136-м о д д а. Чақирув қоғозини топшириш
Чақирув қоғози фуқарога топширилганида, у чақирув қоғозининг судга қайтариладиган иккинчи нусхасига қоғозни олган вақтини кўрсатиб, имзо чекади.
Ташкилот номига ёзилган чақирув қоғози тегишли мансабдор шахсга топширилади, у чақирув қоғозининг иккинчи нусхасига имзо чекади.
Агар чақирув қоғозини келтирган шахс иш бўйича чақирилаётган фуқарони яшаш ёки иш жойида топмаса, чақирув қоғози у билан бирга яшайдиган катта ёшдаги оила аъзоларининг бирига, улар ҳам бўлмаса, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига ёки иш берувчига (иш жойи маъмуриятининг мансабдор шахсига) топширилади. Бундай ҳолларда чақирув қоғозини қабул қилиб олган шахс унинг иккинчи нусхасида ўзининг фамилияси, исми ва отасининг исмини, шунингдек чақирув қоғози юборилган шахснинг кими эканлигини (эри ёки хотини, отаси, онаси, ўғли, қизи ва ҳоказо) ёки эгаллаб турган лавозимини кўрсатиши шарт. Чақирув қоғозини қабул қилиб олган шахс уни имконият бўлиши билан дарҳол чақирилувчига топшириши шарт.
Чақирилувчи вақтинча бирор жойга кетган бўлса, чақирув қоғозини келтирган шахс унинг иккинчи нусхасига чақирилувчи қаерга кетганлиги ва қачон келиши кутилаётганлиги тўғрисида ёзиб қўяди. Бу маълумотлар тегишли фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан ёки иш берувчи вакилининг имзоси билан тасдиқланиши ва гувоҳлантирилиши лозим.
1. Ушбу шарҳланаётган қоида бир кўринишда оддий, унча эътиборга молик бўлмагандек кўринса-да, бироқ ишда иштирок этувчи манфаатдор шахсларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини суд тартибида ҳимоя қилишда муҳим аҳамиятга эга, чунки бу ҳаракатлар фуқаролик ишларини ўз вақтида сансалорликка йўл қўймаган ҳолда кўриб ҳал этишга асос бўладиган омиллардан ҳисобланади. Шу боис ҳам, қонун чақирув қоғозларини ўз вақтида топшириш судьянинг назоратидан четда бўлмаслиги талаб этилади. Бунинг учун чақирув қоғозини чақирилувчига топширилган-топширилмаганлигини, чақирув қоғозининг иккинчи нусхасини қандай тўлдирилганлиги билан аниқланиши мумкин. Бунга кўра, чақирув қоғози чақирилувчи (хабардор этилган) шахсларга шахсан ёки қонунда кўрсатилган бошқа шахсларга топширилганлиги, манзилгоҳи кўрсатилган чақирилувчининг яшаш, ишлаш, жойида бор-йўқлиги ва бундай ҳолатлар қандай расмийлаштирилганлигига эътибор бериши лозим.
2. Агар суд чақирув қоғозини топшириш ташкилот, корхона, муассаса билан боғлиқ бўлиб, унинг ходимлари вақтинчалик иш жойида бўлмаса, ташкилот раҳбарига топшириши, агар бундай имконият мавжуд бўлмаса, юрист консульт, бош ҳисобчи ва бошқа масъул бўлган маъмурият ходимларига топшириши лозим. Чақирув қоғози (хабарнома)ни олган маъмурият ходимлари ўзларининг хизмат лавозимларини кўрсатган ҳолда чақирув қоғозининг иккинчи нусхасига имзо чекишлари лозим.
Шарҳланаётган ФПКнинг 136-моддаси учинчи қисмида чақирилаётган шахснинг яшаш, ишлаш жойида бўлмаган шахснинг ўрнига чақирув қоғози (хабарнома)ни олган шахс томонидан қандай расмийлаштириш тартиби кўрсатилган. Бу қоидада чақирув қоғозини қабул қилиб олган шахс унинг иккинчи нусхасида ўзининг фамилияси, исми, отасининг исмини, шунингдек чақирув қоғози юборилган шахснинг кими эканлигини (эри, хотини, отаси, онаси, ўғли, қизи ва ҳоказо) ёки эгаллаб турган лавозими кўрсатилган бўлса-да, бу талабларга суд амалиётида риоя этмаслик туфайли иш кўришни кечиктиришга асос бўлиш ҳоллари учрайди.
Суд чақирув қоғози (хабарномалари)ни чақирилувчи шахсан олмаган бўлса-да, уни қонун талаблари асосида расмийлаштириб судга топширилган бўлса, бу ҳужжатларни судга чақирилувчи шахс томонидан олгандек ҳисобланиши лозимлиги ҳақидаги юридик адабиётда билдирилган фикрни асосли деб ҳисоблаш керак1.
Do'stlaringiz bilan baham: |