Кириш
Ушбу дастур ихтисослик фанларини ўрганиш учун зарур бўлган анализга кириш, бир ва кўп ўзгарувчили функцияларнинг дифференциал ва интеграл ҳисобини, сонли ва функционал қаторларни, табиятдаги турли жараёнларнинг математик моделларини тушуниш учун зарур бўлган дифференциал тенгламалар назариясининг асосий тушунчаларини, ҳозирги замон математикасини тушуниш учун зарур бўлган асосий математик тушунчалардан бўлган тўпламнинг қуввати, ўлчамли тўпламлар ва функциялар, Сильтес, Лебег интеграли, аналитик функция, Лоран қатори, чегирмалар, асосий математик структуралардан бўлган метрик фазо, вектор фазо, нормаланган фазо, Евклид фазоси, улардаги чизиқли функционал ва операторларни, уларнинг татбиқларини ҳамда бу фан тарихи ва ривожланиш тенденцияси масалаларини қамрайди.
Ўқув фанининг мақсади ва вазифалари
Фанни ўқитишдан мақсад-талабаларда мактаб, ўрта –махсус таълим муассасаларидаги математика курсини илмий асослаш ва уни самарали ўқитиш ва ҳозирги замон математикасини ўрганиш учун етарли математик билим, кўникма ва малакалар шакллантиришдир.
Фаннинг вазифаси - мактаб, ўрта-махсус таълим муассасалари математикасида киритилган математик анализга таалуқли тушунчаларни илмий асослаш; математик анализга кириш, кетма-кетлик ва функциянинг лимити, узлуксиз функциялар ва уларнинг хоссаларини ўрганиш; бир ўзгарувчили функциянинг дифференциал ва интеграл ҳисоби ва унинг татбиқларини ўргатиш; икки ва уч ўлчовли интеграллар, эгри чизиқли интеграллардан кейинги ўқиладиган фанлар учун керакли ҳажмда билимлар бериш ва уларнинг геометрик ва физик катталикларни ўлчашдаги татбиқини ўргатиш; татбиқий ва амалий аҳамиятга эга бўлган қаторлар назарияси билан таништириш, Тейлор қаторининг функцияларни ўрганишдаги муҳим математик аппарат эканлигини уқтириш; дифференциал тенгламаларнинг борлиқдаги жараён ва ҳодисаларнинг математик модели эканлигини асослаш; дифференциал тенгламаларнинг турдош фанлардаги татбиқларини ўргатиш; талабаларнинг тўплам ҳақидаги билимларини кенгайтириш; сонлар ўқидаги очиқ ва ёпиқ тўпламлар тузилишини ўргатиш; ўзгариши чегараланган функцияларни ўргатиш; узлуксиз чизиқ, тўғриланувчи чизиқ тушунчаларини илмий асослаш; чизиқли тўпламнинг ўлчовли, ўлчовли функциялар ҳақида билим бериш; интеграл тушунчасини кенгайтиришдан, аналитик функциялар назарияси ёрдамида математик анализдаги баъзи фактларни илмий асослаш, Лоран қатори ва чегирмалар ҳақида билим бериш; функция ва дифференциал ҳисоб ҳақидаги билимларини кенгайтириш; мантиқий мулоҳаза ва илмий-адабий нутқни ривожлантиришдан иборат.
Do'stlaringiz bilan baham: |