www.ziyouz.com кутубхонаси
3
— Эплайди, албатта. — Палмер нафасини ростлаб олди: қиялик борган сари тикка
кўтарилиб борарди. — Вуди, катта ўғлим ёрдам беради. У ўн беш ёшга тўлди.
— Ўғилларинг иккита эди, шекилли?
— Ўғиллар иккита, яна қизим Жерри ҳам бор. — Буларнинг ҳаммаси Бэркхардтга яхши
маълум эканига Палмер шубҳаланмасди. Лекин нега энди ўзини билмасликка олаётганини
тушуниб бўлмасди. — Ҳадемай у ҳам ўнбир ёшга тўлади, — давом этди Палмер, — у Вудидан
кейин, иккинчи бўлиб дунёга келди.
Бэркхардт энди индамай борарди, Палмер бирдан тушунди, қария нафас олишга
қийналаётганини яширишга уринарди. Аста-секин йўл текисланди, улар дўнгликнинг энг
тепасига кўтарилишди. Бэркхардтнинг ҳашамдор уйи улар олдида намоён бўлди. Ботаётган
қуёш нурида уйнинг зангори қопламаси яшилроқ кўриниб кетди.
Қурилиш услубининг ҳашамдорлигига қарамай, уй яхши таассурот қолдираркан деб ўйлади
Палмер. Марказий иншоот икки қават ҳамда бўй-басти бўйича устунли пешайвонга эга эди.
Ўнг қанотда, афтидан, истиқоматгоҳлар, чапда эса хонадондан уй ортидаги боққа тўғри олиб
чиқувчи йўлак билан чегараланган эди. Иморатнинг умумий кўриниши, айниқса, ҳайратга
соларди...
— Мен сендан бу ҳақда сўраган эдим, — нафасини ростлаб олган Бэркхардт унинг фикрини
бўлди. — Борди-ю, Нью-Йоркда яна бир неча кун қоладиган бўлсанг, бу сенинг оилангни қийин
аҳволга солиб қўймайдими?
— Улар бунга аллақачон кўникиб қолишди.
Бэркхардтнинг кичик-кичик, аммо ўткир кўзлари ўша заҳоти у томонга қадалди. Лекин
Палмер нигоҳини аллақачон четга бурганди.
— Отанг пайтида у ёқ-бу ёққа бориб туришга тўғри келмасди, шекилли?
— Уруш бошлангач, вақт-вақти билан боришга тўғри келарди.
— Гаровга нарса қўйиш муносабати биланми? — қизиқди қария.
— Аввалига бу мол-мулкни баҳолаш билан боғлиқ бир иш эди, — деди Палмер. — уруш
тугагандан кейин эса, мана, икки йилдирки, мен бутунлай бошқа иш билан бандман. Биз қарз
берамиз... — унинг овози ўчди, бирданига бу майда-чуйда гаплар қария учун зерикарли
эканини англаб қолди.
— Менинг билишимча, сен бир вақтлар Кредит бошқармасида ишлардинг.
— Ҳа, уруш олдидан. Жуда оз ишлаганман. 1950-1951 йиллар оралиғида, — қўшимча қилди
Палмер, — мен тижорат қарзи билан боғлиқ ишларда қўл қабартирганман.
— Сенинг отанг банкир ҳамма нарсани билиши керак, деб ҳисобларкан, шу ростми?
Бэркхардт бирдан тўхтади, тарошланмаган тошдан тикланган деворни суяб турувчи
устунлардан бирига қараб қолди.
— Қандайдир ярамас, — деди у оҳиста, — чириган олма отган экан. Гўё каптарлар йил бўйи
шу ерга ўтириб, мана шу устунни ахлати билан бежаб ташлагандай.
— Олма юқини сув билан ювиб кеткизса бўлар деб ўйлайман.
— Йўқ, мумкинмас, қуриб кетсин! Олма кислотаси куйдиради, уни кетказиб бўлмайди. У
тошни оқартиради, — тўнғиллади қария. — Қум билан ишқалаш керак, шекилли! — Қария
бошини чайқаганича бурилди-да, уйига қараб юрди. — Сен, шунингдек, матбуот ва реклама
масалалари билан шуғулланардинг-а?
Палмер бу саволми ёки тасдиқлаш эканини унча тушунмади.
— Ҳа, шундай бўлганди, — дея жавоб берди у қариянинг сўзи оҳангида.
— Бундан ўн беш йил бурун, — деди қария, — отанг рекламанинг аҳамиятини, матбуот
билан мустаҳкам алоқа ўрнатиш зарурлигини яхши тушуниб етганига ишониш қийин. Аммо,
шуни тан олиш керакки, отанг сени бу соҳага яхши тайёрлади. Ҳозирги пайтда банк билан
матбуот алоқасини амалга ошираётган арбоблардан айримларигина банкнинг амалий
жараёнларига тушунади. Буларнинг аксарияти журналистлар, реклама бўйича вакиллардир.
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |