ЖАМИЯТ МАВЖУД БЎЛИШИ ШАКЛЛАРИНИНГ
ХИЛМА-ХИЛЛИГИ
Ижтимоий ва сиёсий институтлар объектив заруриятдан келиб
чиққан ҳолда биологик, ижтимоий, сиёсий ва бошқа сабабларга кўра
шаклланади. Жамият ижтимоий-сиёсий институтлардан ташкил топади
ва шунга мос равишда турли ижтимоий ёки сиёсий вазифани бажарувчи
ташкилотлар, органлар, муассасалар, бирлашмалар шаклланади.
Жамиятнинг биринчи табиий бўғинини ташкил этувчи
институт – бу оиладир. Оила табиат қонунларига кўра юзага келади ва
қон-қариндошчилик асосида уюшган кишилардан ташкил топади. Уруғ
эса бир нечта оиланинг қон-қариндошчилик асосида бирлашиши ва
мулкни идора қилиши, умумий, қариндошчилик қоидалари асосида
шаклланади. Бир неча уруғларнинг қўшилиши оқибатида қабила,
кейинчалик умумий тил, урф-одат каби бирлик асосида миллат келиб
чиққан.
Сиёсий институтларнинг энг дастлабкиси давлат ҳисобланади.
Давлат билан бир вақтда ҳуқуқ ҳам юзага келган. Жамият тараққиёти
натижасида давлат билан бирга нодавлат ташкилотлар: касаба
уюшмалари, сиёсий партиялар, турли-туман ижтимоий бирлашмалар
шаклланиб борган.
Кишилик жамиятининг ажралмас қисми ва муҳим элементи
ижтимоий ҳокимият ҳисобланади. Ҳокимият жамиятга ҳаёт бахш этиб
турувчи, тизимга солиб турувчи элементдир. Ҳокимият – бу икки ёки
ундан кўп субъектлар ўртасида буйсунувга асосланган муносабатлар
тизимидир. Ҳокимият жамиятда шакллангани боис ижтимоий ҳокимият
деб ҳам юритилади. Ижтимоий ҳокимиятнинг субъектлари сифатида
оилада ота ҳокимияти, уруғда оқсоқол, қабилада сардорлар ҳокимияти
ҳақида айтиб ўтиш мумкин.
Жамият шахсларсиз мавжуд бўлиши мумкин эмас. Кишилар
жамиятнинг тузилишида ва унинг ривожланишида асосий роль
ўйнайди. Жамият кишиларнинг бир-бирлари билан жамоа сифатида
яшашга бўлган табиий эҳтиёжлари асосида юзага келган. Жамият
ўзининг вужудга келгандан бошлаб бугунги кунга қадар
ривожланишида мураккаб, турли шакллар ва тарихий босқичлардан
ўтган. Унинг етуклик даражаси, ички тузилиши (ижтимоий-иқтисодий,
сиёсий тизими) ўзгариб борган.
Ибтидоий жамоа узоқ давр мобайнида уруғчилик кўринишида
бўлган ва ривожланишининг мазкур босқичида у ижтимоий ёки бошқа
қатламларга бўлинмаган. Аста-секин жамият тузилиши мураккаблаша
борган сари, яъни иқтисодий муносабатларнинг ўзгариши билан
ўзларининг манфаатлари, қизиқишлари ва хусусиятларига эга бўлган
ижтимоий бирлашмалар, гуруҳлар шакллана бошлаган.
Жамиятни ижтимоий, сиёсий институтларсиз тасаввур қилиб
бўлмайди. Кишилар – ижтимоий мавжудот бўлиб, улар эҳтиёж, манфаат
ва мақсадларига кўра бирикмасдан яшай ёки меҳнат қила олмайди.
Бугунги кундаги жамият ўта мураккаб кўринишда бўлиб, уларнинг
кўпчилиги муайян бир давлат асосида кишиларни бирлаштирган.
Do'stlaringiz bilan baham: |