг 18-моддасида кафолатланган. Социал-синфий таркибда иш билан таъминлаш, ҳар бир соҳа касби ходимларининг иш ҳақларини нормаллаштириш каби муаммолар кўп. Масалан, нега судяларнинг маоши баланд, деган саволлар туғилади. Демократик талаблар коммунал хизмат соҳасида тўлақонли эмас. 400000 сўм нафақа оладиган нафақахўрлар қандай яшайдилар? Социал соҳада бундай муаммолар керагидан ортиқ. Коммунал хўжалик соҳаларида адолатни барқарорлаштириш долзарб муаммолардан ҳисобланади.
Эътиборни жамиятнинг сиёсий-ҳуқуқий ҳаётлари соҳаларига қаратайлик. Юқорида кўрдикки, уларнинг ўзак қисмларини жамиятнинг сиёсий ва ҳуқуқий маданиятлари ташкил этади. Улар сиёсий-ҳуқуқий ҳаётларнинг асосларидир. Қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятларининг бўлнганлиги ва алоҳидалиги ҳам демократиянинг мавжудлигидир. Сиёсий демократия давлат ҳокимияти ва сиёсий партия ва фуқароларнинг улардаги иштироки билан боғлиқ жараёнлардир. Лекин мансабдорларнинг ўз мансабларини суистеъмол қилишлари-чи? Бу масалани ҳал қилиш учун қандай механизмни ишлаб чиқиш керак? Демак, демократик тартибларни ўрнатишда муаммолар кўп.
Маънавий ҳаёт соҳаларини олайлик. Бу ерда ҳам жамият маънавий маданияти маънавий ҳаётнинг асоси, деган объектив ҳолат устуворлик қилади, ахлоқий, диний, эстетик, илмий ҳаётлар, таълим-тарбия ва оммавий ахборот тизимлари маънавий ҳаётнинг таркибий қисмларидир1. Уларнинг маданий қисмлари шу соҳаларнинг асоси сифатида бир бутун ҳолида маънавий маданият дейилади. Ахлоқий демократия маънавий маданият тизимида ишлаб чиқилса-да, моддий маданият, социал соҳа, сиёсий-ҳуқуқий маданият тизимларида амал қилади1. Ахлоқий маданият ва ундаги демократик талаблар маънавий маданиятнинг бошқа томонлари, масалан, таълим-тарбия тизимида ҳам амал қилади. Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда янги жамият қурилиши жараёнида миллий ғоянинг жамият маънавиятининг таркибий қисми сифатидаги таъсири ва аҳамиятини намоён қилиши учун кенг имкониятлар пайдо бўлди2.
Демак, жамият моддий ҳаётининг асосини моддий маданият, хусусан, хўжалик маданияти ташкил этиб, унинг нормал ривожланиши учун ичида демократик тартибларнинг ўрнатилишига боғлиқ3. Шундагина корреляцион-функционал қонунлардан бири – моддий маданиятнинг жамиятнинг бошқа соҳаларига нисбатан моддий асос қонунини бажариш тўлақонли равишда юз беради. Демак, социал ҳаётнинг биринчи таркибий қисми инсонлар бўлиб, улар ўртасидаги муносабатлар бошқа соҳалардаги бўлгани каби ахлоқий демократияга ва сўнгра сиёсий демократик тартибларга боғлиқ ҳолда кетиши керак. Шундагина корреляцион-функционал қонунлардан инсонларнинг жамиятнинг бошқа соҳаларига нисбатан социал асос қонунини бажариши нормал ҳолда юз беради.
Демак, жамият сиёсий-ҳуқуқий ҳаётларининг асосини жамият сиёсий ва ҳуқуқий маданиятлари ташкил қилар экан, давлат ҳокимияти ва ҳуқуқий нормаларнинг нормал амал қилиши бу тизимда ҳам демократик тартибларнинг ўрнатилишига боғлиқ. Барча қонунлар ҳуқуқий бўлиши керак. Давлат бошқаруви ҳам ҳуқуқий бўлиши лозим. Жамиятнинг сиёсий ва ҳуқуқий маданиятлари тизимларида, ҳарбий тизимдан ташқари, тўлиқ сайлов ва тортишув тамойилларига ўтиш зарур. Шундагина корреляцион-функционал қонунлардан бири – жамият сиёсий-ҳуқуқий маданиятларнинг бошқариш ва тартибга солиб турувчилик қонунлари нормал кечади1. Жамият маънавий ҳаётининг асосини жамият маънавий маданияти ташкил этар экан, унинг ҳам нормал амал қилиши ва ривожланиши унда ўрнатилган демократик тартибларга боғлиқдир. Шундагина маънавий маданият ҳам корреляцион-функционал қонунлардан бири – маънавий маданиятнинг жамиятнинг бошқа маданий қисмлари ва умуман, жамиятнинг бошқа соҳаларига нисбатан маънавий асос қонунини тўлақонли равишда бажаради.
Демак, бу таҳлиллардан қуйидаги хулосаларни чиқарамиз:
Ижтимоий борлиқнинг марказий қисмини қонунлари ила маданий борлиқ ташкил қилар экан, унинг таркибий қисмларидан бири – маънавий маданият экан, маънавий маданиятнинг ўқ илдизини эса онг ташкил этади. Демак, ижтимоий борлиқ ўз ичига кечаги ижтимоий-тарихий онгни ҳам олади. Шундай экан, ижтимоий борлиқнинг ижтимоий онгга нисбатан белгиловчилик қонуни навбатдаги фикрлаш-тафаккурга нисбатандир. Бу қонуният демократик тафаккурга ҳам хосдир2. Бу ҳолатдан демократик муносабатларни тақозо қилувчи ижтимоий борлиқнинг демократик тафаккурни белгилаб келиши номли ижтимоий хусусий қонун ҳам келиб чиқади.
Демократия корреляцион-функционал қонунларнинг барчасида тақозо қилинадиган маданий ҳодиса ҳисобланади. Корреляцион-функционал қонунлар ҳар бир демократия турларининг ўрни ва ролларини кўрсатиб беради.
Демократия тўғрисидаги ғоялар ҳам маънавий-маданият тизимида ижод қилинади. Демократия тўғрисидаги ғояларнинг корреляцион функционал қонунлари орқали ва улар тизимида ҳаётга татбиқ этилиши давлат – жамият – инсонлар тизими фаоллиги орқали юз беради.
Ҳозирда “Фуқаролик жамияти асослари” ва “Демократия назарияси” каби ўқув курсларини “жамият тараққиётининг корреляцион-функционал қонунлари ва улар замирида миллий ғоя ва демократик ўзгаришлар диалектикасининг аҳамияти” номли муҳим қарашлар билан тўлдириш муҳим назарий аҳамиятга эгадир. Ахлоқшунослик фанини эса “ахлоқий демократия” тўғрисидаги қарашлар билан бойитиш зарурдир.
И.А.Каримов “…мен – тадрижий тараққиёт тарафдориман. Яъни, барча воқеалар мавжуд объектив қонуниятлар асосида ривожланиши керак”1 - деган эди. Демак, демократик жараёнлар негизини қонунлар ташкил қилади. Қонун зарурий, умумий, барқарор боғланишлардир2. Тадқиқотчилар таъкидлаганидек, моҳиятдан қонуниятлар келиб чиқади. Тамойиллар эса қонуниятларга асосланган ҳолда шакллантирилади3. Тамойил (принциплар)лар миллий ғоя ва демократик ўзгаришлар диалектикасида демократик талаблар кўринишида намоён бўлади. Демократик жараёнлар Шарқда алоҳида ва ўз ҳолича ташкил бўлди. Бу соҳада инқилобий ўзгаришлар ясашга уринишлар ғоят муҳим, ҳатто фожеали натижаларга олиб келади4. Уларни англаш миллий ғоялар кўринишида юз беради.
Яна шунингдек, тарихни диалектик маданий тушунишга мувофиқ, маданий борлиққа хос субстанционал қонунлар борки, улар жамият ривожланишининг асосини ташкил этади. Кишилик жамияти эволюциясининг субстанционал қонунлари айни вақтда демократик жараёнларнинг ҳам система ташкил этувчи қонунларидир. Чунки демократия жамиятининг асоси – маданий борлиқнинг барча томонлари – моддий, социал, сиёсий-ҳуқуқий ва маънавий маданиятларга хос синергетик ҳодиса бўлиб, у жамиятнинг барча соҳаларида тақозо қилинади. Демократия ўзига хос уйғунликдир. Жамиятниг барча соҳаларининг нормал ривожланиши уйғунликка боғлиқдир. Шунинг учун демократия тўғрисидаги миллий ғояларни ҳам кишилик жамиятининг субстанционал1 қонунлари тўғрисидаги қонунлар билан тўлдириш зарурдир. Кишилик жамияти мавжудлиги ва ривожланишининг корреляцион-функционал ва субстанционал қонунларининг аниқланиши тарихни диалектик маданий тушуниш натижасидир2.
Маданий борлиқ жамиятнинг субстанциясидир. Маданий борлиқ ҳам ўз субстратлари, яъни система ташкил этувчи субстанционал элементларига эгаки, улар миллий ғоя ва демократик ўзгаришлар диалектикасининг ҳам система ташкил этувчи субстанционал элементларидир3.
Система қонуниятли бир бутунликдир4. Маданий борлиқ, жумладан, миллий ғоя ва демократик ўзгаришлар диалектикасининг система ташкил этувчи субстанционал элементлари қуйидагилар: 1) инсонлар; 2) инсонларга хос эҳтиёж-манфаатлар; 3) бу эҳтиёж-манфаатларнинг англаб олиниши, яъни онг; 4) англанган эҳтиёж-манфаатлар асосида инсонларнинг яратувчилик-ўзгартирувчилик фаолияти; 5) инсонларнинг яратувчилик фаолияти натижалари; 6) яратувчилик фаолияти натижаларининг ўзлаштирилиши.
Бу система ташкил этувчи субстанционал элементлардан биринчиси – инсон ва унинг бирликларини олайлик. Инсон жамиятнинг асосий субъекти, унинг бош бўғинидир5. Жинс ва ёш биологик ҳодисалар бўлиб, уларга боғлиқ ҳолда болалар ҳуқуқи, ота-она ва фарзандлар ҳуқуқи ва мажбуриятлари келиб чиққан. Мамлакатимизда ҳам уларни англаш ва кафолатлаш, уйғунликларини таъминлаш миллий ғоя ва демократик ўзгаришлар диалектикаси демакдир. Ирқ - географик муҳит натижасидир. Ирқий камситишнинг олдини олиш ҳам демократиядир.
Инсоннинг ижтимоий маданий томонлари – касби, ижтимоий аҳволи, миллати, дини кабиларни олайлик. Бу ижтимоий-маданий томонларга боғлиқ ҳолда ҳам демократик талаблар шаклланган. Демак, инсон маданий борлиқнинг барча томонларининг, жумладан, миллий ғоя ва демократик ўзгаришлар диалектикасининг система ташкил этувчи бош субстанционал элементидир1. Инсон ва унинг микро ва макро бирликлари бир бутун маданий борлиқ, жумладан, миллий ғоя ва демократик ўзгаришлар диалектикасининг яратувчиси, ташувчиси ва субъектидир. Маданий борлиқ, жумладан, миллий ғоя ва демократик ўзгаришлар диалектикасининг бу система ташкил этувчи субстанционал элементларидан иккинчиси англанган эҳтиёж ва манфаатлардир. Инсонга хос эҳтиёж ва манфаатлар англансагина маданий тус олади. Биологик ва ижтимоий эҳтиёжлар: улардан бир туркуми ижтимоий ҳаётнинг ҳар бир соҳасида тақозо қилинаётган демократик талаблардир. Эҳтиёж ниманингдир етишмовчили, манфаат эса индивид ва миллатнинг ўз мақомини сақлаб қолишидир. 1991 йил 31 август куни асрий демократик эҳтиёж ва манфаат – мустақилликка эришдик. Халқаро даражада ҳам тенглар ичра тенг бўлдик. Демак, эҳтиёж ва манфаат маданий борлиқ, жумладан, демократик тартиблар юзага келишининг мотивларидир.
Маданий борлиқ, жумладан, миллий ғоя ва демократик ўзгаришлар диалектикасининг система ташкил этувчи субстанционал элементларидан учинчиси онг, жумладан, демократик онгдир. Ш.О.Мадаева демократик тафаккурнинг менталитетга боғлиқ қонуниятларини кўрсатиб берган эди2. Онг доимо ижтимоий характерга эгадир. Ижтимоий онг шакллари ва улардаги демократия тўғрисидаги қисмлари турли хил эҳтиёж ва манфаатлар асосида шаклланади. Онг жонли мушоҳада ёки абстракт тафаккур даражасида бўлсин, кундалик онг ёки назарий онг даражасида бўлсин, ижтимоий психология ёки ижтимоий мафкура даражасида бўлсин, демократик онг унсурлари бўлади1. Чунки ижтимоий борлиқ ва унинг таркибий қисмлари демократик уйғунликларни тақозо қилади. Бу тақозо қилинаётган демократик уйғунликларга бўлган эҳтиёжларни билиш инсон онгининг вазифасидир. Демократик эҳтиёжлар англанмас экан, демократик фаолият ҳам юз бермайди. Демократия тўғрисидаги умуминсоний ва миллий ғоялар худди шу субстанционал элемент – онгнинг назарий босқичида яратилади. Демак, умуман онг маданий борлиқнинг субстанционал таркибий қисми сифатида унинг юзага келишининг гносеологик асоси ҳисобланади. Худди шундайин, умумий тасдиқ фикр асосида жузъий тасдиқ фикрни чиқарамиз: демократик қарашлардан иборат миллий ғояларимиз мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг гносеологик асоси бўлиб хизмат қилади.
Маданий борлиқ, жумладан, миллий ғоя ва демократик ўзгаришлар диалектикасининг система ташкил этувчи тўртинчи субстанционал элементи инсоннинг яратувчилик фаолиятидир. Ижтимоий фаолият бир бутун ҳолатдаги маданий борлиқнинг таркибий қисми ва мавжудлик усули ҳисобланади. Ижтимоий фаолият инсонларнинг яратувчилик ва ўзлаштирувчилик фаолиятлари босқичларидан иборат. Инсонларнинг яратувчилик фаолияти эҳтиёжларнинг англаниши асосида юз беради ва амал қилади. Агар яратувчилик фаолияти маданий борлиқнинг тўртинчи системасини ташкил этувчи субстанционал элементи бўлса, ўзлаштирувчилик, жумладан, истеъмол фаолияти маданий борлиқнинг система ташкил этувчи олтинчи субстанционал элементидир. Ижтимоий фаолиятнинг кўринишларидан бири – демократик фаолият миллий ғоя ва демократик ўзгаришлар диалектикасининг мавжудлик усули ҳисобланади. Демократик фаолият ҳам икки босқичдан: демократик ғоялар ижодкорлиги ва демократик ғояларнинг ҳаётга татбиқ этилишидан иборатдир.
Маданий борлиқ, жумладан, миллий ғоя ва демократик ўзгаришлар диалектикасининг система ташкил этувчи бешинчи субстанционал элементи – яратувчилик фаолияти натижаларидир. Инсонларнинг яратувчилик фаолиятлари туфайли, жумладан, демократик ижодкорлик туфайли маданий борлиқ ва унинг таркибий қисмлари юзага келади. Фаолиятнинг яратувчилик босқичининг натижалари зарурий буюм, озиқ-овқат, норма ва фикр-ғоялардир. Ижтимоий фаолиятнинг биринчи босқичида юзага келган маҳсуллар ижтимоий ҳаётнинг ҳар бир соҳасида ўзига хос кўринишларга эга бўлиб, улар маданий борлиқ мавжудлигининг манбаи ва воситалари бўлиб хизмат қилади. Демократия тўғрисидаги миллий ғоялар демократик амалиёт учун ҳам назарий манба ва восита функциясини бажаради. Агар инсоннинг яратувчилик фаолияти натижаларидан бири – “…миллий ғоялар соҳаси ўз яхлитлигини йўқотгандан сўнг, - дейди Б.Ш.Мамарасулов, - бу тизим парчалана бошлайди ҳамда бу парчаланиш жараёнида бирор-бир янги тузилманинг шаклланиши юз беради ва муқаррар тарзда турли таркибий қисмларга ажралиб чиқади”1. Бундай вазиятларда демократия тўғрисидаги миллий ғоялар демократик ўзгаришларнинг манбаи функциясини тўлақонли равишда бажара олмайди.
Маданий борлиқ, жумладан, миллий ғоя ва демократик ўзгаришлар диалектикасининг система ташкил этувчи олтинчи субстанционал элементи – яратувчилик фаолияти натижаларининг ҳаётга татбиқ этилиши ҳисобланади. Демак, демократия тўғрисидаги миллий ғоялар ҳам ҳаётга татбиқ этилади, демократик ўзгаришлар юз беради. Демократик ўзгаришлар ҳам тарихий зарурият атрофида айланади. Яратувчилик фаолияти натижаларининг ҳаётга татбиқ этилиши ҳам ижтимоий фаолиятдир, унинг иккинчи ва асосий босқичидир2. Бу босқич ҳам маданий борлиқнинг мавжудлик усули вазифасини ташкил этади. Демократик ўзгаришлар ҳам миллий ғоя ва демократик ўзгаришлар бир бутун диалектикасининг мавжудлик усулини ташкил этади.
Маданий борлиқ, жумладан, миллий ғоя ва демократик ўзгаришлар диалектикасининг система ташкил этувчи бу олтита субстанционал элементлари генетик равишда бир-бирларини келтириб чиқарадилар. Биринчи субстанционал элемент – инсонлар экан, уларга боғлиқ ҳолда иккинчи субстанционал элемент – англанган эҳтиёж ва манфаат, жумладан, демократияга бўлган эҳтиёжлар келиб чиқади. Бу эҳтиёжлар учинчи субстанционал элемент – англашни, яъни онгни шакллантиради. Учинчи субстанционал элемент – шаклланган онг, жумладан, демократик тафаккур эса тўртинчи субстанционал элемент – яратувчилик фаолиятини, жумладан, демократияга оид нормаларни ижод қилишни келтириб чиқаради. Яратувчилик фаолияти натижалари маданий борлиқ, жумладан, миллий ғоя ва демократик ўзгаришлар диалектикасининг бешинчи субстанционал элементи сифатида тўртинчи субстанционал элементи натижаси ва унинг генетик давомидир. Маданий борлиқ, жумладан, миллий ғоя ва демократик ўзгаришлар диалектикасининг бешинчи субстанционал элементига боғлиқ равишда унинг олтинчи субстанционал элементи – натижаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши келиб чиқади. Бу субстанционал генетик, узлуксиз жараён олтинчи субстанционал элемент – яратувчилик фаолияти натижаларининг ҳаётга татбиқ этилиши билан тугамайди. Балки бу реализация жараёни иккинчи субстанционал элемент – англанган эҳтиёжни қондириш билан яна давом этаверади. Англанган эҳтиёж, жумладан, демократик