Қадимги Юнонистон дипломатияси
Режа
1. Қадимги Юнонистонда халқаро алоқалар формалари
2. Классик даврдаги юнон дипломатияси (мил.авв. VIII-IV асрлар)
3. Милоддан аввалги IV аср охирида Юнонистон дипломатияси
4. Эллинистик даврда халқаро алоқалар ва дипломатия
1. Қадимги Юнонистонда халқаро алоқалар формалари
Милоддан аввалги XII-VIII асрлар давомида Юнонистонда қулчилик элементлари вужудга келган бўлса-да, ҳали уруғчилик эелементлари сақланиб қолган эди. Милоддан аввалги VIII-IV асрлар давомида эса Юнонистонда шаҳар-давлатлар пайдо бўла бошлади. Шаҳар-давлатлар юнончада “полис”лар деб аталган. Ушбу полислар ўртасида турли кўринишдаги халқаро алоқалар формалари вужудга келиши табиий эди.
Қадимги Юнонистонда дунёвий типдаги халқаро алоқалар ва халқаро ҳуқуқ кўриниши “проксения”, ёки “меҳмондўстлик” деб аталган. Проксения алоҳида шахслар, уруғлар, қабила ёки бутун бошли давлатлар ўртасида амал қилган. Шаҳарнинг ҳар бир аҳолиси (проксен) фуқаро сифатида бошқа полисдан келган элчининг ўз шаҳри манфаатларини ҳимоя қилган ва шахснинг ахлоқ-одоб қоидаларига риоя этишида воситачи бўлган. Шу билан биргаликда чет эллик билан савдо, солиқ, суд ва бошқа масалаларда турли воситалар билан алоқа ўрнатган. Дипломатик алоқалар проксенлар орқали амалга оширилган. Шаҳарга келган элчи дастлаб ўзининг проксенига мурожаат қилган.
Проксенлик институти қадимги Юнонистонда жуда кенг тарқалган. Дунёда кейинги халқаро алоқаларга қадимги юнон проксенлиги асос бўлган.
Ҳар қандай чет элликлар, ҳатто қочоқлар ҳам ўша шаҳардаги ҳомий худо – Зевс-Ксениянинг (меҳмоннавоз) ҳомийлигида бўлган.
Қадимги Юнонистондаги халқаро муносабатлар масаласига оид яна бир институтлардан бири “амфиктионлик” эди. Асосан машҳур ибодатхоналар атрофида маълум бир худоларга бағишланган иттифоқлар шундай ном билан аталган. Номидан ҳам билиш мумкинки, бундай иттифоққа асосан ибодатхона атрофида яшовчи қабилалар кирган. “Амфиктион” сўзи юнончадан таржима қилинганда “атрофида яшовчи” деган маънони билдиради. Бундай иттифоқдаги алоқалар қариндошчиликдаги иттифоқчиликдан устун даражада эди. Дастлабки даврда амфиктионлар умумий қурбонлик келтириш ва байрамларда ибодатхона ва унинг бойликларини қўриқлаш, алоҳида ва умумий халқдан келадиган қурбонликларни тўплаш, шу билан биргаликда диний қоидаларни бузган шахсларни жазоловчи ташкилот сифатида вужудга келган. Алоҳида вазият ёки байрамлар муносабати билан бўлган йиғинларда ушбу амфиктион аъзоси бўлган ҳар бир қабила ёки уруғнинг қизиқишлари ўрганиб чиқилар эди. Байрам даврида урушлар таъқиқланган ва бу давр “илоҳий тинчлик” (“иеромания”) деб эълон қилинган. Шундай қилиб амфиктионлик халқаро характерга эга бўлган диний-сиёсий институт эди.
Қадимги Юнонистонда бир нечта амфиктионлар мавжуд бўлган. Уларнинг энг қадимгиси Делфия-Фермопил амфиктиони эди. У иккита амфиктионлик бирлашмасидан, яъни биринчиси Делфия шаҳридаги Аполлон ибодатхонасидаги ва Фермопил шаҳридаги Деметра ибодатхонасидаги амфиктионликдан ташкил топган эди. Делфия-Фермопил амфиктионлигига 12 та қабила кирган эди. Уларнинг ҳар бири иккитадан овозга эга бўлган.
Амфиктионларнинг олий органи умумий мажлис эди. У йилда икки марта, баҳор ва кузда, биринчиси Фермопилда, иккинчиси эса Делфияда чақирилган. Умумий йиғилишнинг қарорлари барча учун бажарилиши мажбурий эди. Умумий мажлис аъзолари тинчлик пайтида умумий ишларга раҳбарлик қилиб, амфиктиониянинг умумий аъзолари сони 24 кишини ташкил қилган. Иеромнемларнинг асосий вазифаси “илоҳий тинчлик”ни сақлаш ва диний байрамларни ташкиллаш эди.
Мил.авв. IV аср охирида яна бир вакиллик “пилагор”лар пайдо бўлди-ки, булар иттифоқчи давлатларнинг сиёсий вакиллари эди. Пилагорлар ва иеромнемлар воситачилигида амфиктионларга кирган давлатлар иттифоқ доирасида муносабат масаласида қасам ичишар эди. Делфия-Фермопил амфиктиони Юнонистоннинг халқаро муносабатларига таъсир кўрсатувчи куча эга эди. Делфия-Фермопил амфиктионлигининг асосий вазифаси Делфиядаги Аполлон ибодатхонаси ва унинг бойликларини қўриқлаш эди. Бу иттифоқ умумюнон миқёсидаги тадбирларни ўтказар эди. Масалан, бу тадбирлардан бири юнон-форс урушида Фермопилда ҳалок бўлган ватандошларининг қабрларига ўрнатилган ёдгорикларни ҳимоя қилиш ва ҳоказо. Шу билан биргаликда, амфиктионлик юнон қабилалари учун мажбурий бўлган муносабатлар ва ҳуқуқларни ўрнатар эди. Шундай қасамёдлардан бирини кўриб чиқамиз: “Амфиктионияга тегишли бўлган ҳар қандай шаҳарни бузмайман; уруш ва тинчлик пайтида ҳам сувни тўхтатмайман; бутун кучим билан қасамёдни бузганларга қарши чиқаман; шаҳарларни вайрон қилмайман; худо марҳамати билан бино қилинган бойликларни вайрон қилувчи шахсларни бутун восита ёрдамида жазолантираман, қўлим ёки оёғим билан ҳимоя қиламан”.
Бирорта шаҳар мажбуриятларни бузган тақдирда уни амфиктион судига беришар, унга қарши “диний уруш” очиш мумкин эди. Амфиктионлик қоидаларига кўра, иттифоқчилар бир-бирларининг ички ишларига аралашмас эдилар. Аммо амфиктионликдаги давлатлар ичидаги кучлироқлари Делфия коҳинларини ўзлари томонга оғдиришга ҳаракат қилар эдилар. Чунки Делфия коҳинлари ўзларининг башоратлари билан бутун юнон олами умумий фикрида ва юнон давлатлари ички ҳаётида катта таъсирга эга эдилар.
Бутун юнон қабилалари ва шаҳарлари ўртасидаги шартномалар бевосита ва билвосита делфиялик коҳинлар томонидан тасдиқланиши лозим эди. Халқаро масалаларда муаммо пайдо бўладиган бўлса, улар Делфия коҳинларига мурожаат қилишар эди. Коҳинлар нафақат диний жиҳатдан, балки моддий жиҳатдан катта таъсирга эга эдилар. Делфия шаҳрида турли воситалар, шаҳарлар взнос тўлови, зиёратчилардан, ибодатхона ярмаркалари ва судхўрлик оператсиялари орқали жуда катта бойлик тўпланар эди. Амфиктионияда таъсир кучига эга бўлиш учун юнон полислари ўртасидаги кураш мил.авв. IV аср ўртасида иккита “муқаддас уруш” бўлиб ўтади. Фива шаҳри турли ҳийла-найранг билан Фокида шаҳрига уруш эълон қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |