ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИ
ТОШКЕНТ ДАВЛАТ ЮРИДИК ИНСТИТУТИ
ШОРАХМЕТОВ ШОАКБАР ШОРУСТАМОВИЧ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ФУҚАРОЛИК ПРОЦЕССУАЛ КОДЕКСИГА
ШАРҲЛАР
ТОШКЕНТ- 2010
Шорахметов Шоакбар Шорустамович
Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процесссуал кодексига шарҳлар. –Тошкент: ТДЮИ нашриёти, 2010. -935 бет.
Сарлавҳада: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, ТДЮИ.
Масъул муҳаррирлар:
Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг академиги, юридик фанлар доктори, профессор Ҳ.Р.Раҳмонқулов;
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти гуруҳ раҳбари, юридик фанлар доктори М.М.Мамасиддиқов
Тақризчи:
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси Х.Б.Холмирзаев
Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига шарҳлар амалдаги фуқаролик процессуал қонун ҳужжатлари асосида тайёрланган бўлиб, унда Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига киритилган барча ўзгартириш ва қўшимчалар ўз ифодасини топган. Мазкур шарҳларда Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг ҳар бир моддасига алоҳида изоҳ берилиб, у фуқаролик процессуал қонунчилигини ўрганиш учун назарий ва амалий жиҳатдан муҳим қўлланма бўлиб хизмат қилади.
Ушбу шарҳлар бакалавриат ва магистратура йўналиши талабалари, илмий тадқиқотчилар, профессор-ўқитувчилар, суд, прокуратура, адлия, адвокатура, ФҲДЁ, нотариат ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органлар ходимлари, шунингдек кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган.
ISBN 978-9943-380-13-4
Ш.Ш.Шорахметов,
© 2010 йил.
© Тошкент давлат юридик институти, 2010 йил.
Сўз боши
Мустақиллик йилларида мамлакатимизда юртбошимиз раҳнамолигида ижтимоий ҳаётнинг барча соҳалари каби суд-ҳуқуқ тизимида ҳам кенг қамровли ислоҳотлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий замирида жамиятни янада демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни модернизация қилиш асосида бозор иқтисодиётига асосланган ҳуқуқий демократик давлат қуриш, эркин фуқаролик жамиятини барпо этиш, фуқароларимизнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа қонунларда белгиланган ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни таъминлашдек эзгу ғоя мужассамлашган.
Президентимиз раҳбарлигида бугунги кунда юртимизда инсон ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишга хизмат қиладиган суд ҳокимияти тизими яратилди. 2000 йил 14 августда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг суд тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони қабул қилиниб, унга биноан одил судловни амалга ошириш сифатини яхшилаш мақсадида мавжуд умумий юрисдикция судлари негизида Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича Олий суди, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туманлараро фуқаролик ишлари бўйича судлари ташкил этилди. Ушбу фармоннинг қабул қилиниши катта амалий аҳамият касб этиб, у судда ишларнинг адолатли ва ўз вақтида кўриб чиқилишини таъминлашга, фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришга, судларнинг мустақиллиги, одил судловни амалга ошириш сифати ва тезкорлигини оширишга, ҳал қилув қарорларини адолатли бўлишига хизмат қилмоқда.
2008 йил 1 майда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида адвокатура институтини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон суд-ҳуқуқ тизимининг узвий бўлаги ҳисобланган адвокатуранинг жамиятдаги мавқеини кўтаришга, мустақил адвокатура тизимини барпо этишга қаратилган.
Давлатимиз раҳбари И.А.Кaримoв мамлакатимизда олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларини янада такомиллаштиришга тўхталиб, Ўзбeкистoн Рeспубликaси Oлий Мaжлиси Қoнунчилик пaлaтaси вa Сeнaтининг 2010 йил 27 январдаги қўшмa мaжлисидaги “Мaмлaкaтимизни мoдeрнизaция қилиш вa кучли фуқaрoлик жaмияти бaрпo этиш – устувoр мaқсaдимиздир” деб номланган мaърузaсида “...агарки, биз иқтисодий ва социал соҳани ислоҳ этиш жараёнларини ижтимоий-сиёсий ва суд-ҳуқуқ тизимини мунтазам янгилаб бориш жараёнлари билан ўзаро аниқ ва чуқур, узвий боғлиқ ҳолда амалга оширишни таъминламас эканмиз, мамлакатимизни модернизация қилиш борасида белгилаб олган юксак марраларимизга эриша олмаймиз”1 деб таъкидладилар. Суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш ва янада эркинлаштиришга қаратилган устувор вазифаларнинг ижросини таъминлаш, жамиятимизда кенг кўламда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларини ривожлантириш, суд ишларини юритиш билан боғлиқ фаолиятни тартибга солиш, фуқаролик процессуал қонунчилигини ривожлантириш ва уни амалиётда тўғри қўллашни тақозо этади.
Бу вазифаларни муваффақиятли амалга оширишда фуқаролик процессуал ҳуқуқи фани назарияси ғояларидан тўғри фойдаланиш, фуқаролик процессуал қонунчилигини илмий шарҳлаш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан бу соҳа қонунчилигини мукаммал билиш муҳим аҳамият касб этади.
