ФИЗИКАЛИЗМ – позитивизмда «фанларни унификация (бир хил) қилиш» ғоясини амалга оширишга ҳаракат қилган ёндашувдир. Р.Карнап физикализмни барча фанларнинг қоидалари ва тушунчаларини физика тилига таржима қилиш лозимлиги билан изоҳлайди. Яъни, барча фанлар учун ягона тил-физика эканлигини уқтиради. Дастлабки вақтда физикализм анча оммалашади, бироқ тезда ўз мавқеини йўқотади. Чунки, мавжуд бўлган барча илмий билимларни, шунингдек турли хил фанлар ўртасидаги ўзаро таъсир муносабатларини ягона физика тили билан адекват ифодалаш мумкин эмаслиги равшан бўлади.
Классик фалсафада универсал фан ғоясини қайта тиклашга уринадиган физикализмда, бундай фан тугалланган ва чегараланган билимлар системаи сифатида қаралади. Мантиқий позитивизмда «мўътадил физикализм» концепцияси ишлаб чиқилади. Янги унификациялаштирилган фан тилини яратишга ва мавжуд барча билимлар системаини шу тилга таржима қилишга уриниш ижобий натижа бермаганлигини физикализм тарафдорларининг ўзлари ҳам, уларнинг мухолифлари ҳам таъкидлайдилар.
ФИТРАТ (тахаллуси: асл исм-шарифи Абдурауф Абдураҳим ўғли, 1886, Бухоро – 1937, Тошкент) – ўзбек ёзувчиси ва олими. Бухородаги жадидчилик ҳаракатининг йўлбошчиларидан бири ҳисобланади. У Бухорода мадрасада таҳсил олгач, 1909-1913 й.ларда Истанбулда ўқиди ва маърифатга сидқидилдан хизмат қилди. Фитратнинг асарлари Бухоро ва умуман Туркистон халқини қолоқликдан чиқариш ва жамиятни ислоҳ қилиш дастури бўлиб хизмат қилди ва одамлар онгида инқилоб вазифасини ўтади. Фитрат Ёш бухороликлар партиясини ташкил этишда фаол қатнашди. БХСР ташкил топгач, ташқи ишлар ва маориф нозири сифатида фаолият кўрсатди.
Ф. 17 ёшидан бошлаб, жиддий илмий-ижодий иш билан шуғулланади. Унинг асарлари 260 босма табоқдан зиёд илмий меросни ташкил этади. Бу асарлар адабиётшунослик, этика, эстетика, мусиқа, шахмат, мелиорация, геодезия каби билим соҳаларига бағишланган бўлиб, улар Ф.нинг қомусий тафаккур ва ақл эгаси бўлганлигидан дарак беради. Унинг дастлаб яратилган «Мунозара» (1909), «Ҳинд сайёҳи баёноти» (1911), «Раҳбари нажот» (1915) асарлари нафақат бадиий ва диний, балки ижтимоий ва фал-ий., маърифий ва ахлоқий руҳдаги асарлар бўлиб, бу асарларда халқнинг ўтмиши ва қадриятлари ҳақида тутқин ва турғун миллатнинг истиқболлини ёритиш ҳақидаги ғоялар асосий ўрин эгаллайди. Ф., кейинроқ ёзилган «Шарқ сиёсати» (1919), «Шарқда инг.лар», «Туркистонда руслар» публицистик мақолаларида истило сиёсатининг турли халқлар ва миллатлар ҳаётидаги таъсири, салбий оқибатларини равшан кўра олган, унга баҳо бера олган йирик арбоб сифатида фикр юритади.
Ф. Петроград дорилфунунининг Шарқ ф-тида маърузалар ўқиб юрган кезлари, ўзбек олимларидан биринчи бўлиб, проф. унвонига сазовор бўлган. У Британия энциклопедиясида ўзбек файласуф олими сифатида қайд этилган биринчи адибдир. Ф. ўзбек классик мусиқаси ва санъатини ўрганиш, «Шашмақом»ни нотага туширишда жонбозлик кўрсатган. Унинг ҳар бир асари миллий меросни қайта тиклаш ва миллий маданиятни ривожлантиришга қаратилган, миллий истиқлол ва мустақил тараққиёт концепцияларини баён этишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
Умрининг кейинги даврида у ўзини илмга бағишлади. Фитрат ўзбек олимлари ичида биринчи бўлиб проф. унвонига сазовор бўлган.
Ўз илмий ва амалий фаолияти жиҳатидан кенг ва серқирра ижод этган олим ва миллатпарвар Ф. 1937 й.да машъум қатоғон сиёсатининг қурбони бўлди. У 1937 й.да қамоққа олинган ва Абдулла Қодирий, Чўлпон билан бир кунда, яъни 1938 й. 4 октябрда Тошкент яқинидаги Бўзсувда отиб ташланган. Унинг меросини холисона ўрганиш имкони истиқлол й.ларида очилди, холос.
Do'stlaringiz bilan baham: |