Жангчи аёллар
Умму Умора (Насиба розияллоҳу анҳо)
Мадиналик илк мусулмонлар орасидан жой олган Умму Умора иккинчи Ақоба байъатида турмуш ўртоғи Зайд ва икки ўғли билан қатнашган. Умму Умора байъатда иштирок этиб, Расулуллоҳга соллаллоҳу алайҳи васаллам байъат берган икки аёлдан бири. У Уҳуд жангида, Бани Қурайза ғазотида, Макка, Ҳудайбия ва Ҳайбар фатҳида, Ҳунайн ва Ямома жангида иштирок этган. Айниқса, у Уҳуд, Ҳунайн ва Ямома жангида жуда катта хизматлар қилган. Умму Умора Уҳуд жангининг энг шиддатли соатларида, мусулмонлар қийин вазиятда қолганида турмуш ўртоғи ва икки ўғли билан Расулуллоҳни соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳимоя қилган саноқли саҳобалардан бири. У ушбу жангда бир нечта жойидан яраланган ва бир йил давомида шу яраларни даволаш билан машғул бўлган. Уҳуд жангидаги Умму Уморанинг қаҳрамонлиги бутун мусулмонларга ўрнак бўладиган даражада. Бу жангда саҳобалар Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам амрларини бир лаҳза унутиб, жойларини тарк қилгани сабаб мусулмонлар қийин вазиятга тушиб қолишади ва мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам турган ерга яқинлашиб, у зотни ўлдиришга ҳаракат қилишади. Расулуллоҳга соллаллоҳу алайҳи васаллам камон, найза ва тошлар билан ҳужум қилишади. Ҳазрати Расулуллоҳни соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳимоя қилётган ҳалқа борган сари торайиб, мушриклар Расулуллоҳга соллаллоҳу алайҳи васаллам яқинлашган, уларнинг отган тош ва ўқларидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яраланган эдилар. Худди шу пайтда Умму Умора ярадорларни даволаётган эди, Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам атрофларидаги ҳолатни кўриб, қўлидаги нарсаларни отиб, қўлига қилич олиб, ёрдам учун югурди. Уҳуд жангида бошидан ўтказганлаларини Умму Умора шундай ҳикоя қилади: “Уҳудга боргандим. Мусулмонлар нима қиляпти, дея ёнимга сув олиб, уларга яқинлашдим. Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларгача бордим. У зот саҳобаларнинг орасида эдилар. Ғолиблик мусулмонларда эди. Аммо кўп ўтмай мусулмонлар мағлуб бўла бошлади. Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам атрофларидаги саҳобалар ё тарқаб кетишар ёки шаҳид бўлишарди. Атрофларида жуда оз киши қолганди. Расулуллоҳга соллаллоҳу алайҳи васаллам бир зарар етади, дея қўрқдим. Қиличимни олиб югурдим. Мушрикларга қарши жанг қила бошладим. Қилич ва ўқ билан мушрикларни Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам атрофларидан узоқлаштиришга интилдим. Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам атрофларида ўн киши қолгандик. Мен, турмуш ўртоғим ва икки ўғлим уларнинг орасида эдик. Бу орада мен яраландим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлимда қалқон йўқлигини кўриб, бир жангчига: “Эй қалқон эгаси, қалқонни жанг қилаётган аёлга бер”, дедилар. У қалқонни менга берди ва мен у билан ўзимни ҳимоя қилдим. Шу орада бир отлиқ келиб, менга ҳужум қилди, мен қалқон билан ўзимни тўсдим ва унинг отининг оёғига қилич урдим. От ҳам, унинг устидаги мушрик ҳам йиқилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буни кўриб ўғлимга: “Эй Умму Уморанинг ўғли, онангга ёрдам бер”, дедилар”.
Насиба розияллоҳу анҳо Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам атрофларида парвона каби бўлган эди. Ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам жангдан кейин: “Уҳуд куни ўнгимда ҳам, чапимда ҳам Умму Уморанинг жанг қилётганини кўрдим”, дея марҳамат қилганлари машҳур. Умму Уморанинг Уҳуддаги жанговорлиги, аслида, иккинчи Ақоба байъатида Расулуллоҳга соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг гувоҳлигида берган сўзининг устидан чиқишидир. Бу байъат рисолатнинг 13-йилида, Маккага икки километр яқинликда бўлган Ақаба деган жойда бўлиб ўтганди. Унда иккита аёл ва етмишта саҳоба иштирок этган. Бу байъатда Мадинага ҳижрат қилиш ва ундан кейин Расулуллоҳни соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз оилаларини ҳимоя қилгандек ҳимоя қилишга ваъда берилганди. Бу ваъдани берган икки аёлнинг бири Умму Умора розияллоҳу анҳо ўз сўзининг устидан чиққан эди. Насиба розияллоҳу анҳо нозил бўлган оятларни, ҳукм ва қайтариқларни ўрганиб, ҳаётига татбиқ қилган, унга амал қилган саҳобиялардандир. Ҳаттоки ривоятларга кўра, Аҳзоб сурасининг 35–36-оятлари Умму Уморанинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига келиб: “Ё Расулуллоҳ, Қуръонда нега ҳар доим эркаклар зикр қилинади-ю, аёллар зикр қилинмайди”, деганидан кейин нозил бўлган. Унинг қаҳрамонликларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўп мадҳ қилган, ҳар урушга кетганидан кейин саҳобалар қайтганини кўриб: “Умму Умора қайтдими?” дея сўрар эдилар. Ҳунайн жангида босқинга учраб тарқаб кетган мусулмонларнинг жангда давом этиб, яна бир жойга тўпланиб, жангни давом эттиришларига сабаб бўлган жасур аёл эди Насиба розияллоҳу анҳо. Бундан ташқари, ҳазрати Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам мактубларини Мусайламатул Каззобга олиб бориб, у ерда қийнаб шаҳид қилинган ўғли Ҳабибнинг қасосини олишга қасам ичган, шу сабаб Ямома жангига қатнашиб, унда қаҳрамонларча жанг қилган она эди Умму Умора. Бу жангда ўн битта жойидан яраланиб, бир қўли кесилганига қарамай, Мусайламани қидиришда давом этган. Боғига беркинган Мусайламани ўғли Абдуллоҳ ва Ваҳший ибн Ҳарбни ўлдирган эди. Ислом тарихида Умму Уморадан ўрнак олган жасоратли ва шижоатли аёллар кўп бўлган. Улар ҳақида қанча ёзсак кам. Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин.
Do'stlaringiz bilan baham: |