www.ziyouz.com кутубхонаси
285
Олтмишинчи боб
Палмернинг хаёлида кейинги қирқ саккиз соат одатдагидан анча чўзилиб кетганга ўхшади.
Бироқ узоқдек туюлган бу вақт давомида у ўзига сиртдан қарай олмади. Иккинчи давр
шунчалик кўп қисмлардан ташкил топган эдики, ўйлаш учун фурсат ҳам қолмаганди. Палмер
ишни тез битириш учун тинимсиз олға интилар, наридан-бери ухлар, вақтни ўз иш режасига
мослаштиришга уринар эди. Кейинроқ, таҳлил қилиш имкони туғилганда у бу фаолликка сабаб
бўлган ягона аниқ гувоҳни топиб олди: бу, асосан, шаҳарлараро телефонда сўзлашув учун 300
доллардан кўпроқ тўлов қоғози эди.
Эдиснинг қистови билан шунба куни у тушликдан кейин соат қўнғироғини оқшомги 19 га
қўйиб, ухлагани ётди. Айни шу вақтда – ўрта Ғарбда соат 18 бўлганда уйғониб, Чикагога
қўнғироқ қила бошлади.
У гаплашганларнинг кўпчилиги уйида ёки бошқа бирор жойда овқатланишга тайёргарлик
кўришмоқда эди. Уларда Палмернинг гапларига қизиқиш уйғонарди-ю, мулоқотга вақтлари
йўқ, яъни улар Палмер ўйлагинидек, осойишта руҳий ҳолатда эдилар. Улар қаёққадир
шошишар, муаммоларни майда-чуйдасига муҳокама қилишни хоҳламас эдилар...
— Билл (Жек ёки Фил, биргал Жиббзи), — дерди Палмер, — эсимда. Сен ўтган йили июнь
ойида Жет-Технинг акцияларини сотиб олган эдинг. Сенда акция кўпми?
Берилган жавобга қараб, гап-гапга уланар ва Палмер моҳирлик билан нишабни ўзига зарур
томонга бурарди. Суҳбатдошида Жет-Тех акциялари деярли йўқ бўлса, Палмер енгил нафас
олиб, уни табриклар ва эртага, биржа очилгандан кейин ёки узоғи билан сешанба куни катта
кўнгилсизликлар бўлишига шама қилиб, иложи борича гапни қисқа қиларди. Агар
суҳбатдошида айтилган акция кўп бўлса, Палмер фикрини очиқроқ айтарди. Яъни ҳаяжонли,
беъзовта овоз билан хизмат мажбурияти бўйича бу гапни сир сақлаш лозим бўлса ҳам
дўстликни юқори баҳолашини билдириб, ноаниқ, ғалати шамалар билан дўстининг кўнглига
ғулғула соларди. “Мен хусусий акцияларимни душанба куни, биржа очилгандан кейин сотаман”
бу галги суҳбатнинг ҳал қилувчи қисми шундай тугар, “чунки сешанба куни тушликдан кейин
уларни энг арзон баҳога сотиш ҳам ушалмас орзу бўлиб қолади”, деб қўшиб қўйишни
унутмасди.
Палмер шанба куни Чикаго вақти билан кеч соат ўнларда телефондаги суҳбатларини
якунлади ва вақт эндигина оқшомги етти бўлган Ғарбий қирғоққа навбат етди. Кечки ўн бир
яримгача бу томонга қўнғироқ қилди. Кейин яна Вашингтон штатидаги Паско меҳмонхонасига,
Жейннинг аллақачон бирорта қизиқ китобини ўқиб, дам олаётган эрига қўнғироқ қилди. Бироқ
меҳмонхона хизматчиси номерда ҳеч ким йўқлигини айтгач, Палмер буюртмани қолдиришни
сўради.
Тунги соат бирларда Эдис уни уйқуга ётишга кўндирди. Бироқ тонгги соат тўртда телефон
қўнғироғи жиринглаши билан ўрнидан сакраб туриб, гўшакни олди.
— Йўқ, Тим, ҳеч нарса бўлгани йўқ. Буюртма қолдирганим учун кечир. Бу – менинг хатоим. У
ёқда соат неччи? Тунги бир?
— Вудс, бор, ётиб ухла ёки жин урсин, ҳар қанча гапинг бўлса ҳам гўшакни жойига қўй.
Ҳолдан тойган Палмернинг ҳозир бирорта саволга жавоб беришга мажоли қолмаган эди.
Бироқ сирли “Уотан” сўзи охир-оқибатда бир дунё жумбоқларни келтириб чиқаради. Палмер бу
саволларнинг бирортасига мажбуран жавоб бермоқчи эмас эди.
Бироқ энг муҳим иш Бернсга қўнғироқ қилиш якшанба кунига қолдирилган бўлиб, Палмер бу
қўнғироқни иложи борича кечроқ, тунда қилмоқчи эди. Куннинг иккинчи ярмида анча вақтини
у суҳбат ўтказиш учун турли йўлларни танлаш билан ўтказди. Ва Ниҳоят Палмер қўнғироқ
қилди. У билан суҳбатдан кўзда тутилган қаршиликлар анча камлигини сезиб, жуда мамнун
бўлди.
— ... Жағингиз тузукми деб сўраш учун қўнғироқ қиляпман.
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |