14-м о д д а. Суд томонидан масалаларни ҳал қилиш
тартиби
Ишни кўриш чоғида келиб чиқадиган ҳамма масалалар судьянинг якка ўзи томонидан, ишни судьялар ҳайъати кўраётган ҳолларда эса, судьяларнинг кўпчилик овози билан ҳал этилади. Суд қарорлари маслаҳатхонада чиқарилади ва ёзма равишда тузилади. Қарор чиқариш вақтида бошқа шахсларнинг ҳозир бўлишига йўл қўйилмайди. Хар бир масала ҳайъат томонидан ҳал қилинаётганида судьяларнинг бирортаси ҳам овоз беришда бетараф қолишга ҳақли эмас. Раислик қилувчи ҳаммадан кейин овоз беради. Озчилик томонида қолган судья ўзининг алоҳида фикрини ёзма равишда баён қилишга ҳақли, унинг бу фикри ишга қўшиб қўйилади, бироқ эълон қилинмайди. Ишда иштирок этувчи шахслар судьянинг алоҳида фикри билан таништирилмайди.
Агар алоҳида фикр баён қилинган суд қарори юқори суд инстанциясида кўрилмаган бўлса, у қонуний кучга кирганидан кейин иш билан бирга қўшиб қарорга нисбатан протест келтириш масаласини ҳал қилиш учун тегишли суд раисига юборилади.
1. Ишни кўриш жараёнида вужудга келган масалаларни қонунга асосланиб, тўғри ҳал қилиш манфаатдор шахсларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашга имкон беради.
Амалдаги қонунларга асосан фуқаролик ишлари судларда якка судья томонидан кўриб ҳал этилади. Ишни судьянинг ўзи кўрганда ва ҳал этганда суд номидан иш юритилади.
Агар иш шу моддада белгиланганидек, ҳайъат таркибида кўриладиган бўлса, раислик қилувчи ўз фикрини охирида билдириб овоз беради. Судьялар ҳал қилув қарорини чиқариш вақтида айтилган мулоҳазаларни ошкор қилишга ҳақли эмаслар.
2. Суд ҳайъат таркибида маслаҳатхонада, ишни якка тартибда кўрган ҳолларда эса алоҳида хонага ҳал қилув қарори, ажрим чиқариш учун кирадилар. Судьялар қарор чиқариш вақтида айтилган фикр ва мулоҳазаларини ошкор қилишга ҳақли эмаслар.
Фуқаролик иши юзасидан ҳал қилув қарорини чиқаришда суд таркиби тўлиқ овоз беришлари лозим. Борди-ю, судьялардан бири умумий хулосага қарши чиққан ҳолларда ўзининг алоҳида фикрини ёзма равишда баён қилишга ҳақли бўлиб, бу фикр суд мажлисида ўқиб эшиттирилмайди, бироқ ёзилган фикр ишга қўшиб қўйилади.
Озчиликда қолган судья ҳам кўпчилик томонидан қабул қилинган ҳал қилув қарорига имзо қўяди.
Агар алоҳида фикр баён қилинган суд қарори юқори суд инстанциясида кўрилса, юқори суд бошқа масалалар билан алоҳида тузилган фикрдаги ҳолатларнинг қанчалик асосли эканлигини текшириши керак.
Судья фақат ҳал қилув қарорини чиқариш жараёнидагина эмас, шу билан бирга иш кўриш жараёнида барча масалалар бўйича алоҳида фикрда бўлиши ҳам мумкин.
Шарҳланаётган моддада алоҳида фикр баён қилинган суд қарори юқори суд инстанциясида кўрилмаган бўлса, у қонуний кучга киргандан кейин иш билан бирга қўшиб қарорга нисбатан протест келтириш масаласини ҳал қилиш учун тегишли суд раисига юборилиши кўрсатилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |