www.ziyouz.com кутубхонаси
289
ташаббусни қўлга олди: Лонг-Айлендда биттадан оилаларга мўлжалланган енгил уйларни
қурилиши, капиталнинг ўртача рақами, фоизлар, шарт-шароитлар, ер участкаларини
молиялаштириш кабилар ҳақида тинимсиз гапиришга тушди. Машиналар билан тирбанд
кўчаларда ўн дақиқадан ортиқ йўл юриб, овқатланиш вақти етгунча “Клуб”га етиб келдилар.
— ... ва унинг капиталини савдони кенгайтириш учун озод қилади, — дея ҳамон валақлар
эди Палмер. Ниҳоят у: — О, мана, етиб ҳам келдик. Шу ерда, тўхта, Жимми, — деб ҳайдовчига
мурожаат қилди.
Улар роппа-роса ўн иккию ўттизда машинадан тушдилар, шошилганча, эски фойедан ўтиб,
жимгина каттакон шалоғи чиққан лифтга чиқдилар. Кутиш залида Палмер хизматчига
шипшиди:
— Генерал Хейгеннинг столига.
Хизматкор жилмайди ва уларни бошлаб кирди. Палмер орқада келаётган Гаусснинг
тўнғиллаганини эшитди:
— Ҳа, мен ҳақ эканман.
Хейген Палмерга бош ирғади ва Гауссга мурожаат қила туриб ўрнидан қўзғалди.
— Доктор, сизни яна кўрганимдан мамнунман, — деди у ўзини катта тутиб.
Улар стол атрофига ўтирдилар. Палмер кўнглида Хейгендан мамнун бўлди. Гаусс илмий
унвонини айтиб мурожаат қилишганда жуда роҳатланарди.
— Генерал, мен ҳам мамнунман, — жавоб берди у.
Улар ўтган кунларни хотирлашга берилдилар: Хейген Гаусснинг урушдан кейинги
фаолиятини мукаммал билиши билан ҳаммани ҳайратга солди. Палмернинг эътиборини бошқа
нарса жалб этди. У яқин-атрофдаги столларга разм солди. Иккита даллол уларни ошкора
қизиқиш билан кузатиб турарди. У нигоҳи билан бутун хонани кезиб чиқди. Лумиснинг
бурчакдаги столи бўш турар, бироқ ёнидаги столда Арчи Никос хаёл суриб, қандайдир
ичимликни секин ичиб ўтирар, унинг ёнидаги столда эса икки банкир намойишкорона
суҳбатлашишарди.
Палмер кулимсиради. Хейген ҳамиша бир йўла камида икки йўналишда фикрлай олиши
билан ажралиб турарди. Палмер официант келаётганини кўриб, таомномани қўлига олди.
— Қовурилган қилич балиқ ейсизларми? – сўради у ўтирганлардан. Улар хотираларини
сўзлашдан тўхтаб, Палмерга ўгирилишди.
— Бугун душанба, Вуди, — қуруққина жавоб берди Хейген. – Ўйлайманки, бугунги
учрашувимиз тансиқ филе миньонга арзийди. Нима дедингиз, доктор?
— Албатта. Ажойиб.
— Чамаси, биз тил топишяпмиз, Вуди, — деди, кейин Гауссга қараб сўради: — Тезроқ
бошлай оласизми?
Бу пайтда ресторан залига одам тўлиб кетганди. Эртароқ келганлар кетиб, улар ўрнини
бошқа даллоллар ва банкирлар эгаллади. Эдди Хейген ва Жет-Технинг илмий ишлари раҳбари
бирга ўтириб узоқ суҳбатлашгани ва овқатлангани ҳақидаги гап Уолл-стритда шов-шув бўлади.
Энди дўстона қўл қисишиб хайрлашаётганларини ҳаммага намойиш этиб, пардани ёпиш вақти
келди.
Палмер соатига кўз ташлаб, хитоб қилди: — Жин урсин, генерал, мен бу одамга ўн беш
дақиқадан кейин вертолёт бекатига қўйиб келаман деб ваъда бергандим. Иложи бўлармикан?
Хейген жилмайиб, ўрнидан турди. У атайлаб қулочини шундай кенг ёздики, Палмер ҳатто
қўрқиб кетди.
— Доктор, — деди Хейген қўлини немисга узатиб, — Мени нархи қизиқтирмайди. Бироқ
биринчи бўлиб қиладиган ишингиз гравитацияга қарши анави нарсангизни қуриш. Мен уни
кўришим керак.
— Албатта кўрасиз, — ваъда берди Гаусс яшнаб.
— Ўшанда битим тузамизми?
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |