Шартнома ва иттифоқлар
Қадимги Юнонистондаги халқаро муносабатларнинг яна бир кўриниши ҳарбий-сиёсий иттифоқлар бўлган – “симмахия”лар эди. Улардан энг муҳимлари Лакедемон ва Афина (Делос) симмахиялари эди.
Лакедемон симмахияси мил.авв. VI асрда Пелопоннес полислари иттифоқи сифатида ташкил топган. Унга Спарта бошчилик қилар эди. Унинг олий органи мажлис (силлагос) бўлиб, гегемон-шаҳар Спарта бошчилигида йилда бир марта чақирилар эди. Шаҳарлар мустақиллиги ва мавқеига қарамасдан биттадан овозга эга эдилар. Масала музокара ва дипломатик йўллар воситасида кўп овоз бериш йўли билан ҳал қилинар эди.
Эллин давлатларининг иккинчи бир иттифоқи Афина шаҳри бошчилигидаги Афина ёки Делос симмахияси эди. У юнон-форс урушлари даврида ташкил топган бўлиб, Лакедемон симмахиясидан икки жиҳати билан фарқланар эди: биринчидан, иттифоқчи давлатлар Делосдаги умумий хазинага аъзолик бадали(форос)ни тўлар эдилар; иккинчидан, улар кўпроқ ўзларининг гегемонлари бўлган Афинага боғлиқ эдилар. Вақтлар ўтиши билан Делос симмахияси Афина олий ҳукмронлиги(архэ)га айланган.
Икки симмахия ўртасидаги муносабат душманларча эди. Охир-оқибат у бутун Юнон полислари иштирок этган мил.авв. V асрдаги Пелопоннес урушига олиб келди.
Афина симмахияси мил.авв. 404-йилда Афинанинг мағлубияти билан тугатилди. Аммо мил.авв. 378-йилда юнон орол давлатлари Иккинчи Афина денгиз иттифоқига бирлашдилар. Ўзаро тузилган иттифоққа кўра, иттифоқчилар бир-бирларининг ишларига аралашмаслиги, масалаларни ўзаро маслаҳат билан ҳал қилишлари керак эди. Лекин бу шартнома тўлиқ бажарилмаган ва у мил.авв. 355-йилда тарқалиб кетган.
Мил.авв. IV асрда Фива бошчилигида Этолиянинг қишлоқ манзилларидан иборат бўлган Беотия иттифоқи тузилади. Мил.авв. III аср бошларида эса Ахей шаҳарлари иттифоқи тузилади. Ушбу икки симмахиянинг бошқа симмахиялардан фарқи, унга аъзо бўлган давлатларга бир давлат эмас, ўзаро маслаҳатлашув асосида сайланган умумиттифоқ ҳукумати бошчилик қилганидадир. Сайланган кенгаш аъзолари умумий қўмондон бўлган стратегларни, уларнинг ўринбосарлари бўлган гиппархлар(отлиқ аскарлар қўмондони)ни ҳамда мирза (юнонча - граматеос)ларни сайлаганлар. Сратег тинчлик ва уруш пайтида иттифоқнинг раҳбари сифатида уруш эълон қилиши, сулҳ тузиши мумкин бўлса; граматеос эса қўшни давлатлар билан ёзишмаларга раҳбарлик қилган.
Ахей симмахиясида стратег ва уларнинг ёрдамчилари ўз ишларини Ахей иттифоқи маслаҳат кенгаши вакиллари билан ўртоқлашиб олиб борган бўлсалар, Этолия симмахиясида эса масалалар фуқаролар жамияти йиғинида ҳал этилган.
Жамоатлар ва қабилалар ўртасидаги низолар тайинланган вакиллар оқали ҳал этилган. Гомер даврида бундай вакиллар хабарчилар (керюкс, ангелос), классик даврда эса оқсоқол (пресбейс) деб аталган.
Юнон давлатлари, масалан, Афина, Спарта, Коринф ва бошқа давлатларда элчилар Халқ мажлисида 50 ёшдан кам бўлмаган одамлар орасидан сайланган. “Оқсоқол” атамаси шундан келиб чиққан. Одатда элчиликка ўзига йетарли, мавқега эга бўлган, бошқа шаҳарларда вакиллар (проксен)ига эга бўлган, мулоҳазали ва нотиқлик санъатидан хабардор бўлган одамлар сайланган. Элчиликка кўпроқ шаҳарнинг юқори мансабли кишилари (Спартада ҳукмдор ёки эфорлар, Родосда притан ёки навархлар, Ахей ва Этолия иттифоқида стратеглар ва бошқалар) тайинланган. Баъзан эса дипломатик вазифаларга алоҳида шахслар тайинланган, ким дипломатик вакилликка сайланган бўлса, у одам ўзининг таъсирли жойини сақлашга ҳаракат қилган.
Элчиликка оратор ва актёрларни тайинлаш воқеалари ҳам кўп бўлган. Машҳур оратор Эсхин аслида актёр бўлиб, Македония ҳукмдори Филипп II ҳузурига жўнатилган афиналик элчилар орасида бўлган. Элчиликка шахсларни оратор ва актйорлар орасидан танланишининга асосий сабаби унинг нутқлари чиройли чиқишидан ташқари, таъсирли ҳам бўлиши кераклигида эди. Оратор ва ҳатто актёрлар ўзларининг мавқелари орқали майдон ёки театрдаги кўп минг кишилик оломонни ишонтириши керак эди.
Элчилик таркиби ҳар хил бўлиб, ўша вақтдаги муаммонинг кўламига боғлиқ эди. Элчиликдаги барча аъзоларнинг ҳуқуқлари бир хил бўлган. Кейинчалик элчиликка ҳайъатига бошчилик қиладиган “оқсоқол бошлиғи” тайинланадиган бўлди. Элчиликни муваффақиятли амалга ошириш учун уларга маълум бир миқдорда пул ажратилган. Элчилик ҳайъатининг хизмат вазифаси аниқ бўлиб, элчилик қайерга кетаётган бўлса, у шаҳардаги проксенга тавсия хати (симбол) юборилар эди. Элчиликнинг мақсади ҳар бир аъзога махсус инструксия билан тушунтириларди. Инструксиялар оғзаки шаклда берилар эди. Элчилик ҳаъйати ўзи билан икки жойига мум суртилиб, сўрғичланган ёрлиқ билан (δίπλὼματα) келган. Дипломат атамаси юнонча ёрлиқ атамасидан келиб чиққан.
Кўрсатмалар элчиларнинг асосий дастури ҳисобланган. Уларда элчиликнинг асосий мақсади кўрсатилган. Бундан ташқари, элчи маълум бир эркинликларга эга бўлиб, ўзининг шахсий ташаббуси билан ўзини кўрсатиши мумкин эди.
Элчилик белгиланган шаҳарга келиб, у йердаги дипломатик алоқаларни бошқарадиган проксенга ёрлиғини топширгач, у йердан ёрлиқ ва тегишли кўрсатмалар ҳамда маслаҳатлар олар эдилар.
Улар бу йерга келишгандан маълум бир кун ўтгач (Афинада беш кундан сўнгра) элчилар кенгаш ёки Халқ йиғинига ўзларининг келиш сабабини тушунтирар эдилар. Шундан сўнг элчилик келиш сабаби билан тузилган махсус комиссияда ушбу масала муҳокама қилинар эди.
Элчиларга бўлган муносабат яхши бўлиб, уларга иззат-икром кўрсатилар, театр ва байрамлардаги томошаларда яхши ўринлар бериларди. Элчилик ўз ватанига қайтиб келгач шаҳридаги Халқ мажлисида миссиянинг қандай бажарилганлиги ҳақида маълумот берилар эди. Элчилик муваффақиятли амалга оширилган бўлса, уларга махсус ёрлиқлар ва мукофотлар берилган. Афинада элчилик муваффақиятли амалга оширилса, уларга зайтун гулчамбари ва Акропол яқинидаги давлат арконларини меҳмон қиладиган залда тушлик зиёфатига чақирилар эди. Ҳар бир фуқарога элчилик ҳисоботига нисбатан муносабатини билдириш фикри берилган бўлиб, улар элчига айблов ҳам эълон қилиши мумкин эди.
Қадимги Юнонистондаги элчиларнинг асосий мақсади қўшни давлатлар билан шартнома ва иттифоқлар тузиш эди. Ўзаро тузилган шартномалар илоҳий кучга эга деб ҳисобланган. Шартномани бузиш худо томонидан жазоланишга олиб келади деб ҳисобланган. Шунинг учун қадимги Юнонистонда дипломатик музокаралар қатъий тарзда олиб борилган. Шартнома мажбуриятларини тузишда юқори даражадаги ҳарбий амалдорлар гувоҳлигида гўёки муқаддас шартнома тузилаётгандек турли қасамёд матнлари билан мустаҳкамланган. Шартнома тузилаётганда қасамёдларга ўша шаҳардаги магистрлар албатта чақирилган. Қасамёдга шартнома бузган томоннинг қатл қилиниши ҳақидаги қарғиш ҳам қўшилган.
Шартнома бандларига амал қилинмаган тақдирда бу масала третейский комиссиясига берилган. Комиссия уни Делфияда Аполлон, Олимпияда Зевс ва ҳоказолар шарафи учун пул жаримасига ҳукм қилган. Манбаларда бундай жарималар миқдорининг бир неча ўн талантни ташкил қилганлиги ҳақида маълумот берилади. Бўйсуниши керак бўлган шаҳарлар бўйсунмаган тақдирда унга третей комиссияси мажбурий чоралардан тортиб, “муқаддас уруш” эълон қилишгача бўлган жазо чораларини ҳам мумкин эди.
Томонлар ўзаро келишувга эришгач, қасамёд матнлари тош тахтага ёзилиб, махсус ибодатхоналарда (Афинада Акрополдаги Афина Паллада) сақланар эди. Муҳим ҳисобланган шартномаларнинг нусхалари жойлардаги Делфия, Олимпия ва Делос каби ибодатхоналарда сақланган. Шартноманинг бир нусхаси албатта давлат архивида сақланган. Дипломатик муносабатлар бузилиб, уруш ҳолати эълон қилинганида шартнома матни битилган тош тахта парчаланиб, шартнома бекор қилинган.
Do'stlaringiz bilan baham: |