147-м о д д а. Ишни бир суддан бошқасига ўтказиш тартиби
Иш бир суддан бошқасига суднинг ажримига асосан, бу ажрим устидан шикоят бериш ёки унга нисбатан протест келтириш муддати ўтганидан кейин, шикоят берилган ёки протест келтирилган тақдирда эса, шикоятни ёки протестни қаноатлантирмай қолдириш ҳақида ажрим чиқарилганидан кейин ўтказилади.
Бир суддан бошқа судга юборилган иш ана шу кейинги суд томонидан кўриш учун қабул қилиниши керак.
Судловга тааллуқлилик тўғрисида низоларга йўл қўйилмайди.
1. Фуқаролик ишлари судловлик қоидаларига риоя қилинган ҳолда иш юритишига қабул қилган бўлса-да, бироқ айрим объектив сабабларга кўра (масалан, тарафлардан бирини шу туман, шаҳар ҳудудида ўзларини феъл-атвори билан ном чиқариши, ҳуда-беҳудага шикоятбозлик қилиши нафақат судьяларни, шунингдек туман раҳбарларининг ҳам асабларига текканлиги ва ҳоказо) ишни бошқа судга ўтказишга судьяни мажбур қилади.
Амалдаги ФПКга кўра, ишни бир суддан бошқасига ўтказиш ваколати ишни қабул қилган суднинг ўзига берилганлиги Кодекснинг янги жиҳатларидан ҳисобланади.
Суднинг ишни бошқа судга ўтказиш ҳақидаги ажрими қайси суд бўғини бўлишидан қатъи назар, иш юритишига қабул қилиши керак. Шунинг учун ҳам ушбу қоидада судловлик тўғрисидаги низоларга йўл қўйилмаслиги таъкидланган, бироқ суднинг бу ҳақидаги ажрими устидан тарафлар апелляция, кассация тартибида шикоят, назорат тартибида протест келтириш юзасидан ариза беришга ҳақлидирлар.
Ушбу масала бўйича суд амалиётидан мисоллар келтирамиз:
1) З.Р. судга даъво ариза билан мурожаат этиб, у Сурхондарё вилоят Адлия бошқармасининг ФХДЁ бўлими катта маслаҳатчиси лавозимида ишлаб келиб, бошқарма бошлиғининг 1996 йил 28 августдаги 90-сонли буйруғи билан ишдан бўшатилганлигини қонунсиз деб билиб, шу буйруқни бекор қилиб, ўз вазифасига ишга тиклашни ва бўш қолган вақти учун иш ҳақи ундиришни сўраган.
Иш бир неча бор судларда кўрилиб, чиқарилган суд қарорлари бекор бўлгач, биринчи босқич суди сифатида кўриш учун Бухоро вилоят судига юборилган.
Бухоро вилоят судининг 1999 йил 9 январдаги ҳал қилув қарорига кўра З.Раҳматуллаеванинг даъво талаблари қаноатлантирган.
З.Р. билан меҳнат шартномаси бекор қилинишида, маъмурият ходим томонидан унга юклатилган вазифалар бажарилмаганлигини, гербли гувоҳномалар ҳисоботи чалкаш тузилганлигини, кўпгина туғилиш гувоҳномаларининг қаерга кетаётганлигини аниқлаб бўлмаслигида даъвогарнинг айби мавжудлиги қайд этилган.
Иш материалларидан ҳамда жавобгар вакили тақдим этган ҳужжатларга қараганда, адлия бошқармасининг 1996 йил 4 январдаги 2-шт сонли буйруғига кўра туман (шаҳар) ФҲДЁ бўлимига раҳбарликнинг аҳволи юзасидан жавоб бериши уларнинг ишларини текшириш, ФҲДЁ бўлимларининг иши бўйича ойлик ва йиллик ҳисоботларни ўз вақтида ва сифатли тайёрлашда бевосита жавобгар адлия бошқармасининг ФҲДЁ бўйича бошқарма бошлиғи муовини зиммасига юклатилганлиги аниқланган.
Бундан ташқари, Адлия бошқармасининг 1996 йил 22 январдаги 8-шт сонли буйруғининг 1-бандида бошқармага келиб тушган гербли гувоҳларни сақлаш, улар бўйича ҳисоб-китоб ишларини юритиш бўйича бошқарманинг ФҲДЁ бўлими маслаҳатчиси М.Қурбоновани жавобгар шахс этиб тайинлаш, буйруқнинг 2-бандида эса шу масала бўйича З.Р.ни жавобгар этиб тайинлаш ҳақидаги 1995 йил 19 октябрдаги 104-сонли буйруқ бекор қилиниши ва З.Раҳматуллаеванинг жавобгарлигида бўлган барча гербли гувоҳномалар М.Қурбоновага топширилиши кўрсатилган.
Шунга кўра, суд йўл қўйилган камчиликларга З.Р.нинг жавобгар эмаслиги ҳақида асосли ва тўғри хулосага келган.
Меҳнат кодексининг 100-моддаси бешинчи қисмида ходим вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврида иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмаслиги белгиланганига қарамай, адлия бошқармаси З.Р.ни уни касаллик вақтида ишдан бўшатиб, қонун талабларини бажармагани ҳам низо юзасидан даъво талабларининг қаноатлантирилишига тўла асос бўлди1.
Do'stlaringiz bilan baham: |