www.ziyouz.com кутубхонаси
8
— Хўп бўлади, сэр. Агар сизга тамаддинома керак бўлса, у ёзув столи тортмасида, сэр.
— Раҳмат, нонушта қилганман.
— Ихтиёрингиз, сэр.
Хизматчи ортидан эшик шовқинсиз ёпилди.
Палмер каравотга ўтирди. У катта чамадондан буюмлар олиниб, унинг уч кун йўқлиги
пайтида жавон токчаларига тахлаб қўйилганлигини сезди. Иккита костюми дазмолланиб,
девордаги жавонга илиб қўйилибди. Палмер у ҳали Нью-Йоркда эканлигида яна нималар
қилиши кераклигини эслашга уриниб кўрди, бироқ сафарнинг асосий мақсадига эришилгани
туфайли, энди нима қилиши кераклигини билолмасди.
«Юнайтед бэнк»нинг вице-президенти! Палмер ёстиққа бош қўйиб, каравотга рўй-рост
чўзилди. Кекса молия корчалони ўз банкининг қудрати ҳақида гапирганда муболаға
қилмаганди. Шубҳасиз, мамлакатнинг энг қудратли молия пишанги унинг қўлида эди. Чунки
«Фёрст нешнл сити бэнк» ва «Бэнк оф Америка» сингари йирик банклар унга нисбатан иккинчи
даражали ўринни эгаллар эдилар.
Қизиқ, «Юнайтед бэнк»нинг аввалги вице-президентлари шу лавозимни эгаллаганларида
неча ёшда бўлган эканлар, дея ўйларди ётганича Палмер. Эллик беш ёшдами? Ёки олтмиш
ёшда? Палмер кўзларини юмиб ўзича тасаввур қилмоқчи бўлди: бир ойдан сўнг молиявий
хабарлар бўлимида:
«Юнайтед бэнк» 44 ёшли Палмерни вице-президент лавозимига тайинлайди» деган хабар
босилса, газеталар қандай сарлавҳалар билан чиқаркан?
Чикаго газеталари бу эълонни хушхабардай ёритиши турган гап:
«Вудс Палмер-кичик «Юнайтед бэнк»нинг вице-президенти қилиб тайинланди. Ушбу
лавозимда Палмер ўтмишдошлари ичида энг ёшидир».
Эшик оҳиста тақиллади.
— Киринг, — деди Палмер ўрнидан туриб ўтираркан.
Югурдак негр кирди.
— «Чикаго трибюн», сэр, — деди у. — Яна «Уолл-стрит жорнэл». — у бир пас жим турди-да,
қўшиб қўйди: — «Трибюн»ни эндигина тушира бошлашди, «Коммодор Вандербилт» отели
учун, сэр. Гранд Сентралда ошнам бор, ҳар куни эрталаб у менга биттадан газета олиб келади.
— Жуда соз, — деди Палмер. У чойчақа учун шими чўнтагига қўл солган эди, негр бола
чойчақа кутиб ўтирмади, фақат Палмерга бош ирғаб, бурилди-да, хонадан чиқди.
Бир ўзи ёлғиз қолгач, Палмер газетани қўлига олди-да, саҳифаларни бирин-кетин
шошмасдан варақлай бошлади. Унинг эътиборини автомобилнинг янги модели рекламаси
тортди. Автомобил ёнида чўмилиш кийимидаги қиз тасвирланганди. У расмга қараб, бир зум
қотиб турди, сўнг газетани қўлидан ташлаб юборди. Газета каравотдан сирғаниб, ерга тушди.
У телефон гўшагини кўтарди.
— Мени Уотервлит билан уланг, Висконсин, рақами беш-беш-ўн, икки қўнғироқ. — Палмер
бир-оз кутгач, қайтарди: — Уотервлит. — Кейин гўшакни жойига қўйди. Юраги бежо ура
бошлади, у тинчланиш учун чуқур нафас олди. Қизиқ, юраги нега типирчилаб қолдийкин?
Эҳтимол, Эдис билан бўладиган суҳбатидан ҳаяжонланаётгандир, дея жавоб берди ўзига ўзи,
айни пайтда бунинг ёлғон эканлигини ҳам ҳис этди.
Йўқ, ўйлади Палмер, Эдис билан бир неча кунга айрилиқ, балки у яна ҳафтача чўзилар,
бунга дахлсиз. Уруш давридан буён уйидан неча бор айрилишга тўғри келган, амалий
сафарлар билан мамлакат бўйлаб бир неча ҳафталаб айланиб юрган. Буларнинг ҳаммасининг
на Эдисга, на унинг бу ерда ёлғиз яшаётганига, на телефонда бўлажак суҳбатга алоқаси бор.
Бироқ унга нима бўлди? Балки бунга янги лавозимга тайинлангани сабабдир?
У шифтга тикилди. Нега энди у тахминларга шунчалик қул бўлди? Ахир, қалбидан нималар
кечаётганини ўзи яхши биларди-ку. У бирданига томоғи қуруқшаб қолганида, Нью-Йорк
кўчаларида ҳар бир аёл зотини ютоқиб кузатганида буни яхши ҳис қиларди.
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |