2. Классик даврдаги юнон дипломатияси (мил.авв. VIII-IV асрлар) Қадимги Юнонистондаги халқаро ҳуқуқ ўзининг асослари билан узоқ асрларга таянади. Халқаро алоқаларнинг илк куртаклари ҳақида “Илиада” достонида маълумот берилади. Ахеяликларнинг Трояга юриши вақтида ахеяликлар билан Троя подшоси ўртасида тузилган шартнома ҳақида маълумот берилади. Шартнома матнини бузиш қасамёдни бузганлик даражасида белгиланади.
Милоддан аввалги VII-VI асрлардаги классик давр Юнонистон ҳайотида денгиз бўйида жойлашган Афина, Коринф, Милет, Эфес ва Галикарнас каби полислар муҳим марказлар ҳисобланган. Уларнинг ичида энг муҳим рол ўйнаган шаҳарлар Спарта ва Фива шаҳарлари эди.
Афинада дипломатик алоқаларнинг жонланиши мил.авв. VI асрдаги Пизистрат даврига тўғри келса, мил.авв. V асрдаги юнон-форс уруши даврида дипломатик алоқалар янада кучаяди. Юнон полисларининг йирик арбоблари айни пайтда дипломат ҳам эдилар. Пизистрат, Фемистокл, Аристид, Делос симмахияси асосчиси Кимон ва айниқса Перикл ҳам моҳир дипломат бўлганлар.
Юнон-форс уруши даврида Эллада жуда катта хавф остида қолган. Форс подшолари юнон полисларини бўйсундириш учун ҳарбий усуллар билан бирга, дипломатик йўлларни ҳам қўллаганлар. Форслар юнон полислари ичида ўзаро нифоқни кучайтиришга ҳам эътибор берганлар. Доро I юнонларга қарши ҳарбий куч ишлатишдан ташқари, барча юнон полисларига элчи юбориб, улардан “йер ва сув” беришни ва ўзига бўйсунишни талаб қилган. Кўп шаҳарлар унинг талабига бўйсунган, Афина ва Спартада эса элчиларнинг ҳаёти ачинарли тугаган. Афинада элчиларни қоядан улоқтирганлар, Спартада эса сув ва йерни шу йердан топасизлар деб, қудуққа ташлаганлар.
Бир неча йилдан сўнг Ксеркс Фессалия ва бир қанча юнон полисларини ўз томонига оғдириш учун элчилар жўнатган. Юнонистонда форсларнинг талабига Афина ва Спарта асло рози бўлмаган. Форслар Юнонистондан қувғин қилинганларни ўз томонига оғдириш орқали ҳаракат қилсалар-да, мақсадларига йетиша олмаганлар. Масалан, Афина тирани Гиппий форс подшоси лагерида бўлиб, ҳокимиятини тиклаш мақсадида ёрдам сўраган. Форслар спарталикларнинг қаттиқ қаршилигни пасайтириш мақсадида спарталиклар билан бошқа юнон полислари ўртасида низони кучайтиришга ҳаракат қилганлар.
Форс подшолари юнон полислари ўртасидаги низони кучайтиришга интилганлар, масалан, Саламин денгиз жангидаги мағлубиятдан кейин ўрта Юнонистондаги полислар кучларини бирлаштириш орқали ўз душманларини тозаламоқчи бўлганлар, ҳатто бу мақсадда афиналиклар билан уларга имтиёзли равишда шартнома тузмоқчи бўлганлар. Лекин афиналиклар раҳбарлари душманинг алдовига учмаганлар. Афиналиклар форсларнинг таклифини рад этиб, спарталикларни душманни Юнонистон тупроғидан ҳайдаб чиқариш ҳақидаги иттифоқчилик шартномасига ишонтирганлар.
Лекин душман ҳайдаб чиқарилгач, Афина ва Спарта ўртасида эллин дунёсидаги яккаҳукмронлик учун кураш бошланади.
Афина ва Спарта ўртасидаги келишмовчилик Афинада шаҳар атрофига мудофаа девори қуриш билан бошланган. Форслар устидан ғалаба қозонилгач, мил.авв. 478-йили Афина бошчилигидаги денгизбўйи шаҳарлари иттифоқи тузилади. Спарталиклар Афинанинг таъсири кучайишидан хавфсираб, афиналикларга дипломатик йўллар билан таъсир ўтказмоқчи бўладилар.
Спарта оқсоқоллар кенгаши денгиздан маълум бир узоқликда жойлашган юнон полисларига элчилар жўнатиб, мудофаа деворларини қурмасликни маслаҳат берадилар. Спарталиклар девор қурмаслик ҳақидаги талабларини мудофаа девори юнон полислари ўртасидаги ўзаро душманлик акти деб кўрсатганлар.
Ташқаридан қараганда, бу таклиф ўринлидек туюлади. Лекин спарталикларда пиёда қўшинлар кучлилигини эътиборга оладиган бўлсак, бу ўзларининг манфаатлари учун қилинган таклиф эди.
Афиналикларнинг форслар билан олиб борган кураши спарталиклар билан муносабатларни чуқурлаштирган. Иккинчи томондан, спарталикларнинг таклифи бошқа полисларнинг Спартага боғлиқлигини кучайтириб, Афина денгиз иттифоқи келажагини, жумладан демократияни хавф остига қўйиши мумкин эди.
Спарта давлати билан музокаралар олиб боришни машҳур арбоб Фемистокл ўз зиммасига олади. Фемистокл Спартага жўнашидан олдин Афина кенгашига мудофаа деворларини шошилинч тарзда қуришни таклиф қилади. Спартада эса Фемистокл касаллигини баҳона қилиб, Спарта эфораси билан учрашишдан қочади. Ўзаро мулоқот бошлангач, афиналик элчилар Фемистоклнинг йўқлигини баҳона қилиб, асосий масалани четга суришга ҳаракат қиладилар.
Спарталиклар Афинада мудофаа девори қурилиши ҳақида эшитишгач, Фемистоклни сўроққа тутадилар. У ўзига ҳеч нарса маълум эмаслигини айтиб, спарталикларга Афинага элчи жўнатишни маслаҳат беради. Шу билан биргаликда яширин равишда спарталик элчиларни ўзи боргунича тутиб туришни маслаҳат беради.
Афинада мудофаа деворининг шаҳарни мудофаа қилиш учун йетарли даражадаги қисми қурилганидан сўнг Фемистокл натижасиз музокараларни тўхатиб, спарталикларга бу ҳақида маълумот беради ва юртига қайтишга рухсат сўрайди. Афиналиклар Фемистоклнинг дипломатик ҳийласига ғалаба сифатида қарайдилар, лекин бу билан Афина ва Спарта ўртасидаги муносабат ниҳоятда ёмонлашади.
Мил.авв. V асрнинг иккинчи ярмида Афина ва Спарта ўртасидаги муносабатлар икки давлатнинг Юнонистонда яккаҳукмронлик учун кураши натижасида янада ёмонлашади. Бу кураш икки ўртада Ўттиз йиллик тинчлик шартномасини тузиш билан якунланган (мил.авв. 445-й). Бу тинчлик Юнонистонда сиёсий дуализмга олиб келади. Яккаҳукмронлик учун кураш икки томонни ҳарбий кучларини кучайтиришдан ташқари, юнон полислари ўртасида дипломатик воситалар билан таъсирларини кучайтиришга ҳам ундади.
Мил.авв. 448-йил машҳур арбоб Перикл Афинада полислар вакилларидан иборат панэллин (умумюнон) иттифоқи тузиш таклифини ўртага ташлайди. Ушбу конгрессда юнонларни қизиқтирадиган уч масала қўйилган эди: 1) форслар вайрон қилган ибодатхоналарни тиклаш; 2) денгизда сузиш эркинлиги; 3) Эллада дунёсида тинчликни мустаҳкамлаш. Перикл бу орқали Афинани Эллин дунёсидаги сиёсий ва маданий марказга айлантиришни мақсад қилган эди.
Бу лойиҳани амалга ошириш учун Афинадан ўз вакилларини конгрессга юборишни сўраб турли юнон полисларига 20 та элчилик жўнатилади. Ушбу вакиллар тўрт гуруҳга бўлинган. Бири Кичик Осиё полислари ва оролларига; иккинчиси, Геллеспонт қирғоқбўйи ва Фракияга; учинчиси, Беотия ва Фокидага; тўртинчиси эса, Пелопеоннесга жўнатилади. Афиналик вакиллар ҳар бир борган ҳудудларида аҳолини конгрессга жўнатишга кўндирадилар. Баъзи жойларда эса бу чақириққа жавоб бўлмайди. Айниқса, пелопоннесликлар Афинанинг кучайишидан қўрқиб, бунга қаршилик қиладилар.
Афинанинг сиёсий дуализм қоидаларини бузиши ва эллин дунёсида яккаҳукмронликка интилиши Пелопоннес уруши (мил.авв. 431-404-йй)га олиб келди. Пелопоннес уруши эллин дунёсидаги ички ва ташқи муносабатларни бузиб юборади. Бу уруш даврида дипломатик комбинатсияларнинг барча кўриниши кенг масштабда ишга солинган.
Ҳарбий ҳаракатлар бошланмасдан олдин беш йил (мил.авв. 436-431-йй) мобайнида аёвсиз равишда дипломатик кураш олиб борилган. Унда Лакедомнон ва Афина симмахиясига кирган бутун юнон полислари иштирок этдилар.
Урушга энг асосий баҳона Эпидамн можароси сабаб бўлган. Бу можаро аслида маҳаллий характерга эга бўлиб, жойдаги синфий кураш эди холос. Бу йердаги маҳаллий можаро бирданига умумюнон келишмовчилигига олиб келади. Аслида воқеа бу тариқа содир бўлган эди.
Эпидамн полиси Керкирра аҳолиси кўчиб келган ҳудудда ўзининг колониясига эга эди. Бу йерда мил.авв. 436-йили демократлар ва олигархлар ўртасида жанжал келиб чиқади. Олигархлар қўшни варвар қабилаларидан ёрдам сўрайдилар. Эпидамн демократлари мустаҳкам алоқаларига қарамасдан ўзларининг метрополиялари бўлган Керкиррадан ёрдам ололмайдилар. Шунда улар Делфия оролига вакиллар жўнатишиб, улардан Эпидамнга бўлган ҳуқуқни Керкиррадан Коринфга олиб бериш ҳуқуқи масаласида маслаҳат сўрайдилар. Делфия руҳонийлари бу масалада уларни қониқтирган жавобни берадилар.
Керкирраликлар ўз элчиликларини Коринфга жўнатиб, Эпидамн масаласини третей судига ўтказишни талаб қиладилар. Коринфдан жавоб олинмагач, керкирраликлар урушга тайёрлана бошлайдилар, шу билан биргаликда керкирраликлар Афинага ҳам элчи жўнатиб, Эпидамнга бўлган ҳуқуқларини тан олинишини сўрайдилар. Керкирраликлар Афинага агар уларнинг талаби қондирилмаса, улар Коринфга бўйсунишга мажбур бўлишлари мумкинлигини исботлашга ҳаракат қиладилар. Афиналиклар Юнонистоннинг икки катта кучи Коринф ва Керкирра билан курашишга мажбур бўлар эди.
Керкирра элчиларидан кейин Афинага коринфликлар элчилари келади. Улар керкирраликларни юзсизлик ва таъмагирликда айблаб, уларни Афина симмахиясига қўшилишига қарши чиқадилар. Афина ва Спарта ўртасида тузилган шартномага мувофиқ икки иттифоқчи томон ўз ҳудудларини кенгайтириш ҳаракатида бўлмасликлари керак эди. Афиналиклар керкирраликларни ўз иттифоқларига қўшмасдан, улар билан фақатгина мудофаа характеридаги шартнома тузиши мумкин эди, холос. Расмий жиҳатдан афиналиклар Ўттиз йиллик тинчлик шартномасини бузмаганлар. Керкирраликлар билан дўстлик ҳақидаги шартномани тузиш билан Афина икки мақсадга эришган: 1) Ўша даврда Юнонистондаги икки буюк денгиз ҳукмдорлари бўлган Керкирра ва Коринфни заифлаштириш; 2) Италия ва Ситсилияга борадиган гаванларда мустаҳкамланиб олиш.
Афинанинг Керкирра ва Коринф масаласидаги мўлжалли амалга ошади. Керкирра ва Коринф орасидаги урушдан ҳар икки томон заифлашади. Афиналиклар Керкиррага ўнта жанговар кема жўнатиш орқали стратегларни жазолаган, у йердаги воқеаларни кузатган ҳамда Керкиррага коринфликларнинг ўрнашишларига тўсқинлик қилган. Сиботда бўлган денгиз жангида афиналиклар керкирраликлар томонида туриб жанг қилганлар, бу эса Афинанинг мил.авв. 445-йилдаги шартномани бузди деган сабаб билан Пелопоннесликларнинг норозилигига сабаб бўлган.
Афиналиклар ва пелопоннесликлар ўртасидаги низо Халкидика ярим оролидаги Потидея колонияси сабабли ҳам кучайган. Потидеяга Афина ҳам, Коринф ҳам эгалик қилишни истар эди. Македония подшоси Пердикка Коринф тарафини тутган. У афиналиклардан акаси ва рақиби Филиппни чегара ўлкаларда аҳолини исёнга кўтарганда ёрдам берганиклари учун хафа эди. Шу сабабли Халкидика ярим оролиси аҳолисининг катта қисми Афинага қарши эдилар. Афина жангчилари 30 та ҳарбий кемада Халкидика ярим оролига келадилар ва ғалабага эришадилар, лекин бу йерни бутунлай бўйсундиришга муваффақ бўла олмайдилар.
Шундан сўнг коринфликлар Спартага тезлик билан Афинани мил.авв. 445-йилдаги шартномани бузганликда айблаб, умумюнон кенгашини чақиришни талаб қилган элчилик юборадилар. Бу чақириқни Афинадан норози бўлган бошқа юнон полислари ҳам қўллаб-қувватлайдилар. Бунинг натижасида мил.авв. 432-йили Спартада Афина вакиллари ҳам қатнашган Пелопоннес иттифоқининг кенгаши чақирилади.
Ушбу кенгаш ҳақиқий дипломатик конференсия эди. Бу йерда юнон полисларининг манфаатлари тўқнашади. Музокаралар жўшқин тус олади. Коринфлик делегатлар ўз гегемонлари Спарта тарафини тутсаларда, улар спарталикларни бу масала юзасидан ҳаракатсизликда айблайдилар. Воқеалардан яхши хабардор бўлган афиналиклар кўплаб бошқа юнон полисларини ўз томонига оғдиришга муваффақ бўлганлар. Афиналиклар сўзда тинчлик тарафдори ва ҳарбий ҳаракатларга қарши бўлсалар-да, аслида ҳарби ҳаракатларни бошлаш учун шиддат билар тайёргарлик кўраётган эдилар.
Коринфликлар вазиятдан чиқиш учун тезлик билан Антиафина коалитсиясини тузиш ва юнон озодлигини хавф остига қўйган Афинага қарши ҳарбий ҳаракатларни бошлашни талаб қилаётган эдилар. Афиналик делегатлар коринфлик делегатларга қатъий равишда қарши чиқадилар.
Юқори маҳоратга эга бўлган афиналиклар икки линия бўйича ҳаракат қиладилар. Биринчидан, улар эллин дунёсидаги варвар қабилаларни куч билан эмас, балки интрига йўли билан ўзлари томонга оғдирганликларини исботлайдилар. Улар бу даражага қонуний йўл билан, яъни форсларга қарши миллий-озодлик кураши давомида умумюнон манфаатларини ҳимоя қилиш учун жуда катта куч сарфлаганликларини зўр бериб ҳимоя қиладилар.
Афиналиклар эллин дунёсидаги ўзларининг ҳукмронликларин барча воситалар ёрдамида ҳимоя қиладилар. Афиналик делегатлар Спартага Пелопоннес иттифоқининг қандай кучли давлат билан курашиш мумкинлигини ҳисобга олишни, шундай бўлса, тинчликдан урушни афзал деб билсалар, тез орада мағлубиятга учрашлари мумкинлиги ҳақида огоҳлантирадилар. Афиналиклар “Урушнинг қанчалик кутилмаган оқибатларини ўйланглар. Ўзларингга боғлиқ бўлганларни оғир асоратларга олиб келманглар. Шартномани бузманглар ва ичган қасамёдимизга содиқ қолайлик”.
Шундан сўнг афиналик элчилар мажлисни ташлаб чиқиб кетадилар. Ўзларининг иттифоқчилари билан қолган спарталиклар ёпиқ мажлисда Афинага қарши уруш қанчалик даражада фойдалилигини муҳокама қиладилар. Бу масала юзасидан спарталикларнинг қарашлари ҳам ҳар хил эди.
Бу масала юзасидан биринчи бўлиб сўз олган подшо Архидам Афина иттифоқи билан муносабатда эҳтиёт бўлиш кераклигини, унга уруш очиш учун флотнинг йетарли эмаслигини, нафақат юнонлар билан, балки варварлар билан ҳам иттифоқ тузиш ва бошқа бутун воситалар ёрдамида иттифоқнинг молиявий ва ҳарбий салоҳиятини кучайтириш кераклиги ҳақидаги фикрини айтади.
Архидамга қарши эфор Сфенелаид сўзга чиқади. У тезликда ҳарбий ҳаракатларни бошлашни таклиф қилади. Афинани тўсатдан босиб олиш йўли билан уни иттифоқчилар олдидаги ўз қарзини уздириш мумкин деган фикрни билдиради. Сфенелаид фикрини тугатгач, давлатлардан келган вакиллар орасида таклиф овозга қўйилади. Вакилларнинг кўпчилиги Афинани мил.авв. 445-йилдаги шартномани бузганликда айблаб, эфорнинг фикрини қувватлайдилар.
Икки ўртадаги элчилик алоқалари уруш эълон қилинганидан кейин ҳам давом этган. Ўзаро элчилик алоқалари ярим расмий шахслар билан давом эттирилди. Мил.авв. 421-йили кучсизланган тарафлар ўзаро мулоқот бошладилар ва бу мулоқот Никий сулҳи тузилиши билан тугалланган. Никий сулҳи антик Юнонистондаги дипломатик ҳужжат намунаси сифатида қизиқарлидир. Сулҳга кўра, шаҳарлар мустақил бўлиб, уларнинг мустақиллигига на Афина, на Спарта тарафидан зарар келтирилмаслиги керак.
Никий сулҳининг яна бир муҳим жиҳати босиб олинган ҳудудларни қайтариб берилиши ҳақида эди. Унга кўра, афиналиклар Пелопоннесдаги йерларни Спартага, спарталиклар эса Фракиядаги босиб олинган ҳудудларни афиналикларга қайтариб беришлари керак эди. Тинчлик сулҳида яна ҳарбий асирларни қайтариш ҳақида ҳам модда бўлиб, бу кўпроқ спарталикларни қизиқтирар эди. чунки Сфактериядаги жангда спарталикларнинг сараланган ҳарбийлари асир олинган эди.
Лакедемонияликлар ва иттифоқчилари афиналикларга Панактни, афиналиклар эса лакедемонияликларга Корифасийни қайтариб беришлари керак эди. Делфия ибодатхонасининг статуси сулҳда алоҳида модда билан таъкидланган.
Шартнома 50 йил муддатга тузилган бўлиб, у томонлар тарафидан ҳийласиз ва зарарсиз равишда қуруқликда ва денгизда амал қилиниши керак эди. Сулҳ қасамёд билан мустаҳкамланган. Қасамёд ҳар йили, ҳар бир шаҳар учун алоҳида тузилар эди. Шартноманинг қўшимча қисми бўлиб, унда вазиятга қараб керакли ўзгартиришлар киритиш мумкин эди.
Шу йили афиналиклар ва спарталиклар ўртасида дўстлик тўғрисидаги шартнома тузилади. Шартномага кўра, учинчи томон тарафларга ҳужум қилган вақтда ёки қуллар қўзғолон кўтаргудек бўлса, бир-бирига ёрдам беришлари керак эди. Аммо шартнома афиналикларга ноқулай бўлиб, Мессениядаги аҳолига спарталикларга қарши хайрихоҳлик билдиришдан маҳрум бўлган эдилар.
Буни спарталиклар яхши тушуниб, ўз мавқеларини мустаҳкамлаб олгач, шартномада айтилган Фракиядаги Амфиополни Афинага беришга қарши чиқадилар.
Бир неча йилдан сўнг Афина ва Спарта ўртасидаги муносабатлар янада кучайиб кетган. Иккинчи пелопоннес урушининг бошланғич нуқтаси Афинанинг Ситсилияга (мил.авв. 415-йил) экспедитсия уюштириши бўлди. Экспедитсиянинг жўнатилиши Афина дипломатиясининг жиддий хатоси эди. Чунки, афиналик дипломатлар олдиндан Ситсилиядаги сиёсий вазиятни баҳолай олмаганлар ва ситсилиялик элчининг Сиракузага қарши ёрдам бериш ҳақидаги илтимосига ишонганлар. Натижада, Ситсилияга қарши уюштирилган экпедитсияда Афина флоти ва ҳарбийларининг энг яхши қисмлари ҳалокатга учраган (мил.авв. 413-йил).
