II-БЎЛИМ. БИРИНЧИ ИНСТАНЦИЯ СУДИДА ИШ ЮРИТИШ
1-кичик бўлим. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
14-боб. СУДЛОВГА ТААЛЛУҚЛИЛИК
141-м о д д а. Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро,
туман (шаҳар) судининг судловига
тааллуқли ишлар
Судларга тааллуқли фуқаролик ишлари туман (шаҳар) судларида кўрилади, қонунда бундай ишларни кўриш бошқа судлар ваколатига берилган ҳоллар бундан мустасно.
1. Қандай фуқаролик ишлари судда кўрилиши лозим бўлиш, яъни суднинг ваколатига берилганлиги юқорида тааллуқлилик тушунчасида айтилган. Судловлик, яъни судларнинг ваколатига берилган ишларни қайси суд кўриб ҳал этилиши тушунчаси билан тааллуқлилик чамбарчас боғлиқдир. Бу тушунчалар ўртасидаги асосий фарқ шундаки, тааллуқлилик деганимизда, фуқаролик ишларини кўриш ва ҳал қилиш юзасидан судлар билан бошқа органлар ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги ҳуқуқ доираси (ваколат)нинг чегараланиши, ажратиши назарда тутилса, судловда эса, бир томонидан ҳал қилинадиган масаланинг судга тааллуқли бўлишини ва иккинчи томонидан, ягона суд тизими ичида судлар ўртасидаги ҳуқуқ даражасининг белгиланиши тушунилади.
Судловлик деб, судларга тааллуқли бўлган ҳамма ишларнинг суд тизими бўғинлари ўртасида тақсимланишига айтилади. Ишнинг судловлигини белгилаш-мазкур ишни айнан қайси суд кўришга ва ҳал этишига ваколатли бўлишлигини белгилаш демакдир.
Муайян ишни ҳал қилишга қайси суд ваколатли бўлишини белгилашда судловлик икки томонлама: биринчидан, турдош судловлик ва иккинчидан, ҳудудий судловликка бўлиниб чегараланади.
Ягона суд тизими таркибидаги судловнинг қайси бир тури (туманлараро, туман (шаҳар), вилоят суди, Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди) фуқаролик ишларини биринчи инстанция суди тариқасида кўришга ваколатлилигини қонун белгилайди.
Ишнинг қайси судга тегишли бўлишини (судловни) белгилашда кўриладиган ишнинг турига ҳам, низонинг предмети нимадан иборат бўлиши ва тарафларнинг кимлар бўлишига ҳам қаралади. Судловликнинг бундай чегараланишига турдош судловлик деб айтилади.
Турдош ёки предметли судловлик деб, ишнинг тури ёки характерига қараб ҳар хил турдаги судларга ишларнинг тегишли бўлиши тушунилади. Турдош судловлик бўйича ягона суд тизимидаги ҳар турли судлар ўртасидаги ваколат ажратилади.
2. Амалдаги ФПКга кўра, умумий юрисдикция суди тизимига фуқаролик ишлари бўйича туманлараро (туман, шаҳар) судлари, Қорақалпоғистон Республикаси Фуқаролик ишлари бўйича Олий суди, фуқаролик ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий суди киради.
«Судлар тўғрисида»ги янги таҳрирдаги Қонунга асосан фуқаролик ишларини ҳарбий судлар ҳам кўриб ҳал этади.
Қонунда айрим туркумдаги фуқаролик ишларини қайси судларнинг судловига тегишли эканлиги кўрсатилган бўлиши мумкин. Масалан, Республика Олий суди биринчи инстанция тартибида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов Комиссияси қарори устидан берилган шикоятларни кўришга ҳақлидир.
Суд амалиётига кўра, республикада фуқаролик ишларининг аксарият қисми туманлараро судларда кўрилмоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |