ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ
КОНСТИТУЦИЯСИДА ЖАМИЯТ, ДАВЛАТ ВА ҲУҚУҚ
МАСАЛАЛАРИ
Конституция мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат қуриш
ва фуқаролик жамиятини шакллантириш шароитида
шахс – жамият – давлат тизимида ўзаро уйғунликка ва мутаносибликка
эришини таъминлашга хизмат қилади. Унда шахс, жамият ва давлат
ўртасидаги муносабатларнинг асосий принциплари, давлат
ҳокимиятининг тузилиши, субъектлари, ҳокимиятни амалга ошириш
механизми белгиланган ҳамда жамият, инсон ва фуқаронинг давлат
томонидан қўриқланадиган ҳуқуқлари мустаҳкамланган.
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси мамлакатимизда
яшаётган халқнинг иродасини акс эттиради. Конституция, авваламбор,
умуминсоний қадриятлар ва халқаро ҳуқуқнинг устунлиги принципига
амал қилади.
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси олти бўлимдан
иборат бўлиб, унда инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари,
эркинликлари ва бурчлари (иккинчи бўлим), жамият ва шахс (учинчи
бўлим), маъмурий-ҳудудий ва давлат тузилиши (тўртинчи бўлим),
давлат ҳокимиятининг ташкил этилиши (бешинчи бўлим) билан боғлиқ
қоидалар ўз ифодасини топган. Уларда жамият, давлат ва ҳуқуққа оид
асосий конституциявий тамойиллар белгилаб қўйилган.
Конституциянинг муқаддимасида унинг асосий мақсади
“инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш” эканлиги
алоҳида таъкидланади. Суверен, демократик ҳуқуқий давлат шахс
ҳамда жамият ҳуқуқ ва эркинликларининг ҳимоячисидир. Шу маънода,
Конституция фуқаро, жамият ва давлат ўртасидаги ўзига хос ижтимоий
шартнома сифатида намоён бўлади. Конституцияга биноан давлат
фуқароларга шахсий, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда кенг
ҳуқуқ ва эркинликлар беради ҳамда уларнинг амалга оширилишини
кафолатлайди. Шу билан бирга, унинг 19-моддасида кўрсатилганидек,
фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган
ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир, улардан суд қарорисиз маҳрум
этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас.
Конституциянинг 44-моддасига биноан ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва
эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор
шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари
устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади. Давлат
фуқароларга ҳуқуқ ва эркинликлар бериш билан бирга, уларнинг
зиммасига муайян масъулият ҳам юклайди. Фуқаролар Конституция ва
қонунларга риоя этишга, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари,
шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга ҳамда Конституцияда кўзда
тутилган бошқа бурчларни оғишмай бажаришга мажбурдирлар.
Ҳар қандай давлатда инсон ва жамият, шахс ва жамоа ўзаро
алоқадор бўлиб, шахс жамоанинг бир аъзоси ҳисобланади. Шахснинг
ҳам, жамоанинг ҳам ўз манфаатлари бўлади. Конституциямиз
ижтимоий ва шахсий манфаатларнинг уйғунлигини кафолатлайди. Шу
билан бирга, шахсий манфаатлар ижтимоий манфаатларга зиён
келтирмаслиги лозимлигини қонунлаштириб беради. Айнан
Конституциянинг 20-моддаси фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини
амалга оширишда бошқа шахсларнинг, давлат ва жамиятнинг қонуний
манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларига путур етказмасликлари
шарт деб белгилайди. Демак, ҳар бир фуқаро Конституцияда
мустаҳкамланган ҳуқуқ ва эркинликлардан фойдаланар экан, бошқа
шахсларнинг манфаатлари билан ҳам ҳисоблашмоғи лозим. Ушбу
принцип Конституциянинг бошқа моддаларида ҳам белгиланган.
Масалан, 48-моддага кўра фуқаролар Конституция ва қонунларга риоя
этишга, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадрқимматини ҳурмат қилишга мажбурдирлар.
Конституцияда мустаҳкамлаб кўйилган шахсий ҳуқуқ ва
эркинликлар, сиёсий ҳуқуқлар ва демократик эркинликлар, иқтисодий
ва ижтимоий ҳуқуқлар фуқаролик жамиятида инсон шахсининг моддий,
маънавий, ижтимоий-сиёсий жиҳатлардан шаклланиши ва
ривожланиши, ўзидаги барча қобилият ва истеъдодни тўла рўёбга
чиқариши, Ватанимиз, халқимиз ва миллатимизнинг фидойи, жасур
кишиси, комил инсон бўлишига кенг имконият очиб беради.
Конституциямизда шахс, жамият ва давлат манфаатларининг уйғунлиги
ўз аксини топиб, бунда, аввало, шахс, сўнгра жамият ва ундан кейин
давлат манфаатлари ҳимоя қилиниши назарда тутилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |