СЎЗИМИЗНИНГ ХОТИМАСИ
Ушбу китобда аёлларнинг Исломдаги ўрни ва қадри ҳақида суҳбатлашдик. Албатта аёл ҳам ўз ўрнини қилган ишлари, одоб-ахлоқи, фаросати ва илми билан белгилайди. У ҳам ўзи бажарган ишларга жавобгар ва ўз танловини ўзи белгилайдиган даражада ақл эгасидир. Ислом унга ҳам вазифа, ҳам ҳақ-ҳуқуқ берган. Энди аёл ўзига-ўзи савол бериши керак, у қандай аёл? У қайси аёл?
Оёқлари остига жаннат тўшалган аёлми? Қаердаги, қайси замондаги, қайси даражадаги аёл? Ҳазрати Ҳожар каби Аллоҳга чин кўнгилдан таслим бўлан, мутаваккил, сабрли, жасур ва севги тўла аёлми? Ёки ҳазрати Лутга қарши чиқиб, ўзига жаҳаннамни ҳозирлаган аёлми?
Меҳрибон, шафқат-марҳаматли, сахий, Аллоҳнинг йўлида ҳамма нарсадан кеча оладиган ҳазрати Хадича кабими ёки ҳирси, иймонсизлиги ва фитначилиги учун жаҳаннамга равона бўладиган Абу Лаҳабнинг аёли кабими?
Фақирликнинг энг чўққисига чиқса ҳам, сабри ва иймони сабаб жаннат хушхабарини олган саҳобия аёллар кабими ёки мол-мулк учун атрофидагиларга ҳаётни зиндон қилган, ҳар соатини заҳарга айлантирадиган нафсининг қулига айланган аёлми?
Ҳазрати Сумайя каби турли қийноқларга сабр қилиб, иймонидан, динидан қайтмаганми ёки ўзи тушган ботқоқликка турмуш ўртоғи ва болаларини ҳам тортган аёлми? Сиз қайси бирисиз ёки қайси биридек бўлмоқчисиз? Яхшилаб ўйлаб кўринг-чи...
Бизларни жуфт ўлароқ бир нафсдан яратган Аллоҳнинг розилигини топиш учун яшашимиз, фарзандларимизга ибрат бўладиган хокисор қул, намунали ота-она, тақводор жуфт ва яхши бир инсон бўлишни ҳам хатти-ҳаракатларимиз ҳамда сўзимиз билан ўргатишимиз лозим. Ота-оналаримизнинг хизматини қилиб, уларнинг розилигини олишга ҳаракат қилишимиз, жуфтларимизнинг ҳаққига риоя қилишимиз, ўз вазифамизни сидқидилдан ва муҳаббат билан бажаришимиз ҳар биримизнинг бурчимиздир. Фарзандларимизга қалб тозалигини, самимиятни, садоқатни ва ваъдага вафони ўргатишимиз лозим. Бунинг учун, аввало ушбу хислатлар ўзимизда бўлиши лозим, шундай эмасми? Бунинг учун илм олишимиз ва олган илмимизга амал қилишимиз шарт. Аллоҳнинг буйруқларини бажаришимиз ва қайтариқларидан қайтишимиз, токи ҳаёт эканмиз, Аллоҳ ҳузуридаги вазифамиздир. Ҳар бир инсон ҳар сония ўлимни эсларкан, ортимда қолганларга фойдам тегдими, болаларимни яхши тарбия қилдимми, бирор кишининг йўлига нур, умид бўлолдимми, ота-онамнинг ризосига эришдимми, Аллоҳнинг омонатларига риоя қилдимми, мўмин биродарларимнинг дардини ҳис қилолдимми, яраларига малҳам бўлолдимми, дея ўйлаши ва бунинг ғамида юриши лозимдир. Дунё саҳнасида ўз ролимни яхши ўйнадим, Аллоҳнинг ризосини топдим, дея олишимиз учун дуода бўлишимиз керак. Ҳузурига борганимда Раббим менга қандай муомала қилади, дея тафаккур қилиб, шунга мувофиқ ҳаётимизни яшишимиз керак эмасми? Китобнинг дастлабки саҳифасидан бошлаб уйғонишимиз кераклигини, уйғониш учун эса илм олишимиз, ҳақиқий Исломни ўрганишимиз зарурлигини Аллоҳ қодир қилганича етказишга ҳаракат қилдим. Аллоҳ таоло Аср сурасида марҳамат қилганидек, бир-биримизни тўғри йўлга, Ҳаққа ва сабрга чақириб, Раббимиз ғолиблардан бўлишимиз мумкинлигининг хушхабарини берган. Шу сабаб мен ҳам устимга юкланган вазифани гўзал тарзда бажаришга ҳаракат қилдим. Бу маълумотларни бошқалар билан бўлишиб, уларга етказиб, мусулмонларнинг уйғонишига, уларнинг илм олишига, динга ва жамиятга хизмат қилишига сабабчи бўлсангиз, мен олдимга қўйган мақсадимга эришган бўламан. Қани келинг, янгидан шохлаб, кўкка қараб бўй чўзайлик, юксалишга қадам босайлик. Янгидан Аллоҳнинг арқонига маҳкам ёпишайлик ва бирлашайлик, ягона вужуд ва ягона юракка айланайлик. Аллоҳ таоло Зумар зураси, 9-оятида:
{ أَمَّنۡ هُوَ قَـٰنِتٌ ءَانَاۤءَ ٱلَّیۡلِ سَاجِدࣰا وَقَاۤىِٕمࣰا یَحۡذَرُ ٱلۡـَٔاخِرَةَ وَیَرۡجُوا۟ رَحۡمَةَ رَبِّهِۦۗ قُلۡ هَلۡ یَسۡتَوِی ٱلَّذِینَ یَعۡلَمُونَ وَٱلَّذِینَ لَا یَعۡلَمُونَۗ إِنَّمَا یَتَذَكَّرُ أُو۟لُوا۟ ٱلۡأَلۡبَـٰبِ }
Do'stlaringiz bilan baham: |