4. Эллин даврда халқаро муносабатлар ва дипломатик алоқалар
Александр вафотидан сўнг юнон тарихида янги давр – эллин даври бошланади.
Александр ўзининг босиб олинган ҳудудларида жуда катта мерос қолдиради. Унинг вояга йетган ворислари бўлмаган. Тахтга валиаҳдлари асосан унинг қўмондонлари бўлган. Узоқ музокаралардан сўнг Александрнинг ёши катта қўмондони Пердикка ҳукмдорнинг вояга йетмаган ўғлига регентликка тайинланади. Бу нарса қўмондонлар ўртасида норозиликка ва ворислар ўртасида аёвсиз курашга сабаб бўлади. Ушбу кураш мил.авв. 301-йилда Ипсдаги жангга қадар давом этади. Ушбу жангда ворислар Салавка ва Лизмахлар Бир кўзли Антигон устидан ғалаба қозонадилар.
Ушбу жангдан сўнг Александрнинг империяси бир неча бўлакка бўлиниб кетади. Улар “эллин давлатлари” деган ном олади. Ўз характерига кўра, бу давлатларнинг баъзилари эллин демкоратияси асосида, баъзилари эса деспотик давлатлар эди. Эллин давлатларидаги монархик характерлар кейинги юз йилликлар давомида кучайиб борди. Бу даврда эллин маданияти Ўрта Йер денгизи ҳавзасидан қадимги Шарқ ҳудудларигача тарқалади.
Эллин давлатлари тарихи мил.авв. III-II асрларни ўз ичига олади. Мил.авв. II аср охири ва I аср бошига келганда эллин давлатлари янги давлатлар Парфия ва Рим империяси тарафидан босиб олинади.
Эллинизм даврида доимий давом этган дипломатик, маданий ва иқтисодий алоқалар асосида ўзига хос давлатчилик тизими ташкил топади.
Бу тизимга Миср ва Киренадаги Птолемейлар, жанубий-шарқий Осиёдаги Салавкийлар, Македониядаги Антигонлар, Кичик Осиёдаги Пергам, Вифиния ва Понт подшоликлари, Родос оролидаги ўзига хос давлат (бу давлат ҳукмдорлари фаол дипломатик алоқалар олиб боришлари билан машҳур эдилар), Юнон соҳилбўйи давлатлари, Ахей ва Этолия иттифоқлари, Ситсилия, Карфаген ва кейинчалик Рим империяси ҳам кирган.
Дипломатия тарихида эллинизм даври ўзига хос қизиқ тарихга эга. Бу давргача қадимги Ўрта Йер денгизи ҳавзасидаги ҳудудлардаги юнон давлатлари ўртасида бу қадар кўп дипломатик шартномалар, симмахия ва эпимахиялар (мудофаа ва ҳужумкор иттифоқлар) тузилмаган эди.
Эллинистик даврга оид дипломатик муносабатларни акс эттирадиган ҳужжатлар тизимига шартномалар матни, ҳукмдорлар мактублари, давлат арбобларининг фаолиятлари, қадимги тарихчиларнинг асарлари киради.
Юқорида санаб ўтилган давлатларда қўшни давлатлар билан муносабатларни олиб борувчи махсус шахслар шакллана бошлади. Ташқи сиёсатни олиб борувчи шахслар дастлаб Салавкийлар ва Птолемейлар давлатида пайдо бўлган. Уларнинг назорати остида махсус девон иш олиб борган. Бу девон котиблари элчиларга кўрсатмалар, ҳукмдорларга қўшни давлатларга жўнатиш учун жавоб мактублари тайёрлар, ҳукмдор қабулига киришдан олдин элчилар билан суҳбатлар ўтказар эдилар.
Давлатлар ўртасида элчилик алмашиш жуда кўплаб амалга оширилган. Элчилар қўшни давлатларга уруш эълон қилиш ва тинчлик сулҳи тузишдан ташқари, қўшни давлатлар ҳудудида бир неча ой яшаб турли ишлар ва давлатнинг сиёсий ҳаётини кузатар эдилар. Элчилар ҳукмдорнинг мақсадларини, мамлакатнинг ҳарбий ва иқтисодий ҳаётига оид маълумотларни тўплаш, бундан ташқари, қўшни мамлакатга келган учинчи давлат элчиларининг мақсадларини ўрганишга ҳаракат қилар эдилар. Қўшни давлатларга кетаётган элчиларга кетишларидан олдин уларга аниқ кўрсатмалар берилар, уларнинг жавобларига қараб қўшимча кўрсатмалар жўнатилар эди. Баъзан элчилар қўшни мамлакатларга яширин тартибда сайёҳатчи ва савдогарлар сифатида жўнатилар эди.
Эллинизм даврида халқаро алоқалар олиб боришнинг махсус нормалари ишлаб чиқилди. Юнон тарихчиси Полибий хабар беришича, дастлабки римлик элчилари эллин давлатларига келганида ўзини тута оладиган ва юмшоқ муомалага ўрганган юнонлар римликларнинг қўполлиги ва ўзини тутолмаслигидан ранжиганлар.
Ёзилмаган қоидаларга кўра, элчилар ўзининг ҳиссиётлари қувончини, нафратини, истеҳзосини очиқ баён қилмасликлари керак эди. Бир-бирига душман бўлган ҳукмдорлари ўзаро муносабатда сокин ва кулиб суҳбатлашишлари керак эди. Македония ҳукмдори Филипп V Этолия иттифоқи элчилари билан суҳбатлашганида ҳукмдор уларнинг макридан қўрққан бўлса, элчилар эса ҳукмдорнинг қўполлиги ва бетакаллуфлигидан хафа бўлганлиги ҳақида Полибий хабар берган. Элчи музокара олиб бораётган ҳукмдорнинг нутқини бўлмаслиги керак эди. Полибий хабар беришича, Македония ҳукмдори Филипп V ҳузурига келган римлик элчи унинг нутқини бўлганида, уни уч сабаб билан кечирган. Биринчиси, элчининг ёшлиги, иккинчиси, ёқимтойлиги, учинчиси эса римлик эканлигида деб тушунтирган.
Эллинизм даврида бутун эллин давлатлари нафратланадиган ва ёввойилик деб ҳисобланган халқаро ҳуқуқ ва нормалари вужудга келади. Бундай қоидалар қуйидагилар эди: урушда заҳарланган қуроллардан фойдаланмаслик, асирларни агар унга тўлов тўланадиган бўлса қайтариш, қўшни давлатларга расмий равишда уруш эълон қилмасдан ҳужум қилмаслик каби нормалар эди. Жуда муҳим ҳисобланган нарса қўшни давлатлардан кимки тинчликни бузувчи вазиятни бузиб, уруш эълон қиладиган бўлса буни албатта амалга ошириш керак. Ўзаро муносабатлар ва дипломатик музокаралардан натижа чиқмаган тақдирда уруш энг охирги восита ҳисобланган. Шунинг учун томонлар дипломатик муносабатлар давомида ўзларининг “тарихий ҳақлари”ни асослашга ҳаракат қилар эдилар. Кўпинча қўшни давлатлар ўртасидаги мунозарали масалаларда учинчи давлатдаги третей судига мурожаат қилар эдилар. Урушни тугатиш ва тичлик музокараларини бошлаш мақсадида кўпинча воситачи сифатида учинчи нейтрал давлатдаги третей судига тинчлик сулҳини тузиш учун мурожаат қилар эдилар.
Эллин давлатлари ичида кўпинча бундай воситачи давлат сифатида Родос ороли ҳукмдорлари танланар ва улар ундан фойда олишни кўзлар эдилар. Давлатлар ўртасидаги яширин дипломатик ёзишмалар мутлақо ошкор қилинмас эди. Рим империяси билан уруш пайтида Македония ҳукмдори Филипп V Родос ороли ҳукмдори билан яширин дипломатик ёзишмалар олиб борган. У римликлар тарафидан мағлубиятга учратилгач, бутун дипломатик ёзишмаларни йўқ қилишни буюрган.
Ўша даврда алоқалари дўстона бўлмаган қўшни давлатлар ҳукмдорлари муҳим ғалаба эришганларида албатта табрикномалар жўнатилиши шарт бўлган халқаро этикет урф бўлган. Масалан, римликлар Антиох III қўшинларини йенгганларида Римга ўзларини мағлуб деб ҳисоблаган давлатлар ҳукмдорлари қимматбаҳо совғалар ва табрикномалар юборилган. Эллин давлатлари элчилариниг музокаралари ҳақидаги ҳисоботларида ўзлари борган мамлакатлар ҳақидаги маълумотлар сақланган.
Мил.авв. III аср охири – II аср бошларида, яъни мил.авв. 197-йили Македония устидан, мил.авв. 190-йили Салавкийлар давлати устидан қозонилган ғалабаларда сўнг халқаро алоқаларга Рим империяси аралаша бошлаган.
Бу даврда Рим Ўрта Йер денгизи ҳавзасида жойлашган қулдорлик давлатлари ўртасидаги халқаро муносабатларда ўзининг гегемонлигини ўрнатиб, қўшни давлатларга ўзининг ҳоҳишларини ўтказа бошлаган.
Do'stlaringiz bilan baham: |