1-мавзу: Қадимги Шарқда халқаро муносабатлар ва дипломатия тарихи



Download 1,03 Mb.
bet1/42
Sana21.02.2022
Hajmi1,03 Mb.
#36367
TuriДиплом
  1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   42
Bog'liq
diplomatiya ma'ruza


1-мавзу: Қадимги Шарқда халқаро муносабатлар ва дипломатия тарихи.
Режа
1. Халқаро муносабатлар ва дипломатия тарихи фанига кириш
2. Қадимги Месопотамия шаҳар-давлатлари ўртасидаги ўзаро муносабатлар
3. Қадимги Мисрда халқаро муносабатлар ва дипломатия тарихи
4. Қадимги Оссурияда халқаро муносабатлар ва дипломатия
5. Қадимги Ҳиндистон ва Хитойда халқаро муносабатлар ва дипломатия
6. Ўрта Осиёнинг қадимги давлатларида халқаро муносабатлар

1. Халқаро муносабатлар ва дипломатия тарихи фанига кириш


Дипломатия белгиларининг пайдо бўлиши жуда қадим замонга, яъни уруғчилик тизими даврига бориб тақалади. Фақат дипломатик алоқалар расмий кўринишга келиши давлатчилик тарихи бошланиши билан боғлиқ. Дипломатия сиёсий тизимнинг бир қисми ҳисобланиб, асосан давлатнинг ташқи сиёсати билан боғлиқ восита ҳисобланади. Қадимги дунё тарихида дипломатия давлатнинг иқтисодий сиёсат билан боғлиқ бўлган вазифаларни бажарган.
Қадимги Шарқдаги давлатлар Миср деспотияси, Месопотамия давлатлари, Хетт подшолиги, Оссурия ва Форс подшолиги, қадимги Хитой ва Ҳиндистондаги давлатлари ташқи сиёсатда ҳарбий кучга суянганлар. Бунда уларнинг асосий мақсади ҳудудлар босиб олиш, қулларни қўлга киритиш, чорва молларини талаш учун уруш олиб борганлар. Халқаро муаммолар ҳарбий куч билан ҳал этилган. Лекин шу билан бирга дипломатик фаолият тури ҳам жонлана бошланган. Дипломатик муносабатлар ҳукмдор номидан олиб борилган. Қадимги Шарқ ҳукмдорлари мамлакатларида худо даражасида улуғланиб, бутун мамлакатда чексиз мақомга эга бўлганлар. Улар ўзларига бўйсунган “ҳукмдор хизматчилари” – амалдорлар, мирзалар ва отлиқларига эга бўлганлар.
Шарқнинг ҳарбий-теократик ҳукмдорлари босқинчиликка асосланган дипломатияси бир қанча масалаларни ҳал қилиш имконини берган. Ана шундай бир вазиятда шартномаларнинг бир қанча турлари, халқаро масалаларни ҳал қилиш учун қўшни мамлакатларга элчилар жўнатиш ва ҳарбий-сиёсий разведка (жосуслик) пайдо бўла бошлади.
Жамоат-сиёсий асосга асосланган қадимги Юнонистон ва Римда қулчиликнинг тараққий этиши билан бир қаторда денгизбўйи шаҳарларда товар-пул муносабатлари ривожлана бошлади.
Юнон шаҳар-давлатлари (“полис”) ташқи сиёсатидаги асосий вазифалар ҳудудини кенгайтириш, кўпроқ қулларга эга бўлиш, бозорларни эгаллаш бўлган. Бу ерда гегемонликка эга бўлиш, давлатнинг ташқи хавфсизлигини таъминлаш, иттифоқчи излаш ва ҳарбий иттифоқлар тузиш, колонияларга эга бўлиш мақсадлари келиб чиққан. Қадимги юнон полислари дипломатияси миллий мустақилликни ҳимоя қилиш даражасигача кўтарилган. Масалан, юнон-форс урушлари даврида чет элликлар Эллада мустақиллигига хавф солган эди.
Антик полисларда дипломатик фаолият асосан музокаралар, элчилар алмашиш, давлатлараро маслаҳатлар кенгаши тузиш, мудофаа ва ҳужумга мўлжалланган иттифоқлар тузиш каби кўринишларда вужудга кела бошлаган. Шундай қилиб, ташкилотлар, дипломатиянинг усул ва воситалари доимий равишда ривожлантириб борилган.
Элчиликка оратор ва актёрларни тайинлаш воқеалари ҳам кўп бўлган. Машҳур оратор Эсхин аслида актёр бўлиб, Македония ҳукмдори Филипп II ҳузурига жўнатилган афиналик элчилар орасида бўлган. Элчиликка шахсларни оратор ва актйорлар орасидан танланишининга асосий сабаби унинг нутқлари чиройли чиқишидан ташқари, таъсирли ҳам бўлиши кераклигида эди. Оратор ва ҳатто актёрлар ўзларининг мавқелари орқали майдон ёки театрдаги кўп минг кишилик оломонни ишонтириши керак эди.
Элчилик таркиби ҳар хил бўлиб, ўша вақтдаги муаммонинг кўламига боғлиқ эди. Элчиликдаги барча аъзоларнинг ҳуқуқлари бир хил бўлган. Кейинчалик элчиликка ҳайъатига бошчилик қиладиган “оқсоқол бошлиғи” тайинланадиган бўлди. Элчиликни муваффақиятли амалга ошириш учун уларга маълум бир миқдорда пул ажратилган. Элчилик ҳайъатининг хизмат вазифаси аниқ бўлиб, элчилик қайерга кетаётган бўлса, у шаҳардаги проксенга тавсия хати (симбол) юборилар эди. Элчиликнинг мақсади ҳар бир аъзога махсус интруксия билан тушунтириларди. Инструксиялар оғзаки шаклда берилар эди. Элчилик ҳаъйати ўзи билан икки жойига мум суртилиб, сўрғичланган ёрлиқ билан (δίπλὼματα) келган. Дипломат атамаси юнонча ёрлиқ атамасидан келиб чиққан.
Классик Юнонистонда дипломатик фаолият юнон-форс урушлари, Афина ва Пелопоннес иттифоқи ўртасида Эллин дунёсига гегемонлик учун кураш, кейинчалик эса Македониянинг умумий юнон ҳудудида гегемонлик ва Шарқни босиб олиш учун кураши натижасида янада ривожланди.
Ғарбда эса Рим республикаси даврида Пуни урушлари ва Шарқдаги эллин ҳукмдорлари билан курашиш натижасида дипломатик алоқалар фаоллашган.
Антик республикалардаги дипломатик фаолиятда ўша даврдаги қулчиликка асосланган жамиятнинг таъсирини кўриш мумкин эди. Республика элчилари эркин фуқаролар очиқ йиғилишида сайланган ва миссияси тугашида мажлисга ҳисобот берган. Ҳар бир эркин фуқаро элчининг нотўғри ҳатти-ҳаракати ҳақида билиб қолса уни судга бериши мумкин эди. Бундай тамойил кўпроқ юнон полисларида амал қилиб, Римда эса бундай даражага етиб бормаган эди. Римда уруш ва тинчлик масалалари умумий тарзда Халқ мажлисида ҳал қилинса, ташқи сиёсат масалаларига эса асосан Сенат бошчилик қилар эди.
Рим Республикасининг сўнгги икки асри ва империянинг дастлабки асри қулчиликнинг энг ривожланган даври ҳисобланган. Бу даврда Рим империяси марказлашган давлат ҳолатида эди. Рим империясининг ташқи сиёсатида икки асосий мақсад қўйилган эди: давлатни мустаҳкамлаш ва ҳудудини кенгайтириш бўлиб, атрофидаги ҳудудларни қўшиб олиш ва чегараларни қўшни халқлар ҳужумларидан мудофаа қилиш. Империянинг дастлабки асрида босқинчилик сиёсати ва шунга мос равишда дипломатик сиёсат устунлик қилган. Кейинчалик эса империя ўз ҳудудини аранг ҳимоя қилиш сиёсатига ўтишга мажбур бўлган.
Шарқда Рим империяси Парфия билан муносабатларда дастлабки императорлар давридаёқ босқинчилик сиёсатларидан воз кечиб, ташқи сиёсатларида жиддий синовдан ўтишга мажбур қилинган.
Ғарбда эса римликлар “варварлар” оқимини империя ичига сизишини олдини олишга интилиб, улардан жангчи ва иш кучи сифатида фойдаланишга ҳаракат қилганлар.
Шу билан биргаликда рим дипломатияси империянинг бутунлигини Рим империясининг бошқа ҳудудлари билан келишган ҳолда сақлашга ҳаракат қилган. Рим императори ташқи сиёсатни ўзининг махсус канцелерияси орқали олиб борган.
Рим императори дипломатияси етарли даражада ривожланган бўлиб, қабул ва ва бошқа формаларда ўзининг мураккаблиги ва ўзиг хос жиҳатлари билан ажралиб турар эди.
II асрдан қулчиликнинг инқирозга учраши туфайли империя заифлаша бошлади. Унинг ўрнига янги ярим феодал муносабатлар ҳукмронлик қила бошлайди. Ички сиёсатда хўжалик ишлаб чиқариши ва ҳарбийлар ўртасидаги қарама-қаршилик империя ташқи сиёсатининг заифлашувига олиб келди. Рим империясининг ҳарбий ва сиёсий жиҳатдан кучсизланиши унинг дипломатиясини ҳам заифлашувига олиб келди.
Империянинг сўнгги давридаги дипломатик фаолиятида Форс подшолиги ва варвар давлатларининг таъсири кучайган.
Хитой ва Ҳиндистонда дипломатик муносабатларнинг бошланиши у ерда қадимги давлатларнинг вужудга келиши билан боғлиқ. Қадимги ҳинд ва хитой цивилизацияси ўзаро элчилик алоқаларда ёзма шартномалар, бир ҳукмдорнинг иккинчи ҳукмдорга мурожаати, элчилик ваколатининг исботлайдиган ёзув ёки моддий нарсалар, элчиларининг миссиясини бажарганлиги ҳақидаги ҳисоботлар кўринишида ривожланган. Дипломатик музокара давомида ўзига хос этикетлар шакллана бошлаган.
Хитой ва Ҳиндистон элчиларининг фаолиятлари мамлакатларидан узоқда шаклланган. Ҳиндистондаги Маурья ва Кушон ҳукмдорлари Ўрта Осиё давлатлари, Миср, Сурия, Македония каби мамлакатлар билан дипломатик алоқаларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаганлар. Ҳатто ҳинд элчисининг Римга келганлиги ҳақида манбаларда маълумотлар мавжуд.
Хан сулоласига мансуб Хитой императорлари Эрон подшолари, Ўрта Осиё монархлари, Марказий Осиёдаги кўчманчи қабила бирлашмаларининг йетакчилари, Корея ҳукмдорлари, жанубий-шарқий Осиё мамлакатлари ва япон давлати билан дипломатик муносабатлар олиб борган.
Хитой ҳукмдорлари ташқи шартномалар тузишда ўзларининг ҳоҳишларини амалга ошириш йўлида бир давлат билан иккинчи давлатни душман қилишга ҳаракат қилганлар. Хитой ҳукмдорлари ҳатто Рим империяси билан ҳам дипломатик алоқалар ўрна ишга ҳаракат қилганлар. Аммо Парфия давлатининг қаршилиги туфайли бундай алоқа ўрнатилмаган.
Узоқ Шарқ ва Жанубий Осиё ҳудудларида ҳам бир қатор цивилизациялашган давлатлар пайдо бўлди. Аммо транспорт воситаларининг соддалиги улар ўртасидаги ўзаро алоқаларнинг заиф ва ривожланмасдан қолишига сабаб бўлган. Милоддан аввалги I – милодий II асрнинг охиригача бўлган уч аср мобайнида Буюк Ипак йўли фаол ҳаракатда бўлган. Лекин III аср бошларида бошланган кўчманчилар ҳаракати туфайли узоқ вақтгача фаолиятдан тўхтаган.

2. Қадимги Месопотамия шаҳар-давлатлари ўртасидаги ўзаро муносабатлар


Мил. авв. III-II минг йилликлардаги Месопотамиянинг ташқи сиёсий тарихи, биринчи галда, Месопотамия ичкарисида мавжуд бўлган давлатлар ўртасидаги муносабатлар тарихидир. Ёзув пайдо бўлмасдан олдинги даврнинг охири ва илк сулоалар даврининг бошида Месопотамияда йигирмага яқин “ном” туридаги гаҳар-давлатлар мавжуд эди. месопотамияда гегемонлик қилишга қаратилган даъволар даставвал “Киш подшоси” унвонига эга бўлиш билан боғлиқ эди. “Киш лугали” унвони подшо – гегемонлигининг анъанавий унвони бўлиб қолди.
Месопотамиянинг ташқи алоқалари асосан шарқ томон қаратилган эди. Мил. авв. IV минг йилликда Месопотамия Эроннинг ясси тоғлик ҳудудлари билан савдо алоқаларини олиб борган.
Мил. авв. III минг йилликда Месопотамияга келтирилган маҳсулотларнинг аксарият қисми айнан савдо орқали таъминланар эди. Бу эса табиийки, савдо алмашинувининг йўлга қўйилган тартибини назарда тутарди. Қолверса, савдо карвонларининг эркин қатновини таъминловчи ўзаро кафолатлар ҳам мавжуд бўлиши керак эди. Киш ҳукмдори Менбарагесси (мил.авв. 2600 й) иштирокида бизга маълум бўлган ҳарбий тўқнашувлардан энг қадимгиси Элам билан боғлиқ эди. Элам кейинги асрлар давомида Месопотамия давлатларининг энг хавфли душмани бўлиб келди. Месопотамия айнан шу пайтда тўхтовсиз ҳарбий тўқнашувлар даврига кириб борганди. Киш ҳукмдорларидан ташқари, Ур, Урук, Лагаш ҳукмдорлари ҳам ўзларини “Киш подшоси” деб атай бошладилар. Аккад сулоларига тегишли бўлган шоҳлар кейинчалик ушбу унвонни ўзларининг унвонлари қаторига киритдилар. Икки йирик номлар – Лагаш ва Умма ўртасида икки асрдан кўпроқ вақт давомида чўзилган тўқнашувни ҳамда “Киш подшоси” Месилимнинг ушбу низода ўйнаган ролини ёритиб берадиган бир қатор матнлар бизгача йетиб келган. Бу ердаги воқеалар “икки даражада” рўй берди: Энлил (Шумернинг олий худоси) Нингерси (Лагашга ҳомийлик қилган худо) ва Шара (Умма шаҳрига ҳомийлик қилган худо) ўртасида чегара ўрнатди, яъни улар ўртасидаги низони ҳал этди. Шундай қилиб, “ном”лар ўртасидаги тўқнашув ушбу “ном”ларнинг илоҳлари ўртасидаги низо сифатида талқин этилади ва худолар ўртасида ҳал этилади. Демак, бизга маълум бўлган энг қадимги келишувлардан бирида замонавий халқаро - ҳуқуқий амалиётнинг кўплаб элементларини кўришимиз мумкин: аниқ белгиланган йерларга эгалик қилиш даъволари негизида юзага келган низо, ҳакамлар суди, жанжалда иштирок этган биринчи томоннинг талаш бўлиб турган ерлар устидан сувернитетининг тан олиниши ҳамда шу пайтнинг ўзида иккинчи томонга ушбу ерларни ижарага топширилиши эди. тўқнашув, гоҳ пасайиб, гоҳ авж олиб Умма ҳукмдори Лугал заггиси Лагашни ҳал қилувчи ҳал қилувчи мағлубиятга учратмагунча (тахминан мил.авв. 2312 й) давом этди. Лугал заггиси ҳеч қандай истилочилик мақсадларига эга бўлмаганлигига ишонтиради ва фақат “адолат”ни тиклаганлигини таъкидлайди.
Шу тарзда Месопотамия давлатлари ўртасидаги энг қадимги ва яхши ҳужжатлаштирилган тўқнашувлардан бири якунланди. Бўлиб ўтган воқеаларнинг кўплари ҳамда тўқнашув ҳақидаги расмий хабарларнинг фразалогияси (барқарор сўз бирикмалари ва иборалари) уч-тўрт минг йилдан сўнг рўй берган жараёнларни ҳайрон қоларли даражада эслатади.
Мамлакатни бирлаштиришга қаратилган тенденция ҳақида “Мамлакат лугали” деб номланган янги унвонларнинг пайдо бўлиши далолат беради. Мил. авв. III-II минг йилликларда марказдан қочирма кучлар марказга интилма кучлардан қудратлироқ эдики, бунинг оқибатида сиёсий тарқоқлик ҳолати ўша даврдаги Месопотамия учун хос эди. Бутун Мемопотамия ҳудудларини ўз ичида қамраб олган давлатни биринчи бор Саргон барпо этди. Ушбу давлат ўзининг ички тузилиши жиҳатдан ҳам конфедерация, ҳам марказлашган давлатни эслатадиган кўриниш касб этганди. Саргон томонидан барпо этилган давлат Осиёдаги биринчи “буюк” давлат эди. яқин Шарқда эса – иккинчи (Мисрдан сўнг) эди. Олд Осиёдаги халқаро вазият шаҳар-давлатлар уларга тўғридан тўғри таҳдид солган “буюк” давлат ўртасидаги қарам-қаршилик билан ифодаланади. Шарқ (Элам) ва ғарбга (Сурия) қаратилган юришлар энди Месопотамия учун анъанавий тус олди. “Тўрт иқлим подшоси” Нарам-Син ва эламликлар ҳукмдори Хит ўртасида бизга маълум бўлган биринчи халқаро шартнома қадимги Элам давридан ҳозирги кунгача йетиб келган. Ушбу шартномага кўра, Элам подшосининг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат эди:
1. Аккадга нисбатан тўла лояллик (самимият) (Эламда Нарам-Синга нисбатан ғанимликка йўл қўймаслик, Аккаднинг ҳар қандай душманларига қарши ҳаракатларда унга ҳарбий ёрдам кўрсатиш);
2. Қочоқларни тутиб бериш, яъни Нарам Синга душманлик қилганларга паноҳ беришдан воз кечиш.
Асосан Элам билан олиб борилган урушлардан ташқари рўй берган ташқи сиёсий воқеалар ҳақида маълумотлар кам. Элам билан муносабатлар ёмон ёки жуда ёмон ҳолатда бўлар эди. шу пайтгача мутлақо нуфузга эга бўлмаган Бобилнинг сиёсий тартибсизлик шароитида юксалиши нафақат ҳарбий муваффақиятлар, балки мақсадга интилувчилар ва ўта усталик билан олиб борилган дипломатиянинг натижаси эди. Сулолавий никоҳлар тўғрисида ҳам маълумотлар учрайди. Иттифоқлар (тенг ҳуқуқли ёки тенгсизми, лекин барибир умри қисқа) кўплаб миқдорда тузиларди. Агар иттифоқ тенг ҳуқуқли бўлмаса, унда подшо – гегемон қарам подшоликларга, уларни доимо назорат қилиш мақсадида ўзининг маслаҳатчиларини (хазиану) юборарди. Қарам подшолар бундай иттифоқнинг раҳбарига юборган мактубларида уни “ота” ёки “ҳукмдор” деб номлашарди. Афтидан уларнинг мажбурияти битимларда аниқ белгиланган ва биринчи галда ҳарбий ёрдам кўрсатишдан иборат эди. Иттифоқ тузилиши худолар олдида қасам ичиш билан мустаҳкамланган. Сиёсий мақсадларга эришиш йўлида ҳарбий куч, айёрлик, пора бериб сотиб олиш, исёнларни келтириб чиқаришдан фойдаланилган. Барча ушбу усулларни Бобил сулоласи муваффақиятли тарзда қўллаган.
Сиёсий мақсадларга эришиш йўлида иқтисодий “ёрдам”дан фойдаланилган ҳолат ҳужжатлар негизида ўз тасдиғини топган тарзда биринчи маротаба тарихда Мари ва Бобил ўртасидаги муносабатларда қайд этилган.
Хаммурапи барпо этган давлат гарчанд кўп умр кўрмаган бўлса ҳам бутун Месопотамияни ва ҳаттоки Эламнинг бир қисмини қамраб олганди. Айнан Хаммурапи ва унинг ворислари давлати марказлашган давлат деб номланиши мумкин.
Мил.авв. II минг йилликнинг ўрталарида Яқини Шарқда сиёсий вазият қуйидагича кўриниш касб этган. Маълум даражада бир-бирига тенг ҳисобланган бир неча “буюк” давлатлар мавжуд эди: Миср, Касситлар Бобили, Шимолий Месопотамиядаги Митанни ва Кичик Осиёдаги Хетт подшолиги. Сурия, Фластин, Шимолий Месопотамия ва Кичик Осиёдаги кичик ва майда подшоликларга ёки князликлар юқорида кўрсатиб ўтилган “буюк” давлатларга қарам бўлиб қолдилар.
“Буюк” давлатлар подшолари ўзаро ёзишмалар чоғида бир-бирларини “биродар” деб номлаганлар. Муаян муносабатларга тўхталадиган бўлсак улар албатта, давр талаби ва кучларининг амалдаги нисбатига асосланарди. Миср маликасига уйланиш масаласига Бобил ҳукмдорлари улкан ташқи сиёсий обрўга эга бўлиш имконияти сифатида қарардилар. Аммо фиръавнлар бунга нисбатан ўзгача фикрга эга эдилар: улар бундай никоҳни Мисрнинг обрўсини ерга урадиган деб ҳисобланар эди. Ўзаро совғалар алмашиш дипломатик муносабатларнинг муҳим таркибий қисми эди.

3. Қадимги Мисрда халқаро муносабатлар ва дипломатия тарихи


Ал-Амарна архиви (мил.авв. XV-XIV асрлар)


Қадимги Шарқ тарихида сақланиб қолган дипломатик хатлар, шартномалар ва бошқа халқаро актлар бизга ўша даврда давлатлараро халқаро муносабатларнинг қандай даражада ривожланганлигини кўрсатади.
Қадимги Шарқнинг энг йирик давлати бу Миср эди. Милоддан аввалги III минг йилликда Миср фиръавнлари қўшни давлатлар билан алоқалар ўрнатишга ҳаракат қилганлар. VI сулола ҳукмдорлари (мил.авв. XXV аср) мисрликлар Қизил денгизнинг жанубий қисмида жойлашган Пунт мамлакатига элчилик ҳайъатини жўнатганлар. Мисрлик элчилар ерли қабилалар ҳукмдорлари билан музокаралар олиб борганлар.
Мил.авв. II минг йиллик бошларида Миср ҳукмдорларининг қўшни давлатлар бўлган Осиё давлатлари ҳукмдорлари билан алоқалари жонланган. Миср ҳукмдори саройида Осиё мамлакатларига элчи сифатида жўнатиладиган махсус чопарлар гуруҳи ташкил топган. Қадимги Шарқда ҳарбий ҳаракатлар бошланиши олдидан дипломатик музокаралар ўтказиш амалиёти мавжуд бўлган. Мил.авв. XVI асрда Мисрнинг шимолий қисмини босиб олишга киришган гиксослар билан Фива ҳукмдорлари олдига бажариб бўлмайдиган талабаларни қўйган ва талабалар бажарилмаган тақдирда уруш эълон қилиниши ҳақида огоҳлантирилган. Бу халқаро муносабатлар тарихида биринчи марта ҳарбий ҳаракатлар олдидан қўйилган ультиматум эди.
Урушлар натижасида гиксослар мамлакатдан қувиб чиқарилган ва XVIII сулола давридан бошлаб Миср ҳукмдорларининг бошқа қадимги Шарқ мамлакатлари билан тизимли ўзаро элчилик алмашиниб туриши йўлга қўйилган.
XVIII сулола давридан (мил.авв. II минг йиллик ўрталари) Миср чегаралари Тигр ва Евфрат дарёси тармоқларигача чўзилган эди. Бу даврда Қадимги Шарқ халқаро алоқаларда Миср етакчи роль ўйнар эди. Мисрликлар Олд Осиёдаги хеттлар, шимолий ва жанубий Месопотамия (Митанни, Бобил, Оссурия) давлатлари, Крит подшолиги ва Эгей денгизи мамлакатлари, суриялик ва фаластинлик қабилалар билн савдо, маданий ва сиёсий алоқаларни жонлантирганлар. Бу ҳудудларнинг катта қисми XVIII сулола ҳукмдори Тутмос III даврида бўйсундирилган эди. Мисрда дипломатик алоқалар билан махсус чет давлатлар билан алоқаларни йўлга қўювчи канцелярия шуғулланар эди.
Дипломатик муносабатларга оид кўплаб ҳужжатлар ичида Аль-амарна архиви ўзининг бойлиги билан ажралиб туради. Бу архив ҳужжатлари ичида Миср фиръавни Рамзес II ва Хетт ҳукмдори Хаттусили III ўртасида мил.авв. 1296-йилда тузилган шартнома матни ҳам мавжуд. Аль-амарна Ўрта Мисрдаги Нил дарёсининг ўнг қирғоғида жойлашган шаҳар бўлиб, бир пайтлар фиръавн Аменхотеп III ва унинг ўғли Аменхотеп IV нинг қароргоҳи бўлган (мил.авв. II минг йиллик ўрталари, мил.авв. XV-XIV асрлар). Архив 1887-1888-йиллари топилган бўлиб, 360 та сопол тахтачага ёзилган ёзувлардан иборат ва улар асосан фиръавнга бошқа давлатлар ҳукмдорлари ва қарам суриялик қабилалар етакчиларининг хатларидир. Шунга ўхшаш, яъни уни тўлдирувчи ёзувлар Хетт подшоси Суппилулумга оид Бўғозқоя (Анқарадан унча узоқ бўлмаган ҳудуд)дан топилган архив ҳужжатларидир.
Аль-амарна архивидаги ёзувларнинг асосий қисмини суриялик ва фаластинлик қабилалар бошлиқларининг фиръавнга тобелик ҳақидаги хатлари ташкил этади. Суриялик ва фаластинлик қабилалар икки буюк давлат Хетт ва Миср ўртасидаги қалқон (буфер) ҳудудлар бўлиб, фиръавнлар томонлар ўртасидаги душманликни кучайтириш орқали Суриядаги мавқеини мустаҳкамлар эди. Сурия ва Фаластин қабила бошлиқларининг хатлари мазмуни асосан қуйидагича эди: ўзаро ҳурмат ва саломлар, никоҳ тузиш ҳақидаги шартномалар, фиръавндан ҳарбий ёрдам сўраш, олтин ва совғалар жўнатиш (манбаларда олтин Мисрда қум каби кўплиги ёзилади) каби илтимослар бўлган. Хатларда яна қабила бошлиқларининг бир-бирларига қилган туҳматлари ҳам мавжуд. Шу билан биргаликда савдо карвонларини жўнатиш ҳақидаги илтимослар ҳам мавжуд.
Сурия ва Фаластин устидан ҳукмронлик қилиш учун фиръавнлар Митанни ва Бобил ҳукмдорлари билан муносабатларини жонлантиришга мажбур бўлганлар. Аль-амарна архивида Бобил ва Митанни ҳукмдорларининг Аменхотеб III ва Аменхотеб IV ларга мактублари ҳам сақланган. Ушбу мактубларда юқоридаги давлатлар ҳукмдорлари ўз мавқеларини бошқа давлатлар ҳукмдорлари билан бир қаторга қўйишга ҳаракат қилганлар. Аменхотеб III ўз ҳарамида Бобил маликаларини бўлишини ҳоҳлаган ва бу ҳақда “ака” деб ҳисоблаган Бобил ҳукмдори Кадашман-Харбага мактуб йўллаган. Бобил ҳукмдори фиръавнга синглисини жўнатмаган. Фиръавн бундан норози бўлиб, Бобил ҳукмдорини юбилей байрамига чақирмаган.
Шундан кейин Кадашман Харба ўз қизини фиръавнга жўнатишга мажбур бўлган. Эвазига фиръавн саройидаги маликани ўзига хотинликка сўраган.
Митанни подшоси Тушраттига ёзилган хат ҳам архивда сақланган. Унда Аменхотеп IV ўз сўзларини қуйидаги мазмунда якунлаган: “Шундай қилиб укам менга шунча миқдорда олтин жўнатдики, уни ҳисоблаш қийин... Менинг укам юртида шунчалик олтин кўпки, ер ҳам. Худо уларни яна ўнлаб марта орттирсин”. Ўз ўрнида Тушратти фиръавнга ҳар қандай хизмат ва совғаларни жўнатишга тайёр эканлигини билдиради. “Агар менинг акам ўз уйи учун ниманидир ҳоҳласа мен уларни у талаб қилгандан ўн марта ортиқ даражада жўнатишга тайёрман. Менинг йерим – уннг йери, менинг уйим – унинг уйи”.
Ушбу ёзувларнинг барчаси бобил тили ва миххатда, ўша даврга оид дипломатик тилда ёзилган.
Мил.авв. XIV асрга келиб Хетт подшолиги ўз ривожининг чўққисига эришади. Аменхотеп IV нинг вафотидан сўнгра хеттлар Сурия ва Фаластинга кирадилар. Бобил ва Митанни подшоликлари Мисрга иттифоқчи сифатида Хеттга қарши курашадилар.
Мил.авв. XIV-XIII асрларда Миср ва Хетт ўртасида аёвсиз урушлар давом этган. Бу уруш икки томонни ҳам ҳолдан тойдирган. Икки тарафнинг ҳам ҳолдан тойиши ва ғалабадан умиднинг узилиши, хеттларга оссурияликлар тарафидан хавфнинг кучайиши натижасида икки тараф ўртасида дўстлик ҳақидаги шартномани тузилишига олиб келади. Мил.авв. 1296 йили фаръавн Рамзес II ва Хаттусили III ўртасида шартнома тузилади. Ўзаро дўстлик шартномасини тузиш фикри Хаттусили III тарафидан билдирилади. Узоқ музокаралардан сўнг Хаттусили III кумуш дискка ёзилган шартнома лойиҳасини Рамзес II га жўнатади. Дискка шартноманинг ҳақиқийлигини кўрсатадиган белгилар жойлаштирилади. Дискнинг олд тарафига подшонинг шамол ва чақмоқ худоси Тешуб билан бирга турган расми, дискнинг орқа тарафида эса маликанинг қуёш худоси Аринна билан турган расми туширилган эди.
Рамзес шартнома шартларини қабул қилиб, Хаттусили III розилик сифатида шартнома шартлари ёзилган кумуш дискни жўнатади. Икки дискда ҳам имзо ва давлат белгилари муҳрланган.
Шартнома уч нусхада сақланган бўлиб, иккита мисрчаси Қарноқ ва Рамесседа, битта хеттча нусхаси Бўғозқоядаги архивда сақланган. Архивда нафақат шартнома матни сақланган, ўша даврга қадар бўлган шартномалар, музокаралар ва унинг якунлари келтирилган маълумотлар ҳам сақланган. Шартнома уч қисмдан иборат: 1) кириш ёки преамбула; 2) шартнома матни; 3) хулоса – худога мурожаат, шартнома шартларини бажариш ҳолати ва қасам матнини бузган тарафга бериладига жазолар ҳақида.
Шартноманинг кириш қисмида Миср ва Хеттнинг азалдан душман эмаслиги, ҳукмдорлар ўртасида олдин ҳам шартномалар тузилганлиги ҳақидаги маълумот келтирилиб, икки давлат ўртасидаги муносабатлар Миср ҳукмдори Рамзес билан курашган Хаттусилининг акаси ҳукмронлиги даврида бузилганлиги айтилади. Шартнома тузилган кундан бошлаб, икки давлат ўртасида тинчлик, дўстлик ва қардошлик ўрнатилганлиги айтилади. Шартномада “Шундан кейин мен Хетт подшоси сифатида Миср подшоси Рамзес ўртасида тинчлик ва қардошлик ўрнатилди. Бундай тинчлик бугунги кунгача дунёда ўрнатилган тинчликнинг энг аълосидир”.
Миср ва Хетт ўртасида ҳарбий иттифоқ ҳам тузилади. “Агар қандайдир душман Рамзес юртига бостириб кирса, шунда Рамзес Хеттнинг буюк ҳукмдорига душманга қарши бутун ҳарбий кучинг билан кел деб айтиши мумкин”. Шартномада нафақат ташқи душманга, балки ички ғанимларга қарши курашда бир-бирини қўллаши ҳақида айтилган. Иттифоқчилар ички исён ва ғалаёнлар пайтида бир-бирларига ёрдам беришни кафолатлаган эдилар. Бу ерда Осиёдаги (Сурия ва Фаластиндаги қабилалар) тўхтамаган ғалаёнларни бостириш назарда тутилган эди. Шартномада Рамзесга бўйсунувчи бу қабилалар ғалаён кўтарган пайтда уларни тинчлантириш учун Хетт подшоси ёрдам бериши кераклиги айтилган.
Шартномада икки давлат ўртасида келиб чиқишидан қатъий назар сиёсий қочоқлар ҳақидаги моддалар ҳам мавжуд. Унга кўра, “Агар кимдир Мисрдан қочиб хеттлар юртига келса, Хетт подшоси уни ушлаб турмасдан, Рамзес юртига қайтариб юбориши керак”. Бу қочоқ билан бирга унинг мол-мулки ва одамлари ҳам қайтариб юборилиши керак эди. “Агар Мисрдан бир, икки, уч ва ундан ортиқ одам қочиб хеттлар юртига келса, улар Рамзес юртига қайтариб юборилиши керак”. Улар билан бирга, уларнинг хотинлари, болалари, мол-мулки умуман зарар йетказилмасдан қайтариб юборилиши керак. “Улар қатл қилинмаслиги, кўзига, жисмига ва оёқларига зарар етказилмаслиги шарт”.
Ушбу шартноманинг бажарилишига икки мамлакатнинг худолари кафолат қилиб қўйилган. Шартномада “...кумуш дискка ёзилган бу шартноманинг бажарилиши учун хеттлар мамлакатининг мингта худоси ...Миср худолари мажбурият олади. Улар менинг сўзларим гувоҳчисидир”. Шундан кейин мисрлик ва хеттликлар худоларининг узундан-узоқ исмлари санаб чиқилган. Шартномани моддаларини бузган тараф худолар тарафидан қаттиқ жазоланиши ҳақида огоҳлантирилган. Шартномани бажаришдаги ростгўйлик эса худолар тарафидан соғлик ва бойлик билан мукофотланиши таъкидланган. “Кимки бу сўзни бажармаса уйи, ери ва қулига зарар етади. Кимки бу сўзни бажарса соғлик ва тўкин ҳаёт, ер ва қуллар берилади”.
Ушбу “ажойиб шартнома”дан кейин ҳам икки давлат ўртасидаги ўзаро муносабатлар давом этади. Ўзаро хат алмашишлар нафақат икки ҳукмдорлар ўртасида, балки маликалар ўртасида ҳам давом этди. Миср ва Хетт маликалари “ажойиб тинчлик” ва “ажойиб дўстлик” ҳақида ёзишмалар олиб борганлар.
Миср маликаси вафотидан сўнгра Миср ва Хетт ўртасидаги сиёсий иттифоқ сулолавий никоҳ билан мустаҳкамланади. Рамзес Хаттусилининг қизига уйланади. Хаттусили бу никоҳ учун шахсан Мисрга келади ва никоҳ тўйида иштирок этади. Бу воқелик икки давлат ўртасидаги иттифоқнинг никоҳ билан мустаҳкамланиши йўлидаги биринчи қадам эди.
Рамзес ва Хаттусили ўртасида тузилган шартнома тарих учун катта аҳамиятга эга. Бу шартнома халқаро ҳуқуқ борасидаги бундай шартномаларнинг энг қадимийсидир. Шартномада қадимги Шарқ давлатларининг ва ҳукмдорлар шахсининг барча характерли хусусиятларини ўзида акс эттирилган. Барча музокаралар истисно тариқасида ҳукмдор номидан олиб борилган.
Шартноманинг алоҳида моддаларида бир-бирига ҳужум қилмаслик ва ўзаро ёрдам акс эттирилган бўлса, бошқа моддаларида эса мамлакат ичкарисида кўтарилган қўзғолонларни бостиришда бир-бирига ёрдам бериш ҳақида айтилган.

4. Қадимги Оссурияда халқаро муносабатлар ва дипломатия


Кейинги юз йилликларда Миср ва Хетт подшоликлари кучсизланиб, Шарқдаги ҳукмронлик мавқеаларини йўқота бошладилар. Олд Осиёда йетакчилик мавқеи пойтахти Ашшур (Месопотамиядаги Тигр дарёсининг ўрта оқимида жойлашган) бўлган Оссурия қўлига ўтади. Дастлаб Оссурия деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланадиган бир неча уруғдан ташкил топган кичик князлик (патесиат) бўлган. Аммо мил.авв. XIV асрда унинг ҳудуди кенгайиб, Шарқнинг буюк давлатига айланади. Аль-амарна архивида ҳам Тигр ва Евфрат орасидаги ҳудудлар сифатида эслатилади.


Дастлабки даврда Оссурия Бобил подшолигига бўйсуниб, Ашшур даврида Бобилнинг вассали эди. Аммо бу қарамлик секин-аста кучсизланиб, Оссурия подшолиги мустақиллигини қўлга киритади. Бобилликлар бунга қаршилик билдирсаларда, муваффақ бўла олмайдилар. Оссурия подшолигининг мустақиллиги ҳақидаги дастлабки маълумотлар Ал-амарна архиви ҳужжатларида Оссурия элчисининг Мисрга келиши ҳақидаги маълумотда учрайди. Аменхотеп IV нинг Оссурия элчисини қабул қилишига Бобил подшоси Бурнабурнаш норозилик билдиради. Бобил подшоси Аменхотеп IV га “Нима учун унинг элчиси сенинг мамлакатингга келди. Агар сен менинг қаторимда бўлсанг улар билан муносабат қурма. Улар қандай келган бўлсалар қуруқ қўл билан қайтаверсинлар. Мен сенга беш минг кўк тош, бешта от арава ва бешта ғилдиракли арава бераман”. Лекин Миср ҳукмдори унинг сўзларини эътиборга олмасдан элчиларни қабул қилади.
Оссуриянинг кучайиши Миср ва Хетт ҳукмдорларини ташвишга солмасдан қўймаган. Бундай хавфга қарши мил. авв. 1296 йилда Миср ва Хетт ўртасида шартнома тузилади. Оссуриянинг халқаро оламдаги дастлабки қадамлари шундай бўлган.
Оссуриянинг энг кучли даврига Саргонийлар – Саргон, Синахериб ва Ашшурбанипаллар даврида эришади (мил. авв. VIII-VII асрлар). Саргонийлар даврида Ашшурнинг шимолида жойлашган Ниневия шаҳри Оссуриянинг пойтахтига айланган. Саргонийлар ҳарбий амалдорлар тоифасидан чиққан бўлиб, Оссуриянинг сиёсий ва ҳарбий соҳасида йирик ислоҳотлар ўтказганлар. Улар даврида армия кучайтирилиб, кенг миқёсда босқинчилик сиёсатини амалга оширганлар.
Оссурия ҳукмдорлари ўз ташқи сиёсатларида ҳосилдор ҳудудлар ва металл конларини босиб олишга, бойликлар ва қуллар сонини кўпайтиришга, савдо йўллари устидан ўз ҳукмронликларини ўрнатишга ҳаракат қилганлар. Ўша даврда ушбу географик ҳудуддан иккита савдо йўл ўтган эди: 1) Ўрта Ер денгизидан Месопотамияга, у ердан шарқий ҳудудларга; 2) Месопотамиядан жанубий-ғарбга, Сурия-Фаластин ҳудудларига, у ердан эса Мисрга кетар эди.
Форс подшолиги кучайгунга қадар Оссурия қадимги шарқдаги энг кучли империя ҳисобланган. Унинг географик ўрни доимий равишда қўшни давлатлар билан тинимсиз урушлар олиб боришига, ҳарбий соҳада янги техникалар ва дипломатик соҳада янги усулларни қўллашига сабаб бўлар эди.
Оссуриянинг босқинчилик ташқи сиёсати Олд Шарқдаги давлатларнинг умумий душманга қарши биргаликда кураш бошлашига сабаб бўлди. Оссурияга қарши учта катта коалиция вужуда келди: биринчиси, Миср бошчилигидаги жанубий-ғарбий иттифоқ, иккинчиси, жанубий-шарқдаги Элам, учинчиси шимолдаги Урарту давлати эди. Лекин бу иттифоқлар заиф бўлиб, Оссуриянинг ғалаба қозонишини қаршилик қила олмади. Мил. авв. VIII аср охирида Саргон Фаластиндаги Рафи шаҳарчаси яқинида Миср фиръавни бошчилигидаги иттифоқчиларни мағлубиятга учратди. Кейин шарқдаги элам-халдей иттифоқига қарши кураш бошлади. Оссуриялклар халдей шаҳарларини Мардук Белиддиндан норозилигидан моҳирлик билан фойдаланган. Оссурия ҳукмдори рақиблари томонидан ҳуқуқлари бузилган халдей шаҳарлари эркинлигини ҳимоя қилувчи томон сифатида майдонга чиқди. Натижада Халдей шаҳарлари ўзларининг эркинликларини қўлга киритдилар, Саргон эса ўзини Бобил подшоси деб эълон қилди. Шундай қилиб, Оссурия ва Бобил маълум бир вақтга бирлаштирилди, Оссурия эса сиёсий гегемонликни қўлга киритди.
Оссурияга қарши учинчи иттифоққа Урарту бошчилик қилар эди. Урартунинг пойтахти ҳозирги Туркиянинг Ван шаҳри яқинидаги Тушпа шаҳри ҳисобланган. Урарту давлати мил.авв. VIII аср иккинчи ярмида ривожлана бошлаган бўлиб, бу Саргон II (мил.авв. 760-730 йй) ва унинг ворислари даврига тўғри келади. Урарту давлати ўзининг металл буюмлари, мураккаб суғориш иншоотлари, чорвасининг мўллиги ва мевали боғларга бойлиги билан шуҳрат қозонган эди. Урартлар тоғли ҳудудлар ва дарё бўйларида маҳаллий вакиллар томонидан бошқариладиган кичик князликлар тузган эдилар. Кейинчалик бу князликлар сиёсий жиҳатдан бирлашиб, Оссурия учун хавфли душманга айланган эди. Шундай қилиб, Кавказортида қадимдан юксак сифатли металл қазиб чиқарилар, шунинг учун оссуриялклар уларни “темир одамлар” деб атар эдилар. Саргон ва Хорсабаддаги сарой қазишмаларидан топилган бронза ва миснинг катта қисми Урартудан келтирилган эди.
Саргон II нинг ўғли Синахериб (мил.авв. 705-681-йй) Эфиопия сулоласидан бўлган Мирс фиръавнлари, Иуда подшоси Езекия, Тир шаҳри бошчилигидаги сурия-фаластин қабилалар иттифоқига қарши кураш бошлашга мажбур бўлди.
Узоқ инқироздан кейин тикланган Миср Оссуриянинг яна хавфли рақибига айланди. Айни пайтда Шарқда Оссурияга қарши яна бир иттифоқ вужудга келди. Бу иттифоқнинг марказлари Элам ва Бобил эди. Чунки бир пайтлар бирлашган Оссурия-Бобил бирлашмаси мустаҳкам бўлиб чиқмади. Синахериб Тир ва Сидон ўртасидаги иттифоқни ҳийла билан бузишга муваффақ бўлади. Милоддан аввалги 701-йил Синехериб Иерусалимни қамал қилиб, подшо Езекияни йилига 30 талант олтин ва 300 талант кумуш божини тўлашга мажбур қилади. Айни пайтда Синехериб Миср фиръавни билан тинчлик сулҳини тузишга муваффақ бўлади. Муҳр босилган сулҳ шартномаси Ниневия харобаларидаги қазиш ишлари даврида топилган. Ҳужжатдан маълум бўлишича, Миср оссурияликлар назарида хавфли рақиб эмас эди. Иерусалимдаги музокара пайтида оссуриялик элчи Мисрни синган ҳассага ўхшатади. Шундай қилиб, оссурияликлар ғарбдаги рақибларидан халос бўлгач, бутун диққатларини шарққа қаратишади. Милоддан аввалги 689-йили оссурияликлар Бобил шаҳрини қайтадан ишғол этишади.
Бобил йилномаларида шаҳарни ҳимоя қилишга ёрдамга келган Элам ҳукмдори бу ерда ўлдирилади. Манбаларга кўра, Элам ҳукмдори Оссуриялклар тарафдори бўлган Бобил ҳукмдори тарафидан ўлдирилган.
Оссуриянинг сўнгги афсонавий ҳукмдори Ашшурбанипал (мил.авв. 668-626-йй) эди. Ушбу ҳукмдорнинг шахсий ҳаёти ва сиёсатига оид барча маълумотлар XIX асрда Ниневия ва Кунжукдаги сарой қазишмалари вақтида топилган. Саргонийлар кутубхонаси бўлган хазинада Оссуриянинг ижтимоий ва давлатига, дипломатиясига оид барча маълумотлар акс этган. Бу хазинадаги ҳужжатлар миқдори 2000 та атрофида бўлиб, Аль-амарна архивидаги маълумотларга ўхшайди.
Кутубхонадаги маълумотларнинг аксарияти Ашшурбанипал даврига оид. Ашшурбанипал даври Оссурияга қарши кучларига қарши давлатнинг гоҳ у чегарасида, гоҳ бу чегарасида кураш билан ўтган. Айниқса, Миср билан кураш ниҳоятда оғир кечган. Бу давр Мисрда Эфиопия сулоласи ҳукмронлик қилган бўлиб, фиръавнларнинг ичида энг кучлиси Тахарка эди. Ашшурбанипал уни кучсизлантириш учун сулоланинг бошқа вакили бир қанча вақт Оссурияда ҳарбий асир сифатида яшаган Нехони қўллаб-қувватлади. Оссурия саройида Нехо алоҳида ҳурмат билан қаршиланган. Унга қимматбаҳо кийимлар, олтин дастали қилич, арава, от ва хачир совға қилинган. Нехо оссурияликлар ва мисрлик дўстлари ёрдамида Миср тахтини эгаллайди. Аммо Нехонинг ўғли Псамметих Оссурия ҳукмдорига хиёнат қилади. У ливиялик ва юнон ёлланма қўшинига таяниб милоддан аввалги 645-йилда мустақиллигини ўрнатади.
Бу билан Псамметих Мисрда пойтахти Саис бўлган XXVI сулолага асос солади. Бу сулола Мисрни Эрон томонидан милоддан аввалги 525-йилда босиб олгунга қадар ҳукмронлик қилган.
Ашшурбанипал Миср билан келишувдан маҳрум бўлгач, асосий эътиборини Элам ва Бобилга қаратади. Саргонийлар ҳукмронлиги даврида Бобил шаҳри бир қанча вақт Оссурияга қарши халқаро фитналар ва сиёсий воқеалар майдонига айланади. Бундан ташқари, Бобилнинг мустақиллиги Оссуриянинг марказлашув сиёсатини амалга оширишга тўсқинлик қилувчи асосий марказ ҳам эди. Ниҳоят қадимги савдо ва маданий марказ ҳисобланган Бобилнинг босиб олиниши Оссурия ҳукмдорларига Миср ва Элам ҳудудлари билан боғланиш имконини беради.
Ашшурбанипал даврида Бобил ҳокими сифатида укаси Шамаш-Шумукин қўйилган эди. Аммо у акасига хиёнат қилиб, мустақиллигини эълон қилади. Бобил шаҳридан атрофдаги мамлакатларга Оссурияга қарши умумий иттифоқ тузиш таклифи билан элчилар юборилади.
Шамаш-Шумукин таклифига Мисрдан Форс қўлтиғигача бўлган ҳудудлардан ижобий жавоблар олинади.
Мисрликлардан ташқари бу иттифоққа мидияликлар, эламийлар, Финикия шаҳар-давлатлари, Лидия подшолиги ва араб шайхлари ҳам қўшиладилар. Ашшурбанипал Шамаш-Шумукиннинг ҳарбий тайёргарлиги ҳақида хабар топгач, уни исён деб эълон қилади ва унга қарши урушга тайёргарлик кўра бошлайди.
Оссуриянинг рақиблари кучли эди. Шунинг учун Ашшурбанипал ушбу ҳаракатга эҳтиёткорлик билан киришади. Бундай қийин вазиятдан чиқиб кетиш учун Ашшурбанипал Икки дарё оралиғидаги Бобил, Ниппур ва Элам каби мамлакатларининг таъсирини камайтириш керак эди. Буни Оссурия ҳукмдори яхши тушунган. Шунинг учун у дипломатик йўллар орқали у шаҳарлар ҳукмдорларига мурожаат қилади. Бу матн архивларда сақланган. Бу хатлардан бирини ўқиш орқали ўша даврдаги дипломатик назокатнинг қандай даражада бўлганлигини кўришимиз мумкин: “Мен сизларга салом йўллайман. Сизларнинг қалбингиз доимо қувонч ва бахтга тўлсин. Мен сизларга ўзини менинг акам деб ҳисоблаган одамнинг таги пуч сўзлари ҳақида айтмоқчиман. Ҳеч қачон унга ишонманглар. Ашшур ва Мардукнинг номи билан қасам ичаманки, унинг менга қарши айтган сўзлари ҳақиқатан ҳам жирканчлидир. У айёрлик қилиб, гўёки мени севадиган бобилликлар ҳаққи сизларга менинг ҳаққимда ёлғон гапларни айтмоқда. Мен бундай сўзларни эшитмаганман. Сизларнинг оссурияликлар билан дўстлигингиз ва сизларнинг эркинлигингиз менинг томонимдан ўрнатилгандир. Сизлар унинг ёлғон гапларига ишониб, менинг қаршимда исмингизни ва оламингизни қора бўёққа чапламанглар. Худонинг олдида оғир гуноҳга ботманглар”.
Ашшурбанипалнинг Бобил аҳолисига муносабати ўзини подшо деб эълон қилган шахсга бўлган муносабатини ўзгартирган. Шаҳарлар Шамаш-Шумукиндан юз ўгириб, Ашшурбанипал тарафга ўтганлар.
Бобилнинг Ашшурбанипал билан иттифоқи Шамаш-Шумукин бошчилигидаги иттифоққа қаттиқ зарба берган.
Архив ҳужжатлари ичида яна Оссурия вакили Белибнининг Ниппур шаҳри аҳолисига мурожаати сақланган. Бахтга қарши ушбу ҳужжат анча зарар кўрган, шунинг учун унинг аниқ мақсадини аниқлаш қийинроқ.
Мурожаатнома тантанали сўзлар билан бошланган: “Дунё ҳукмдори Белибнидан Ниппур шаҳри ёшу-қари бутун аҳолисига.
Мен дунё ҳукмдори сизларга соғлик тилайман. Сизнинг қалбингиз соғлик ва бахтга тўла бўлсин”. Шундан сўнг мурожаттнинг асл мақсадига ўтилган. Унга кўра, изланаётган бир шахснинг топиб берилиши талаб қилинган. Мурожаатнинг давомида Ашшурнинг қиличи билан бутун ҳудуд ёнғинга берилгани, вайрон қилингани айтилган. Қочиб қутулган бутун исёнчиларни тутишда ёрдам талаб қилинган. “Сизлар шаҳардан ҳеч кимнинг тинтувсиз чиқмаслигига ёрдам беришингиз даркор. У бу ердан чиқиб кетмаслиги керак. Агар қочоқ бу йердан қайсидир йўл билан чиқиб кетса, унинг қочишига ёрдам берган шахс бутун авлоди билан жазоланади. Кимки уни тирик ёки ўлик ҳолда тутишга ёрдам берса, унга катта мукофот берилади”.
Бошқа бир манбада, Оссурия ҳукмдорларининг ҳар жойда хабар берувчилари мавжудлиги ҳақида айтилади. “Дунё”нинг ҳар бир бурчагида одатда ўзларининг ҳукмдорнинг хизматкори ёки қули деб атаган чопарлари мавжуд бўлган. Бу хабарчилар ёрдамида подшо қўшни вилоятлар, чегара ҳудудлардаги воқеалардан хабардор бўлиб турган. Подшо ва унинг маъмурлари қўшни ҳудудлардаги қўшинларнинг ҳаракати, иттифоқлар тузилиши, элчиларни келиши ва кетиши, шартномалар, битимлар, қўзғолонлар, қалъалар қурилиши, қочқинлар, чорва ўғирликлари, ҳосиллар ва барча муҳим воқеалар ҳақида хабар топиб турар эдилар.
Шамаш-Шумукиннинг ҳалокатидан кейин кўплаб бобилликлар қўшни Элам давлатига қочиб ўтганлар. Қочқинлар орасида қариб қолган Бобил подшосининг невараси Мардук-Белиддин ҳам бўлган. Натижада Элам Оссурияга қарши иттифоқчилар марказига айланади. Бу воқелик Оссурия подшосининг норозилигига сабаб бўлади ва у Эламга қарши тезлик билан ҳарбий ҳаракатларни бошлайди. Ашшурбарипал вақтдан ютиш мақсадида Эламга элчи юбориб, бу элчилик воситасида у ердаги бошқарувчи оилалар орасида низо чиқаришга ҳаракат қилиб, у ерга ўзининг тарафдорларини ўрнатишга ҳаракат қилади.
Эламга келган оссуриялик элчи дарҳол қочоқларни қайтаришни талаб қилади. Эламликлар қўйилган талаб ниҳоятда қатъий бўлган: “Агар сен мен талаб қилган одамларни бермасанг, мен сенинг юртингга бораман, шаҳарларингни вайрон қиламан ва одамларингни қул қилб олиб кетаман, сени тахтдан ағдариб, ўрнингга бошқасини қўяман. Мен Теуеманани қандай аҳволга туширган бўлсам, сени ҳам шу аҳволга тушираман”. Элам ҳукмдори Индабигас элчилар билан музокаралар олиб боради, лекин қочоқларни қайтаришга қаршилик қилади. Шундан сўнг кўп ўтмасдан Индабигас ўзининг ҳарбий саркардаларидан бири тарафидан ўлдирилади ва хоин саркарда Уммалхалдеш ўзини подшо деб эълон қилади. Лекин Уммалхалдеш ҳам Ашшурбанипалнинг ишончини оқлай олмайди ва мил.авв. 642-йили у ҳам ўлдирилади. Элам вайрона бир ўлкага айланади.
Уммалхалдеш сўнг Элам тахтига оссурияликлар тарафидан қўлланган янги ҳукмдор Таммарит келади. Таммарит бир қанча вақт Оссурия ҳукмдорининг вассали сифатида иш кўрган, кейинчалик кутилмаганда хиёнат қилиб, Ашшурбанипалга қарши фитна уюштиради. Эламдаги оссурияликлар гарнизонини қамал қилади. Бу эса Элам ва Оссурия ўртасидаги янгидан ҳарбий ҳаракатлар бошланишига сабаб бўлади. Ҳарбий ҳаракатлар натижасида Элам ҳукмдори ўлдирилади ва тахтга яна Уммалхалдеш келади. У Мадакту шаҳри ва Бет-Имби қалъасини ишғол қилади, лекин бундан ортиқ муваффақиятга эриша олмайди. Ашшурбанипал ўзининг янги кучлари билан Элам пойтахти Сузани ишғол қилади.
Оссуриялкларнинг Элам пойтахтини эгаллашлари бутун мамлакатни бўйсундирганликларини англатмас эди. Оссурияликларнинг рақиблари Эламда Бобил шаҳзодаси Набу-Бел-Шумата бошчилигида бирлашадилар. Ашшурбанипал ўзига янада яқинлашишга ҳаракат қилаётган Уммалхалдешга хавфли бобиллик душманларини тутишга буйруқ беради. Натижада бутун қўзғолон бостирилади, Набу-Бел-Шумат ўзини-ўзи ўлдиради. Шундан сўнг Элам ўзининг сиёсий мустақиллигини йўқотиб, Оссурия таркибига киритилади.
Оссурияликлар Урарту давлатини ҳам ўзларига бўйсундиришга ҳаракат қилар эдилар. Уларни Урартунинг металл конлари, боқилган чорвалари ва мамлакатни шимол ҳамда жануб билан боғлайдиган савдо йўллари қизиқтирар эди. Ван (Урартуни шу ном билан ҳам атаганлар) мамлакат ва унинг иттифоқчиларининг ҳар бир воқеаси ҳақида хабар берувчи Оссуриянинг жосуслари ва дипломатлари билан тўла эди. Оссурия айғоқчиларидан бири Упаххир-Бел арман шаҳарлари раҳбарларининг ҳаракатлари ҳақида ўз подшосини хабардор қилган. Унга кўра, айғоқчи Оссурияга қарши ҳаракатларни ўрганиш учун одам юборганлиги, уларга қарши бўлган кучлар Харда шаҳрида тўпланаётганлиги, улар бўлаётган воқеаларни диққат билан кузатаётганлиги, Турушпа (Тушпа шаҳри назарда тутиляпти) шаҳрида қуролланган отрядлар тўпланаётганлиги, буларни олдини олиши учун хўжайиним менга ҳосил йиғими пайтида Шуруб шаҳрини қамал қилиб, эгаллашимга рухсат беришингизни сўрайман деб хабар берилган.
Шунга ўхшаш хабар яна бир айғоқчи Габбу-ани-Ашшур исмли шахсдан ҳам келган. Хабарда бутун мамлакат аҳолисини кузатиш учун Набул, Ашурбелдан ва Ашурис шаҳарларига одам жўнатишга тайёрланганлигини, уларнинг ҳар бирига алоҳида топшириқ берилганлиги, ҳеч бир нарса кўздан қочирилмаслиги, барча топшириқ бажарилганлиги, ҳукмдор томонидан берилган барча топшириқлар тўлиқ бажарилганлиги, Таммуз ойининг ўн олтинчи куни Курбон шаҳрига келганлиги, Аб ойининг ўн иккинчи куни ҳукмдорга хабар жўнатганлиги ҳақида маълумот берилган.
Бошқа бир вакил Урартунинг Уази шаҳрига Андия ва Закария номли мамлакатлардан элчилар келганлиги ҳақида хабар беради. Улар жуда муҳим масала – Оссуриянинг Урартуга қарши урушни мақсад қилганлиги ҳақидаги масалани муҳокама қилиш учун келганликлари ҳақида маълумот беради. Шунинг учун улар Оссурияга қарши ҳарбий иттифоқ тузишга ҳаракат қилганлар. Ҳатто иттифоқ тузиш учун бўлган мажлисда ҳарбий саркардалардан бири Ашшурбанипални ўлдиришни таклиф этган.
Оссурия ва Урарту ўртасидаги кураш бир неча юз йил давом этган бўлса-да, аниқ бир натижага эришилмади. Оссурияликлар томонидан бир неча маротаба мағлубиятга учратилган, оссуриялик дипломатларнинг бутун ғайратларига қарамасдан Урарту ўзининг мустақиллигини сақлаб қола олди. Ҳатто бир неча марта Оссурия қаршисида яна жонлана олди.
Ашшурбанипал даврида Оссурия ўз ривожининг чўққисига эришган бўлиб, Яқин ва Ўрта Шарқда муҳим роль ўйнаган давлатга айланган. Унинг даврида Оссуриянинг ҳудуди Урарту тоғларидан Нубия чегараларигача, Кипр ва Киликиядан Эламнинг шарқий чегараларигача чўзилган эди. Қадимги Шарқда унинг муҳташам сарой ва иншоотлари тенги йўқ эди. Ҳукмдор шаҳар бўйлаб ўз араваси билан кезганда унга тўртта асир ҳукмдор боғланар, кўчалардаги темир қафасларга асир олинган ҳукмдорлар қўйилган бўлар эди. Бунга қарамасдан Оссурия инқирозга учрай бошлайди. Инқирознинг белгилари Ашшурбанипал давридаёқ кўрина бошлаган. Тинимсиз урушлар, оссурияликларнинг иттифоқчиларга қарши тобора оғирлашаётган кураши илк сабаблардан эди. Шимол ва жанубдан келаётган янги халқлар ҳам Оссуриянинг ҳолатини оғирлаштирган сабаблар қаторига кирар эди. Оссурия бу сиқувга бардош бера олмади ва Шарқдаги йетакчилик мавқеидан маҳрум бўлади.
Милоддан аввалги VI асрда тарих саҳнасига янги давлат Олди Осиёни, ҳатто Мисрни ҳам бирлаштирган Форс подшолиги чиқади. Аҳамонийлар даврида Форс давлати ўша даврда мавжуд бўлган Осиё ҳукмдорлари ғарбий ва шарқий йўналишларда бўйсундирган ҳудудлардан ҳам кенгроқ ҳудудларга ёйилган.
Месопотамия шаҳарларини босиб олишда Кир бобилликларга мурожаат қилган манифестида мен сизларни ножўя ҳукмдор (Набонид) дан озод қилишга келдим деб айтади.

5. Қадимги Ҳиндистон ва Хитойда халқаро муносабатлар ва дипломатия


Қадимги Шарқ дипломатиясининг қизиқарли маълумотлари қадимги ҳинд қонунлари тўплами “Ману”да келтирилган Ману қонунларининг асл нусхаси бизгача йетиб келмаган. Ушбу қонунларнинг бизгача йетиб келган қисми милоддан аввалги I асрга оид бўлиб, шеърий шаклдадир. Ушбу қонунлар тўплами санкскрит тилида ёзилган бўлиб, дастлаб XVIII асрда оммага эълон қилинган. XIX-XX асрлар мобайнида бир қанча тилларга, жумладан рус тилига ҳам таржима қилинган.


Ману қонунларида милоддан аввалги I минг йилликдаги ҳиндларнинг сиёсий, халқаро алоқалар, савдоси ва ҳарбий соҳасига оид кўплаб маълумотлар келтирилган. Ману қонунлари фалсафий фикрлар тўплами бўлиб, унда ташқи сиёсатга оид бўлимида дипломатик санъатнинг асосий вазифаси асосан урушнинг олдини олиш ва тинчликни сақлаш эканлиги таъкидланган. Тинчлик ва уруш масаласи дипломатларга боғлиқ бўлиб, улар иттифоқчилар ўртасида жанжаллар уюштирса уруш келиб чиқади деб ҳисобланган.
Дипломат асосан ўз ҳукмдорининг буйруқларини бажарса-да, элчиликка борган давлат ҳукмдорининг истакларини ҳам ҳисобга олишга мажбур эди. Шу билан бирга у ўз давлатини ҳар қандай ҳийлалардан сақлаши лозим эди. Шунинг учун дипломат зийрак, ҳар томонлама билимли, ўзига мурожаат қилган кишилар билан муносабатда ниҳоятда эҳтиёткор бўлиши керак эди. Элчи қўшни давлат ҳукмдорининг нафақат сўзлари ва ҳаракатларидан, балки юз ифодасидан ҳам унинг мақсадларини очиқ ўқий олиши лозим эди.
Давлат раҳбари элчиларни жуда эҳтиёткорлик билан танлаган. Дипломат ёши улуғ, ҳурматга сазовор, ақлли, ширинсўзли, ўз вазифасига содиқ, тўғрисўз, устаси фаранг, ўткир хотирали, қаерда ва нима қилишини биладиган шахс бўлиши лозим эди. Давлатлар ўртасидаги энг оғир масалалар дипломатик йўл билан йечилиши керак эди. Урушга иккинчи даражали масала деб қаралар эди. Ману қонунларида дипломатияга қўйилган талаблар ана шулардан иборат бўлган.
Ҳинд ҳукмдорлари қадимдан нафақат Ҳиндистондаги қўшни даватлар, балки мамлакат чегарасидан ташқаридаги мамлакатлар билан ҳам фаол ташқи сиёсат юритганлар. Қадимги Маурья давлатининг асосчиси Чандрагупта Александр Македонскийнинг ворисларидан бири Салавка билан ўзига қулай бўлган сулҳ тузишга муваффақ бўлган. Чандрагупта Салавкага 500 та фил бериш эвазига Эронннинг жанубий-шарқдаги тоғли ҳудудларини қўлга киритган. Салавка ва Чандрагупта орасида бир неча марта элчилик алмашади ва иттифоқни мустаҳкамлаш мақсадида Чандрагупта Салавканинг қизига уйланади. Салавканинг Ҳиндистонга жўнатган элчиларидан бири Мегасфен эди. Мегасфен қадимги Ҳиндистон пойтахтида бўлиб, у ҳақидаги хотираларини ёзиб қолдирган. Унинг хотиралари Страбоннинг асарларида сақланиб қолган.
Эллин давлатлари ва Ҳиндистон ўртасидаги дипломатик алоқалар милоддан аввалги III асрда ҳам давом этган. Чандрагуптанинг невараси Ашока даврида эса ҳинд элчилари нафақат Салавкийлар давлатида, ҳатто Македонияга ҳам йетиб боришган.
Милодий I-II асрларда Ҳиндистонда ҳукмронлик қилган кушонларнинг элчилари Рим империясида ҳам бўлганлар. Бу ҳақда Рим императори Август ўз васиятида “Менга ҳинд элчилари кўринмоқдалар, мен уларни олдин кўрмаган эдим....”. Ҳинд элчиларининг Римга келганликлари ҳақида Страбон ҳам ёзиб қолдирган. Милодий 100-йил Траян даврида Римга ҳинд элчиларининг келганликлари ҳам манбаларда ёзиб қолдирилган.
Артхашастра – милодий I асрда яратилган ҳинд фалсафий асари. Ушбу асарда давлат тузилиши, маъмурий-хўжалик бошқаруви, суд ишлари, ҳарбий ва дипломатик санъат бўйича маълумотлар мавжуд.
Нитишастра – Артхашастра асарининг бир қисми бўлиб, унинг асосини подшоларга ахлоқий насиҳатлар, шунингдек, ички ва ташқи сиёсатга оид маслаҳатлардан иборат.
Мандала сиёсати – бу ташқи сиёсатга оид муайян ҳаракатлар ва чора-тадбирлар мажмуаси сифатида тасаввур қилиш мумкинки, у янада йирик давлатга айланиб кетиш тенденсиясига эгадир. Буюк давлатнинг (ва у охири келиб «жаҳон салтанати») барпо этилиши сиёсатининг охирги мақсади деб ҳисобланган.
Дута («элчи») – браҳманларда тилга олинган элчилик хизмати. Ҳиндистонда давлатчилик тараққиётининг илк босқичида (мил.авв. I минг йилликнинг биринчи чораги) вужудга келган.
Мухтор – Каутилиянинг «Артхашастра»сида махсус мактубларнинг йетказувчи шахс.
Милоддан аввалги II минг йилликнинг иккинчи ярмида Хуанхе дарёсининг ўрта оқимида Шан давлати мавжуд эди ва унинг таъсири Хитойдаги илк давлатчилик тузилмаларига ҳамда қабилавий уюшмаларга ёйилганди. Мил.авв. II минг йилликнинг охирида Хитойнинг шимолий-ғарбий қисмида истиқомат қиладиган чжоу қабилалари шанликларни забт этади ва Ғарбий Чжоу номи билан маълум бўлган йирик давлатни барпо этишади. Чжоу давлатининг пойтахти Хан шаҳридан Лои шаҳрига (ҳозирги Лоян) кўчирилиши билан (мил.авв. 770-й) Шарқий Чжоу подшолиги бошланади.
Хуанхе дарёсининг ўрта оқими ва Буюк Хитой текислигида жойлашган давлатлар қолган барча халқлар ва подшоликлардан фарқли равишда ўзларини хуасья этномаданий бирлиги қаторига киритишган ва “ўртадаги давлат”лар деб номлашган. “Ўртадаги подшо”ликларнинг барчаси Чжоу давлатининг устунлигини тан олишган. Чжоу ҳукмдори – ван “Само ўғли” илоҳий унвонга эга эди. “Ўрта подшолик”ларнинг ҳукмдорлари эса уни Хитойдаги олий диний нуфузга эга бўлган шахс сифатида иззат қилишган.
Ҳамонки ушбу подшоликлар ўртасидаги урушлар доимий бўлиб турар экан, давлатлараро муносабатлар, улар ўртасида иттифоқлар тузиш тартиби, разведкани (жосусликни) ташкил этиш масалаларига оид бой амалий тажриба асрлар давомида тўпланган. Айниқса жосуслик катта рол ўйнаган. Шу пайтда давлатлараро муносабатлар назарияси ва амалиётига таалуқли таълимотлар ва доктриналар яратилди. “Ўртадаги подшолик”лар – “хуасья” ва “варварлар”нинг ўхшаш эмаслиги тўғрисидаги тааввурлар шаклланди ва бу ҳол ташқи сиёсий алоқалар тамойилларига ўз таъсирини ўтказди. Само ўғилини бутун оламнинг ҳукмдори сифатида тасвирлайдиган Чжоу доктринаси “ўртадаги подшоликлар” аҳолисининг устунлиги ва “вараварлар”нинг туғма эмаслиги тўғрисидаги Конфуций (мил.авв. 551-479 йй) таълимотининг негизини ташкил этади. Ушбу таълимот қадимги Хитойда давлатлараро муносабатлар назарияси ва амалиётига сезиларли даражада таъсир этди. Бутун олам ҳукмдори ҳисобланмиш Само ўғли тўғрисидаги Чжоу доктринаси Чжоу ванининг унга итоаткорлигини ифода қилиши лозим бўлган яқин ва узоқдаги халқлар, ҳамда подшоликлар билан бир томонлама муносабатларнинг идеаллаштирилган схемасини таклиф этарди.
Ҳукмдорлар ҳузуридаги айрим амалдорларнинг вазифалари доирасига бошқа давлатлар билан муносабатларни йўлга қўйиш масаласи кирарди ва махсус кишилар элчилар нутқини тайёрлашарди. Дастлаб саройда муҳокама қилинган ушбу нутқлар қўшни давлатлар билан музокаралар олиб борилганда катта аҳамиятга эга эди.
Ўз пайтида Чжоу вани Си ҳукмдори – Хуан Гуннинг мустақил равишда ташқи сиёсий ва дипломатик ҳаракатлар олиб бориш, ҳамда ҳарбий иттифоқлар тузиш, шунингдек, “ба” (гегемон) унвонига эга бўлиш ҳуқуқини тан олди. Иттифоқчи подшоликлар гегемонга бирлашиш муқаддас қасамни (мен) ичишарди. Си давлатидан сўнг гегемонлик бирин-кетин бошқа давлатлар қўлига ўтиб борди.
Гегемонларнинг сиёсий устуворлигини мустаҳкамлашда элчиларни қабул қилиш ва юбориш маросими муҳим рол ўйнар эди. элчиларни йўлга отлантириш гегемонларни ўзига ярашмасди, шу пайтнинг ўзида эса иттифоқчи подшоликлар ҳукмдорларнинг шахсан ўзлари элчилар сифатида гегемон ҳузурига йетиб келардилар.
Иттифоқчи давлатлар подшоларининг ўғилларини гаровга олиш Чжанго давридаги давлатлараро муносабатларнинг ўзига хос хусусиятига айланди. Давлатлар томонидан майда подшоликларни босиб олиш жараёни авж олганди. Бу эса подшоликлар ўртасидаги иттифоқларнинг йириклашувига сабаб бўларди. Давлатлараро йирик бирлашмаларнинг алоҳида шакллари юзага келдики, улар “вертикал бўйича иттифоқлар”, “горизонтал бўйича иттифоқлар”, “узоқдаги давлатларнинг яқиндаги давлатларга қарши иттифоқи” деб номланиши билан маълумдир. Ушбу шароитда давлатлараро битимларни тузиш амалиёти билан боғлиқ махсус фаолият турига бўлган эҳтиж пайдо бўлди. Бундай зарурат нафақат уруш вақтида, балки бошқа пайтларда ҳам қилинганди.
Жамиятнинг ўқимишли қатламлари орасида дипломатик тусдаги вазифаларни бажариш учун зарур бўлган билимлар ва тажрибага эга бўлган вазиятни назарий ва амалий жиҳатдан тушунадиган, гапга чечан, ишнинг ўзига хос усталари пайдо бўлди. Дипломатияга таалуқли фаолиятнинг катта аҳамиятга эга эканлигини Чжанго даврида мавжуд бўлган барча ғоявий-сиёсий мактабларнинг вакиллари таъкидлашган. Жумладан, Конфуций дипломатия санъатига ўргатишни подшоликни бошқаришдан кейин иккинчи ўринга қўйган. Элчилар ёзма эмас, балки оғзаки кўрсатмалар билан юборилган.
Қадимги Хитойда дипломатик дахлсизлик ҳақида тушунча мавжуд бўлмаслигига қарамасдан, амалда ҳар қандай подшоликда элчига ўта ҳурмат билан қарашган.
Чжанго даври ҳукмдорларининг саройлари қошида “юйши” деб номланган яқин амалдорлар мавжуд бўлган. Улар ҳукмдор номига бошқа подшоликлардан йетиб келган барча мактубларни қабул қилиш, ҳамда келгуси музокаралар учун маълумотлар тайёрлаш билан шуғулланганлар. Давлатлараро муносабатлар назарияси ва амалиёти билан “сзан хен” мактабининг фаолияти билан боғлиқ бўлган. Ушбу мактабнинг пайдо бўлиши донишманд Гуй Гутсзи (мил.авв. IV-III асрлар) номига бориб тақалади.
Мамлакат ҳудуди хитойликлар “сюн-ну” ёки “хун-ну” (хунн) деб атаган қабилалар ҳужуми остида қолади. Бу қабилалар ҳужумига қарши хитой давлатлари душманлик ўрнига милоддан аввалги VI асрда ўзаро бирлашишга, яъни душманга қарши биргаликда курашишга, бу кураш давомида бир-бирига ёрдам бериш ҳақида шартнома тузишга мажбур бўлдилар. Бу тарихдаги дастлабки третейский суди ҳисобланади. Лекин мустақил Хитой давлатлари ўзаро курашни давом эттирганлар. Марказлашган давлат учун кураш милоддан аввалги III асрда Син сулоласининг асосчиси Чженнинг ғалабаси билан тугалланади. У бошқа барча мустақил князликларни тугатиб, қулчиликка асосланган ягона марказлашган давлатни барпо этишга муваффақ бўлади.
Хуанхе ва Янцзи дарёси оралиғидаги ҳудудларни бирлаштириб, Син-ши Хуанди (Синнинг буюк сариқ ҳукмдори ёки Синнинг биринчи ҳукмдори) деган титул олади.
Мил. авв. 221-йил Син Шин-хуанди мамлакатни биринчи бир бирлаштиради. Истилоларни амалга ошириш ҳукмдорнинг асосий вазифасига айланади.
Ҳукмронлиги давомида қўшни қабила ва халқларни бўйсундириш учун бир неча маротаба экспедитсиялар уюштиради. Милоддан аввалги 209-йил у вафот этганда Хитой ҳали тўлиқ бирлаштирилмаган бўлиб, Жемчужина ва Жанубий Хитой денгизи қирғоқларидаги ҳудудлар ҳали мустақиллигини сақлаб қолган эди. Хан империяси даврида эса (мил.авв. 209-милодий 220-йил) қулчиликка асосланган Хитой янада марказлашган қудратли давлатга айланади. Бу сулола даврида Хитой катта миқдордаги ҳарбий кучга ва яхши ташкилланган бюрократик аппаратга эга эди.
Хан имперясининг ташкил топган кунидан бошлаб энг муҳим ташқи сиёсий вазифаси – чегараларни кўчманчи Сюнну қабилаларининг мунтазам босқинларидан ҳимоя қилиш эди. Мил.авв. III асрнинг охирига келиб империянинг шимолий чегараларида ушбу қабилаларнинг қудратли бирлашмаси вужудга келди.
“Тинчлик ва қариндошликка асосланган шартнома” деб маълум бўлган мил.авв. 198-йилдаги шартномага биноан Лю Бан шаню Модега нисбатан ўлпон тўлаш мажбуриятини раман тан олади. Мил.авв. 195-йилда Лю Бан вафот этгач Моде ўлган ҳукмдорнинг рафиқасини хотинликка сўрайди. Хитой ҳукмдори қимматбаҳо совғаларни шанюга юборади, лекин бева маликани юбормайди. Сабаби конфутсийлик таълимотида бева маликани турмушга бериш мумкин эмас эди. Аслида мил.авв. 198-йилдаги шартнома Хитойнинг урушқоқ қўшинлари билан муносабатини тартибга солган эди.
Хитой ҳукмдорлари девонхонаси ички ва ташқи сиёсатдаги воқеаларни диққат билан кузатиб, уларнинг барчаси ҳақида қайдлар қилиб борган. Хитой элчихонаси бошлиқлари ўзларига топширилган вазифалар ва уларнинг бажарилиши ҳақида батафсил маълумотлар бериб борган.
Хан императори У-ди фаол ташқи сиёсат олиб борган ҳукмдорлардан бири ҳисобланган. У ғарбий ҳудудлардаги текислик ва чўл зоналардаги хуннлар эгаллаган ҳудудларда қандайдир маданиятли ўлка борлигини эшитгач, мил.авв. 138-йилда “Ғарбий” ўлкаларга ўз элчиларини жўнатади. Бу элчиликка ҳарбий бошлиқ Чжан Чян бошчилик қилади. Унга Ғарбдаги давлатлар ҳукмдорлари билан кўчманчиларга қарши иттифоқ тузиш топширилган. Лекин у йўлда хуннларга асир тушиб қолади. Элчи ташқи жиҳатдан хуннлар одатларини қабул қилади ва у бир хунн қизига уйланади. Фақат хуннлар уни кузатишни тўхтатганларини ўргангач, у йердан қочиб, сайёҳатини давом эттиради.
Чжан Чян Фарғона водийсига келгач, шартнома тузиш мақсадида келган Юнон-бақтрия давлати аллақачон йўқ бўлиб кетганини, бир неча йил олдин кўчманчи сак қабилалари тарафидан босиб олиниб, мустақил давлат тузилганлигини ўрганади. Хитой элчиси Фарғона ҳукмдорлари билан хуннларга қарши иттифоқ тузишга ҳаракат қилади. Бунга муваффақ бўла олмагач, Эрон ва Осиё мамлакатларининг умумий аҳволи, давлат тузилиши, ҳарбий кучлари, шаҳарлари ва савдо йўллари ҳақидаги маълумотларни тўплаб юртига қайтади. Милоддан аввалги 126-йили кўп қийинчиликлардан сўнг юртига қайтиб келади.
Мил.авв. 115-йилда усунлар ҳузурига Чжан Сан элчи сифатида жўнатилади. Ушбу элчилик Хитойнинг Марказий Осиё ва Ўрта Шарқнинг бошқа давлатлари билан муносабатларини илиқлаштиради. Ҳатто хитойнинг шарққа томон таъсир доирасини 10 ли миқдорида узайтириш имконини беради. У-ди даврида Хан империяси йирик истилочилик урушларини олиб борган. Лекин ушбу истилочилик урушлари давлат хазинасини қуритади. Натижада У-дидан кейин бундай кўламдаги истилочилик урушлари тўхтатилади.
Мил.авв. II аср бошларида тўпланган маълумотлар асосида Чжан Сян қўшинлари билан Ўрта Осиё чегараларида пайдо бўлади.
Хитой элчилари Хитойга бўйсундирилиши керак бўлган жанубий ҳудудларда ҳам фаол ҳаракат олиб борганлар. Жанубда Хитойнинг асосий ҳужум қилиш объекти пойтахти ҳозирги Кантон шаҳри яқинида бўлган Нан-Нюэ давлати эди. Бу йерни қўшиб олиш ҳаракатини осонлаштириш учун Хитой ҳукмдорлари ўз элчиларига у йерларга олиб боришнинг қулай йўлларини ахтаришни буюрганлар. Хитойлик элчилардан бири маҳаллий аҳолидан бири билан суҳбатда байрамларда жуда камёб ўсимлик ҳақида маълумот олган. Кейинчалик ушбу элчи Жемчужина дарёси юқори оқими Янсзи дарёсининг юқори оқимига яқин эканлиги ҳақида пойтахтга хабар беради. Бошқа бир элчи эса Нан-Нюьэда ўзаро низо чиқаришга муваффақ бўлади. Бунинг натижасида бу йерни бошқараётган ёш шаҳзода Хитойга ёрдам сўраб мурожаат қилади. Хитой бу ёрдам баҳонасида милоддан аввалги 111-йили бу давлатни босиб олади.
Милоддан аввалги I асрда хитойликлар “Буюк иапк йўли” орқали Парфия давлати билан бир неча маротаба элчилик ва савдо карвонларини алмашадилар.
Ўша даврда Хитойнинг халқаро муносабатларида ҳарбий ва дипломат Бан Чао муҳим рол ўйнаган. I аср охирида Бан Чао бўйсундирилган Ғарбий ўлкаларга ҳоким этиб тайинланади. Унинг даврида бу ерларга ҳужум қилган хуннлар бир неча маротаба мағлубиятга учратилади ва Хитой чегарасидан буткул улоқтириб ташланди. 90-йилларда Бан Чао Ўрта Осиёнинг катта ҳудудларини Хитой императорига бўйсундиришга муваффақ бўлади ва ҳатто Марвгача кириб боради. Хитойликлар ғарбда яна бир кучли империя мавжудлиги ҳақида хабар топишади ва у мамлакатни Та-Син (Ғарбий Син - Рим империяси) деб атайдилар. Бан Чао ушбу давлат билан дипломатик муносабатлар ўрнатишга ҳаракат қилган. У Римга Анси (Парфия) орқали элчилик жўнатган. Элчилар Парфия пойтахти Ктесифонга келишгач, улардан Рим империяси чегараларини кўрсатишни сўраганлар. Лекин парфияликлар Хитой ва Рим ўртасида иттифоқ тузилишини истамаганликлари учун уларга ёрдам бермайдилар. Элчиларни кемага ўтқазиб, Тигр дарёси орқали Форс қўлтиғига жўнатиб юборадилар. У ердан Қизил денгиз орқали Арабистон ярим оролини айланиб чиқишади. Хитойликлар узоқ давом этиши мумкин бўлган денгиз сайёҳатидан чўчиб орқасига қайтадилар. Шу тариқа Рим империяси ва Хитой ўртасидаги дипломатик алоқалар ўрнатилмасдан қолади.
“Ўртадаги давлат”лар - Хуанхе дарёсининг ўрта оқими ва Буюк Хитой текислигида жойлашган давлатлар, қолган барча халқлар ва подшоликлардан фарқли равишда ўзларини хуася этномаданий бирлиги қаторига киритишган ва “ўртадаги давлат”лар деб номланишган. “Ўртадаги подшо”ликларнинг барчаси Чжоу давлатининг устунлигини тан олишган. Чжоу ҳукмдори – ван “Само ўғли” илоҳий унвонга эга эди. “Ўрта подшолик”ларнинг ҳукмдорлари эса уни Хитойдаги олий диний нуфузга эга бўлган шахс сифатида иззат қилишган.
“Тинчлик ва қариндошликка асосланган шартнома” – ушбу шартнома Хитой императори Лю Бан ва сюннулар шанюси Модэ ўртасида тузилган. Шартномага кўра, Лю Бан шаню Модега нисбатан ўлпон тўлаш мажбуриятини расман тан олади.

6. Ўрта Осиёнинг қадимги давлатларида халқаро муносабатлар


Мил.авв. I минг йиллик биринчи ярмидаёқ “Авесто”да дипломатик муносабатларнинг пайдо бўлиши ҳақида маълумотлар мавжуд. Ўша даврдаги қабилалар ўртасидаги келишувлар ва ҳарбий қарама-қаршиликлар Митра худосининг асосий фаолияти сифатида намоён бўлади.
“Авесто”нинг қадимий қисмларидан - Михр Яшта (Митра гимни), олий худо Ахурамазда, пайғамбар Спитома Заратуштрага қарата қуйидагича сўзлайди: Мамлакатни сўзини тутмаган одамлар бузади. У юзта қабиҳ одамнинг қилиғидан ҳам ёмондир. Сен Спитомага берган сўзингни устидан чиқ. Бошқа ёлғончиларнинг гапига ишонма. Тўғрисўз ва тақводор одамга ишон (И.Стеблина-Каменский таржимаси). “Авесто”да Митра худоси раҳнамолигида қабилалар ўртасидаги муносабатларга оид бошқа маълумотлар ҳам мавжуд.
Марказий Осиё халқларининг Мидия ва Оссурия билан муносабатлари. Афтидан, мил.авв. IX асрдан бошлаб Кавказ ва Марказий Осиё ҳудуди орқали эрон қабилаларининг ҳозирги Эрон ҳудудига мигратсияси бошланади. Бу йерда улар бир қанча қабилалар иттифоқини тузадилар. Улардан дастлабкиси Парсуа ҳудудининг шимолий-ғарбий ва Эроннинг жанубий-ғарбий ҳудудида Мидия давлатидир.
Мидия давлатининг илк ҳукмдори Дейок исмли шахс бўлиб, давлатнинг энг ривожланган даври Киаксар (мил.авв. 625-585-йй) ҳукмдорлигига тўғри келади. Киаксар даврида Оссуриянинг бир қисми, шимолий Месопотамия, Гиркания, Парфия, Арея, шу билан биргаликда балки Сўғднинг бир қисми ва Марказий Осиёнинг жанубий қисми ҳам босиб олинади.
Ктесий Книдскийнинг маълумотига кўра, у Бақтрияни бўйсундирган бўлса-да, бу маълумот шубҳалидир. Ктесий маълумотига кўра, Киаксар билан тенглаштирилган ҳукмдор Астиабар даврида парфияликлар қўзғолон кўтарадилар ва Мидиядан ажралиб чиқадилар. Парфияликларга малика Зарина бошчилигидаги саклар ёрдамга келади. Мидияликлар ва парфияликлар ўртасида бир неча йил давом этган кураш натижасида парфияликларнинг номигагина Мидияга қарамлиги ҳақида шартнома тузиш билан тугалланади. Аслида эса парфияликлар ўзларининг амалдаги ҳудудларини сақлаб қоладилар.
Шундай қилиб, бу шартнома Марказий Осиёнинг мил.авв. VII аср охири-VI аср бошидаги тарихига оид дастлабки шартнома эди. Ктесий эса бу ҳақида бошқачароқ маълумот қолдиради. Унга кўра, Зарина ўз эри Кидрей вафотидан сўнгра, Парфия ҳукмдори Мермерга турмушга чиқади. Шундан сўнг парфияликлар Стрианг бошчилигидаги мидияликларга қарши қўзғолон кўтарадилар. Жангда Зарина ярадор бўлади ва асир олинади. Аммо Стрианг Заринани кечиради. Кейинчалик Мермер Стрианг қўшинларини йенгади ва асир олади, уни ўлдиришга қарор қилади. Лекин Зарина нафақат асирларни озод қилади, Мермерни ўлдиради. Шундан сўнг Зарина мидияликлар билан дўстлик ҳақида сулҳ тузади. Унга кўра, Парфия вилоятини беради. Бу маълумотлар Марказий Осиёда Аҳамонийлар ҳукмронлигига қадар ҳам мил.авв. VII-VI асрларда халқаро алоқалар мавжуд бўлганлигини кўрсатади.
Аҳамонийлар давридаги дипломатик алоқалар (мил.авв. VІ аср ўрталаридан - ІV аср охиригача).
Мил.авв. VI аср иккинчи ярмидан Марказий Осиёнинг ғарбий вилоятлари Аҳамонийлар империяси таркибига киритилади. Мил.авв. 559-530-йиллари ҳукмронлик қилган Кир дастлабки юришлари натижасида Бақтрия, Парфия, Сўғдиёна, Марғиёна ва Хоразмни босиб олиб, империя асосчисига айланади. Аҳамонийлар чегараларининг шимолий-шарқий ҳудудлар томонга қараб кенгайиши кучли сак-массагет иттифоқи билан тўқнашувни келтириб чиқаради. Шунинг учун ўз чегараларини дахсизлигини сақлашни истаган Кир ҳукмронлигининг сўнгги йилларида Сирдарё ва Амударёнинг қуйи оқимида жойлашган сак-массагетларига қарши юриш қилишга қарор қилади. Геродотнинг маълумот беришича, юришдан олдин Кир ва Тўмарис ўртасида оғзаки элчиликлар алмашинади.
Жангдан олдинги ўзаро элчилар алмашинувида Кир Тўмарисни ўзига турмушга чиқишни таклиф этади. Аммо Тўмарис унинг ҳийласини ўз вақтида англаб йетади ва таклифни рад қилади. Шундан кейин Кир Аракс (Амударё)ни кечиб ўтиб, ҳарбий ҳаракатларини бошлайди.
Бу ҳарбий ҳаракатларга қарши Тўмарис Кирга ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиб, ўз юртига қайтиб кетишини ва массагетларни ўз ҳолига қўйишни таклиф қилади. Шу билан биргаликда, Тўмарис бу маслаҳатга амал қилишни ҳоҳламаган тақдирда, Кир ўз армиясини олиб уч кунлик йўлга чекиниб туришни, у эса ўз қўшини билан дарёни кечиб ўтишини ва у йерда саклар билан жанг қилишни таклиф қилади. Тўмарис элчилари таклифи форс подшоси ҳузурида муҳокама қилинади ва Кир маслаҳатчиси бўлган Лидия ҳукмдори Крезнинг маслаҳати бўйича дарёни кечиб ўтишга қарор қилади. Бу йерда Кир ҳарбий ҳийла ишлатади.
Кирнинг ҳийласи иш беради. Тўмариснинг ўғли Спарганиз ташлаб кетилган форс қўшинини йенгиб, ўлжалар билан зиёфат қиладилар. спиртли ичимликлар натижасида ухлаб қолган массагетлар билан бирга Спарганиз ҳам асирга олинади.
Кирнинг айёрона ҳаракатлари Тўмариснинг унга иккинчи марта шартли махсус элчилик жўнатишига сабаб бўлади. Тўмарис бу элчилигида унга ўғлини қайтаришни ва массагетлар юртидан қайтиб кетишни талаб қилади: “Агар сен айтилган ишни қилмасанг, қуёш худоси номи билан қасам ичаманки, сени қонга тўйдираман”.
Кейинги воқеалар Кирнинг Тўмарис маслаҳатига қулоқ солмаганлигини кўрсатади, Спарганиз эса шармандаликка чидай олмай ўз жонига қасд қилади.
Шафқатсиз жанг натижасида массагетлар ғалаба қозонадилар, Кир ва қўшинининг катта қисми қириб ташланади. Жанг майдонидан унинг калласини узиб келганларида, уни қонга тўлган мешга солиб қўяди. Кўп йиллардан кейин Камбиз Кирнинг ҳокини Пасаргаддаги махсус хилхонага олиб келиб, дафн эттиради.
Шундай қилиб, келтирилган маълумотлардан шуни хулоса қилишимиз мумкинки, аҳамонийлар даврида Марказий Осиё қабила ва қабила бирлашмалари ўртасида ўрнатилган дипломатик муносабатлар беқарор характерда бўлиб, асосан оғзаки тарзда олиб борилган. Бунинг сабаби ҳали сак-масагетларда ёзувнинг мавжуд эмаслиги билан тушунтирилади. Афтидан элчилик билан шуғулланган махсус кишилар йетказиладиган хабарни ёдлаб олар эдилар.
Эллинизм давридаги дипломатик муносабатлар (мил.авв. IV аср охири - II асрнинг иккинчи ярми.). Эллинларнинг Марказий Осиёдаги сиёсий ҳукмронлиги мил.авв. 330-327-йилларда Александр Македонскийнинг босқинчилик юришлари билан бошланган, бу ҳукмронлик деярли икки юз йил давом этиб, мил.авв. II аср иккинчи ярмида Юнон-Бақтрия давлатининг қулагунига қадар давом этган.
Бу даврдаги дипломатик муносабатларни икки даврга бўлиш мумкин: биринчиси – Марказий Осиё халқларининг Александр Македонский билан муносабатлари даври, иккинчиси – Салавкийлар ва Юнон-Бақтрия давлати таркибига кирган жанубий ҳудудлар ўртасидаги муносабатлар даври.
Биринчи давр. Мил.авв. 329-йил Александрнинг Мароқандга юриши даврида унинг ҳузурига скиф, абий, шу билан бирга йевропалик скифлардан элчилар келади. Дўстлик ҳақидаги баҳона билан Александр уларга жавоб элчилигини жўнатади. Элчиликнинг асл мақсади скиф йерларининг табиий шароити, халқининг сони ва ҳарбий қудратини аниқлаш эди.
Кейинги йилларда Александр Танаис-Сирдарё бўйидаги Уструшонага юриш уюштиради, у йерда сакларга қарши Александрия Эсхата (тахминан ҳозирги Хўжанд шаҳри яқинида) шаҳрини қурдиради. Шундан кейин Александр дарёнинг ўнг қирғоғидаги скифларга юриш қилиб, уларни мағлубиятга учратади. Натижада скифлар Александр ҳузурига элчи жўнатадилар. Ундан нотўғри ҳаракат учун кечирим сўраб, тинчлик сулҳини тузишни ва унга бўйсунишларини айтадилар. Аммо Александр хушмуомалалик билан уларга ишонишлари, лекин тўлиқ ғалаба қозонмагунча ҳарбий ҳаракатларни давом эттириш ҳақидаги жавобини айтади. Мил.авв. 328-йили Мароқандага йевропалик скифлардан навбатдаги элчилик келади. Скиф элчилари унинг тинчлик ҳақидаги таклифини подшоларига йетказганликларини айтиб, қимматбаҳо совғалар келтирадилар. Скифлар ҳукмдори ўз хатида қизини Александрга, скиф аслзодалари қизларини Александрнинг “ишончли дўстлари”га турмушга бермоқчилиги ҳақидаги таклифини билдиради. Александр эса жавоб элчилигида таклифни назокат билан рад қилади. Шу йили Александрга Марказий Осиёдаги биринчи мустақил давлат Хоразмлик ҳукмдор Фарасмандан элчилик ва ёрдам учун бир ярим минг отлиқ аскар жўнатилади.
Фарасман Алекандрга ўз подшолиги ҳақида маълумот бериб, давлати чегарасида колхлар ва аморика қабилалари яшашини, уларга ва Эвксинск (Қора) денгизи бўйида яшовчи бошқа қабилаларга қарши ҳарбий иттифоқ тузишни таклиф қилади.
Александр Фарасманга миннатдорчилик билдириб, жавоб мактубида бу юришнинг вақти эмаслигини ва Ҳиндистонга юришгача буни амалга ошира олмаслигини, Элладага қайтганидан кейин Қора денгиз бўйидаги халқларга қарши юриш қилишни таклиф қилади. Мароқанддаги учрашувдан сўнг Фарасман Бақтрия ҳокими Артабаз кузатувида юртига қайтади.
Шундай қилиб, дипломатик муносабатларнинг биринчи даврида Марказий Осиё халқлари ва Алекандр Македнский ўртасида дипломатик муносабатлар масаласида тинчлик шартномалари ва ҳарбий иттифоқлар тузиш билан тугалланади. Истисно эмаски, бундан олдинроқ дипломатик муносабатларни олиб борувчи махсус кишилар гуруҳи шаклланган эди.
Иккинчи давр (мил.авв. IV аср охири - II аср иккинчи ярми бошлари). Марказий Осиё жанубий ҳудудларининг эллин давлатлари Салавкийлар (мил.авв. IV аср охири –III аср ўрталари) ва Юнон-Бақтрия (мил.авв. III аср ўрталари - II аср иккинчи ярми бошлари) киради. Шунинг билан бу йерда эллинистик маданият ҳам тарқалади. Бу даврда, яъни мил.авв. III аср ўрталарида Марказий Осиёнинг жанубий-ғарбий ҳудудида шу йерлик кўчманчилардан иборат Парфия давлати, Марказий Осиёдаги икки дарё оралиғида эса мустақил Қанғ ва Довон давлатлари ташкил топган эди. Зарб этилган тангаларига кўра, Бухоро ва Самарқанд Сўғдида ҳам мустақил ҳокимликлар ташкил топган эди. Мил.авв. IV асрда Аҳамонийлардан мустақиллигини олган Хоразм ҳам кучли давлат ҳисобланар эди.
Бу даврда мавжуд Юнон-Бақтрия давлати билан биргаликда маҳаллий давлат бирлашмалари ташкил топиши ҳам давом этди. Шубҳасиз, бу давлатлар маълум бир дипломатик муносабатлар ва иттифоқлар тузишни қўллаб-қувватлар эдилар, афсуски, бу ҳақида ёзма манбаларда ҳеч қандай маълумот сақланиб қолмаган.
Мил.авв. 237-йил Юнон-Бақтрия ҳукмдори Диодот II ва Парфия ҳукмдори Тиридат ўртасида Марказий Осиёни қайтадан бўйсундиришга уринган ва умумий душман Салавка IIга қарши ҳарбий шартнома ва иттифоқ тузилади. Бошқа Юнон-Бақтрия ҳукмдори билан тузилган шартнома ҳам мавжуд. Масалан, салавкийлар ҳукмдори Антиох III (мил.авв. 223-187-йй) мил.авв. 208-йили Юнон-Бақтрия ҳукмдори Йевтидемга қарши ҳарбий юриш уюштиради. Ушбу юриш Ҳерируд дарёси бўйида Юнон-Бақтрия қўшинини йенгиш билан тугалланади. Мил.авв. 206-йили улар ўртасида музокаралар бошланиб, тинчлик сулҳини тузиш билан якунланади. Унга кўра, Йевтидем ўзининг ҳарбий филларини Антиох III га беради ва қисман унга бўйсунади, лекин сиёсий мустақиллигини сақлаб қолади.
Мил.авв. 141-йилдан 129-йилгача бўлган даврда Юнон-Бақтрия давлати сак ва юечжи қабилалари ҳужумлари натижасида тугатилади, шу билан Марказий Осиёнинг жанубий қисмларида эллинлар ҳукмронлиги тугатилади.
Шимолий, кейинчалик Жанубий Бақтрия ҳудудлари хуннлар ҳужумидан бу йерга келган юечжилар томонидан эгалланади. Кейинчалик юечжиларнинг уруғларидан бири – кушонлардан Буюк Кушон салтанати ташкил топади. Айнан юечжилар хитойликлар учун Ғарбий ҳудудларга томон йўл очади ва ушбу ҳудудлар Марказий Осиё деб аталган.
Хан сулоласи даврида Марказий Осиё ва Хитой ўртасидаги дипломатик муносабатлар.
Биринчи давр (мил.авв. II аср охири - I асрнинг биринчи ярми). Хан империяси ўзининг тузилган кунидан бошлабоқ, Хуанхе ва Янсзи дарёлари оралиғидаги йерлардан ташқарига экспансия сиёсатини олиб борган. Бундай сиёсат айниқса, У-ди (мил.авв. 140-87-йй) императорлиги йилларида кучайиб, ғарбий ҳудудларга катта эътибор берилади.
Чжан Сзян миссияси. Марказий Осиё ва Шарқий Туркистон Хитой учун ғарбий ҳудудлар ҳисобланган бўлиб, Чжан Сзян экспедитсияси амалга оширилгунга қадар номаълум ҳисобланган. Бу хитойликларнинг ғарбда жуда катта ҳудудлар мавжудлигини билмас эдилар деган хулосага келмайди, улар бу катта ҳудудда кўплаб халқлар яшашини билар эдилар. Ҳатто, Қанғ давлатидан Хитойга элчилар жўнатилганлиги ҳақида манбаларда маълумотлар мавжуд.
Аммо, шубҳасиз, У-ди императорлиги даврида юқорида санаб ўтилган ҳудудлар билан фаол дипломатик муносабатлар ўрнатилган, ғарбдаги йерларни кейинчалик колонияга айлантириш мақсадида савдо карвонлари жўнатилган.
Хитой ва Ғарбий ҳудудлар ўртасидаги дипломатик муносабатлар ўрнатилишининг дастлабки сабаби Марказий Осиёдаги хуннлар ва юнон манбаларида тохарлар деб аталган юечжилар ўртасидаги кураш эди. Бу курашда юечжилар мағлубиятга учрадилар ва ўзлари эгаллаган Гансу ҳудудини ташлаб, Йеттисув ҳудудига жойлашишга мажбур бўладилар. Аммо бу йерда хуннлар юечжиларни қувиб йетиб, уларнинг йўлбошчиларини ўлдирадилар, унинг бош суягидан қадаҳ тайёрлайдилар. Юечжилар жанубга, яъни Марказий Осиё томонга қараб кўчиб, бошқа халқлар билан бирга Юнон-Бақтрия давлатини қулатишда иштирок этадилар ва уларнинг авлодлари кўп йиллардан кейин Буюк Кушон империясига асос соладилар.
Юечжилар хуннларга қарши кураш учун ўзларига иттифоқчи излай бошлайдилар. Ўз навбатида Хан империяси хуннларнинг қўққисдан уюштирадиган ҳужумларидан жуда катта зарар кўрар эдилар. Улар юечжиларнинг мақсадлари ҳақида билиб, улар билан иттифоқ тузишга ҳаракат қиладилар. Бу қийин ва машаққатли ишни ўзининг ботирлиги билан ажралиб турган Хан-Чжун вилоятида яшовчи соқчилар бошлиғи Чжан Сян амалга оширади.
Чжан Сяннинг миссияси ҳақида Ши-сзи китобида маълумот берилади. Ўз сайёҳатида Чжан Сян хуннлардан бўлган йўлбошловчи Танганфу билан йўлга чиқади. Аммо йўлда у хуннларга асир олиниб, хуннлар қабила йўлбошчиси ҳузурига келтирилади. Хуннлар йўлбошчиси ундан Хитой императори қайси ҳуқуқ билан хуннлар йерлари орқали юечжилар юртига элчи жўнатганлиги сабабини сўрайди. Чжан Сян асир сифатида бу йерда ўн йил яшайди, у хуннлардан бир аёлга уйланади, ҳатто бу никоҳдан бир ўғил туғилади. Маълум бир вақтдан кейин у ўз йўлдоши билан қочишга муваффақ бўлади. Бир неча ўн кунлардан кейин Довон давлатига келади.
Довон ҳукмдори Чжан Сян билан музокара давомида Хан хонадони билан дипломатик муносабатлар ўрнатиш ҳоҳишини билдиради. Чжан Сян эса ўзини юечжилар юртига олиб боришга имконият яратиб берса, қайтганидан сўнг Хитой императори унга катта совғалар беришини айтади. Кейинчалик Чжан Сян императорга берган рапортига довонликлар деҳқончилик билан шуғулланишларини, буғдой ва шоли экишларини, кўплаб узумзорлари ва винолари борлиги ҳақида ахборот беради. Довонда 20 га яқин катта ва кичик шаҳарлар мавжудлигини билдиради. Лекин бу йердаги катта топилма бу қон билан терлайдиган отлар эди.
Чжан Сяннинг илк миссияси давридаги сайёҳати Довондан кейин Марказий Осиёда Сирдарёнинг ўнг қирғоғида жойлашган кўп қабилали Қанғ давлатидан ўтганлар. У Қанғ давлатидан мил.авв. 128 ёки 126-йили ўз ҳамроҳлари билан Катта Юечжилар юртига йўл олган. Бу даврда юечжилар хуннлардан мағлубиятга учраб, ҳукмдори ҳалок бўлган ва унинг ўрнига ўғли ўтирган эди. У хуннлардан хавфсираб ўзининг турар жойини алмаштириб, Амударёнинг шимолий тарафига жойлашади. Бу ҳудуд ҳозирги Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилояти ва Тожикистоннинг жанубий ҳудуди бўлиб, Хитой манбаларида бу йерлар Даҳю деб аталар эди. маҳаллий аҳоли эса бу йерларни Бақтрия деб атар эдилар.
Мил.авв. II аср ўрталари ёки иккинчи ярмида Бақтрия кўчманчи қабилалар ҳисобланган сакаравл, асий, пасиан ва тохарлар тарафидан босиб олинади. Тохар атамаси хитойча айтилиши қийин бўлиб, уни Даҳю деб атаганлар.
Шитсзи манбасининг маълумотича, “Даҳю Довоннинг жанубий-ғарбий ҳудуддан 2000 ли масофада, Гуйшуй дарёсининг жанубий тарафида жойлашган. У йерда аҳоли асосан ўтроқ бўлиб, шаҳарлари ва уйлари мавжуд”. Бу вақтда юечжи ҳукмдори хуннлардан қасос олишдан воз кечиб, янги ҳудудларда ўрнашишни афзал кўради.
Чжан Сян Бақтрияда бир йилга яқин бўлади. Ҳеч нимага эриша олмай жанубий йўл орқали Хитойга қайтишга ҳаракат қилади, аммо яна хуннларга асир тушиб қолади. Чжан Сян ўзаро курашдан фойдаланиб, хотини Танганфу ва ҳамроҳлари билан бир йилдан кейин қочиб, Хитойга боришга муваффақ бўлади. Унинг ғарбий ҳудудларга сайёҳати 13 йил давом этади. Сайёҳат натижасида унинг юз кишилик миссиясидан ўзи ва битта ҳамроҳи қайтиб келишга муваффақ бўлади.
У Хитойга қайтиб келганидан сўнг императорга ўзининг борган жойлари ва маҳаллий аҳолидан эшитган воқеалар ҳақида маълумот беради. Шу билан биргаликда Чжан Сян Ўрта Йер денгизининг ғарбий ҳудудида жойлашган Кичик Осиё ёки Шарқий Ўрта Йер денгизи ва Личан, балки, Миср ёки кейинчалик хитойликлар Фолин ёки Датсин деб атаган қадимги Рим ҳақида маълумот ҳам келтиради.
Чжан Сян ахборотида Марказий Осиё давлатлари: Довон, Усун, Қанғ, Даҳю, Янтсай, Катта Юечжилар, уларнинг жойлашган географик ҳудудлари, пойтахтлари, йўллари ва бир-биридан қанчалик узоқда жойлашганликлари, машғулотлари, анъаналари, аҳолисининг сони ва қўшини ҳақида маълумотлар келтиради. У ахборотида Қанғ ва Катта Юечжилар давлатлари ижарага олиниши мумкин бўлган кучли армияга эга эканликларини, агар уларни кўндиришга муваффақ бўлинса, Хитой ҳудудини 10000 лига кенгайтиришга муваффақ бўлиниши мумкинлиги ҳақида ҳам маълумот келтиради.
Чжан Сян Хитойга қайтиб келгач, келтирган ахборотлари ва кейинчалик хуннларга қарши муваффақиятлари учун ҳамроҳи билан бирга катта унвонлар: Бо-ван-хэу ва ҳарбий унвон Сяоюй и Вэйюй (маълум бир ҳарбий қисм бошлиғи) ларни олади. Аммо Чжан Сяннинг бу унвонлари мил.авв. 122-йилдаги муваффақиятсизликлари учун қайтиб олинади. У дастлаб ўлимга ҳукм қилинса-да, авф этилади.
Чжан Сяннинг бу муваффақиятсизлиги бир неча йил давом этган, бу даврда хитойликлар хуннларни бир қанча жангларда мағлубиятга учратиб, Лобнор, яъни Туз кўлигача бўлган ҳудудларни босиб оладилар. Шундан сўнг хитойликларга Марказий Осиёга тўғридан-тўғри йўл очилади. Натижада Хитой императори Марказий Осиёдаги давлатлар Даҳя ва Усунлар давлатларини Хитойга қўшиб олиш ҳаракатига қизиқиши янада ортади. Чжан Сян усунлар ҳақида тўлиқроқ маълумот бериш учун император ҳузурига чақирилади. У ўз ахборотида усунлар ҳукмдори Гунмонинг хуннлар асоратидан қутулишга интилаётганлигини, тўғри йўл тутилса Усунни, кейинчалик Даҳя ва бошқа Марказий Осиёдаги давлатларни Хитойга қўшиб олиш имконияти пайдо бўлиши ҳақида маълумот беради.
Бу хабар Чжан Сянни хуннларга назоратчи этиб тайинланиб, 300 аскар билан иккита от, унга қўшимча ҳар бир отлиқ йетакчилигида 10 000 га яқин ҳўкиз ва қўйларни берилишига сабаб бўлади. Унга ҳукмдорларга берилиши учун катта совғалар ҳам берилади. Чжан Сян билан биргаликда тамғалари бўлган атаманларнинг катта ёрдамчилар штати ҳам берилади. Бу ёрдамчилар Ўрта Осиё давлатлари ҳукмдорларига жўнатилган элчилар эди.
Усунларнинг ҳукмдори Гунма билан олиб борилган музокаралар Хитой учун муваффақиятсиз тугайди, чунки усунлар ҳудуди учга бўлинган бўлиб, у ҳудудларнинг ҳукмдорлари мустақил сиёсат олиб борар эдилар. Шу билан биргаликда, Чжан Сян Довон (Фарғона), Қанғ (Сўғд ва Хоразм), Даҳя (Бақтрия), Катта Юечжи (Шимолий Бақтрия), Анси (Бухоро ёки Бақтрия) каби давлатларга элчилар жўнатишга муваффақ бўлади. Шундан сўнг у усунлар ҳукмдори Гунманинг унчалик катта бўлмаган ва Хитой ҳукмдор саройи ҳақида тўлиқроқ маълумот олиш учун жўнатилган элчилиги билан қайтиб келади.
Бир йилдан сўнг, мил.авв. 104- ёки 103-йилда юксак давлат мансабларини эгаллаган Чжан Сян вафот этади. Яна бир йилдан сўнг эса Чжан Сян билан турли Ўрта Осиё давлатларига жўнатилган элчилар ва у давлатлардан жўнатилган элчилар билан қайтиб келадилар. Бу Марказий Осиё давлатларининг Хитой билан илк дипломатик алоқаларнининг ўрнатилиши эди. Айнан шу даврдан бошлаб, Марказий Осиё ва Хитой ўртасидаги фаол дипломатик алоқалар бошланиб кетади ва бир неча юз йиллар давом этади. Бу Чжан Сян миссиясининг муҳим натижаси эди. У умрининг ўн тўрт йилини Марказий Осиё халқлари орасида ўтказади ва бу йерда шубҳасиз катта мавқега эга бўлади.
Хитойдаги Шитсзи манбасида “Бо-ван-хэу унвонига эга бўлган Чжан Сян чет эллардаги ҳукмдор саройларига кириб боришга муваффақ бўлган ва шунинг учун ҳам унга ишонч катта эди”.
Хитой-Фарғона ўртасидаги ўзаро алоқалар. Икки давлат ўртасидаги ўзаро дипломатик алоқалар Чжан Сяннинг императорга “самовий отлар” ҳақидаги хабарни олиб келгач фаол равишда бошланган. Дастлабки, дипломатик алоқаларнинг ўрнатилиши қийин равишда кечган.
Шитсзи манбасига кўра, У-ди Довон ҳукмдорига элчи билан 100 лан оғирликдаги отнинг олтин ҳайкалини жўнатади, бунинг эвазига эса Довон арғумоқларини жўнатишни илтимос қилади.
Аммо Довон ҳукмдори Хитой императорининг илтимосини рад қилиш билан биргаликда, у йерга Довон аскарларини ҳам жўнатишга рад жавобини беради. Элчи Довон ҳукмдорининг жавобига қўпол муомала билан жавоб беради. Шу сабабли элчи ўлдирилади (чунки бу даврда элчининг дахлсизлиги деган тушунча ҳали шаклланмаган эди). Элчи билан олиб келинган ашёлар эса Довон ҳукмдори фойдасига мусодара қилинади.
Бунга жавобан Хитой императори Ли Гуанли бошчилигидаги 100 минг кишилик қўшинини жўнатади. Шундай қилиб, 4 йил давом этган хитой-довон уруши бошланиб, Довоннинг мағлубияти билан тугайди. Амалдаги ҳукмдор Мугуа қатл этилиб, ўрнига оқсоқоллардан бири Мотсай ўтқазилади. Тузилган шартномага кўра, хитойликлар 3000 от олиб ортга қайтадилар. Бир йил сўнгра Мотсай хитойликларга ён босганлик сиёсати туфайли ўлдирилади ва унинг ўрнига Мугуанинг кичик укаси Чжан-фин ўтқазилади. Ушбу ҳукмдор хитойликлар билан тинчлик шартномасини тузади (бу шартнома Хитой ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида тузилган илк шартнома эди), шартномага кўра, ўз ўғлини гаров тариқасида император саройига жўнатади ва ҳар йили бир жуфт отни Хитойга жўнатиб туриш мажбуриятини олади. Бунга жавобан император саройи тинчлик шартномасини мустаҳкамлаш мақсадида Довонга қимматбаҳо совғалар билан элчилар жўнатилади. Довондан қайтган хитой элчиси ўзи билан узум ва му-су (беда) уруғи олиб келинади. Беда дастлаб, император саройи олдида, кейинчалик эса катта ҳудудга тарқалади. Шундай қилиб, Хитой биринчи марта қишлоқ хўжалигининг муҳим ҳисобланган узум ва беда каби ўсимликлари билан танишади.
Хитой-довон урушидан кейин Хитойнинг Ғарбий ўлкалар билан ўзаро дипломатик алоқалари янада кучаяди. “Буюк Хан уйининг тарихи” номли манбага кўра, император У-ди даврида Марказий Осиёнинг турли давлатларига 10 га яқин элчилик миссиялари жўнатилган.

Download 1,03 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
  1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   42




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©hozir.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling

kiriting | ro'yxatdan o'tish
    Bosh sahifa
юртда тантана
Боғда битган
Бугун юртда
Эшитганлар жилманглар
Эшитмадим деманглар
битган бодомлар
Yangiariq tumani
qitish marakazi
Raqamli texnologiyalar
ilishida muhokamadan
tasdiqqa tavsiya
tavsiya etilgan
iqtisodiyot kafedrasi
steiermarkischen landesregierung
asarlaringizni yuboring
o'zingizning asarlaringizni
Iltimos faqat
faqat o'zingizning
steierm rkischen
landesregierung fachabteilung
rkischen landesregierung
hamshira loyihasi
loyihasi mavsum
faolyatining oqibatlari
asosiy adabiyotlar
fakulteti ahborot
ahborot havfsizligi
havfsizligi kafedrasi
fanidan bo’yicha
fakulteti iqtisodiyot
boshqaruv fakulteti
chiqarishda boshqaruv
ishlab chiqarishda
iqtisodiyot fakultet
multiservis tarmoqlari
fanidan asosiy
Uzbek fanidan
mavzulari potok
asosidagi multiservis
'aliyyil a'ziym
billahil 'aliyyil
illaa billahil
quvvata illaa
falah' deganida
Kompyuter savodxonligi
bo’yicha mustaqil
'alal falah'
Hayya 'alal
'alas soloh
Hayya 'alas
mavsum boyicha


yuklab olish