Ёғ-мой саноатининг ривожланиш тарихи
Ўсимлик ёғлари фақат озиқ-овқатга ишлатилмасдан, ундан халқ хўжалигининг турли бошқа соҳаларида ҳам кенг фойдаланилади.
Археологик ҳужжатлар Ғарб ва Шарқ мамлакатларида ўсимлик ёғлари ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланиш одамзодга қадим замонлардан буён маълум эканлигини кўрсатган. Тола ажратиш машинаси жин (джин) ихтиро қилинмагунча чигит ёғ олиш учун асосий хомашё сифатида ишлатилмаган. Пахтани жинлаш қўлланила бошлаб, чигит кўпайиб кетгач, уни саноат миқёсида қайта ишлаш зарурати туғилди. Дастлаб қурилган заводларда бир неча юз минг тонна пахта ишлатила бошлагач, чигит “чиқинди” тариқасида пахта заводи жойлашган шаҳар худуди ва темир йўл ёқаларини ифлослантириб юборди. Соғлиқни сақлаш нормаларини бузмаслик учун бунга қарши маҳаллий ҳукумат чигитни йўқотиш тўғрисида бир неча фармон чиқарди. “Чигит бало”сидан қутилиш энг зарур масалалардан бири бўлганлиги сабабли унинг мумкин қадар фойдали томонлари қидирила бошланди.
XIX асрнинг иккинчи яримларида Ўрта Осиёда ёғ заводи қуриш зарурияти пайдо бўлди. 1884 йилда Лахтин, Сагателев ва бошқалар Қўқонда ёғ заводи қурдилар. Аммо, маҳаллий ҳалқ пахта ёғини истеъмол қилмаганлиги ва уни бошқа мақсадларда ишлата олмаганликлари учун бу иш деярли натижа бермади. Хорват ва Югович 1893 йилда Каттақўрғонда ёғ заводи қуриб, 1896 йилда ўз махсулотларидан бўлган бир неча бидон ёғни Москвага жўнатдилар. Кейинги йили шу завод Москвага бир вагон ёғ юборди. Буни кўрган ишбилармонлар ёғ заводлари қуриш ишини жадаллаштириб юбордилар.
Секин-аста пахта ёғини истеъмол қилишга ўргана бошлаган маҳаллий халқ хам саноатнинг ривожланишига сабабчи бўлди. Тез орада пахта тозалаш заводлари ёнида 1-2 та пресси бўлган кичик ёғ заводлари қурила бошланди.
Ёғли уруғлардан ёғ олиш Шарқда қадимдан маълум бўлса ҳам унинг технологик жараёнлари ёзиб қолдирилмаган. Пахта чигити ҳақида XVII асрдаги Хитой архивида чигитни майдалаб ёғини олиб, майдаланган чигитни хўкизларга ем қилиб бериш ва олинган ёғ қора чироққа ишлатилиши ҳақида ёзиб қолдирилган. Россияда 1861 йил реформасига қадар ёғ ишлаб чиқарадиган катта корхоналар бўлмаган. Фақат ер эгалари хўжаликларида ёғочдан ясалган жуда оддий қўл пресслари ёрдамида зиғирдан ва кунгабоқар уруғидан ёғ олинар эди. Бундай майда “корхоналар” асосан Шимолий Кавказда ва Россиянинг Марказий қоратупроқли вилоятларида аста-секин ривожлана бориб, 1861 йил реформасидан сўнг, қўл пресслари ўрнига кичик чўян ва пўлат механик пресслар ишлаб чиқарилди.
Туркистон ўлкаси пахтачилик соҳасида қадим замонлардан буён дунёга машхур. Иқлим, ер-сув шароитининг қулайлиги сабабли пахтадан мўл ҳосил олиб келинган. Деҳқонлар пахтанинг бир қисмини шахсий эҳтиёжларини қондириш учун ип, бўз, газлама тайёрлашга олиб қолиб, кўп қисмини савдогарларга сотганлар, ўлкада пахта тозалаш корхоналари бўлмаганлиги сабабли пахта чигитдан ажратилмаган холда чет элга чиқарилган, фақат қисман чигит қовун, тарвуз уруғи, кунжут, зиғир ва мева данаклари билан аралаштирилиб, ёғ олиш учун мойжувозларда ишлатилган, холос. Бундай ёғ зиғир ёғи деб аталган.
