146-м о д д а. Суднинг ўз юритишига қабул қилиб олган
ишни бошқа судга ўтказиши
Суд судловга тааллуқлилик қоидаларига риоя қилган ҳолда ўзининг юритишига қабул қилиб олган ишни, гарчи кейинчалик бу иш бошқа суднинг судловига тааллуқли бўлиб қолса ҳам, мазмунан ҳал қилиши лозим.
Суд қуйидаги ҳолларда ишни кўриш учун бошқа судга ўтказади:
муайян иш бошқа судда, хусусан далилларнинг кўпчилик қисми жойлашган ердаги судда ўз вақтида ва ҳар томонлама кўриб чиқилади деб ҳисобласа;
илгари турар жойи номаълум бўлган жавобгар ишни ўзи яшаб турган жойдаги судга ўтказишни илтимос қилса;
бир ёки бир неча судья рад қилингач, бу судда уларни алмаштириш мумкин бўлмай қолса;
иш муайян судда кўрилаётганида бу иш судловга тааллуқлилик қоидалари бузилган ҳолда юритишга қабул қилинганлиги маълум бўлиб қолса.
1. Юқорида айтиб ўтганимиздек, судья фуқаролик ишини судга тааллуқли эканлигини аниқлаганидан сўнг, шу ишни қайси суд кўриши, яъни манфаатдор шахсни ишни қабул қилган судга тўғри мурожаат этганлигини текшириши лозим. Амалдаги ФПКда бу қоида судловлик деб юритилади. Аксарият ҳолларда судьялар суднинг судловига дахлдор бўлган ишларни иш юритишига қабул қиладилар. Бироқ айрим ҳолларда судья фуқаролик ишини қабул қилсада, ишни кўриш жараёнида шу иш бошқа суднинг судловига тегишли эканлиги аниқланиб қолади. Ушбу шарҳланаётган қоида, ана шу саволларга жавоб бериб, суд қабул қилган шу ишни кўришни давом эттириши ёки қонунда кўрсатилган ҳолларда ишни бошқа судга ўтказиш лозимми, деган масалаларни ўз ичига олади.
Шарҳланаётган модданинг 1-бандига кўра, далилларнинг кўпчилиги иш кўраётган жойдаги суднинг ҳудудида бўлса, судловлиликнинг умумий қоидасига амал қилган ҳолда, масалан, ФПКнинг 145-моддаси асосида иш ўтказиладиган бўлса, даъвогарнинг манфаатига зид ҳаракат қилинган бўлар эди. Бу деган сўз ҳамиша судловлилик ҳақидаги умумий қоидани бузса бўлаверади, деган хулосани англатмайди. Бу қоидага риоя қилишдан мақсад ишда иштирок этувчи шахсларни сансалорликка йўл қўймасликнинг олдини олишдан иборатдир.
Судья фуқаролик ишини юқорида келтирилган сабабларга кўра ўтказишда уни тез ва объектив ҳолатларга кўра, холис кўриб ҳал этилишини ҳам назарда тутиши лозим. Булардан ташқари, судья айрим далилларнинг ҳажми, оғирлиги, кўплигини, уларни суд топшириғи асосида келтириш иложи бўлганлигини ҳам инобатга олишини ажримда кўрсатган бўлиши лозим.
2. Шарҳланаётган 146-модданинг 2-бандидаги қоидага кўра, шу модданинг 1-бандига нисбатан ишни бошқа судга ўтказиш учун судьянинг хоҳиши талаб этилмасдан, бундай талаб жавобгарга тегишли эканлигига аҳамият бериш лозим.
Суд амалиётида жавобгарнинг охирги яшаш ва ишлаш жойи номаълум бўлганлиги туфайли суд истисно тартибида ишни жавобгар яшаб турган ҳудуддан ташқарида кўришга мажбур бўлади. Агар кейинчалик жавобгарнинг яшаш жойи маълум бўлиб, у иш кўришни ўзи яшаб турган ҳудуддаги судга ўтказишни талаб қилган ҳолларда судья ишни ўтказишга мажбур.
3. Ишни биринчи инстанция судида, айниқса туманлараро судларида кўраётган судьяларга нисбатан ишда иштирок этувчи шахслар четлатиш (рад этиш) тўғрисида арз қилсалар-у, уларни бошқа судьялар билан алмаштириш имконияти бўлмаса, суд ишни бошқа судга ўтказишга мажбур. Бундай ҳолларда туманлараро суди юқори суд билан келишган ҳолда фуқаролик ишини қайси судга ўтказиш мақсадга мувофиқлигини аниқлаган ҳолда ўтказиши лозим.
4. Ушбу модданинг 4-бандига кўра, агар судда кўрилаётган иш судловлик тўғрисидаги қоидаларга риоя қилмасдан қабул қилинганлиги маълум бўлиб қолган ҳолларда, суд бу ишни бошқа судга ўтказишга мажбур бўлади, масалан, мустасно судловликка оид ишлар ва бошқалар асос бўлиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |