2.4. ДАВЛАТГАЧА БЎЛГАН ЖАМИЯТЛАРДА ИЖТИМОИЙ
НОРМАЛАР ВА ИЖТИМОИЙ ҲОКИМИЯТ
Жамият шаклланиши давомида уни бошқариш эҳтиёжи ҳам
вужудга келган. Жамиятнинг ҳар бир аъзоси ўз манфаатларига эга
бўладики, уларни келиштирмасдан, мувофиқлаштирмасдан туриб,
жамият мавжуд бўла олмаган, бунда айнан манфаатлар муҳим
регулятор сифатида намоён бўлган. Ижтимоий алоқаларнинг тадрижий
ривожланишини ҳамда жамиятда барқарор ҳаёт тарзини таъминлаш
учун ушбу манфаатларни умумий фаровонлик йўлида уйғунлаштириш
талаб этилади. Бундай уйғунлаштиришга эса ижтимоий муносабатларни
тартибга солишга қаратилган нормаларни шакллантириш ҳамда ушбу
қоидаларнинг бажарилишини таъминловчи ижтимоий ҳокимиятни
жорий этиш орқалигина эришилади.
Ибтидоий жамоа тузумида шаклланган ижтимоий нормаларнинг
хусусияти шундаки, улар оила, уруғ ва қабиланинг ижтимоийиқтисодий бирлигини ифодалаш ва таъминлаш билан бирга,
кишиларнинг кундалик ҳаёт тарзига ҳам чуқур сингиб кетган.
Табиатдаги жонзотлар биологик, табиат қонунлари асосида ҳаёт
кечиради. Жамият аъзолари эса табиий ва биологик қонунлар билан бир
қаторда онгли фаолиятлари натижасида муайян қоидаларни
яратганликлари боис шахс сифатида шаклланганлар. Жамият
шаклланишининг дастлабки босқичида диний маросимлар ва удумлар
каби ижтимоий нормалар ҳам муҳим аҳамият касб этган. Ибтидоий
жамиятдаги ижтимоий қоидалар одамларга атроф табиий муҳитдан
хавотирланиш ва қўрқишдан холи бўлишга ва уни ишлаб чиқариш
фаолиятига йўналтиришга имкон берган, бу эса жамиятда барқарор
муносабатларни ўрнатишда муҳим омил бўлган.
Ижтимоий нормалар ўзлаштирувчи хўжаликнинг мавжуд бўлиши
ва уруғни давом этишини таъминлаган, озуқани топишнинг муайян
усулларини тартибга солган ва оила-никоҳ муносабатларини
мустаҳкамлаган. Адабиётларда ушбу нормалар мононормалар деб
аталади. Улар жамиятдаги инсонларнинг асосий манфаати – яшаш учун
курашишини ифода этган. Ушбу манфаат табиат кучларига, турли
хавф-хатарга қарши туриш учун жамиятдаги кучларни бирлаштирган.
Жамият шаклланишининг дастлабки даврида амалда бўлган
ижтимоий нормалар қуйидагилар билан тавсифланади:
1) мазмунан содда ва мураккаб бўлмаган ижтимоий
муносабатларни тартибга солган. Масалан, уруғдошлар ичида
кимга оловни узатиш вазифасининг юклатилиши масаласи ёки
ов натижасида қўлга киритилган ўлжани қандай тақсимлаш
ижтимоий нормалар асосида ҳал қилинган;
2) ижтимоий нормалар асосан одатлар кўринишида бўлган
(яъни узоқ вақт давомида кўп маротаба қўллаш натижасида одатга
айланган тарихий шаклланган хулқ-атвор қоидалари);
3) ҳали ёзув шаклланмаганлиги боис юриш-туриш қоидалари
кишилар хулқ-атворида ва онгида мавжуд бўлган;
4) жамият аъзолари томонидан амал қилиниши ишонтириш
ва мажбурлаш (уруғдан қувиш) чоралари билан таъминланган;
5) қоидалар ман этиш тавсифи (табу тизими)га эга бўлган,
нормаларнинг мазмунида ҳуқуқ ва мажбуриятлар қатъий
белгиланмаган ва бошқалар.
Ижтимоий нормалар билан жамият ҳаётини тартибга солиш
инсоният ҳаётида энг муҳим ютуқлардан бири ҳисобланади. Уларнинг
барча учун қатъий қилиб ўрнатилганлиги ва унга амал қилишнинг
таъминланиши жамиятни тартибга келтиради. Қоидалар қанчалик
ҳаётий, адолатли бўлса ва уларни амалга оширилиши таъминланса,
бундай жамиятда ижтимоий тартиб юксак даражада бўлади. Аксинча,
қоидаларга риоя этилмаса, нормалар бузилса, жамият ҳаётида
тартибсизлик юз беради. Тартибсизлик жамиятни охир-оқибатда
ҳалокатга олиб келиши мумкин.
Ибтидоий жамиятда мавжуд бўлган ижтимоий ҳокимият оилавий
муносабатларга асосланган, чунки жамият ташкил топишининг
негизини уруғ (уруғ жамоаси), яъни ҳақиқий ёки тахминий
қон-қариндошликка, шунингдек умумий мулк ва меҳнатга асосланган
кишиларнинг жамоаси ташкил этган. Ҳар бир уруғ алоҳида хўжалик
юритиши, ишлаб чиқариш воситаларининг эгаси бўлиши, умумий
меҳнат жараёнининг ташкилотчиси сифатида намоён бўлган. Уруғлар
янада йирик бўлган тузилмалар – фратрия, қабила, қабилалар
иттифоқини ташкил қилган. Ҳокимият бутун жамоа (уруғ йиғинлари),
шунингдек ибтидоий жамият ҳаётининг муҳим масалаларини ҳал
қилувчи уруғ вакиллари (оқсоқоллар, оқсоқоллар йиғини, ҳарбий
бошлиқлар, коҳинлар) томонидан ҳам амалга оширилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |