Ижтимоий шартнома назарияси. Мазкур назария XVII–XVIII
асрлардан бошлаб кенг тарқалган бўлсада, у дастлаб Ҳиндистон ва
қадимги Хитой мутафаккирлари томонидан илгари сурилган. Ушбу
назария вакилларининг (Ж.Локк, Т.Гоббс, Б.Спиноза, А.Радишчев,
Ж.Руссо, Г.Гроций) фикрича, давлат ҳокимияти кишиларнинг ўзаро
бирлашиб ихтиёрий шартлашганликларининг ифодасидир. Бунда
давлат ва жамият ўртасида ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлар тизими
вужудга келиб, ўз навбатида, уларда шартнома мажбуриятларини
бажармаганликлари учун жавобгарлик туғилади.
Давлатнинг вужудга келиши тўғрисидаги шартнома назарияси
табиий ҳуқуқ назарияси негизида вужудга келиб, ўрта асрларда
шаклланиб келаётган янги табақа учун ҳукмдорнинг мутлақ
ҳокимиятини чеклаш, инсоннинг ҳокимиятдан мустақил эркин ирода
эгаси эканлигини асослашга хизмат қилди.
Мазкур назариянинг мазмуни инсон ҳуқуқлари улар туғилганидан
юзага келади деган ғояни ўз ичига қамраб олади. Рим ҳуқуқшунослари
фуқаролар ҳуқуқлари ва халқлар ҳуқуқлари билан бирга табиий
ҳуқуқни ҳам ажратиб кўрсатган. Бугунги кунда табиий ҳуқуқлар ҳар
қандай давлат учун умуммажбурий норма сифатида эътироф этилади ва
уларнинг бу борадаги мажбуриятлари халқаро ҳуқуқ нормалари билан
белгилаб қўйилган.
Ижтимоий шартнома назариясининг кўпгина ғоялари демократик
давлатларнинг конституцияларида ўз ифодасини топган. Шу маънода
давлатнинг асосий қонуни ҳисобланадиган конституцияларни муайян
даражада ижтимоий шартнома деб таърифлаш мумкин. Чунки унда
инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликлари билан бир
қаторда уларнинг бурчлари кўрсатиб ўтилади. Ўз навбатида, давлатнинг
жамият ва фуқароларга нисбатан ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳам
конституцияларда мустаҳкамланади. Бир сўз билан айтганда,
демократик давлатда давлат ва фуқаро ўзаро ҳуқуқ ва мажбурият
орқали боғланган бўлади.
Материалистик назария. Ушбу назариянинг асосий қоидалари
Ф.Энгельс (“Оила, хусусий мулк ва давлатнинг келиб чиқиши” асари)
К.Маркснинг асарлари масалан, “Капитал”да ифодаланган. Уларнинг
фикрича, давлат, энг аввало, иқтисодий муносабатларнинг
ривожланиши, бир-бирига қарама-қарши синфларнинг юзага келиши
натижасида вужудга келган. Бунда давлат иқтисодий ва сиёсий
жиҳатдан ҳукмрон бўлган табақаларнинг қуйи табақаларни бостириб
туриш воситаси сифатида майдонга чиқади. Мазкур назарияга кўра
муросасиз синфий қарама-қаршиликлар фақат муайян тарихий
шароитлардагина давлат вужудга келиши сабаби сифатида ҳал қилувчи
аҳамият касб этиши мумкин. Шунингдек, умумий ишларни адо этиш,
жамиятни бошқаришни такомиллаштириш, меҳнат тақсимотининг бир
шакли сифатида ушбу бошқарувни ихтисослаштириш зарурати
давлатнинг вужудга келиши сабаблари сифатида келтириб ўтилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |