Озодлик курашчилари мағлубиятининг бош сабаби уларда кучли маънавий, руҳий саросима, асабий ҳаяжон, кучли изтироб бор эди. Оқибатда шаҳар ҳимоячилари оммавий равишда ғоят кучли, жуда қаттиқ тарзда ҳимоя қилишдан ёппасига саросимага тушиб қолиш ҳолатига ўтиб қолишди. Улар рус қўшинлари шаҳарга киришга ҳаракат қилаётган вақтда шаҳардан чиқиб кетишга ҳам улгурмай қолганди ва бирон бир жабҳада жиддий зарба беролмай қолган эдилар.
Руслар ғалабасида унчалик йўқотиш кўп бўлмаган. 4 январда 2 та зобит яраланган, 7 январда Хоринжий (Бояльский) ва штабс-капитан Садиров яраланган, штурм қилиш учун куйи мансабдагилардан 2 киши халок бўлган, 6 киши ва 1 йигит яраланган.
Андижон забт этилганидан сўнг тез орада шаҳарни олиш бўйича турли маълумотлар йиғилган. Унга кўра озодлик курашчилари рус қўшинларини шаҳарнинг шимоли --Андижонсойдан келади, деб ҳисоблаганлар. Шу боис Андижонсойга энг асосий кучлар, жумладан, 25000 нафарга етиб сарбозлар ва сипойилар келтирилганди. Шаҳар яқин қишлоқлардан келганлар билан тўлиб кетганди. Отчиқмас тепалигидан шаҳарни бомбардимон қилиш бошланганда қуролланган аҳоли дарҳол Эскилликка югуриб келади, сой томондан асосий кучлар ҳамда Афғонбоғидаги мудофаачилар ҳам бу жойга кела бошлайди. Руслар ташлаган гранаталар улар сафида дахшатли рухий тушкунлик туғдиради ва уларни тўла саросимага, эсанкирашга солади. Ҳар хил ёлғон хабарлар, миш-мишлар бу саросимани янада кучайтириб юборади. Улар русларни шаҳарнинг ғарбидан келади, деб ўйлаганлар. Босқинчилар колоннаси шарқий томондан тўртта йўл бўйлаб шаҳар томон йўл олаётганини кўриб, тўрт томондан қуршовда қолишдан хавфсираганлар. Шу боис Асака йўли бўйлаб чекинганлар. Биринчи бўлиб Андижондан шаҳарга ёт бўлганлардан ташкил топган сипохийлар ва сарбозлар қочган. Бундан аччиқланган, ғазабга келган шаҳар аҳолиси уларни тобўрон қилган.
Асака йўлига чиқиш учун мустаҳкам асос яратилганди. Шаҳар деворини икки томони бузиб ташланиб, чуқур зовур бўйига иккита кўприк қурилган эди. Бу саросимани янада кучайтириб юборади. Денгиз тўлқинидек ғазабланган халқ қилич билан ўзига йўл очарди. Гултепадан ўша йўналиш бўйича отилган гранатлар саросимани янада кучайтириб юборганди. Улар йўлда тун совуғида қолиб, янги мушкулликларга дуч келганлар.
Бу ва ундан кейинги кунларда ҳимоячилардаги йўқотишларнинг умумий миқдорини таҳминий аниқлаш қийин. Бироқ ҳар ҳолда йўқотиш жуда катта бўлган. Оқсоқоллар ва кўплаб оилаларнинг кўрсатмаси бўйича вайрон қилинган уйларда ҳалок бўлганлар, ёнғинда, хандакларда ўлганлар бениҳоя кўп бўлган.
Эртаси куни, 9 январда жойлар билан танишиш ва ем-хашак тайёрлаш учун шаҳарга тўртта колонна кириб келади.
Отряд бошлиғи томонидан учта Сибир юзлиги ва отлиқ ракета дивизиони Асака йўлига йўналтирилган. Аммо колонналардан биронтаси ҳам қаршиликларга дуч келмади. Аҳоли ҳали таслим бўлиб, итоат қилишни истамаган бир пайтда 9 январь куни кечқурундан то 10 январнинг эрталабигача отряд ҳарбийлари шаҳарни артиллерия тўпларидан ўққа тутиб турди. Отряд ҳарбийлари Гултепада муқим жойлашиб, от-аравалар карвонини ҳам ўзларига қўшиб оладилар.
Полковник барон Меллер-Закомельский колоннасидаги қисмлардан ташқари отряд қўшинлари қуйидаги тартибда жойлаштирилган:
Ўрдада отряд штаби, сапёрлар командаси, 1-Туркистон ўқчи батальонининг 1 ва 2–ротаси, 2-Туркистон батальонининг 1-ўқчи ротаси, отлиқ-ўқчи дивизион, 5-Оренбург, 1 ва 5-Сибир ва 1-Еттисув юзликлари, ракетачилар батареяси (4 рота, дивизион, 4 юзлик, 8 станок) жойлашган.
Do'stlaringiz bilan baham: |