Ситсилия фалокати Афинада давлат тўнтариши (мил.авв. 411-й) бўлишига олиб келди. Бу йерда вақтинчалик ҳокимият олигархлар тарафдорларига ва юнон оламидаги халқаро муносабатлар тарихида катта ўзгаришларга сабаб бўлди. Ҳар бир юнон давлати ўзини Афинанинг душмани деб эълон қилишга ва унга қарши коалитсияга қўшилишга ҳаракат қила бошладилар.
Аммо душманлари шуни тушуниб йетдиларки, Ситсилиядаги ҳалокат ҳам унинг Афина республикасининг мавқеига зарар келтира олмади. У ўзининг денгиздаги ҳокимиятини сақлаб қола олди. Афина устидан ғалаба қозониш, ҳали на Спарта, на унинг иттифоқчилари эга бўла олмаган денгиз флоти ёрдамида амалга оширилиши мумкин эди. Бундай флотни ташкил этиш Спарта ва унинг иттифоқчиларида хазина бўлмаган. Антиафина коалитсиясининг вазиятдан чиқишини бирдан-бир йўли бу, форс подшоси Доро II дан моддий ёрдам олиши эди.
Форс подшоси бу таклифни жон деб қабул қилади. У бу таклиф орқали Эгей денгизи ва Кичик Осиёда ҳокимиятини қайта ўрнатишни мақсад қилган. Форс подшосининг бу масаладаги маслаҳатчиси фавқулодда хусусиятларга эга бўлган одам Тиссаферн эди. У Доронинг Кичик Осиёдаги (Смирна, Эфес, Милет ва бошқалар) сатрапи эди.
Тиссаферннинг масалаҳати билан Спартага икки элчилик жўнатилади: биринчиси, Афинадан мустақил бўлиб олган ороллардаги юнон давлатларидан, иккинчиси, Тиссаферннинг ўзидан. Тиссаферн бу орқали икки мақсадни кўзлаган эди: Спарта ёрдамида Афинани кучсизлантириш ва Кичик Осиёдаги юнон давлатларидан подшога доимий солиқ бориб туришини таъминлаш. Афинанинг йелкаси вазифасини бажарган ушбу юнон давлатлари солиқларини доимий тўлашни орқага сурар ва мустақиллик учун ҳаракат қилар эдилар. Бундан ташқари, Тиссаферн Спарта ёрдамида Юнонистондаги ўзининг душманларини жазолашни ҳам мақсад қилган эди. Икки элчилик ҳам лакедемонияликларга тинчлик ва иттифоқ таклиф қиладилар.
Қисқа музокаралардан сўнг форс подшоси фойдасига элчилар ва спарталик эфорлар ўртасида мил.авв. 412-йил шартнома тузилади. Шартномага кўра, юнон-форс-уруши даврида озод қилинган Кичик Осиёдаги юнон полислари форс подшосига бўйсунадиган ва Афинага тўланадиган солиқлар форс подшосига тўлайдиган бўлдилар. “Подшо лакедемонияликлар ва уларнинг иттифоқчилари бутун кучлари билан афиналикларнинг бу йерлардан солиқ олишларига қаршилик қилишлари зарур эди”. Шартноманинг кейинги моддасида хабар берилишича, Афинага қарши урушда подшо лакедемонияликлар ва иттифоқчиларини олдида йетакчилик қилиши, урушнинг тугаши эса подшо ва Пелопоннес симмахиясининг умумий келишуви асосида бўлиши керак эди. Ҳар ким норозилик билдирса ёки ажралиб чиқишга ҳаракат қилса, умумий душман деб баҳоланиши керак эди.
Мил.авв. 412-йилги шартнома спарталикларнинг норозилигига сабаб бўлади ва уни қайта кўриб чиқиш тарафдорлари кўпая бошлади. Иккинчи тарафдан, Тиссаферн ҳам лакедемониялик денгизчиларга ҳақ тўлашда юклатилган мажбуриятларни бажара олмай қолаётган эди.
Янги музокаралар бошланади. Милет шаҳрида спарталиклар ва форслар ўртасида шартнома тузилади. Милет шартномаси қисман Спарта фойдасига эди. Подшо ўз мажбуриятини тасдиқлайди, унга кўра, у ҳудудидаги Лакедемония иттифоқи қўшинларига ҳақ тўлаш мажбуриятини бўйнига олади.
