Мойли уруғларни сақлаш режимлари. Мойли уруғларни сақлашда қуйидаги усуллар қўлланилади.
1) уруғларни қуруқ ҳолда сақлаш;
2) уруғларни совутилган ҳолда сақлаш;
3) ҳавони иштирокисиз сақлаш.
Актив шамоллатиш кучли босим остида уруғлар массасидан ҳаво ўтказиш йўли билан бажарилади.
Қуруқ ҳолда сақлаш. Ёғли уруғларни бу ҳолда сақлаш жуда кенг тарқалган бўлиб энг арзон ва осон усулдир. Маълумки, қуруқ ҳолда сақланаётган хомашё намлиги критик намликдан имконият борича паст бўлиши лозим. Паст намлик билан сақланаётган хомашё таркибида оксидланиш жараёни суст, нафас олиш ниҳоятда секин, микроорганизмларнинг таъсири жуда кам бўлади, чунки паст намликда сақланаётган хомашё ярим анабиоз ҳолда бўлади.
Совитилган ҳолатда сақлаш тартиби. Мойли уруғларнинг кам иссиқлик ва ҳарорат ўтказувчанлигини ҳисобга олиб, уларни сақлашдан олдин бир маротаба совитиб олинса, бу ҳолат узоқ муддат сақланиб туриши мумкин. Албатта, совитилган хомашё таркибида барча акс таъсир этувчи жараёнлар суст кетади, лекин бу усулда сақлаш учун омборхоналар деярли герметик бўлиши ва махсус совитиш мосламалари билан жиҳозланган бўлиши лозим. Бу эса албатта жуда қиммат туради.
Ҳавосиз жойда сақлаш. Юқорида ўрганилган маълумотлардан маълумки хомашё ҳавосиз жойда сақланса унда фақатгина анаэроб нафас олиш жараёни бўлади. Бу эса ўз йўлида хомашёни нисбатан узоқроқ вақт сақлаш имконини беради. Лекин ҳавосиз жойда сақлаш учун омборхона ниҳоятда герметик бўлиши шарт. Бундай омборхоналарни қуриш ниҳоятда катта маблағ талаб қилади.
Турли мойли уруғларни сақлашнинг ўзига хослиги. Барча турдаги мойли уруғлар учун ишлатилаётган омборхоналар қуруқ бўлиши керак, пол ер ости сувларидан изоляцияланган бўлиши, деворлар оқланган ёки мойланган бўлиши лозим. Том ёмғир ва қор сувларини ўтказмаслиги, эшиклар зич ёпилиши керак. Омборхона уруғ ташланишидан олдин барча чиқиндилардан, ҳар хил кемирувчилардан тозаланиши ва мумкин бўлган препаратлар билан дезинфекция қилиниши керак. Асосий талаб шундан иборатки, омборхона тоза, қуруқ ва яхши вентилляцияланадиган бўлиши лозим. Сақлашнинг асосий усуллари йирик ўлчамли уруғлар учун тўкиб сақлаш, майда ўлчамли уруғлар учун эса қопларда, махсус контейнерларда ёки силосларда сақлашдир.
Канакунжут уруғининг намлиги 6%гача бўлганда омборхонага тўкилиб уруғнинг қалинлиги 5м гача бўлган қалинликда сақланиши мумкин. Агар намлиги 6%дан юқори бўлса, унда сақланаётган уруғнинг қалинлиги 3м гача камайтирилиши керак. Агар, канакунжут уруғи қоп ёки контейнерларда сақланса, уларни тўкиладиган уруғ билан аралаштирмаслик лозим.
Каноп, рапс – бу уруғларни ўлчамлари майда бўлишига қарамасдан намлиги 8%гача бўлганда, тўкиш йўли билан сақлаш мумкин. Намлиги юқори бўлганда узоқ сақламасдан қайта ишлаш лозим.
Горчица (хантал) уруғи – бу уруғ сақланишидан олдин имкон борича тўла тозаланиши лозим, акс ҳолда тез бузилади. Сақланаётган горчица уруғининг намлиги 8%дан ошмаслиги керак.
Соя уруғи – таркибида 50%гача оқсил моддаси бўлганлиги сабабли у ниҳоятда гигроскопик ҳусусиятга эга. Шунинг учун соя уруғи сақлаш жараёнида тез бузилади. Узоқ муддатга сақланаётган уруғ намлиги 11%дан ошмаслиги керак.
Кунгабоқар уруғи – мойлилиги юқори бўлганлиги сабабли критик намлиги анча паст, шунинг учун узоқ муддатга мўлжаллаб сақланаётган кунгабоқар уруғи намлиги 6-7%дан ошмаслиги керак. Кунгабоқар ва соя уруғлари силос типидаги омборхоналарда сақланиши лозим.
Пахта чигити (ўрта толали) – устида линт қоплами бўлганлиги туфайли бу уруғнинг оқувчанлиги жуда паст, шунинг учун пахта чигити поли текис бўлган усти ёпиқ омборларда сақланади. Узоқ муддатга (2-ойдан ошиқ) мўлжаллаб сақланаётган чигит намлиги 1-3 навлар учун 9%дан ошиқ бўлмаслиги керак. Намлиги 9%дан ошиқ бўлган ва 4-нав чигитлари биринчи галда, сақланмасдан ишлатилиши лозим. Омборхоналарнинг ҳажми етишмаган ҳолларда ўрта толали пахта чигити очиқ майдончаларда ҳам пирамида ҳолида сақланиши мумкин.
Ингичка толали пахта чигитини туклилиги 4,5%дан кам бўлиб, асосан ёпиқ, поли қия бўлган омборхоналарда сақланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |