186-модда. Маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг, улар мансабдор шахсларининг қарори, ҳаракати (ҳаракацизлиги) устидан ариза (шикоят) билан судга мурожаат этиш муддатлари
Агар ушбу Кодексда ёки ўзга қонунларда бошқа муддатлар белгиланмаган бўлса, маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг, улар мансабдор шахсларининг қарори, ҳаракати (ҳаракацизлиги) устидан ариза (шикоят) манфаатдор шахсга ўзининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида маълум бўлган пайтдан эътиборан уч ой ичида судга берилиши мумкин.
Давлат ижрочисининг қарорини ҳақиқий эмас, ҳаракатларини (ҳаракацизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги ариза (шикоят) манфаатдор шахсга ўзининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида маълум бўлган пайтдан эътиборан ўн кун ичида судга берилиши мумкин.
Ариза (шикоят) беришнинг узрли сабабга кўра ўтказиб юборилган муддати суд томонидан тикланиши мумкин.
19. Аризанинг қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларни ўтказиб берилиши уни қайтариш учун асос бўлмайди. Бундай ҳолларда ариза иш юритишга қабул қилиниб, мазмунан кўриб чиқилиши лозим.
Суд ҳар бир иш бўйича аризачи томонидан қонун билан белгиланган судга мурожаат қилиш муддатларига риоя қилинганлигини аниқлаши, мазкур муддатлар бузилганда эса, манфаатдор шахс ушбу ҳолатга эътибор қаратганлигидан қатъи назар уларнинг ўтказиб юборилиши сабабларини муҳокама қилиши лозим.
Судга мурожаат қилиш муддати аризачига қуйидагилар маълум бўлган куннинг эртасидан бошланади:
унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги;
унинг ҳуқуқлари ва эркинликларини амалга оширишга тўсиқлар вужудга келтирилганлиги;
унинг зиммасига бирор-бир мажбурият юкланганлиги.
Судга мурожаат қилиш муддатига риоя қилиниши масаласи ишни тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятга эга ҳолат эканлиги сабабли, уни тиклаш ёки тиклашни рад этиш тўғрисидаги хулосалар, МСИЮтК 156-моддаси биринчи қисмининг 2-бандига кўра, суднинг ҳал қилув қарорида асослантирилиши лозим.
Агар судга мурожаат қилиш муддати ўтказиб юборилган ёки ўтказиб юборилган муддатни тиклаш суд томонидан рад этилган бўлса, аризани қаноатлантириш рад қилинади.
56-модда. Ҳал қилув қарорини қабул қилиш чоғида ҳал этиладиган масалалар
Ҳал қилув қарорини қабул қилиш чоғида суд:
1) ишда иштирок этувчи шахсларнинг ўз талаблари ва эътирозларини асослантириш учун келтирган далиллари ва эътирозларига баҳо беради;
2) иш учун аҳамиятга эга бўлган қайси ҳолатлар аниқланганлигини ва қайсилари аниқланмаганлигини белгилайди;
3) ишда иштирок этувчи шахслар асос қилиб келтирган қайси қонун ҳужжатларини ушбу иш бўйича қўллаш мумкин эмаслигини ҳал қилади;
4) ушбу иш бўйича қайси қонун ҳужжатларини қўллаш зарурлигини аниқлайди;
5) ишда иштирок этувчи шахсларнинг қандай ҳуқуқ ва мажбуриятлари борлигини белгилайди;
6) талабни қаноатлантириш лозимлигини ёки лозим эмаслигини ҳал қилади.
Зарур бўлган ҳолларда, суд дастлабки ҳимоя чораларини сақлаб қолиш ёки бекор қилиш, ҳал қилув қарорининг ижросини таъминлаш, ҳал қилув қарорини ижро этишнинг тартиби ва муддати, ашёвий далилларнинг кейинги тақдири; суд харажатларини тақсимлаш билан боғлиқ бўлган бошқа масалаларни ҳам ҳал қилади.
Суд ҳал қилув қарорини қабул қилишда далилларни қўшимча текшириш ёки иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатларни аниқлашни давом эттиришни зарур деб топса, суд муҳокамасини янгидан бошлайди, бу ҳақда ажрим чиқаради. Бундай ҳолда суд муҳокамаси фақат қўшимча текшириш эҳтиёжи бўлган ҳолатлар доирасида олиб борилади.