11-м о д д а. Судда ишни кўришнинг бевоситалиги
ва оғзакилиги
Биринчи инстанция суди фуқаролик ишини кўраётганида ишга оид далилларни бевосита текшириши: ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришларини, гувоҳларнинг кўрсатмаларини, экспертлар ва мутахассисларнинг хулосаларини эшитиши, ёзма далиллар билан танишиши, ашёвий далилларни кўздан кечириши шарт.
Ишни кўриш оғзаки равишда ўтади. Ишни кўриш жараёнида судья алмаштирилган тақдирда, иш бошидан қайта кўрилиши керак.
ЎзР 14.12.2000 й. 163-II-сон Қонунига мувофиқ учинчи қисм чиқариб ташланган
1. Судда иш кўришнинг бевоситалиги принципига биноан, фуқаролик ишларини мазмунан кўриб, ҳал қилувчи ва иш юзасидан қарор чиқарувчи судьялар иш материаллари билан шахсан танишишлари, гувоҳларнинг берган кўрсатувларини, экспертлар хулосаларини, мутахассисларнинг фикрини эшитишга, ёзма далиллар билан танишишга, ашёвий далилларни кўздан кечириш, далилларни текширишлари ва уларни суд мажлисида бевосита ўзлари, шунингдек ишда қатнашувчиларнинг иштирокида текшириши лозим.
Ушбу принципга мувофиқ, суд фуқаролик ҳуқуқий низоларни ҳал қилишда тарафларнинг ҳуқуқлари пайдо бўлиши, ўзгариши ёки тугаши билан боғлиқ бўлган фактларни бевосита аниқлайди. Суд умумий қоида бўйича топширилган ҳужжатларнинг асл нусхаларини кўради, фақат истисно тариқасидаги бундай ҳужжатларни суд мажлисига топшириш мумкин бўлмагандагина, ҳужжатларнинг иккинчи нусха (копия) ларидан фойдаланиш мумкин.
Бевоситалик принципи асосида суд иш кўриш учун тақдим этилган ҳужжатларни (далилларни) қанчалик дахлдор эканлигини аниқлаш билан судьянинг иш юзасидан ва тўпланган далиллар ҳақида маълум тушунча пайдо бўлишига ҳам ёрдам беради.
Иш кўриш жараёнида судьяларни алмаштириш лозим бўлса, бундай ҳолларда иш кўриш бошидан бошланади. Чунки судья иш ҳолатидан тўлиқ маълумотга эга бўлиши лозим. Фуқаролик жараёни бевоситалик принципига асосланган бўлса ҳам, аммо айрим ҳолларда, бу қоидадан четга чиқишга қонун йўл қўяди. Масалан, гувоҳ иш кўраётган судда бевосита сўроқ қилиниши лозим бўлса ҳам, аммо у иш кўраётган шаҳар ёки тумандан узоқ жойда яшаганида, ишни кўрувчи суднинг махсус топшириғи бўйича, бу гувоҳ ўзини турадиган жойидаги суд томонидан мазкур иш бўйича сўроқ қилиниши мумкин. Шундай ҳолларда ҳам суд ишни мазмунан кўриш жараёнида тўпланган далилларга баҳо бериши лозим.
2. Ишни оғзаки кўриш принципига асосан судда иштирок этувчи тарафлардан процессуал ҳаракатларни оғзаки равишда ифодалашни талаб қилади. Суд ишни оғзаки кўрганда тарафлар, гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар, таржимонлар, шунингдек, ишда иштирок этувчи прокурор билан бевосита мулоқотда бўлиш имкониятига эга бўлади ва иш бўйича ошкоралик принципига асосланади.
Фуқаролик ишига изоҳлар ёзма равишда тақдим этилган бўлса ҳам, аммо суддаги иш материаллари оғзаки равишда текширилади. Суд мажлисида оғзаки текширилган вақтда аниқланган ва тасдиқланган материалларгина суд қарорига асос қилиб олинади. Суд мажлисида айтилган сўзларнинг ҳаммаси суд мажлиси баённомасида қайд қилинса, оғзакичилик принципига хилоф келмайди. Аксинча суд мажлисида айтилган сўзларнинг баённомага ёзилмаслиги суд қарорининг қонуний, асосли ва адолатли бўлишини текшириш имкониятидан маҳрум қилади.
Судда иш кўришнинг оғзакичилик принципи асосида юритилиши айрим процессуал ҳаракатларни ёзма равишда бажарилиши мумкин эмас, деган фикрни англатмайди. Аксинча тайёрлов босқичидаги процессуал ҳаракатлар, суд мажлиси баённомаси, ҳал қилув қарори, ажримлар ва шу кабилар фақат ёзма тартибда расмийлаштирилади.
Фуқаролик жараёнида оғзакичилик принципига мувофиқ, суд тарафларнинг оғзаки тушунтиришлари, изоҳларини, гувоҳлар, экспертлар ва мутахассисларнинг оғзаки кўрсатувларини эшитади. Суд мажлисида кўриладиган барча масалалар оғзаки муҳокама қилинади. Бундай усул судьяларга иш ҳолатларини ойдинлаштиришларига ва уларда иш юзасидан турли ички тушунча пайдо бўлишига имкон беради. Судга тақдим этилган барча ёзма ҳужжатлар, чунончи, экспертларнинг ёзма хулосалари ва бошқа ёзма далиллари оғзакилик принципи талабларига кўра суд мажлисида кўрилиши, оғзаки муҳокама қилиниши лозим бўлади.
3. 2000 йил 14 декабрдаги қонунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра, фуқаролик ишларини судда кўришда узлуксизлик принципи чиқариб ташланган. Ушбу қоидани фуқаролик процесси принципидан чиқарилишининг қанчалик асосли эканлигини суд амалиёти кўрсатади. Биз бу қоидани шарҳлашда мазкур принцип илгари қандай мақсадларни кўзлагани ҳақида тушунтириш беришни лозим топдик.
Ишнинг узлуксиз кўрилиши принципига асосан суд ишининг бошланишидан то охиригача, яъни суд ҳал қилув қарори чиқарилишига қадар узлуксиз суд мажлисида ва суднинг ўзгармаган таркибда кўрилиши ва бу иш юзасидан ҳал қилув қарори чиқарилмагунча бошқа ишларнинг кўрилмаслигини талаб қилар эди.
Жараённинг узлуксизлиги принципига биноан ишнинг кўрилиши тамом бўлган замон дарҳол қарор чиқарилиши ва уни эълон қилиниши лозим бўлар эди. Кўрилган иш юзасидан чиқарилган қарор эълон қилинмасдан туриб бошқа ишни кўришга ҳақли бўлмаган. Фақат айрим ҳоллардагина, истиснолар сифатида, мураккаб ишлар бўйича суднинг асослантирилган қарорининг тайёрланиши уч кундан ошиқ бўлмаган муддатга кечиктирилиши мумкин бўлган (ФПКнинг 203-моддаси).
Суд қарорини чиқаришда фақат ишни музмунан бошидан охиригача кўришда иштирок этган судьяларгина қатнаша олганлар. Ҳар бир иш бўйича суд мажлиси, дам олиш учун белгиланган вақтдан ташқари узлуксиз давом этган. Суд узлуксиз бошланган ишнинг кўрилишини тамомламасдан ёки уни кўришни бошқа вақтга қолдирмасдан туриб бошқа ишни кўришга ҳақли бўлмаган. Агар ишнинг кўрилиши давомида суд таркиби ўзгарса, ишнинг кўрилиши янгидан бошланган. Узлуксизлик принципига кўра, суд бошланган ишни охирига етказиш билан иш юзасидан аниқ маълумотга эга бўлиши ва уни ёдидан чиқармасдан ҳал этиши иш бўйича тўғри ечим топиш имконини берган.
4. Ишни судда кўрилишининг бевоситалиги ФПКнинг 11-моддасига кўра, унинг асосий принципларидан бири эканлигини ҳисобга олган ҳолда ҳал қилув қарори ишни кўрган суд томонидан фақат текширилган далилларга кўра асослантирилиши лозим. Бунда суд ҳал қилув қарорида иш учун аҳамиятга эга у ёки бу ҳолатлар тасдиқланадиган далилларни кўрсатиб ўтиш билан чегараланмасдан, балки бу далилларнинг мазмунини баён этмоғи шарт.
Do'stlaringiz bilan baham: |