Бу шартнома ҳам лакедемонияликларни қониқтирмай, юнон дунёсидаги гегемонликка даъво қила бошлайдилар. Спарталиклар форсларни Кичик Осиёдаги ҳукмронликларини хавф остига қўя бошладилар. Спартани форс подшоларининг Кичик Оисёга эгалик ҳақидаги моддани четга суриб қўйиб, ҳукмронлик даъвоси Тиссаферннинг ғазабини қўзғатади. Форс сатрапи спарталик дипломатларнинг овоз оҳангларидан безовта бўлган. Шу даврдан бошлаб, форслар Спартадан воз кечиб, кечаги душмани бўлган Афина билан яқинлаша бошлайдилар.
Тиссаферннинг маслаҳатчиси афиналик Алкивиад бўлган. Бу даврда Спарта армиясида хизматда бўлса ҳам, у ўша йернинг тартибларига таяниб ва Афинага қайтишга тайёргарлик кўраётган эди. У Тиссафернга қадимги Шарқ анъанасига содиқ қолган ҳолда юнон дунёсида дуализмни сақлаш кераклигини, агар сиёсий ва ҳарбий ҳукмронлик бир томонга ўтадиган бўлса, подшонинг буни йенгиш катта куч сарфлаши керак бўлиши ҳақида огоҳлантиради. Буни олдини олиш учун подшо учун арзон ва йенгил бўлган юнон полисларини бирма-бир ҳолдан тойдириш кераклиги ҳақида маслаҳат беради. Форс подшолиги қизиқиши нуқтаи назаридан улар Спартани эмас, Афинани қўллашлари кераклигини тушунтиришга ҳаракат қилган. Унга кўра, Афина форслар ҳукмронлик қилаётган Эгей архипелаги ва Кичик Осиёга даъвогарлик қилаётганлари йўқ. Афиналикларнинг фикрига кўра, Лакедемонияликлар ҳукмронлик қиладиган бўлсалар, улар нафақат афиналиклар зулмини, балки форс ҳукмронлигини ҳам тугатишни мақсад қилган эдилар. Буларнинг барчасидан Алкивиад амалий хулоса чиқаради. Унинг фикрига кўра, урушнинг тугаши билан шошмасдан, Афинани ҳолдан тойдириш керак. Кейин у билан бирлашиб, Пелопоннесни бўлиб олиш керак. Биринчи қадам сифатида у пелопоннеслик денгизчи (моряк)ларнинг маошларини ярмига қисқартиради.
Аликивиад сиёсатида ўзининг мақсадини биринчи ўринга қўйган. У Афинага қайтиб, бу йерда ҳукмронлик қилишни орзу қилар эди. Бу мақсадига эришишда у ва унинг дўстлари Тиссаферннинг ёрдами ва форс подшосининг хазинасига таянмоқчи бўлган эди. Алкивиаднинг сотқинона ҳаракати ўз самарасини берган. Форс подшоси Спартага қарши Афинага ёрдам бера бошлаган.
Алкивиаднинг қайтиши билан вақтинчалик денгизда ҳукмронлик Афина қўлига ўтади, бу нарса форсларни спарталиклар билан яқинлашишга мажбур қилади ва бу ҳол Афина денгиз ҳукмронлигини бутунлай вайрон қилинмагунга қадар давом этган.
Мил.авв. 404-йили Афина капитулятсияси пайтида фиваликлар, коринфликлар, мегараликлар ва Спарталикларнинг қолган иттифоқчилари мағлуб бўлган шаҳарни бутунлай вайрон қилишни ва ғолиблар ўртасида ҳудудларини бўлиб олишни таклиф қилади. Лекин спарталиклар иттифоқчиларининг тазйииқларига қарамасдан Афина давлатини сақлаб қолишда қатъийлик қилганлар. Афина денгиз иттифоқини тарқатиб юбориш мажбуриятини олади, ҳарбий кемалар йўқ қилиниб, Аттика қирғоқларини қўриқлаш мақсадида 12 та кема сақланиб қолади. Афина ва Пирейни бирлаштирувчи девор бузилиб, Спарта ва иттифоқчиларига товон тўлайдиган бўлади.