www.ziyouz.com кутубхонаси
5
нимадир бор эди ва худди ана шу нарса Палмерни унинг орқасига боплаб тепки туширишга
ундарди. Худди отаси билан бўлгани сингари ўзини ҳамиша исканжада тутиб туриш—йўқ,
Палмер бунга асло кўнмайди.
Бэркхардт кулиб юборди. Шунча вақт ичида бу унинг биринчи бор кулиши эди.
— Вуди, — деди у, — оилада кенжатой бўлганингни ҳисобга олиб, отанг сен билан жиддий
шуғулланган деб ҳисоблайман. Гарчи сен, эҳтимол, буни қадрламасанг ҳам. — У қўлини
силкиган эди, стаканидаги муз парчалари шиқирлаб кетди.
— Сен ўзинг бизнинг биринчи бор учрашганимизни эслайсанми?
— Чикагодами?
— Уиннеткда, сенинг отангникида, — деди Бэркхардт. — Бу турғунликдан икки йил олдин
бўлганди. Буванг ҳали тирик эди. Ўшанда неча ёшда эдинг? Ўн бирдами?
— Ҳа, шундай.
— Ўшанда ҳаммаларинг бирга яшардингиз. Онанг, аканг Хэнли ва сен. Аканг Хэнли тирик
эди. Жуда қизиқувчан бола эди-да. Сен бўлсанг, негадир одамлардан ўзингни олиб қочардинг.
Булар ҳаммаси яхши эсимда. Биз отанг билан молиявий тангликдан кейингина, йигирманчи
йиллар охири, ўттизинчи йил бошларида қайта учрашдик. Бу пайтга келиб у онанг билан
ажрашган эди.
— Ҳа, тўғри.
— Хэнли ўшанда неча ёшда эди? Ўн бешда, — фикрини овоз чиқариб айтгандай деди
Бэркхардт. — У жуда эътиборли ва садоқатли фарзанд эди. Ёзги таътил пайтлари у банкда
ишлай бошлаганди. Сен бўлсанг, менингча, унинг қизиқишларига мойил эмасмидинг, тўғрими?
Палмер дарҳол жавоб бермади. Бэркхардт жуда синчков эди, бироқ кекса Палмер ва унинг
ўғиллари ҳақидаги ҳақиқатни билишга ҳеч ким муваффақ бўлолмаганди.
— Ҳа, мен бу билан анча кейинроқ қизиқа бошлагандим, — минғирлади Палмер.
У қариянинг нима дейишини билишни истарди. Чол у ҳақда нималарни биларкан? Ҳозир
Бэркхардт унинг сиймосида содиқ ва меҳрибон фарзандни, отасининг жонкуяр ворисини
кўришни истарди.
— Сени ҳамиша бошқа нарсалар қизиқтирарди, — таъкидлади Бэркхардт. — Эсимда, ўшанда
сен бу ерда, шарқий соҳилда қандайдир воқеага аралашиб қолгандинг. Бу Рэдклиф ёхуд Смит
коллежидан бир қиз билан боғлиқ эди афтидан?
Палмер чўзиб тиржайди.
— Бу сиз қайси воқеани назарда тутяётганингиз билан боғлиқ.
Беркхардт кулди. Бу унинг иккинчи бор кулиши эди.
— Кейин эса, — давом этди у, — уруш вақтида сен бир неча бор ўлимдан қолдинг. Махсус
хизмат топшириғимиди?
— О, унчалик эмас! Оддий ҳарбий топшириқ эди.
Бэркхардт бир неча дақиқа трубкасини сўрганича жим ўтирди.
— Балки урушдан кейин, уйингда жойлашиб, ўз ишнинг билан шуғуллана бошлагач, анча
енгил тортгандирсан?
Палмер шошмасдан вискини ичишда давом этди. Хавфли дамлар ўтиб кетди.
— Ҳа, албатта, — у ёлғон гапирди.
— Мен бўлсам, сени ҳамон ўн бир ёшли, юввош, ўз ҳаётий қарашларига эга болакай
сифатида эслайман.
— Мен ҳали ҳаётга ўз қарашлари бўлмаган бирорта ҳам ўн бир ёшли болакайни учратганим
йўқ.
— Сен ўшанда Хэнли ёрдамида Линдберг самолётининг моделини ясагандинг, худди
ҳозиргидек эсимда: каттакон модел, жин урсин, узунлиги қарийб бир метр келарди. Сен ўз
қурилмангда олис-олисларга учиб кетаман деб туриб олгандинг, ўша жойни эса Ки-бер-Пасс
деб атагандинг.
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |