Римликларнинг Мисрда ва Ахея иттифоқи устидан дипломатик ғалабаси (мил.авв. II аср). Мил.авв. 168-йили римликлар Сурия подшоси Антиох IV устидан ҳам муҳим ғалабага эришадилар. Вужудга келган вазиятдан фойдаланишга ҳаракат қилган Антиох IV Мисрнинг ички ишларига аралашади ва унинг катта қисмини босиб олади. Антиох ва Миср ҳукмдори Птолемей ўртасида мамлакатнинг катта қисмини Сурияга бериш ҳақидаги музокаралар олиб борилади. Аммо Антиох таклифлари мисрликлар учун ниҳоятда ҳақоратли бўлиб, мисрликлар уни қабул қилмайдилар. Антиох ўзининг қўшини билан Миср пойтахти Александрияга қараб йўл олади, лекин тўсатдан пойтахтдан тўрт мил масофада римликлар элчилиги билан қаршилашади. Римликлар элчилиги Попилий Ленат бошчилигида бўлиб, ҳукмдорга Сенат томонидан йўлланган мактубни топширади.
Мактубда, Антиохни тезлик билан Мисрдан қўшинларини олиб чиқиб кетилиши талаб қилинган эди. Антиох Рим Сенати таклифини яқинлари билан муҳокама қилишини айтса-да, охир-оқибат Сенат таклифини қабул қилади. Шундан сўнггина Попилий Антиохни Римнинг дўсти сифатида қўлини чўзади. Римнинг ёрдами билан Миср ўз мустақиллигини сақлаб қолган бўлса-да, аста-секинлик билан Римнинг таъсири остига тушиб қолади.
Македониянинг Рим провинсиясига айланишидан сўнг, навбат ўша вақтгача мустақиллигини сақлаб қолган Ахея иттифоқига келади. Ахея иттифоқининг мустақиллигини сақлаб қолишга уриниши узоқ ва қонли урушлар билан кечади. Бундай шароитда ички ва ташқи хавфлар аралашиб кетади. Римликлар иттифоқнинг ички ижтимоий қарама-қаршиликларни кучайтиришга эътибор қаратадилар. Ахея иттифоқида таъсирчан кучга эга бўлган қулдорлар ва олигархларга таянган римликлар ҳунарманд, эркин ва озод қилинган деҳқонлардан иборат бўлган демократик қатламларга қарши курашган. Ва ниҳоят римликлар Ахея иттифоқини кучсизлантиришга ва уни ҳарбий жиҳатдан парчалашга тайёргарлик кўра бошладилар.
Римлик элчиларнинг Коринфдаги умумиттифоқига келишлари (мил.авв. 147-йил). Римликлар ва Ахея иттифоқи ўртасидаги тўқнашув ахеяликлар ва Спарта ўртасидаги ихтилоф юзага келишига сабаб бўлади. Спарталикларнинг Ахея иттифоқига киришлари ҳақидаги таклифларини рад қилиниши улар ўртасида уруш келиб чиқишига сабаб бўлади. Спарталиклар Римга воситачи бўлишни таклиф этадилар. Мил.авв. 147-йили Ахея иттифоқи маркази бўлган Коринфга римлик элчи Л.Аврелий Орест келади. Сенат унга Спартани қўллаш ва Ахея иттифоқи билан Рим ўртасида совуқчилик тушириш вазифасини топширган эди.
Римлик элчи Коринфга келганида бу йердаги мажлисда демократлар кўпчиликни ташкил этардилар. Бу йердаги вазиятни яхши ўрганмаган элчи хабарчи воситасида Сенатнинг Ахея иттифоқида “қони бир бўлмаган” Спарта, Аргос, Орхомен ва ҳатто Коринфни иттифоқдан чиқариш ҳақидаги таклифини айтади. Амалда бундай йўл тутиш Ахея иттифоқини иккинчи даражали кучга айланишини билдирар эди.
Сенатнинг “озодлик” ҳақидаги декрети шаҳарда норозиликни кучайтиради. Кўпчилик қатнашувчилар ошкора тарзда мажлисни ташлаб чиқадилар; шаҳарда бесаранжомлик бошланади. Демократлар спарталикларни ҳайдайдилар ва шаҳардаги римликларга дўстона муносабатда бўлганларни талайдилар. Элчилар шошилинч равишда шаҳарни ташлаб чиқишга мажбур бўладилар. Элчилар Римга қайтгач, элчилар тажовуз ҳақида Сенатга маълумот берадилар.
Орест ахбороти эшитилгач, Юнонистонга яна элчилик жўнатишга қарор қилинади. Иккинчи элчиликка ақллилиги ва хавфлилиги билан машҳур бўлган Секст Юлий Сезар бошчилик қилади. Унга эҳтиросга берилмасдан, барча масалаларни дипломатик йўл билан ҳал қилиш топширилади. Секст ўзига топширилган вазифани аъло даражада бажаради. У Халқ мажлисида нисбатан юмшоқроқ оҳангда доклад қилган. У “ахмоқ маслаҳатчилар” гапига кирмаслик ва Рим билан душманлик кайфиятида бўлмаслик оҳангида нутқ сўзлаган. Мажлиснинг унчалик кўп бўлмаган Рим тарафдорлари унинг фикрини маъқуллайдилар, кўпчилик қисми эса сукут сақлашни маъқул кўрадилар. Шунда демократик кайфиятдаги Дией, Критолий ва бошқалар бошчилигидаги гуруҳ ҳозирда ҳеч қандай қарор қабул қилмаслик, 4 ойдан сўнг янги Иттифоқ мажлисини чақиришни, шу билан биргаликда Римга элчилик жўнатишни таклиф қиладилар. Демократларнинг фикри маъқулланади. Қарордан қониқмаган Секс Юлий Сезар Юнонистондан Римга қайтади. Унинг ортидан Римга элчилик жўнатилади.
Рим миссияси кетганидан сўнг Юнонистонда оммавий тартибсизликлар бошланади. Демократларнинг йўлбошчилари Римга қарши фаол тарғибот ишларини бошлаб юборадилар. Улар турли жойлардаги чиқишларида Рим дипломатиясининг асл мақсадларини очиб ташлайдилар. Римлик элчиларнинг ёқимли гаплари мунофиқонадир. Айни пайтда Рим Карфаген ва Галлияда оғир йўқотишлга учраган. Шунинг учун улар Шарқда тинчлик тарафдори бўлиб турибдилар. Уруш тугаши билан улар македонияликлар билан ҳисоблашганликлари сингари ахеяликлар ва спарталиклар билан ҳам ҳисоблашадилар.
Ахея йўлбошчиларининг Римга қарши тарғиботлари ўзларининг плутократияларига4 қарши тарғиботлари билан боғлиқ эди: улар қарзларни бекор қилиш, йерни деҳқонларга тарқатиш, қулларни озод қилиш каби талабларни ҳам ўртага ташлаётган эдилар.