Таъкидлаш жоизки, суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида фуқаролик суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ичида асосий ўринни эгаллайдиган Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига ҳозирга қадар бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Улар 2000 йил 14 декабрдаги 163-II-сонли Қонун, 2003 йил 12 декабрдаги 568-II-сонли Қонун, 2004 йил 27 августдаги 671-II-сонли Қонун, 2007 йил 1 августдаги ЎРҚ-106-сонли Қонун, 2008 йил 9 апрелдаги ЎРҚ-149-сонли Қонун, 2009 йил 14 январдаги ЎРҚ-199-сонли Қонун, 2009 йил 11 сентябрдаги ЎРҚ-218-сонли Қонунларда ўз ифодасини топган. Бу қонунларга кўра, фуқароларга суд қарорлари устидан шикоят қилишлари ва ўзларининг бузилган ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишлари учун қўшимча кафолатлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 37-боби “Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорлари, ажримлари устидан апелляция шикояти бериш (протест келтириш)” деб номланди. Шу билан бирга суд қарорларини кассация тартибида қайта кўришнинг янгича механизми жорий этилди.
Суд ҳокимиятининг нуфузини ошириш мақсадида ишда иштирок этувчи прокурорнинг фуқаролик ишлари бўйича хулоса бериш ҳуқуқи ишни кўриш вақтида келиб чиққан масалалар бўйича фикр бериш ҳуқуқи билан ўзгартирилди, прокурорнинг суд қарорлари ижросини тўхтатиб қўйиш ҳуқуқи бекор қилинди.
Фуқароларнинг суд орқали ҳимояланишга бўлган ҳуқуқларини амалга оширишлари учун қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида фуқаролик ишларини судда кўриш ва ҳал қилишнинг бир мунча соддалаштирилган тартиби - “Буйруқ тартибида иш юритиш” (ФПКнинг 201-боби) жорий этилди. Энди фуқаролик суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида даъво тартибидаги ишлар, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан берилган шикоятлар бўйича ишлар ҳамда алоҳида тартибда юритиладиган ишлар билан бир вақтда буйруқ тартибидаги ишларни ҳам кўриб чиқиш ва ҳал этиш тартиби белгиланди.
Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги янги таҳрирдаги Қонунининг қабул қилиниши муносабати билан умумий юрисдикция судларининг ихтисослашуви қонуний мустаҳкамланди, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича алоҳида судларни ташкил этиш механизми жорий қилинди. Шунга асосан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг бир қатор моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Бундан ташқари, “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан ФПКдаги нормалар “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни нормалари билан мувофиқлаштирилди, қолаверса, Фуқаролик процессуал кодекси ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори билан боғлиқ ишларни юритиш масалаларига доир нормалар билан тўлдирилди. Фуқаролик процессининг вакиллик институтига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд орқали ҳимоя қилишлари учун яна бир самарали қадам бўлди.
Фуқаролик процессуал кодексига киритилган ушбу ўзгартиш ва қўшимчалар жамиятимизда суд ҳокимиятининг нуфузини ошириш, фуқароларнинг суд орқали ҳимояланишига бўлган ҳуқуқларини қўшимча кафолатлаш, суд тизимининг қонунчилик асосларини ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамияти талабларига мослаштириш ҳамда фуқаролик ишларини кўриб чиқиш ва ҳал этишни соддалаштиришга хизмат қилади. Фуқаролик процессуал қонунчилиги, унга киритилган қўшимча ва ўзгартиришларни шарҳлаш, уларнинг мазмун-моҳиятини ҳуқуқни қўллаш амалиёти ходимларига етказиб бериш бугунги суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнининг муҳим таркибий қисми ҳисобланди.
Сизларнинг эътиборингизга ҳавола қилинаётган мазкур Шарҳлар асосан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист, юридик фанлар доктори, профессор марҳум Ш.Ш.Шорахметов қаламига мансубдир. Фуқаролик процессуал кодексига киритилган сўнги ўзгартириш ва қўшимчаларни шарҳлаш ва ушбу китобни нашрга тайёрлаш ТДЮИ “Фуқаролик процессуал ҳуқуқи” кафедраси олимлари М.М.Мамасиддиқов,З.Н.Эсанова, Д.Ю.Хабибуллаев С.А.Марипова, Х.А.Қўчқаров, Т.Х.Алиев, С.Ф.Иноятова ва А.А.Хуррамовлар томонидан амалга оширилди. Шарҳларда фуқаролик процессуал қонунчилигидаги барча қоидалар, уларнинг бошқа ҳуқуқ соҳалари билан алоқадорлиги, сўнги йилларда Фуқаролик процессуал кодексига киритилган барча ўзгартиш ва қўшимчалар ўрин олган.
Ушбу Шарҳлар адлия ва суд тизими ходимларига моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини амалиётда тўғри қўллашларида, олий ва ўрта малакали ҳуқуқшунослар тайёрлайдиган ўқув юртлари талабаларининг фуқаролик процессуал ҳуқуқи фанини чуқур ўзлаштиришида, умуман ўзининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилувчи ҳар бир фуқаро, давлат ва жамоат ташкилотларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатишда муҳим кўмакчи бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |