www.ziyouz.com кутубхонаси
2
сира илғай олмади.
— Канал этаги минорадан ўнгдами? — бақирди Палмер.
— Ўнг борт томонда! — жавоб берди Бэркхардт.
Палмер тишларини ғижирлатди. Қария, шубҳасиз, имтиҳон варағимга баҳолар қўя бошлади,
ўйлади у. Бу баҳолар, афтидан, унча муҳиммас.
Соҳил даҳшатли тезлик билан Палмерга қараб бостириб кела бошлади. Юраги ташвишли
оҳангда, гурсиллаб урарди. Минора, болалар, соябонлар, чўмилиш хоналари, балиқчи
қайиқлари — ҳаммаси кафтдагидек кўриниб турарди. Фақат каналнинг этаги кўринмасди.
Мичиган кўлида, якка мачтали елканли кемаси ёки ота-онасининг қирқ метрли яхтасида у
ўзини мутлақо эркин тутарди. У ерда мўлжал ва масофа таниш бўлганидан, ҳатто мана шундай
шитоб кетиб бораётган яхтани тўхтатиш унинг учун одатдагидай таниш, ёқимли иш эди. Бу
ерда, нотаниш сувларда эса, яхтани тўхташ жойига етказиш азоб-уқубат.
— Худди шундай бошқаравер! — қичқирди Бэркхардт.
Палмер румпелни қўйиб юборди, қайиқ оҳиста бурила бошлади, шамолдан шишиб турган
елканлар шалвираб қолди. Тўсатдан чўккан сукунатда Палмернинг рўпарасида қоялар тўсиб
турган кириш каналининг этаги пайдо бўлди.
— Яхтани каналга олиб кир, — деди Бэркхардт.
Лекин қайиқ йўналишдан чалғиган эди. Палмер яна елканларни енгилгина тортиб,
йўналишни оҳиста тўғрилаган ҳолда қайиқни каналнинг тошлоқ этаги орқали соҳилнинг сокин
сувларига олиб кирди. Ўнг томонда, бир неча юз ярд2 масофада Бэркхардтнинг қайиқлар
саройи — шамоллар шиддатида ҳилпираб турган қизил вимпелли мўжазгина иншоот кўзга
ташланарди. Мазкур сарой нимаси биландир Кейп Коднинг миттигина аксини эслатиб турарди.
Эҳтимол, Бэркхардт ҳозир шу уйча ҳақида гапириб қолар, деб ўйлади Палмер. Лекин ўша
заҳотиёқ қария яхтага оид барча ташвишларни унинг ўзига ташлаб қўйиб, трубкасини қўллари
билан шамолдан тўсиб ўт олдиришга уринаётганини ҳис этди.
Палмер кутилмаган дадиллик билан елканларни яна шамолга тўғрилади. Қайиқ тўхташ
жойига қараб сузди. Агар у мени шу тариқа синаб кўраётган бўлса, ўйлади алам билан Палмер,
сайримиз сўнгига бориб юраги тўхтаб қолса, ўзидан кўрсин.
Яхта тўғри тўхташ жойига қараб борар, бандаргоҳ кўринишлари йириклашиб ва яқинлашиб
келарди. Фақат энг сўнгги дақиқалардагина Палмер румпелни кескин айлантирди, қайиқ ўнг
бортга қараб бурилди. Елканлари туширилган яхта тезлигини пасайтирди, йўналишини сал
ўзгартирди. У ҳаракатдан қарийб тўхтаган кўйи арқон боғланадиган қозиқларга тақалиб борди.
— Яхши эпладинг, — деди қария.
У ўрнидан турди, арқонни қўлида ушлаганича чаққонлик билан причал3 томон ўтди-да,
арқонни устунга илди. — Мен ҳам худди шундай қилган эдим. — қўшиб қўйди тахта тўшамали
причалга сакраб ўтаркан. — Вуди, қани, менга арқоннинг учини ташлаб юбор-чи. Кейин шағал
тош тўкилган, бош бинога олиб борувчи узун йўлак бўйлаб аста юриб кетди. У йўл-йўлакай
свитерини ечиб елкасига ташлаб олди.
— Кечга бориб салқин тушади, — минғирлади у.
— Августнинг охири, ахир, — нима ҳам қилардик. — Палмер кўз қири билан улкан эманга
нигоҳ ташлади. Ундаги биттагина япроқ ҳам бандидан узилиб, ҳавода айлана-айлана йўлакка,
уларнинг оёқлари тагига тушди.
— Одатда, байрам кунлари шаҳарга кўчиб ўтамиз. Эдис болалар билан ҳали келганича йўқ.
Бу сафар улар мен қайтиб боргунимча кутиб туришади.
— Шундай қарорга ўзинг келдингми ёки хотинингми?
— Ўзим.
Улар анчагача индамай қияликдан кўтарилишди.
— Борди-ю, сен Нью-Йоркда бирор ҳафта ушланиб қолсанг-чи? Нима деб ўйлайсан, сенинг
ёрдамингсиз бу ёққа кўчиб ўтишни эплармикин?
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |