135-м о д д а. Чақирув қоғозини етказиб бериш
Чақирув қоғози чақирилаётган шахсга тараф ёки ишда иштирок этувчи бошқа шахс томонидан кўрсатилган манзил бўйича етказиб берилади. Агар фуқаро судга маълум қилинган манзилда амалда яшамаса, чақирув қоғози унинг иш жойига юборилиши мумкин.
Чақирув қоғози алоқа ташкилоти орқали топширилганлиги тўғрисида тилхат олиш йўли билан ёки хат-ҳужжат ташувчи орқали юборилади.
Судья ишда иштирок этувчи шахснинг розилиги билан унга иш бўйича чақирилаётган бошқа шахсга топшириш учун чақирув қоғози бериши мумкин.
Судья чақирув қоғозини етказиб бериш вазифасини топширган шахс чақирув қоғозининг иккинчи нусхасини чақирилувчининг чақирув қоғозини олганлиги тўғрисидаги имзоси билан судга қайтариши шарт.
1. Бу қонуннинг мазмунига қараганда чақирув қоғозини етказиб бериш ва уни топшириш турлича бўлиши мумкинлиги кўринади, масалан, алоқа ташкилотлари (бўлимлари), хат-ҳужжат ташувчи орқали, шунингдек тараф ёки ишда иштирок этувчи бошқа шахслар томонидан амалга оширилади ва ҳоказо
Юқорида баён этилганидек, чақирув қоғозини етказиб бериш тартибини судья ёки суд котиби чақирилувчи шахснинг яшаш, ишлаш жойига қараб ишни шундай ташкил этиш лозимки, унинг етиб бориши, топширилиши ва судда қатнашиши учун имконият бўлиши керак. Ҳозирги техника тараққий этган даврда судга чақиришнинг қуйидаги услубларидан: телефонаграммалар, телеграммалар, шунингдек алоқа воситаларининг бошқа кўринишларидан фойдаланиш мумкинлигига эътибор бериш лозим.
Чақирув қоғозини етказиб беришнинг қулай ва ишончли воситаларидан бўлиб хат-ҳужжат ташувчи томонидан етказилишидир. Чақирув қоғозининг бундай тартибига риоя этиш учун чақирилувчининг яшаш, ишлаш жойи суд идораси жойлашган ҳудудга яқин бўлиши керак.
Алоқа ташкилотлари (бўлимлари) томонидан чақирув қоғозларини етказиш учун албатта махсус хат орқали юбориш мақсадга мувофиқ, чунки бундай хатларни олган шахслар унга топширилганлиги ҳақида ўз имзоси билан тасдиқлаб бериши талаб этилади.
Агар, судья лозим топган ҳолларда ишда иштирок этувчи шахсларга чақирув қоғозини ишни кўришга алоқадор бўлган чақирилувчига топшириш учун беришлари ҳам мумкин. Бундай ҳолларда судья чақирув қоғозини чақирилувчига вақтида топшириш учун бу шахс қандай тезкор имкониятларга эга эканлиги, бошқа топшириш турларига нисбатан афзаллик томонларини аниқлаши лозим.
Суд чақирув қоғозини топширишнинг ўзига хос хусусияти уни жазони ўтаётган шахсларга нисбатан татбиқ этишда кўринади. Чунончи, жазони ўтаётган шахс судда фуқаролик ишининг кўрилиши ҳақида хабардор этилади, чунки уларни эркин юрмаслиги қонун билан чегараланганлиги туфайли бундай шахсларга суд чақирув қоғози юборилмайди1.
Айрим ҳолларда иш кўриш куни, соати ҳақида суд идорасига келиш, ишда иштирок этиши лозим бўлган шахсларни ҳам хабардор қилиш тартибига кўра, суд котиби томонидан улардан тилхат олиш йўли билан амалга оширилади. Булардан ташқари, фуқаролик ишини кўраётган суд қонунда кўрсатилган сабабларга кўра иш кўришни бошқа кунга қолдириши ҳам мумкин. Бу қоида ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда, шунингдек муайян суд мажлисида ишни кўриш имкони бўлмаган ҳолларда ва ҳоказо суд иш кўришни кейинга қолдиришга ҳақли.
Судья иш кўришни кейинга қолдирар экан, навбатдаги суд мажлисининг вақтини белгилайди ва бу ҳақда ҳозир бўлган шахсларга эълон қилиб, уларнинг имзосини қўйдириб олади. Судга келмаган ва процессда иштирок этишга янги жалб қилинган шахслар навбатдаги суд мажлисининг вақти тўғрисида умумий тартибда чақирув қоғози орқали хабардор қилинадилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |