РАСУЛУЛЛОҲ БИЛАН БИР САФДА ТУРГАН АЁЛЛАР
Орамизда қанчамиз саҳобия аёлларнинг ҳаёти ҳақида биламиз, ўқиб ўрганганмиз? Агар инсонларнинг Исломда аёлларнинг ўрни ҳақидаги фикрларга қарасак, саҳобия аёллар уйдан ташқарига чиқмаган, кулмаган, гапирмаган, ҳеч қачон ишламаган, ўқимаган, гапи эътиборга олинмаган, умрини фақат бола туғиб, оиласига хизмат қилиб ўтказган бўлиши керак, шундай эмасми? Энди навбат саҳобия аёлларнинг ҳаётларини ўрганишга келди.
Расулуллоҳ (у зотга салавот ва саломлар бўлсин) Исломни тарқатиш учун дунёдаги йирик давлат бошлиқларига, ҳукмдорларга Исломга даъват мактубларини юборган йиллар. Бундай мактуб император Ҳирақлга ҳам етиб келди. Ҳирақл мактубни олганидан сўнг: “Ўзини пайғамбар деб эълон қилган кишининг қавмидан шаҳримизда бирор киши бўлса, ҳузуримга олиб келинг”, деди. Ўша пайтларда Шомда (ҳозирги Сурия) тижорат ишлари билан борган Абу Суфён бор эди. Уни Ҳирақлнинг ҳузурига олиб келишди. Ҳирақл Абу Суфёнга қараб Пайғамбаримиз ҳақида саволлар берди. Бу суҳбатни Абу Суфён шундай ривоят қилади: “Ҳирақл: “Пайғамбарликни даъво қилётган кишининг ота-боболаридан подшоҳлар чиққанми?” деди. Мен: “Йўқ”, дедим. Ҳирақл: “Унга халқнинг қайси тоифаси кўпроқ эргашяпти? Бой ва шарафли қисмими ёки заиф, фақирларими?” дея сўради. Мен: “Унга асосан халқнинг заиф ва фақир қисми, ёшлар ва аёллар эргашяпти, халқнинг бой, ёши катта ва шарафли қисми унга эргашаётгани йўқ”, дедим (Бухорий ривояти). Ҳақиқатан ҳам, Пайғамбаримизнинг даъватига жавоб бериб, у зотга эргашганларнинг кўпчилиги Макканинг энг заиф кишилари эди. Аёллар ҳам Расулуллоҳга эргашганларнинг аввалги сафларида эди. Илк мусулмон бўлган ҳазрати Хадича аёл эди. Исломдаги илк шаҳид ҳазрати Сумайя ҳам аёл эди. Аёллар Исломнинг илк йилларидаёқ Расулуллоҳга эргашишларининг сабаблари турлича. Энг муҳим сабаб эса, аёл инсон ўрнида кўрилмаган, уни йўқ ҳисоблаган дунёда аёллар учун Ислом умид учқуни бўлган эди. Аллоҳ таолонинг Қуръондаги илк оятлариданоқ аёлларга бўлган мусобатларда огоҳлантирилгани, чегара қўйилгани аёлларнинг Исломни танлашига сабаб бўлганди. Пайғамбаримизга аёлларнинг эргашишида оятлардаги етим молига кўз тикканларга, ноҳақлик қилганларга, қизларини тириклайин тупроққа кўмганларга қилган маломат ва огоҳлантиришларининг таъсири бор эди, албатта. Маккаликлар орасида номуси, гўзал ахлоқи ва поклиги сабаб “Тоҳира”, савдо билан шуғуллангани учун “Тожира”, ақли ва заковати сабаб “Жаййида” ва Расулуллоҳнинг илк аёллари бўлгани учун “Кубро” деган шарафли номларни олган ва шу номлари билан тарихда қолган илк мусулмон аёл ҳазрати Хадичанинг бутун ҳаёти барча мусулмонларга ўрнак бўладиган фидокорликларга тўла ҳисобланади. Ҳазрати Хадича Исломнинг илк йилларида Расулуллоҳнинг энг буюк ёрдамчиси бўлган садоқат ва севги обидасидир. Расулуллоҳ ҳеч қачон Ислом ва даъват йўлида эркак аёлни ажратмаган эдилар. У зотга илк иймон келтирган, шак-шубҳасиз эргашган илк мусулмон аёл ҳисобланади. Ҳазрати Хадичадан сўнгра Расулуллоҳга қизлари, аммалари Сафия, Арван, Отика ва Умайялар иймон келтиришди. Илк замонларда иймон келтирган аёллар қаторида Расулуллоҳнинг боболаридан ҳам ёши катта бўлган Руқайя бинти Абу Суфён ҳам бор эди. Маккадаги мусулмон аёллар бу катта ёшли аёлнинг тажрибаларидан ва билимидан кўп фойдаланишган. Шу сабаб биз ҳам саҳобия аёлларнинг ҳаётларини ўрганиб, ўзимиз учун фойдалар олишимиз лозим. Шуни ҳисобга олган ҳолда хоним саҳобалар билан танишиш вақти келди, деб ўйлайман. Бизга илк ўрнак бўладиган аёл, шубҳасиз, ҳазрати Хадичадир.
Do'stlaringiz bilan baham: |