Фақат фарғона водийсида 4300дан ортиқ мойжувоз бўлган, чор ҳукумати Туркистонни босиб олгач, пахта ҳосили кўплаб четга олиб кетилиб, унинг ўрнига тайёр газлама келтириб сотиш кенг йўлга қўйилди. Лекин пахтани чигити билан ташиб юришдан фойда камлиги сабабли Туркистонда бирин-кетин пахта заводлари қурила бошланди. 1884 йилда Қўқон шаҳрида саноат ахамиятига эга бўлган биринчи ёғ заводи қурилиб, маҳсулот бера бошланди. 1917-1918 йилларда бутун Ўрта Осиёда 150та прессга эга бўлган 40дан ортиқ ёғ заводи бўлиб, шулардан 19таси (105та пресс) Фарғона водийсида жойлаштирилган эди.
Ўзбекистонда, асосан, ёғ-мой саноати 1924 йилдан бошлаб ривожлана бошланди. Эски ускуналар янги аппарат ва жиҳозлар билан ва эски технологик режимлар илмий равишда асосланган режимлар билан алмаштирила бошланди, чигитни намлаш, автоматик тарозилар ўрнатиш, чигит тозалайдиган янги машиналар, гуллер, сепаратор, вальцовка ва механик принципда ишлайдиган кунжара қирқувчи ва салфеткани кунжарадан ажратувчи машиналар ўрнатиш ишлари авж олиб кетди.
Эски заводларни янги машина ва ускуналар билан жихозлаш ва уларни қайта қуриш ишлари билан бир қаторда, янги ёғ заводлари қуриш ишлари ҳам бошлаб юборилди. 1922 йилда Янгийўл ёғ заводи қурилди, бу Ўзбекистонда қурилган биринчи катта ёғ заводи эди. 1930 йилда Фарғона шахрида 24та гидропрессли ёғ заводи ишга туширилди. 1934 йилда ёғ саноатида экстракциялашни қўллаш ҳақида ҳукумат қарор қабул қилди. Шунга кўра, 1936 йилда Каттақўрғонда экстракция заводи ишга туширилди.
Ўзбекистонда ёғ-мой саноати илғор ишчиларнинг ташаббуси билан 1935/36 йиллардаёқ ўрта ҳисобда ҳар бир 16 плитали гидропрессга бир кунга мўлжалланган чигит нормаси 14,5 т дан 23-25 тоннагача етказилди. Шу билан бир қаторда кунжара ва шулҳа таркибида йўқоладиган ёғ миқдори анча камайтирилди. Ёғ-мой саноатининг ана шундай ўсишига қарамай, пахта майдонларининг кенгайиши ва пахта заводларининг кўпайиши натижасида Ўзбекистон ёғ-мой саноати ҳамма чигитни қайта ишлаб улгура олмай қолди. Шунинг учун ҳам неча минглаб тонна чигит Россияга ва бошқа давлатларга юборилиб, чигитни ишлашга мослашмаган заводларда қайта ишланар эди.
1943-46 йилларда кичик-кичик ёғ заводлари – Алимкент, Денов, Ғиждувон, Хўжайли, Хива, Манғит, Қўнғирот ва Чимбойда заводлар қурилиб, ишга туширилди. Кейин Қўқон, Учқўрғон, Бухоро ва Қарши шаҳарларида экстракция ва экспеллер заводлари қурилди. Шундан кейин пахта заводлари берадиган ҳамма чигит республикамизнинг ўзида қайта ишланадиган бўлди.
1945-1956 йиллларда барча ёғ заводларида шнекли 846та пресс ўрнатилди. Республика ёғ заводларининг бир кунлик чигит ишлаш қуввати 6 минг тоннадан ортиб кетди.Натижада ёғ ишлаб чиқариш 2,8 марта ошди.
Озиқ-овқатга ишлатиладиган ёғ ва техника мақсадлари учун ишлатиладиган мой маҳсулотларига бўлган талаб ортганлиги учун заводлардаги гидропресслар узлуксиз равишда ишлайдиган экспеллерга алмаштирилди. Кўп махсулот берадиган Андижон, Асака, Фарғона, Янгийўл ва бошқа заводларда экстракциялаш ускуналари ўрнатилди ва ишга солинди.
Do'stlaringiz bilan baham: |