САМОВИЙ ДИНЛАРДА АЁЛ СИЙМОСИ
Ғарб дунёсининг аёлга берган баҳоси ва унинг ҳаётдаги ўрнига назар ташладик. Энди соф ҳолатда нозил бўлган, кейинчалик эса инсонлар томонидан бузилган динларнинг қарашларига келайлик. Таассуфки, Ғарбни “маданият бешиги” деганимиз каби баъзи масалаларда бошқа динлар Ислом динидан афзалроқ кўринади ташқаридан қараганда. Мусулмон маданиятсиз насроний эса дини, амали, хулқи ва ҳаёти қандай бўлишидан қатъи назар маданиятли деган фикр кўпчиликнинг ақлига ўрнашган. Ушбу бўлимда мазкур динлардаги аёлга берилган қадр ва унинг ўрнига назар ташлаймиз.
Яҳудийликда аёл
Айнан яҳудийлик эътиқодидаги аёл ҳақида ёзишни хоҳладим. Исломда бўлмагани ҳолда Исломдан дея нисбат берилган буйруқ ва қайтариқларни англатадиган ушбу мавзуни ҳеч нарса ўқиб-ўрганмай туриб бонг урадиганлар яхшироқ англаб етар балки. Яҳудийликда аёллар мусибат ва фалокат манбаидир. Бузилган Тавротда зикр қилинган ҳазрати Одам ва Ҳавво қиссаси уларнинг шундай фикрга келишларига сабабчи бўлган. Одамнинг тақиқланган мевани ейишига сабаб фақат Ҳавво. Шу боис уларнинг эътиқодига кўра, ҳар қандай ёмонликнинг сабабчиси аёлдир. Ҳазрати Одам аёлининг сўзига кириб, тақиқланган мевани егани учун аёлларнинг тупроғини лаънатланган деб биладилар. Ҳаттоки аёлларнинг фарзанд дунёга келтиришида чекадиган тўлғоқ дардларини ҳам Ҳавво ҳазрати Одамни тақиқланган мевани ейишга мажбур қилгани эвазига, деб биладилар ва ушбу оғриқни мазкур гуноҳи учун Аллоҳ таоло бутун аёлларга жазо сифатида туширган, дейдилар. Бу ишонч яҳудийликдан насронийликкача ўтиб, яқин кунларга қадар Ғарбда аёлнинг ҳаётдаги ўрнини белгилаган. Ушбу эътиқоддаги инсонларга кўра, ана шу илк гуноҳ туфайли бутун аёллар лаънатлангандир. Яҳудийларнинг ҳар куни эрталаб ўқийдиган дуоларидаги қуйидаги сўзлар ҳам аёлларга бўлган нафратнинг ифодасидир: “Абадий илоҳимиз, Коинотнинг подшоҳи, мени аёл қилиб яратмаганинг учун Сенга ҳамдлар бўлсин”. Илк гуноҳнинг сабабчиси бўлган аёлнинг каффорати ҳеч тугамайдигандек гўё. Исломнинг “Жаннат оналар оёғи остидадир” деб аёлга берган баҳоси сабабдир балки яҳудийларнинг юзидаги норози ва ёқимсиз ифода. Аёлга ҳурматни гапирмайлик, яҳудийликда ҳаттоки ибодат вақтида аёлларнинг қатнашиши тақиқланган. Улар фақатгина бошларини ўраган ҳолда узоқдан туриб ибодатни кузатишлари мумкин эди, холос. Одам алайҳиссаломни йўлдан урганча Аллоҳ тақиқлаган мевани едириб, жаннатдан ҳайдалишига сабаб бўлган ёлғиз Ҳавво эмас, балки бу гуноҳда Одам ҳам Ҳаввога шериклигига, Одам ҳам айбсиз эмаслигига уларнинг ақллари етса эди, ўзларини бу қадар устун қўйиб, ҳамма гуноҳни аёлга юкламасдилар. Улар аёлга шунчалик паст назар билан қарайдиларки, уларнинг эътиқодига кўра, ҳайз кўрган аёл билан бирга ўтириб овқатланиш, ҳаттоки бир бинода туриш мумкин эмасди. Бу бир аёл учун қай даражада хорланиш эканини тахмин қила оласизми? Аёлни бутун мусибат ва ёмонликлар сабабчиси деб билган ушбу дин фақат ўз диндошларини эмас, минг афсуски, Ўрта асрларда насронийликдаги аёлга муносабатларда ҳам сезиларли даражада таъсирини кўрсатди. Ғарб ва Ўрта шарқ халқларида аёлга бўлган муносабатда Тавротнинг ўрни катта. Тўрт минг йиллик иброний қарашлар тимсоли бўлган Таврот пасажларининг (оят), минг афсуски, аёлни жамият ҳаёти ва тарих зарварақларидан четлаштиришдаги ўрни жуда катта. Бу ишнинг энг ачинарли томони нима эканини биласизми? Мусулмонларга неча йиллардан бери ўргатилган нарсалар яҳудийликдан келган зарралардир ва буни мусулмонлар ўзлари сезмаган ҳолда қабул қилганлар. Бузилган Тавротда ҳазрати Ҳаввога ҳам, бутун аёлларга ҳам қарши бир нечта пасажлар мавжуд. Фақат буларнинг орасидан энг даҳшатлиси, яратилиш қиссасидаги ҳазрати Ҳаввонинг жодугар хотин ўрнига қўйилгани ҳамда қиёматгача келадиган бутун инсонларнинг қилган ёмонлик ва гуноҳларида Момо Ҳавво жавобгар қилинганидир.
Насронийликда аёл
Насронийликнинг аёл сиймосига қарашида Рим ва яҳудийликнинг излари бор. Насронийликда аёлга бўлган муносабатларда ҳазрати Исони эмас, ундан кейин келган ва насронийликнинг асосчиси ҳисобланган Павлуснинг таъсири кучли. Павлус ва илк давр насронийлари яҳудий маданиятидан ва бутпараст Рим маданиятидан истар-истамас таъсирланганлар. Бу ҳолат фақат Янги аҳддаги аёлларга алоқадор матнларда эмас, у билан биргаликда Черков оталарининг ёзувларида ҳам очиқ-ойдин битилган.
Биз Ғарбни маданиятли, аёлнинг ҳақлари, озодлигининг бешиги деб билиб, Ғарб ва насронийларни ҳар томонлама кўкка кўтарамиз. Чунки улар романлари, вақти келганда, ҳар қандай ахлоқсизликни ўз ичига олган сариал ва фильмлари билан бизни ҳайратда қолдирдилар. Аслида эса бизнинг ҳаётимизни, келжагимизни, тарбиямиз ва ахлоқ-одобимизни шакллантирдилар, ҳаёт йўлимизни чизиб бердилар. Шу сабаб уларни ўзимиздан устун кўрдик, уларни кўкларга кўтариб, ўзимизни паст тутдик. Мен кичиклигимда эшитган сўзларимни эслайман. “Улар ойда, биз пиёда”. “Улар ҳамма ишни уддалайди-я”, дея ҳамиша уларни юксакларга кўтарадиган гаплар айтиларди. Америка ва Европа орзуси бор эди одамларда. “Ўша жойларга борайин, хоҳласалар ҳожатхона тозалатишсин, майли, фарқи йўқ, қиламан. Чунки ҳаёт ўша ёқда гўзал. У ерларда инсоннинг қадри бор”, дердилар. Саводсиз жамоа бўлганимиз учун бизга нима айтилса, нима кўрсатилса, шунга ишондик. Қанчалаб зўравонликлар қилишган, қул тижоратида неча миллион инсонни фақирлик ва очлик сабабли ўлимга етаклашган, неча миллион инсонни қийнаб ўлдиришган, талончилик санталарини қуриб, қанчадан-қанча ўлкаларнинг ҳам ер ости, ҳам ер усти бойликларини ўмаришган, талон-тарож қилишган, инсонлардан қул сифатида фойдаланиб, тарихда яна қандай қора излар қолдиришган, билмадик. Яъни, “инсонга ҳурмат, маданият, озодлик” каби тушунчаларнинг бадалини қора ва қизил танлилар тўлаганидан бехабар эдик. Шу боис уларни ҳамиша улуғладик, чунки дунёдаги режа шундай эди. Уларнинг режалари фақат шу билан амалга ошарди. Балки бу ўз жаллодига ошиқ бўлишдир.
Ўз мавзуйимизга, яъни Павлуснинг аёлни иккинчи даражали яратиқ экани ҳақидаги фикрларига келсак. Насронийлик дунёсида аёлнинг ўрнини, тақдирини белгилаган муҳим сўзлар Коринтослиларга ёзилган мактубда махфий эди. Павлус шу орқали насронийлик тархида аёлнинг ўрни ва тақдирини белгилаб берадиган одамга айланди. Павлуснинг фикрига кўра, Тангридан инсонга берилган ҳар қандай яхшиликдан олинадиган улушда аёл энг охирги ўринда туради. “Ҳар бир аёлнинг раҳбари эркак, ҳар эркакнинг раҳбари Масиҳ, Масиҳнинг раҳбари Тангридир”. Аёл ибодат қилишда бошини ўраши лозим, агар бошини ўрамаса, сочини қириб ташлаши шарт. Павлуснинг фикрига кўра, эркак киши умуман бошини ёпмаслиги лозим, чунки унинг бошини ўрамаслиги унинг Тангрига қиёсланиши ва буюклигидандир. Бунинг сабаби эса аёлнинг эркакдан яратилганидир: “Эркак бошини ўрамаслиги керак, чунки у Тангрининг акси ва буюклигидир. Чунки эркак аёлдан эмас, аёл эркакдан яратилди. Эркак аёл учун эмас, аёл эркак учундир”. Яъни, яратилишдан эркак аёлдан устун ва буюк эканлиги исборланган уларнинг назарида. Минг афсуски, насронийликдаги бундай аҳмоқона фикрларни билиб-билмай Исломга олиб кирганлар ҳам бор. Павлуснинг фикрига кўра, шу сабабдан эркак аёл устидан ҳар қандай қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга. Яна унинг “доҳиёна” фикрларидан бири, энг яхши аёл ўқимаган ва ҳеч қандай маълумотга эга бўлмаган аёлдир. Аёлнинг ўз фикри бўлмагани учун ҳар бир ишда эркак кишининг фикри ва қарорига муҳтож, шу боис у жамоат ичида гапирмасдан, ҳамиша сукут сақлайди. Муқаддас Қонунда ёзилишича, “Аёллар ҳамма нарсага рози ва кўникувчан бўлиши лозим. Агар аёл бирор нарсани ўрганмоқчи бўлса, уйда эрларидан сўраб ўргансинлар, чунки аёлларнинг жамоат жойларида гапиришлари айб”.
Илтимос, шу сатрлар ёдингизда қолсин, ҳаттоки тагига чизинг, чунки кейинги саҳифаларда бунинг сабабига воқиф бўласиз. Насроний Азиз Августиннинг фикрига кўра, “аёлнинг аёллиги ҳам унинг ақли ишлашига тўсиқдир. Шу сабабли аёлнинг энг паст даражада бўлиши табиий”. Раббим, мусулмон ҳолда яратганинг учун сенга чексиз шукрлар бўлсин. Ушбу сатрларни қораларканман, қалбимда алам, кўзимда ёш билан ёзяпман ва сабр қилишим жуда қийин кечяпти. Ана шу даврдаги аёллар қандай қилиб сабр қилган эканлар ва насроний ҳолда ҳаётларини қай йўсинда давом эттирган эканлар, ҳеч ақлим бовар қилмаяпти. Ушбу сатрларда баҳс этилган насронийларни бошқа деб ҳисобламанг. Ўрта Аср черков оталаридан Акуино Томас (1225–1274) Августиннинг фикрини давом эттирган. Унинг фикрича ҳам аёлнинг эркакка нисбатан даражаси паст. Аёл эркакка тўлиқ равишда итоат қилишга мажбур. Бу фикрлар чарков ҳаётидаги ҳуқуқ қонунларига ҳам киритилган. Масалан, XV асргача чарковнинг асоси деб қабул қилинган Гратиэн қонунлар доирасидан “Аёл Тангрининг сиймосида яратилмагандир” ибораси жой олган. Шу сабаб маданий фикр, хато изоҳлар билан муқаддасликка эришиш табиий бир ҳолдек қабул қилинган. Худдики бизда одатлар оятлардан муқаддам қўйилгани каби. Бу жуда ҳам хавфли бир ҳолат, чунки бундай ҳолатлар вақт ўтган сари инсонларнинг қон-қонига шу қадар сингиб кетадики, буни ўзгартиришнинг, аслига қайтаришнинг асло иложи бўлмайди. Бу китобдан кўзланган асл мақсад шу, аслида. Тўғри деб билганимиз хатолардан кеч бўлмасдан ортга қайтиш!!! Насронийликда фарзанднинг дунёга келишида эркак улуғланиб, аёл шунчаки фарзандни дунёга келтирадиган машина ҳисобланган ва Ақуино Томас тарафидан бу нарса “эркакнинг улуғлигига далил қилиб кўрсатилган”. Ўрта асрларда ғарб жамоасида аёллар, шундай аҳмоқона фикрлар, одатлар сабаб ақл бовар қилмайдиган азоблар, қийинчиликлар кўришганки, биз буни тасаввур ҳам қилолмаймиз. Ҳаттоки, шайтон билан жинсий алоқа қилган, шу сабаб фаҳш ёйилди, деган фикр билан қанчадан-қанча аёллар тириклайин ёқилган ёки сувга чўктириб ўлдирилган. “Жодугар ови” номи билан аёллар қилмаган айблари билан айбланиб, қатлиом қилинган. Тарихчилар сеҳргар деб гумонланиб қатл қилинган аёллар сонини тахминан икки миллион деб ёзишади. Аҳвол шу қадар ачинарлики, сеҳргар деб гумон қилинган аёлларни аввал сувга отишарди Агар аёл сузишни билса ва шу сабаб чўкиб кетмаса, “бу аёл жодугар экан” деб, бошига тош билан уриб ўлдиришарди. Агар чўкиб кетса, “эсиз, жодугар эмас экан”, деб “ачинишарди”. Ҳар икки ҳолатда ҳам аёл учун нажот (қутулиш) йўқ, охири ўлим!!!
Энди ўзларини дунёнинг устуни, эгаси ҳисоблайдиган инглизларга келсак. “Бурунларидан қил олдирмаган” инглизлар V–XI асрда турмуш қурган аёлларни сотар эдилар. Яъни, турмуш қурган қиз илк йигирма тўрт соатини шаҳарнинг бадавлат кишиси билан ўтказишга мажбур эди. Қизлар бундай ҳолатда қандай яшар эдилар, куёвлар қандай сабр қилар эди, ақлга сиғмайди. Бу ҳаммага тепадан қарайдиган, озодлик ва инсон ҳуқуқларининг ҳимоячиси ҳисобланган инглизларда мелодий 1850 йилгача аёллар фуқаро ҳам ҳисобланмасди. Француз маданиятида эса аёллар болалар ва ақлдан озганлар билан бир қаторда эди. Бу қонун то 1938 йилгача давом этган. Англияда аёллар ҳеч қандай ҳуқуққа эга эмасдилар. Ҳаттоки, улар ўзлари меҳнат қилиб топган мол-мулкларига ҳам эгалик қилолмасдилар. Бу ҳолат 1900 йилга қадар давом этди ва шундан кейин ўз меҳнати билан топган мулкларига эгалик қилиш ҳуқуқини берадиган баъзи қонунлар ишлаб чиқилди.
Do'stlaringiz bilan baham: |