3-§. Уруғларни корхонага қабул қилиш, юклаш
ва тушириш ишларини механизациялаш
Корхонага мойли уруғларни темир йўл, автомобиль ва сув транспортлари орқали келтирилади. Хозирги кунда темирйўл вагонларидан уруғларни тушириш механизми механик кураклар, вагон ағдариш ускуналари, инерцион машиналар, пневматик бўшатгичларда амалга оширилмоқда. Бундан ташқари уруғларни ташишда ўз-ўзини бўшатувчи вагонларидан фойдаланилмоқда.
Механик куракни ишлаш принципи (1.6-расм) курак-шит(1)ни уруғ массасидаги ҳаракатидан иборат. Механик курак вагонда ўйилган жой очилгандан сўнг ўрнатилади. Электродвигатель (3) ёқилади, шунда барабан(2)га ўралган эластик сим арқон тортилиб ишчи вагон ичига киради ва эшик тарафга юзланиб уруғлар орасига куракни ўрнатади (бўш юриш А).
Ишчи уруғни маълум қисмини шит билан қамраб олиб сим арқонни тортишни тўхтатади, лебёдка автоматик равишда ҳаракатга келади (ишчи юриш Б). Сим арқон барабанга ўралади ва курак уруғларни бир қисмини вагондан ташқарига туширади. Бу жараён вагонни тўлиқ бўшатилгунча давом этади. ВНИИЗ механик кураги билан тўрт ўқли вагонни 50-60 минутда бўшатиш мумкин.
Ускунанинг камчилиги, юк тушириш жараёнида ишчини чангли муҳитда бўлишидир.
Инерцион юк тушириш машинаси ИРМ-7нинг қўлланилиши, вагондан уруғларни тушириш вақтини 4-5 марта қисқартиради ва қўл меҳнатидан халос этади. Тебранувчи платформа(1)да (1.7-расм) рельслар ўрнатилган бўлиб, уларга бўшатиладиган вагон қисқичлар (2) билан қотирилади.
1.7-расм. ИРМ-7 инерцион бўшатиш машинасининг схемаси
Платформада жойлашган рельслар ҳар хил сатҳда ўрнатилган бўлиб, вагонни қиялик бурчаги 100 га тенг бўлади, бу эса вагон ичидаги уруғни тўкилишини таъминлайди.
Платформани тебраниш амплитутаси бўшатишнинг дастлабки даврида 35-40 мм ни, охирида эса 75-80 мм ни ташкил этади, баъзида эса 90 мм га ҳам етиш мумкин. Машина пульт (3) орқали бошқарилади. Машинанинг унумдорлиги 240 т/соат, юк кўтариш қуввати эса 90 т га тенг.
Пахта чигитини ташишда ўз-ўзини бўшатувчи вагонлардан фойдаланилади. Бу вагонларнинг поли бир-бири билан туташувчи иккита қия текисликдан иборат. Вагонни ён деворининг пастки қисми ошиқ-мошиқ орқали очилади. Вагонни бўшатиш жараёнида ишчи махсус ричаглар ёрдамида ён деворни очади ва уруғлар қабул қилувчи бункерга туша бошлайди. Зичлиги 0,5 т/м3 гача бўлган осон сочилувчан уруғларни ташишда ўз-ўзини бўшатувчи хоппер-вагони ишлатилади (1.8-расм). Унинг бўшатиш люкларини қопқоқлар (1) пневматик узатмали махсус механик ричагли механизм ёрдамида очилади ва ёпилади. Кузов ҳажми 150 м3 ни ташкил этади.
1.8-расм. Ўз-ўзини бўшатувчи вагон
Сочилувчан уруғларни ташишда ўзини-ўзи бўшатувчи цемент ташувчи вагонлардан ҳам фойдаланилади.
Вагонларни қўл билан ёки механик усулда бўшатишда катта миқдорда чанг ҳосил бўлади. Бўшатиш жараёнида пневматик бўшатгичлардан фойдаланилганда нормал санитар ҳолат таъминланади ва ишчи кучи сарфи тежалади.
Бу машиналарни ишлаш принципи қуйидагича: керакли йўналишда ҳаракатланаётган ҳаво сочилувчан материални ўзи билан олиб кетади. Ҳавонинг тезлиги маҳсулотни муаллақ ҳолатда ҳаракатланишини ва трубопровод бўйлаб керакли тезликда ўтишини таъминлаши керак. Учта пневматик системадаги: сўрувчи, ҳайдовчи ва аралаш транспортёрлардан ёғ мой саноатида асосан сўрувчи (С-559Х ва ТА-35) транспортёрдан кенг кўламда фойдаланилади.
Пневмотранспорт асосан ёғ заводларида пахта чигитини қайта ишлашда кенг қўлланилади. Чунки чигит 8% ва ундан ортиқ тукдорликка эга бўлиб ёмон сочилувчан бўлади. Шу сабабли вагонни қўл кучи ёки механик кураклар билан бўшатиш қийинчилик туғдиради.
Пахта чигити учун С-559Х русумли пневматик бўшатгични (1.9-расм) унумдорлиги 25-30 т/соат бўлиб, у ҳамма томони берк темир йўл вагонларидан пахта чигитини қабул қилувчи мосламага тушириш учун ишлатилади.
1.9-расм. Пахта чигитини пневматик бўшаткичи (С-559)нинг умумий куриниши
Кўчма пульт билан бошқариладиган ўзиюрар сўрувчи ускуна (4) вагон ичига киритилади. Юмшатгич (3) таъсири остида пахта чигити таровчи диск(1)га тўкилади ва у ердан сўрувчи сопло(5)га узатилади. Сопло олдида майдалагич (2) бўлиб, у уруғларни бир меъёрда аралаштириб туради. Бу эса ускунани оғзини тиқилиб қолишини олдини олади. Эластик металл енг (6) орқали уруғлар чўктириш камераси бункерини конус қисмига келиб тушади. У ердан секин ҳаракатланадиган шнек (12), патрубок (13) ва клапан (14) орқали омборга ёки қайта ишлашга берилади.
Ҳаво ўтказгич (10) орқали вакуум-насос(11)га берилаётган ҳаво чўктириш камераси(8)даги фильтрлар(9)да тозаланади. Системадаги қолдиқ босим 55,9-57,8 КПа га тенг.
40-50 т уруғ ўтказилгандан сўнг фиьтр йиғилиб қолган материалдан тозаланади.
Ёпиқ темир йўл вагонларидан кунгабоқар уруғини бўшатишда пневма ускунадан фойдаланилади. У вагондаги соплони масофадан туриб кўчириш имкониятига эга.
Пневмобўшатгич ўзиюрар сўриб олувчи ускуна, труба ўтказгич, бўшатгичциклон, шлюзли тўсқич, чанг ажратгич циклон, воздуходувка ва аэродинамик товуш пасайтиргичдан иборат. Пневмобўшатгичларнинг унумдорлиги 40-80 т/соат.
Ўзиюрар сўриб олувчи ускунанинг ишлаш принципи қуйидагича: уруғлар шнек орқали сўрувчи соплога берилади, у ерда ҳаво билан тортиб олиб трубопровод орқали бўшатгич циклонга узатилади.
Автотранспортдан уруғларни туширишда корхоналарда бўшатиш ишларини комплекс механизациялаш схемаси жорий қилинган. Схемага қуйидаги жараёнлар киради: уруғларни тортиш ва намуна олиш, уларни автомобил бўшатгичлар ёрдамида қабул қилиш бункерларига бўшатиш ва уруғ сифатига қараб вақтинча ёки доимий сақлаш ёки тозалаш ва қуритишга юбориш жараёнлари.
Уруғ ортилган автомобилларни бўшатишда автомобил бўшатгичлардан фойдаланилади. Улар стационар ва ўзи юрар бўлиши мумкин. Стациоар автомобилбўшатгичларга қуйидагилар киради: ТАП-2Ц, ГУАР-15М, ГУАР-30, ПГА-25М, БПШФ-2М ва бошқалар.
ГУАР-30 автомобилбўшатгичи якка автомашина, ярим прицепли ва битта ёки бир неча прицепли автомашиналарни бўшатиш учун мўлжалланган.
ПГА-25М ва БПШФ-2М автомобилбўшатгичлари бир вақтнинг ўзида машинанинг прицепи билан 25 т гача бўшатиш қувватига эга.
А-101 ва Н-108 ўзи юрар абтомобилбўшатгичлари корхоналарда миқдори унча кўп бўлмаган уруғларни бўшатиш учун ишлатилади.
Омбор ичидаги юклаш, тушириш ва транспортировка ишлари қуйидаги асосий операциялардан иборат:
Уруғларни қабул қилиш ускуналаридан омборга сақлаш учун ташиш ёки сақлашдан олдин ишлов бериш (қуритиш ва тозалаш);
Уруғларни битта силос ячейкасидан иккинчисига ўтказиш ёки ишлов бериш;
Омбордан уруғларни ишлаб чиқаришга бериш.
Замонавий омборлар бу ишларни механизациялаш учун стационар ускуналар билан жихозланган.
Уруғларни горизонтал ва қия йўналишда қўчиришда лентали, тишли транспортёрлар ва шнеклардан фойдаланилади. Вертикал йўналишда кўчиришда эса нориялар, редлер ва вертикал шнеклар қўлланилади. Аралаштириш учун пневматик транспортёрлар ва тишли транспортёрлар ишлатилади.
Мойли уруғларни очиқ майдонларда ва чайла типидаги омборларда омбор ичида ташиш ишлари учун ўзи юрар дон юклагичлар кенг қўлланилади. Улар узлуксиз усулдаги механик машина турига киради. Юклагичнинг қамраб олувчи органлари уруғ массасига кириб, машина кўзғалганда узлуксиз равишда уруғларни кўтариш ёки ташиш транспортёрига беради.
Қамраб олувчи органлар шнекли, дискли, ковушли, куракли ва комбинацион кўринишда бўлиши мумкин.
Универсал ўзи юрар юклагичларнинг кенг тарқалган турларига КШП-3, КШП-3М, КШП-4 лар киради. Охирги икки тури биринчисини базаси асосида яратилган бўлиб, унумдорлиги 75 т/соатга тенг. Улар аравага ўрнатилган икки занжирли ковишли нория, қамраб олувчи шнек ва узатувчи лентали транспортёрдан иборат.
Универсал МГУ юклагичи титгич билан жихозланган бўлиб, уни қийин сочилувчан уруғлар массасини ташишда қўллаш мумкин.
Ёғ-мой саноатида ўзи юрар автомобил ва трактор шассили дон юклагичлардан кенг фойдаланилади. Масалан, ЗПС-100-ЭШ, кўп ковушли Д-565, Т-166М донюклагичлари, бу турдаги юклагичлар босилиб зич бўлиб кетган уруғлар учун ниҳоятда самарали ҳисобланади. Ёғ-мой корхоналарида шунингдек ЗПН-60, БУ-60 русумли дон юклагичлар қўлланилмоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |