139-м о д д а. Жавобгарнинг яшаш жойи номаълумлиги
Жавобгарнинг амалдаги яшаш жойи номаълум бўлган тақдирда, жавобгарнинг охирги яшаш жойидаги алоқа ташкилоти, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ёхуд охирги иш жойидаги иш берувчи (маъмуриятнинг мансабдор шахси) чақирув қоғозининг иккинчи нусхасига чақирув қоғози олинганлиги ва чақирилувчининг қаердалиги маълум эмаслиги сабабли уни топширишнинг имкони бўлмаганлиги ҳақида ёзиб юборган маълумот судга келиб тушгач, суд ишни кўришга киришади.
1. Бу қоидага кўра, амалиётда жавобгарнинг яшаш жойи номаълум бўлса-да, фуқаролик иши бўйича берилган аризани судья қабул қилиш билан бирга, чақирув қоғозини унинг охирги яшаш жойига юборади. У ерда жавобгарнинг яшамаслиги маълум бўлгандан сўнг бу ҳақда чақирув қоғозига ўзини ўзи бошқарув идоралари, ходимнинг охирги иш жойидаги маъмурият раҳбарининг жавобгарнинг яшамаслиги (ишламаслиги) ҳақида кўрсатилган чақирув қоғозига имзо чекадилар ва муҳрлаб судга топширилиши лозим. Бундай чақирув қоғози бўлган тақдирдагина суд иш кўришга жавобгарнинг иштирокисиз киришиши мумкин.
Шарҳланаётган бу қоидада жавобгарнинг амалдаги яшаш жойи номаълум бўлган тақдирда чақирув қоғозининг иккинчи нусхасига тегишли идоралар уни топшириш имкони бўлмаганлиги ҳақида ёзиш кераклиги кўрсатилган. Фикримизча, чақирув қоғози жавобгар бўлмаганлиги туфайли уни бирор кимга топшириш хожати бўлмасдан фақат чақирув қоғозига унинг йўқлиги ҳақида маълумотни кўрсатиш кифоя бўлади, дейиш асосли бўлса керак.
Ишда иштирок этувчи шахслардан бирортаси суд мажлисига келмаган тақдирда, унда чақирув қоғози топширилганлиги тўғрисида маълумот бўлмаса, суд иш кўришни кейинга қолдиради.
Агар ишда иштирок этувчи шахслар тегишли тартибда суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилинган бўлиб, суд узрли деб топган сабабларга кўра суд мажлисига келмаган бўлсалар, суд иш кўришни кейинга қолдиради.
Тарафлар судга келмаслик сабаблари ҳақида маълумот беришлари ва бу сабабларнинг узрлилигига далиллар тақдим этишлари шарт. Башарти, жавобгарнинг келмаганлик сабаблари ҳақида маълумот бўлмаса ёки суд келмаганлик сабабларини узрсиз, деб топса ёхуд жавобгар иш юритилишини қасддан чўзаётган бўлса, суд ишни кўришга ҳақли.
Тарафлар ишни ўзларининг иштирокларисиз кўришни ва ўзларига суднинг ҳал қилув қароридан нусха юборишни илтимос қилишга ҳақли. Агар ишнинг ҳолатлари бўйича зарур бўлса, суд тарафларнинг суд мажлисида иштирок этишини шарт, деб топиши мумкин.
Ишда иштирок этувчи шахснинг вакили ишни судда кўриш вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилинган бўлишига қарамай, судга келмаганлиги ишни кўриб чиқишга тўсқинлик қилмайди.
Прокурор ёки адвокатнинг узрсиз сабаблар билан келмаганлиги тўғрисида суд хусусий ажрим чиқаради ва бу ҳақда тегишли юқори турувчи прокурорга ёки адвокатлар малака комиссиясига маълум қилади.
Фуқаролик иши бўйича ариза қабул қилиниши билан суд ходимлари, айниқса суд котиби тарафларни яшаш, ишлаш жойларини ўзгартирилиши ҳақидаги маълумотларни зудлик билан судга маълум қилиниши лозимлиги, акс ҳолда қонунда кўрсатилган ҳуқуқий оқибатлар келиб чиқиши ҳақида тушунтириш беришлари мақсадга мувофиқдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |