www.ziyouz.com кутубхонаси
6
— Бўлмасам-чи, — деди Палмер, — ўша пайтда фантастик саргузаштлар китобини кўп
ўқирдим. Китобни Хэнлидан олгандим. Ўша йилни мен ҳам яхши эслайман.
— Эсингдами, онанг сени кўндиришга қанча уринганди: «Кераги йўқ, учиб кетма, Вуди, бу
жуда узоқ-ку. Биз бошқа кўриша олмаймиз!» дерди онанг. Сен бўлсанг: «Ҳечқиси йўқ. Эртадан
кейин уйга қайтиб учиб келаман» дердинг... Ажойиб, ёшликда келажакни тасаввур қилиш жуда
осон! Бироқ, она учун бу унчалар осон кечмасди. Ўша пайтда мен ҳам бунга ишонолмасдим.
Мана, ҳаммаси ўзгарди, гўё бир кунда юз бергандек.
— Ҳа, қарийб ҳаммаси шундай, орадан атиги бир неча ўн йил ўтди, холос, — деди Палмер.
— Хўш, нима демоқчилигим сенга тушунарлими? — бирдан кескин сўради Бэркхардт. —
Одамлар энг оддий нарсаларни мураккаблаштиришга мойил. Бунинг ҳаммаси оддий нарсалар
эканини кўриш учун алоҳида ақл тузилиши керак.
— Алоҳида ақл тузилиши... бунга ё банкир, ёки гўдак эга бўлиши мумкин.
Қария тағин кулди ва стаканидаги вискини ичиб тугатди.
— Шу десанг, ҳозирги пайтда одамлар нималар билан шуғулланмайди, — деди у ниҳоят. —
Ғарб тамаддуни ҳақида, эркин дунё тўғрисидаги улуғвор ғояларни айтмайсанми. Ҳозир фақат
шулар ҳақида эшитасан, холос.
— Бу табиий, чунки одамлар ташвишда... — Палмер жимиб қолди, у кекса банкир фикри
риштасини йўқотиб қўйди, деб ўйлади.
— Уларнинг ташвиш тортишига ҳожат йўқ. Ҳамма нарсани чалкаштириб юборишмаса
бўлгани.
Бэркхардт бироз олдинга энгашди, шундан гавдаси бирданига катта кўриниб кетди.
— Айтайлик, ўша «эркин дунё»ни олайлик, — у стаканига тикилганича сўзида давом этди. —
Бошқача айтганда, бизнинг ярим шаримиз ва бутун Европани, «темир парда» ортидаги
мамлакатлар бундан мустасно, албатта. Ахир, биз буни шундай тушунамиз.
— Шундай.
— Шундай экан, — Бэркхардт қаддини ростлади ва унинг овозида бирданига тантанавор
оҳанглар эшитилди. — «Эркин дунё» ҳақида гапирганингда, сен капитализмни назарда
тутасан, капитализм тўғрисида гапирганингда эса Америка Қўшма Штатларини ўйлайсан, чунки
уни биз бошқарамиз. Қўшма Штатлар ҳақида гапираркансан, сен банкларни назарда тутасан,
чунки пулни айнан банклар беради. Шу тариқа: сен банклар деганингда, улар орасидаги энг
нуфузлилари, яъни «Юнайтед бэнк»ни кўзда тутасан. Чунки энг йирик банк шу. — Қариянинг
кичик-кичик мовий кўзлари Палмерга жуда жиддий тикилди. — Сен «Юнайтед бэнк»
деганингда эса, — унинг овози кутилмаганда жуда паст эшитилди, — демак сен мен ҳақимда
гапирасан.
Орага бир неча сониялик жимлик чўкди. Палмер қария ўтирган оромкурси ғижирлаганини
эшитди.
— Мен худди мана шу ҳақда гапираяпман, — хулоса қилди қария. — Ҳамма нарсага
оддийроқ қараш лозим. Менга банкнинг биринчи вице-президенти керак. Ўз вазифангни
бажаришга қачон киришасан?
Иккинчи боб
Душанба куни Палмер Гранд Сентрал станциясида ерости йўлидан чиқди-да, эрталабки
қуёшнинг ёрқин нуридан кўзи қамашиб, бир зум тўхтаб қолди. У ишга шошаётган кишиларга
нигоҳ ташлади, Парк-авеню бўйлаб «Меррей Хилл» маҳалласи йўналишида кетаётган аёллар
пошналарининг тақиллашига қулоқ солди.
Пастлаб ёйилган эрталабки туман ўткинчиларнинг тунд юзларидаги ташвиш соясини анча
юмшатди. Улар кўзларини дадил тикканларича олға интилардилар. Аёлларнинг лаблари қон
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |