3. Милоддан аввалги IV аср охирида Юнонистон дипломатияси
Пелопоннес урушидан сўнг форс подшоси Спарта ва Эрон ўртасидаги урушга баҳона бўлган Архипелаг ва Кичик Осиёни мил.авв. 412-йилги шартномага мувофиқ қайтаришни сўрайди. Бу ҳарбий ҳаракатлар пайтида Спартани қийнаган нарса унга қарши иттифоққа Афина, Коринф, Фива ва бошқа шаҳарларнинг кирганлиги эди. Шундай қилиб, Коринф уруши (мил.авв. 395-387-йй) натижасида Спарта бутунлай вайрон қилинади, Афина гегемонлиги эса гуллай бошлайди.
Афина ва Пирей ўртасида яна девор қурилиши амалга оширилади (“Узун девор”). Бу билан Афина қулдорлик демократияси панэллин дунёсида яна бир бор ўзини тиклаган. Демократик Афинанинг ривожланиши нафақат спарталикларни, балки, форс сатраплари ва форс подшосини ҳам қўрқитиб юбордики, улар тез орада спарталик олигархларни қўллаб-қувватлай бошлаган. Шу даврдан Афина ва Спарта ўртасида форс подшоси таъсирини ўзига тортиш учун аёвсиз кураш бошланади. Спарталиклар форс подшоси сатрапи Тирибаз ҳузурига Антиалкид бошчилигида элчилик жўнатадилар. Бу айёр элчига нима қилиб бўлса ҳам, форс подшоси ва лакедемонянлар ўртасида сулҳ тузишга эришиш вазифаси юклатилган эди. Афиналиклар ва иттифоқчилари ҳам Тирибазга бир элчилик жўнатишади. Антиалкид ҳам подшога, ҳам лакедемонянликларга ёқадиган шартнома тузишни таклиф этади. Антиалкид “Лакедемонянликлар Кичик Осиёдаги юнон шаҳарларини форс подшолиги таъсири остида деб тан олар экан, улар автономия олган экан, бу шартларга биз рози эканмиз, нима учун биз билан урушиш ва ортиқча пул сарфлаш керак” деган таклифни беради. Афина ва фивалик элчилар спарталик дипломатнинг бу таклифига қарши чиқадилар. Улар Кичик Осиёдаги шаҳарларга бериладиган автономия Юнонистондаги ҳарбий-сиёсий иттифоқларни йўқ қилишга қаратилган деб ҳисоблаганлар.
Шунга қарамасдан Антиалкиднинг дипломатик маневри муваффақият билан тугаган. Мил.авв. 387-йилда тузилган Антиалкид сулҳи шартларига кўра, Кичик Осиёдаги шаҳарлар, Клазомен ва Кипр ороли форс подшосига тегишли, қолган ҳудудларга автономия берилади. Лемнос, Имброс ва Скирас шаҳарлари Афинага тегишли эканлиги тан олинади. Ушбу сулҳга кўра, Юнонистонда Пелопонес иттифоқидан бошқа иттифоқлар таъқиқланади. Бу эса Юнонистонни парчаланишига ва кучизланишига сабаб бўлган.
Антиалкид сулҳи Афина дипломатиясининг мағлубияти ҳисобланар эди. Кичик Осиёдаги юнон полислари яна форс подшолиги таъсирига тушиб қолган. Форс подшоси автономияни алоҳида ажратилган шаҳарларга бериб, иттифоқлар тузишни ман этган эди. Афина Афина иттифоқини, Фива эса Беотия шаҳарлари устидан ҳукмронлигини тиклашдан воз кечиши керак. Фақат Пелопоннес иттифоқигина қолган бўлиб, бу Спартанинг бутун Юнонистонда гегемонлик ўрнатганлигини билдирар эди.
Антиалкид сулҳи Юнонистонни бўлиниб кетганлигини қонунийлаштириб қўйган бўлса-да, на форс сиёсати, на Спарта сиёсати Юнонистонда бирлаштиришга бўлган ҳаракат тенденсиясини тўхтата олмади. Мил.авв. IV аср 70-йилларида дастлаб Беотия иттифоқи, кейинчалик иккинчи Афина иттифоқи тиклана бошлаган бўлса-да, улар узоқ вақт оёқда тура олмадилар.
Мил.авв. IV аср ўрталаридан бошлаб, шимолий Юнонистонда Македониянинг мавқеи кучая бошлади. Тарқоқликдан фойдаланган Македония Юнонистонда таъсирини мустаҳкамлаб, шаҳарларни аста-секин бўйсундира бошлади. Филипп II даврида (мил.авв. 359-336-йй) Македония Эгей денгизи ҳавзасидаги энг кучли юнон давлатларидан бирига айланади. Македония юнон вилоятларини бирин-кетин бўйсундирган. Ҳатто бундан Афина ҳам четда қолмади.
Юнонистонда Македониянинг гегемонлиги ўрнатилиши дипломатик ва ҳарбий йўл билан амалга оширилди. Филипп қўшни давлатларни бўйсундиришнинг ҳар қандай йўлларидан фойдаланган. Масалан, сотиб олиш, дипломатик элчилик (“Филипп мактуби”), “Македония дўстлари”га моддий ва маънавий ёрдам, қўшни варвар қабилалари князлари билан иттифоқ тузиш, форс подшоси билан дўстлик муносабатларини ўрнатиш, душман мамлакатларда исёнлар уюштириш ва ҳоказолар. Бу усулларнинг ичида Филипп сотиб олиш сиёсатига катта аҳамият берган. Унинг “олтин ортилган эшак билан ҳоҳлаган қалъани олиш мумкин” деган сўзлари жуда машҳур бўлган. Нафақат сиёсий нотиқликка, балки сиёсий жимликка ҳам яхшигина ҳақ тўланган. Бир юнон трагики чиройли нутқи учун Филипп унга бир талант берганлигини айтган бўлса, ораторлардан бири Демадга сукут сақлаганлиги учун 10 талант берганлиги ҳақида маълумот берган.
Македония муваффақиятининг асосий сабаби сифатида тарихий жиҳатдан Ўрта Йер денгизи ҳавзасидаги ишлаб чиқариш кучларининг ривожланиши натижасида давлат бирлашуви имконияти пишиб йетилганда деб тушунтирилади. Бу давр Юнонистонда сиёсий тарқоқлик бўлиб, яхлит давлат бўлмаган ва мамлакатни бирлаштириш зарурияти юзага келган эди.
Ақлли ва ҳокимиятпараст Македония подшосининг ҳаракатлари ўша даврдаги юнон идеологларининг ҳаракатларига мос келган. Масалан, машҳур нотиқ (оратор) Исократ ўзининг “Панегирик” номли асарида бутун Юнонистонни бир давлат остида бирлаштириш ғоясини ривожлантирган.
Филиппнинг марказлаштириш сиёсатига қарши Афинада антимакедон гуруҳи тузилади. Бу гуруҳга машҳур нотиқ Демосфен бошчилик қилар эди. У ўзининг чиройли нутқлари билан “македон варварлиги”ни ниҳоятда йерга урар эди. Лекин Демосфен Юнонистонни бирлаштириш заруратини инкор этмаган. Унинг фикрича, Юнонистон Македониясиз озод эллин давлатлари иттифоқи асосида бирлашиши зарур эди. Демосфен Афина демократиясини ҳимоя қилган. Унинг фикрича, Македониянинг ғалабаси демократик институтнинг мағлубияти ҳисобланган. Македония гуруҳининг ядроси бой савдогарлар тоифаси бўлиб, улар Форс подшосига қарши “бахтли уруш”да бойликларини янада орттириш ниятида қаттиққўл подшолик ҳокимияти тарафдори эдилар.
Филипп II сиёсий мақсади бутун Юнонистонни бўйсундириш бўлиб, юнон шаҳар-давлатлари ўртасида ишончсизлик ва душманлик кайфиятини кучайтиришга ҳаракат қилган. У бутун кучи билан антимакедон иттифоқи тузилишига қаршилик қилган. Мақсадини амалга оширишда у Халкидика ярим оролидаги денгизбўйи ва Фракиядаги шаҳар-давлатларни бир-бирига душманлик кайфиятини кучайтира бошлаган. Кейинчалик навбати билан Пидна, Олинф, Амфиопол каби полисларни бўйсундирган. Делфия ибодатхонасининг манфаатини ҳимоя қилиш ва фиваликлар Фокидага қарши ҳужум қилди деган баҳона билан Фессалияни бўйсундирган. Фақатгина афиналиклар аралашуви билан Ўрта Юнонистон Филипп томонидан бўйсундира олинмаган.
Филипп II тин олиш мақсадида Афина билан музокаралар бошлаган. Музокаранинг асосий масаласи ўша давргача босиб олинган ҳудудларни Македониянинг қонуний йерлари деб тан олиниши кераклиги эди. Афиналиклар дастлаб бунга қисман рози бўладилар ва Пеллага Македония тарафдори бўлган Эсхин ва Филократ бошчилигида элчилик юборадилар. Аммо афиналик элчилар ҳаъйати Пеллада эканлигида Филипп II Фракияга қўшин жўнатиб, Херсонесни эгаллайди. Филипп II бу ҳудудларни ҳам тан олинишини талаб қилади. Филократ ва унинг шериклари бу талабга ҳам рози бўладилар.
Мил.авв. 346-йили Македония билан Афина ва иттифоқчилари ўртасида сулҳ тузилади. Сулҳга кўра, Македониянинг ўша вақтгача босиб олинган барча ҳудудлари унинг қонуний ҳудуди сифатида тан олинади. Бу воқеликни Исократ Юнонистонни бирлаштириш ва Форс подшолигига қарши курашнинг бошланғичи сифатида баҳолаган.
Афина Халқ мажлисида Македония гегемонлиги тарафдорлари ва рақиблари ўртасида кураш кучайиб кетади. Масала Афинанинг ички ва ташқи сиёсатини муҳокамаси ҳам эди. Мунозаранинг марказида Филократ сулҳи турар эди. Демосфен ва бошқа демократия йўлбошчилари бу сулҳни Афина учун қақшатқич зарба деб ҳисоблаганлар. Улар Филократ ва Эсхинни шартномани тузганликлари учун судга бериш керак деб ҳисоблаганлар. Филократ масаласи бўйича Демосфен бир қанча нутқлар (“Тинчлик ҳақида”, “Галоннес ороли ҳақида”, “Филиппик”) сўзлаган. Бу нутқларида ваъз Афина фуқароларини Филиппнинг сохта ваъдаларига ишонмасликка чақирган. Македония подшоси тинчлик ҳақидаги гаплари беҳуда бўлиб, унинг бутун ҳаракатлари зўрликка асосланганлигини айтади. У ўзининг нутқларида Филиппнинг ҳаракати натижасида полисларнинг вайрон бўлганлигини, юнон озодлиги ва эллин таълимотини йўқ қилишни мақсад қилганлигини тушунтиришга ҳаракат қилган. Ҳақиқатан ҳам Филипп ўзини филэллин деб атаган. Демосфенга кўра, Филипп эллин эмас, ҳатто тартибли оиладан ҳам чиқмаган. У Эсхин ва Филократни ватанга хиёнат қилишда айблаган.
Эсхиннинг рақиблари уни сиёсий айбловлардан ташқари, озодликка лой суркаганликда айблаганлар. Уларнинг фикрича, бундай қоралов вазиятдан сўнгра руҳий тозалик керак.
Македония тарафдорлари, жумладан, Филиппнинг ўзи ҳам қарз бўлиб қолишни истамаган. Бизнинг кунимизгача Эсхин ва Филиппнинг хатлари йетиб келган. Ушбу хатларда Демосфен ва унинг дўстларини айбловчи бутун бошли айбловларни келтирган. Уни туҳмат, демагогия ва сотилганликда айблаганлар. Эсхиннинг “Элчиликни виждодан бажармаганлик” номли нутқида Демосфенни манман одам деб атаб, “ўзини давлатнинг ягона ҳимоячиси деб ҳисоблайди”, бошқаларга эса сотқинлик тамғасини босган. Демосфенга нисбатан яна “У доим бизни хўрлайди. У нафақат мени, бошқаларни ҳам ҳақоратли сўзлар билан ҳақоратлайди” деган фикрларни ҳам айтган.
Филипп II нинг ташқи масалалари бўйича жуда моҳир котиблари бўлган. Лекин унинг ўзи ҳам юнонча оғзаки ва ёзмада жуда моҳир бўлган. Бу масалада Филиппнинг Афина аҳолисига қилган бир қанча мурожаатлари сақланиб қолган.
Шундай мурожаатлардан бирига сабаб бўлган хат Эгей денгизидаги Галоннес ороли аҳолисига ёзилган. Мил.авв. 342-йил бу орол қароқчилар тарафидан босиб олинади. Филипп қароқчиларни қувиб юбориб, у йерда ўз ҳукмронлигини ўрнатади. Афиналикларни оролни қайтариб бериш ҳақидаги талабини рад қилади: оролни ўзига тегишли эканлигини, улар ҳоҳлашса совға қилиши мумкинлигини, аммо хусусий мулки сифатида қайтариб бермаслигини айтади. Демократия йўлбошчилари экклесияда1 Филиппга қарши компанияни бошлаб юборишади. Улар Филиппдан яккаҳукмронликка интилишда ва Филократ сулҳини бузганликда гина қилишади. Улар Филиппга яна бошқа айбларни ҳам қўйишади: Эпир подшоси Арибба, Фракия князи Керсоблантни қувғин қилганликда айблаганлар. Филипп гўёки бу айбловлардан безовта бўлиб, Афина экклесиясига мурожаат хати йўллаган. Хатда сотилган ваъзхонларни тинглаганликлари учун афиналик фуқароликлардан гина қилган.
Хатда у афиналик ваъзхонларни фуқароларни урушга жалб қилишларига сабаб бўлувчи ибораларни ҳам қўллаган. Масалан, у “Ўзларингнинг фуқароларингиз айтмоқда, тинчлик учун урушиши, урушиш учун тинчлик керак. Улар Афина муаммосини баҳона қилиб, ўзларининг ваколатларидан четдаги масалаларни ҳам муҳокама қилишга интилмоқдалар”.
Филипп II ўзининг асосий мақсадига эришади. Мил.авв. 346-йилдаёқ Филипп Делфия-Фермопол амфиоктониясининг халқаро масалалар бўйича арбитри этиб сайланган эди. Унинг бундай вазифага тайинланиши душманларига қарши “муқаддас уруш” эълон қилиш имкониятини бера олар эди. Мил.авв 338-йил Херонея ёнидаги Беотия шаҳрида Демосфен томонидан тузилган иттифоқчилари ва Филипп қўшинлари ўртасидаги ҳал қилувчи жанг бўлади. Бу урушда иттифоқчиларнинг қўшинлари бутунлай йенгилади.
Херонеядан кейин Филипп II жанубий Юнонистонга юришга жўнади. Спартадан ташқари Пелопоннес иттифоқи шаҳарлари Филипп ҳукмронлигини тан оладилар. Филипп ўзини барча юнон шаҳарлари мустақиллигига раҳна солмайдиган қилиб кўрсатган. Ҳар бир шаҳар Филипп билан алоҳида-алоҳида мудофаа ва ҳужум характеридаги шартномалар тузади. Бу иттифоқларга асос қилиб, ҳар бир шаҳарнинг озодлиги кўрсатилган. Мил.авв 337-йили Коринфда барча полислар вакиллари қатнашган ва бутун Юнонистонга тегишли бўлган масалалар юзасидан конгресс чақирилади. Ушбу конгрессда Спартадан ташқари бутун юнон полислари қатнашади.
Филипп бошчилигида чақирилган конгрессда Юнонистондаги полислар ўртасидаги ўзаро урушлар тўхтатилиб, тинчлик ўрнатилган. Шундан сўнг, Эронга қарши урушга тайёргарлик масаласи муҳокама қилинади. Парчаланган Юноноистон ўрнига Македония ҳукмдори бошчилигида бирлашган Юнонистон федератсияси тузилади.
Юнон полислари ва Македония подшоси ўртасида абадий мудофаа ва ҳужум тўғрисидаги шартнома тузилади. Қаттиқ қўрқув остида ва жазо олишдан қўрқиб, бирорта ҳам юнон полислари Македония ҳукмдорига қарши чиқишга ва унинг душманларига ёрдам бера олмас эди. Юнон шаҳарлари ўртасидаги низоли масалалар амфиктион судида кўриб чиқиладиган бўлди. Ушбу амфиктион раиси эса Филипп эди. Бирорта шаҳарга нисбатан жиноий акт қабул қилинадиган бўлса, у шаҳар конститутсиясига ўзгартиришлар киритиладиган, мулклари мусодара қилинадиган, қулларини унга қарши қўзғолонга даъват этиладиган бўлди. Конгресс якунида Форс подшолигига қарши уруш эълон қилиш ҳақида қарор қабул қилинди. Филипп юнонларнинг бутун диққатини форс подшосига қарши “тез ва бахтли” урушга тортишга ҳаракат қилган. Юнонларнинг форсларга қарши тўпланган кўнгилли қўшиннинг бошлиғи этиб Филипп тайинланган. Коринф конгресс қарорларида “подшо” ибораси учрамайди. Юнонлар билан муносабатда Филипп ҳеч қачон ўзини подшо (басилевс) деб атамаган. Эркин юнонлар учун у подшо эмас, балки гегемон эди.
Мил.авв. 336-йил Филипп II ўлдирилади ва унинг ишини ўғли Буюк Александр давом эттиради. 10 йилдан ортиқроқ вақт мобайнида Александр Эгей денгизи қирғоқларидан ғарбда Ҳиндистонгача бўлган ҳудудларни, яъни Осиёнинг катта қисмини бўйсундирган. Александр ҳам отасига ўхшаб, ўз сиёсатини юритишда нафақат ҳарбий воситалар, балки дипломатик усуллардан ҳам фойдаланган. У дипломатик йўл билан Кичик Осиёдаги юнон шаҳарларини, Миср коҳинларини ўз томонига оғдирган ва ҳинд рожалари билан душманларига қарши биргаликда курашган.
Александр ҳузурига юнонлар, форслар, скифлар, сарматлар, ҳиндлар ва кўплаб халқлардан элчилар келар эди. Александр уларнинг баъзилари билан дўстона, бошқаларига душманона муносабатда бўлар эди.
Александр Юнонистоннинг Йевропа қисмидаги шаҳарларида аристократ ва олигархларни қўллаб-қувватласа, Кичик Осиёдаги юнон полисларида эса демократик бошқарувни қўллаб-қувватлаган.
Александрнинг қаттиққўл ва ваҳшийлиги ўлдирилган Эрон ҳукмдори Доро III га нисбатан муносабатида кўринса, дипломатик муносабатларда усталиги ҳинд подшоси Пор билан мил.авв. 326-йилда тузилган шартномасида кўринади. Унга кўра, нафақат босиб олинган Ҳиндистон йерлари унга қайтариб берилади, шу билан биргаликда бўйсундирилган ҳинд йерларидаги уни ўзининг ҳокими деб эълон қилиб, ҳатто бўйсунадиган чегара ҳудудларини кенгайтиради ҳам.
Do'stlaringiz bilan baham: |