М.Х.Рустамбоев, ТДЮИ ректори, юридик фанлар доктори, профессор
I-БЎЛИМ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1-боб. АСОСИЙ ҚОИДАЛАР
1-м о д д а. Суд орқали ҳимояланиш ҳуқуқи
Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг, мансабдор шахсларнинг, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.
Ҳар қандай манфаатдор шахс бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқи ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатини ҳимоя қилиш учун қонунда белгиланган тартибда судга мурожаат қилишга ҳақли.
Судга мурожаат қилиш ҳуқуқидан воз кечиш ҳақиқий эмас.
1. Манфаатдор шахсларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни суд тартибида амалга ошириш тадбирлари амалиётда ижобий натижалар бераётганлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. Бунга асос сифатида фуқаролик процессуал ҳуқуқий меъёрларни суд амалиётига таъсир кўрсатиши, татбиқ этилиши ва суднинг ўзига берилган ваколат доирасида ҳақиқатни аниқлашга ҳамда шу билан одил судловни амалга оширишга қаратилган барча ҳуқуқлардан фойдалана олиш имкониятига эга бўлиши суд ҳокимиятини бошқа давлат органларидан ажратиб туради. Демак, Конституция ва бошқа қонунларда кўрсатилганидек, суд органларининг демократик жиҳатларидан бири давлат ва жамият манфаатларини ҳимоя қилишда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларининг устун қўйилишидир.
Манфаатдор шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш орқали суд одил судловни амалга оширади. Одил судлов нинг фақат судлар томонидан амалга оширилиши Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги “Судлар тўғрисида”ги Қонунида ҳам ўз ифодасини топган.
Ўзбекистонда суд ҳокимиятининг қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил равишда иш юритиши ҳақида Конституцияда белгиланиши мустақилликка эришган республикамизнинг демократик, адолатли ҳуқуқий давлат қуриш сари ташланган илк қадамларидан бири ҳисобланади.
Судлар ўз фаолиятлари билан манфаатдор шахсларнинг нафақат ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиши, шу билан биргаликда уларни қонунни ҳурмат қилиш ва унга риоя этиш руҳида ҳам тарбиялайди.
2. Ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқининг кафолатланиши тўғрисида Конституциянинг 44-моддасида алоҳида ҳуқуқий меъёр белгиланган бўлиб, бу борада суд ҳокимиятининг бошқа давлат органларидан устунлиги белгиланган. Бирорта давлат идораси суд каби фуқароларнинг манфаатларини тўғри, одилона ҳал эта олмаслиги суд ҳокимиятининг муҳим жиҳатларидан эканлигини кўрсатади.
Президентимиз И.А.Каримов инсон ва давлат ўртасидаги муносабатларда инсон манфаатлари устувор бўлиши кераклиги, давлат ҳокимиятининг барча тармоқлари ўз фаолиятини инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қўриқлаш ишига сафарбар қилингандагина ўз вазифасини тўғри адо этганлиги, фуқароларнинг қонуний манфаатлари ва ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш соҳасини мумкин қадар кенгайтириш даркорлиги, айрим тармоқ қонунларида ҳуқуқлари поймол этилган фуқароларнинг шикоятларини судлов йўли билан эмас, балки маъмурий йўл билан кўриб чиқиш тартиби учраб туришлиги, бу ҳол Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясига ва бизнинг Конституциямиз талабларига зидлигини қайд қилиб, фуқаро агар унинг қонуний манфаатлари ва ҳақ-ҳуқуқлари поймол этилган тақдирда, ҳар қандай масала бўйича ҳимоя учун судга мурожаат қилиш ҳуқуқларига эга бўлмоғи даркор,1 деб кўрсатилиши, суд ҳокимиятига нисбатан бўлган муносабатни ўзгартириш лозимлигидан далолатдир.
Фуқароларнинг асосий бурчлари Конституция ва бошқа қонунларда ўз ифодасини топган бўлиб, уларда фуқаролар Конституцияга риоя қилиш билан бирга, ундаги ҳар қандай қоидалар бузилишининг олдини олиши, бошқа шахсларнинг қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбур эканлиги ўз ифодасини топган. Ҳуқуқи бузилган манфаатдор шахс уни тиклаш мақсадида судга мурожаат қилишга ҳақли эканлиги ҳам таъкидланган.
Ҳар бир фуқаро ўзига юклатилган бурчларни бажариш вақтида қонунларга риоя қилиши, жамиятнинг қоидаларини ва маънавий қадриятларини ҳурмат қилиши лозим.
3. Фуқаролик иши бўйича аризанинг қабул қилиниши тўғрисидаги илтимос суд томонидан фақат айрим қонунда махсус назарда тутилган ҳоллардагина рад қилиниши мумкин.
Судья иш юзасидан судга мурожаат қилувчи шахсга унинг ҳуқуқ ва бурчларини: даъводан воз кечиш оқибатлари, шунингдек, бошқа процессуал ҳаракатларнинг оқибатлари тўғрисида тушунтиришлар беради.
Фуқаро ва ташкилотлар ўзларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимояси учун судга мурожаат этмаслиги уларга берилган конституциявий ҳуқуқлардан фойдаланмаслик бошқа шахсларнинг манфаатдор бўлишлари учун имкон туғдиради.
Суд ҳимоясидан фойдаланиш тарафларнинг муҳим субъектив ҳуқуқидир. Масалан, тарафлар шартномалардан келиб чиқадиган низолар бўйича судга мурожаат этиш мумкин эмаслиги тўғрисида кўрсатилган бўлсада, манфаатдор тараф қонун бузилган ҳолларда ишнинг тааллуқлигига риоя қилган ҳолда судга мурожаат этиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |