Банкир (роман). Лесли Уоллер
www.ziyouz.com кутубхонаси
1
Лесли УОЛЛЕР
БАНКИР
Роман
Биринчи боб
Кун охирида қуёш чўғдай қизарди. У
худди аланга олиб, ўз оловида ёниб кетадиганга
ўхшарди. Тезда уфққа ёнбошлаб, каҳрабо нурлари билан Лонг-Айленд-Саунд бўйлаб бир-
бирини қувлаётган тўлқинлар ўркачидаги кўпикларга санчилди.
— Шамол авжига чиқаяпти, — деди Палмер кекса яхтачига қараб.
— Ташвишланадиган жойи йўқ, — дея жавоб берди қария. Бошқарувни Палмерга
топшираркан чаққонлик билан арқонни грот-мачтага тортиб маҳкам боғлади.
Палмер қариянинг қаддини ростлаб, бошини сал қийшайтирганча шамол шиширган кема олд
елканини кузатаётганига қараб турарди. Чолнинг бақувват танаси тўлқинлар тебратаётган яхта
билан бирга у ёқдан-бу ёққа бориб келарди.
— Ўнгга буринг, — деди у Палмерга. — тўғри соҳил минорасига қараб ҳайданг.
Бэркхардт унга умуман қарамаётганини унутган Палмер бош ирғаб қўйди.
«Қария кун бўйи мени кузатаётганини билдирмади-я», — деб қўйди ўзича Палмер. Ҳолбуки,
Беркхардт бундай сайрга ягона мақсад — Палмерни шахсан синаб кўриш учун таклиф этганди.
— Каналнинг этаги — Минорадан чапда, — деди Бэркхардт.
У қайрилиб қаради ва мовий кўзлари Палмернинг юзига тушди.
— Тўхташ
жойига юравер, — деди қария ва юзини ўгирди. Энди Бэркхардт кема тумшуғи
елкани соясида эди, трубкасини олиб унга тамаки жойлай бошлади. Шу дамда уни дунёдаги
ҳеч нарса қизиқтирмаётгандек эди.
Қирғоқдан эсаётган шамол эса борган сари кучайиб борарди.
Палмер яхтанинг силкиниб,
олдинга энгашганини ҳис қилди. У шошганича рулни айлантирадиган дастакни бўшатди, мачта
аста-секин тик ҳолига қайтди.
Соҳилга етай деганда яхтани чўктириб юбориш ажойиб сайру саёҳатнинг муваффақиятли
якуни бўлиши мумкин эмас, — деган қарорга келди Палмер. Агар Бэркхардт сузишни истамаса,
майлига, ихтиёрида эртанги кун бор ҳали. Ҳарҳолда, қария ўзининг шанбалик ҳордиғини
бузмоқчи эмас.
— Энди анқайма, кўзингга қара,— бақирди Бэркхардт. — Рулни ўнгга бур ва ҳайдайвер.
Палмер «хўп» дегандай бош ирғади. У сайрнинг энг нозик палласи бошланганини ҳис
этганди. Палмер ўз ишининг аҳволи Чикагода Бэркхардт идораси томонидан жиддий текшириб
чиқилганига шубҳа қилмасди. Унинг оилавий аҳволи ҳам қарияга яхши маълум эди,
миссис
Бэркхардт эрталабки нонушта пайти яна қандайдир далилларни аниқлашга уриниб кўрди.
Бироқ, айнан ҳозир, худди шу дақиқада, унинг шахсий фазилатлари ўрганилмоқда.
— Тўғрилаб қўя қол! — бақирди Бэркхардт.
Палмер: «хўп бўлади, сэр» демоқчи бўлиб оғиз жуфтлади-ю, ўйлаб кўриб, индамай қўя
қолди. У румпелни1 маҳкам ушлаб, яхтани тўғри портга ҳайдади. Грот-мачтадаги елкан
шамолда шишиб, яхта шиддат билан олға интилди.
Соҳил аниқ кўрина бошлади. Палмер кузатув минорасидаги қизил
калта иштон кийган
денгизчининг қиёфасини аниқ кўра бошлади. Яхта шитоб билан соҳилга қараб борарди.
Палмер иккита йўл-йўл соябонни ва дамлама солни кўрди, лекин канал этагига кириш йўлини