эҳтиёж қондирилиши билан маданий борлиқ, жумладан, миллий ғоя ва демократик ўзгаришлар диалектикасининг субъектларининг мавжудлигини таъминлайди. Бу субстанционал генетик боғланишларда миқдор ва сифат ўзгаришларининг ўзига хос механизми юз беради. Шу нуқтаи назардан, маданий борликнинг система ҳосил қилувчи тўртта субстанционал бирликлари алоҳида муҳим аҳамиятга эгадир. Булар – инсон ва унинг мавжудлик компонентлари – англанган эҳтиёж, онг ва яратувчилик фаолияти. Бу тўртала система ташкил этувчи субстанционал компонентлар тизимида асосан миқдор ўзгаришлари юз беради. Бу тўртала компонентни маданий борлиқ шаклланишининг биринчи босқичи десак, 5-субстанционал элемент – яратувчилик фаолияти натижалари ўзига хос сифат муайянлигига – бир бутунликка эга. Шунинг учун яратувчилик фаолияти натижалари маданий борлиқ шаклланишининг иккинчи босқичи ҳисобланади. 6-субстанционал элемент – яратувчилик фаолияти натижаларининг ҳаётга татбиқ этилиши ҳам ўзига хос сифат муайянликларига эга. Шунинг учун яратувчилик фаолияти натижаларининг ҳаётга татбиқ этилиши маданий борлиқ шаклланишининг учинчи босқичи ҳисобланади. Маданий борлиқ шаклланишининг учинчи босқичи унинг биринчи босқичининг мавжудлигини таъминлайди. Яъни 6-субстанционал элемент – яратувчилик фаолияти натижаларининг ҳаётга татбиқ қилиниши 2-субстанционал элемент – инсон эҳтиёжларининг қондирилишини таъминлаши керак. Ушбу нормал маданий жараён асосида жамият ядроси - маданий борлиқнинг субстанционал бир бутунлиги қонуни келиб чиқади. Бу билан жамиятнинг муайян тарихий макон ва замондаги барқарорлиги келиб чиқади. Ва аксинча, маданий борлиқ тизимида демократик тартибларнинг мавжудлиги барқарорликка олиб келади. Барқарорлик эса демократиянинг асосий шартидир.
“Тарихга назар ташланса, - тарих фанлари доктори, профессор М.Исҳоқов, - умумтараққиёт кўламида инсоният тарихининг ялпи ижтимоий ҳаракат маъноси очилади. Инсоният тарихининг айни ижтимоий ҳаракат ва унинг жаҳон миқёсида турли-туман маҳаллий ва хусусий кўринишлари ётади. Уларни тараққиёт қонунларининг умумийлиги бирлаштиради. Тарихчи учун хусусийликда умумийликни ва аксинча, умумийликда хусусийликни кўра билишдир”1. Мамлакат даражасидаги бу умумий субстанционал жараён ижтимоий ҳаётнинг ҳар бир соҳаси ва тизимларида ўзига хос ҳолда юз беради2. Мисол учун, кичик корхонанинг ташкил қилинишини олайлик. Уни шакллантириш учун муайян маблағ, хомашё, меҳнат қуроллари ва ишчи кучи керак. Уларнинг миқдорий концентрациясидан корхона иккинчи босқичга кўтарилади. Энди хомашё, билак кучи муайян истеъмол буюмларига ўтган бўлади. Тайёр ҳолига келган истеъмол буюмлари ўзига хос сифат муайянлигига эгаки, улар биринчи босқичда мавжуд бўлмаган. Корхона шаклланишининг учинчи босқичи ушбу истеъмол буюмларининг реализация, жумладан, истеъмол қилинишидир. Агар яратилган истеъмол буюмлари реализация қилинмаса, муайян истеъмолчиларини топа олмаса, корхона банкрот бўлади. Агар реализация босқичи истеъмолчиларнинг талабларини қондира олса, корхонанинг мавжудлик эҳтиёжлари ҳам қондирилади ва бу билан корхонанинг мавжудлиги ва ривожланиши таъминланади. Бу жараёнларнинг юз бериши корхонанинг ичкарисидаги мавжуд демократик тартибларга боғлиқдир ва аксинча, корхонанинг сақлаб қолиниши иқтисодий демократиянинг нормал амал қилинишининг шарти ҳисобланади.
Ушбу субстанционал жараёнлар миллий ғоя ва демократик ўзгаришлар диалектикасида ҳам устиворлик қилади. Биринчидан, демократия субъектлари, иккинчидан, демократик эҳтиёжлар, учинчидан, демократик онг, тўртинчидан, демократик ижодкорлик, бешинчидан, демократик ижодкорлик натижалари – демократик норма, тартиб ва муассасалар ва, олтинчидан, демократик ижодкорлик натижаларининг амал қилиши – булар миллий ғоя ва демократик ўзгаришлар диалектикасининг система ташкил этувчи олтита субстанционал элементларидир. Бу тизимда биринчи субстанционал элемент миллий ғоя ва демократик ўзгаришлар диалектикасининг субъекти, иккинчиси мотиви, учинчиси гносеологик асоси, тўртинчиси ва олтинчиси мавжудлик усулларини ва бешинчиси мавжудлиги манбаи ва воситалари функцияларини бажарадилар. Бу тизимда ҳам биринчи, иккинчи, учинчи ва тўртинчи субстанционал элементлар ўзига хос мақсад ва сифат муайянликларига эга бўлганликлари учун миллий ғоя ва демократик ўзгаришлар диалектикасининг биринчи босқичини, бешинчи субстанционал элемент – демократик ижодкорлик натижалари ўзига хос сифат муайянликларига эга иккинчи босқичини ва демократик ижодкорлик натижаларининг ҳаётга татбиқ этилиши ҳам ўзига хос жараёнлардан иборат унинг учинчи босқичини ташкил этади. Бу тизимда ҳам биринчи босқичдан иккинчи босқич, иккинчи босқичдан учинчи босқич келиб чиқади ва учинчи босқич эса, агар олтинчи субстанционал элемент – демократик ижодкорлик намуналарининг ҳаётга татбиқ этилиши иккинчи субстанционал элемент – демократик эҳтиёжларга мос келса ва қондира олса, биринчи босқичнинг мавжудлигини таъминлайди. Бу демократик ҳаракат туфайли миллий ғоя ва демократик ўзгаришлар диалектикасининг субстанционал бир бутунлиги қонуни келиб чиқади. Бу қонун миллий ғоя ва демократик ўзгаришлар диалектикасининг механизмини ташкил этади. Бу қонун мамлакатнинг нормал тадрижий ривожланишини таъминлашга хизмат қилади. Эътиборни яна тарих фанлари доктори, профессор М.Исҳоқов кўрсатган умумий қонуниятлар тизимига ўтамиз ва ундан хусусийлик томон борамиз.
Кишилик тарихининг асоси – маданий борлиқнинг иккинчи ва учинчи субстанционал қонунлари ҳам мавжуд. Маданий борлиқнинг учала босқичлари ёки олтита субстанционал элементларининг генетик равишда бир-бирларини келтириб чиқаришлари узлуксиз давом этади. Ҳаракат истеъмол билан тугамайди, балки эҳтиёжлар ҳар куни яратувчилик жараёнларини тақозо қилаверади. Шунинг учун маданий борлиқда ҳар куни ва ҳар йили илгарилама ҳаракат юз беради. Бу жараённи маданий борлиқнинг субстанционал илгарилама доиравий айланиши қонуни деймиз. Бу билан кишилик тарихи эволюцияси юз беради. Бу қонун кишилик тарихи эволюцияси, жумладан, миллий ғоя ва демократик ўзгаришлар диалектикасининг манбаини кўрсатиб беради. Чунки иккинчи субстанционал элемент – эҳтиёжлар ва олтинчи субстанционал элемент – натижаларнинг ўзлаштирилиши – истеъмол маданий борлиқнинг икки қутби ҳисобланади. Уларнинг бир-бирларини тақозо этишлари маданий борлиқ, демакки, жамиятнинг бирлигини ва мавжудлигини таъминлайди. Уларнинг бир-бирини инкор этишлари эса бу икки қутбнинг курашини, яъни маданий борлиқнинг ҳаракати ва ривожланишини келтириб чиқаради. Улар ўртасидаги зиддият бир сифатдан иккинчи сифатга ёки босқичга ўтишларига олиб келади.
Инсон эҳтиёжлари истеъмоллар негизида доимо ўсиб боради. Бу билан маданий борлиқнинг йўналиши келиб чиқади. Демак, эҳтиёжнинг ошиб бориши қонуни фақатгина иқтисодий эмас, балки умумижтимоий субстанционал қонундир. Маданий борлиққа хос учта субстанционал қонунлар – маданий борлиқнинг субстанционал бир бутунлиги, маданий борлиқнинг субстанционал илгарилама доиравий айланиши ва эҳтиёжнинг ошиб бориши қонунлари умумижтимоий қонунлардир. Юқорида таъкидланганидек, улар ижтимоий ҳаётнинг ҳар соҳасида устиворлик қиладилар ва хусусийлашади. Жумладан, миллий ғоя ва демократик ўзгаришлар диалектикаси субстанционал элементлари ва босқичларининг генетик равишда бир-бирларини келтириб чиқаришларининг узлуксизликлари доимийдир. Бу узлуксизликдан миллий ғоя ва демократик ўзгаришлар диалектикасининг субстанционал илгарилама доиравий айланиши ва демократик эҳтиёжларнинг ошиб бориши қонунлари келиб чиқади. Агар ахлоқийлик (ахлоқий демократия) демократиянинг ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларига хос қуйи даражаси бўлса, юқори даражаси эса юридик қонунларнинг ҳуқуқий бўлиши ва унинг давлат ҳокимияти томонидан кафолатланишидир1. “Мамлакатда маънавий ва ҳуқуқий меъёрлар издан чиққанда эса, - дейди А.Мўминов, - юридик ҳуқуқ нуқтайи назаридан эмас, балки қўпол жисмоний куч ишлатишни афзал билган туллак, кучли ёвуз кишилар кўпая бошлайди”2. Бу ва бу каби зиддиятларни кўрсатиб берадиган манба миллий ғоя ва демократик ўзгаришлар диалектикасининг субстанционал илгарилама доиравий айланиши қонунидир. Кези келганда шуни айтиш керакки, миллий ғоя ва демократик ўзгаришлар диалектикасининг субстанционал илгарилама доиравий айланиши қонуни ушбу соҳада юзага келган зиддиятларни кўрсатиб берар экан, уларни ҳал қилишнинг асосий йўли муросаи-модарийликдир. Жумладан, ташқи сиёсатимиздаги асосий демоктратик талаб суверен тенгликдир. Тенглик демократиянинг биринчи талабидир. Шунинг учун ҳам Ш.М.Мирзиёев шундай деган эди: “Биз ташқи сиёсат соҳасидаги фаолиятимизни, аввало, халқимиз, Ватанимиз манфаатларини ҳар томонлама ҳисобга олган ҳолда амалга оширамиз. Бу сиёсатнинг асосини тинчликпарварлик, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралшмаслик, юзага келадиган зиддият ва қарама-қаршиликларни фақат тинч, сиёсий йўл билан ҳал этиш ташкил этади”1. Демак, миллий ғоя ва демократик ўзгаришлар диалектикасининг ўзига хос субстанционал қонунлари ҳам бўлиб, улар қуйидагилар: миллий ғоя ва демократик ўзгаришлар диалектикасининг субстанционал бир бутунлиги қонуни, миллий ғоя ва демократик ўзгаришлар диалектикасининг илгарилама доиравий айланиши қонуни ва демократик эҳтиёжларнинг ошиб бориши қонуни. Демократия тўғрисидаги билимларимизни ушбу қонуниятлар тўғрисидаги ғоялар билан тўлдириш катта назарий ва амалий аҳамиятга эгадир.
Do'stlaringiz bilan baham: |