16-м о д д а. Суд чиқарган ҳал қилув қарори, ажрим ва
қарорнинг мажбурийлиги
Суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори, ажрими, қарори ва буйруғи барча давлат органлари, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурий бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ижро этилиши лозим.
Суднинг ҳал қилув қарори, ажрим, қарор ва буйруқнинг мажбурийлиги манфаатдор шахсларни ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни сўраб, башарти бу ҳуқуқлар ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларга дахлдор низо судда кўриб чиқилмаган ва ҳал этилмаган бўлса, судга мурожаат қилиш имкониятидан маҳрум этмайди.
1. Ўзбекистон Республикаси судларининг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарорлари ва ажримларини ижро қилиш лозим ва ушбу қоидага асосан ижро ҳаракатлари Республика ҳудудидаги барча фуқаролар, давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.
Суднинг қабул қиладиган ҳал қилув қарори муҳим ҳужжат ҳисобланади, чунки ушбу ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси номидан чиқарилади. Шунинг учун ҳам тегишли фуқаролик иши юзасидан чиқарилган суд қарори қонун даражасида бўлиб, бу барча давлат ташкилотлари, корхоналари, муассасалари, жамоат ташкилотлари, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийдир. Бошқа давлат идоралари суднинг чиқарган ҳал қилув қарорларини асоссиз, деган мазмунда ўз қарорларини чиқариш ҳуқуқига эга эмаслар. Суднинг тегишли ҳужжатидан норози томон қонунда белгиланган тартибда шикоят, прокурор эса протест келтиришлари мумкин.
2. Агар, суднинг қарорида айрим ҳаракатларни бажариш ёки бундай ҳаракатларни амалга оширишни тақиқлаш ҳақида кўрсатилган бўлса, бу кўрсатмаларни тегишли шахслар бажаришлари лозим. Масалан, юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни белгилаш ҳақида суднинг ҳал қилув қарори фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд қилиш идораларида қайд қилиниши ёки бошқа органларда расмийлаштирилиши лозим бўлган фактларни белгилаш ҳақидаги суд чиқарган ҳал қилув қарори, бу идоралар томонидан бериладиган ҳужжатларнинг ўрнини босмаса-да, шундай қайд қилиш ёки ҳужжатни расмийлаштириш учун асос бўлади. Худди шундай ҳал қилув қарорларига никоҳдан ажратиш, қарамоғида бўлган шахсни аниқлаш ва ҳоказоларни кўрсатиш мумкин.
3. Қонуний кучга кирган суднинг ҳал қилув қарори ва ажримлари шу фуқаролик ҳуқуқий муносабатдан келиб чиққан иш бўйича иштирок этувчи шахслар учун қонуний кучга эга эканлигига эътибор бериш лозим.
Суд ўзининг ҳал қилув қарори билан тегишли низони ҳал қилиб, процессдаги у ёки бу тарафнинг ҳуқуқини ҳимоя қилади, ҳуқуқларини вужудга келтиради, ўзгартиради ёки бекор қилади.
Апелляция, кассация ва назорат тартибида кўрилган фуқаролик ишлари юзасидан чиқарилган суднинг ажримида ва қарорларида баён қилинган кўрсатмалар қуйи судлар учун мажбурийлиги қонунда кўрсатилган (ФПКнинг 317-моддаси).
Юқорида қайд қилинганидек, суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори ишда иштирок этувчи тарафларга тегишли. Агар суд қарори шахсларнинг субъектив ҳуқуқлари ва қонун билан ҳимоя қилинадиган манфаатларига таъсир этмаган тақдирда ҳам мустақил равишда суд ҳимоясидан фойдаланишлари мумкин. Шунинг учун ҳам бу модданинг иккинчи қисмида, агар бу ҳақда шу ишга дахлдор низо кўрилмаган бўлса ҳам манфаатдор шахснинг судга мурожаат қилиш имкониятидан маҳрум этмаслиги ҳақида баён қилинган.
Do'stlaringiz bilan baham: |