17-м о д д а. Суд фаолияти устидан юқори судларнинг
назорати
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича Олий судининг, фуқаролик ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судларининг ва ҳарбий судларнинг судлов фаолиятини назорат қилиш ҳуқуқига эга.
Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича Олий суди Қорақалпоғистон Республикасининг фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судларининг судлов фаолиятини назорат қилади.
Фуқаролик ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари тегишли вилоят, Тошкент шаҳри ҳудудидаги фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судларининг судлов фаолиятини назорат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди округ ва ҳудудий ҳарбий судларнинг судлов фаолиятини назорат қилади.
1. Қуйи судларнинг иш фаолияти юзасидан юқори судларнинг назорат ўрнатишидан мақсад ишни кўришда йўл қўйилган моддий ва процессуал хатоликларга барҳам беришда ёрдамлашиш билан одил судловликни амалга оширишдан иборат. Юқори судлар қуйи судларнинг иш кўришда ҳақиқий ҳолатни аниқлаган-аниқламаганлиги, моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри татбиқ қилинганлиги ва қонунни қанчалик тўғри шарҳланганлиги устидан назорат олиб боради.
Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги Қонунида кўрсатилганидек, Ўзбекистон Республикасининг Олий суди Ўзбекистон Республикасининг юқори суд органи бўлиб, Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси судларининг судлов фаолияти устидан назорат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди фуқаролик, жиноий ва маъмурий судлов соҳасида суд ҳокимиятининг олий органи ҳисобланади. У томонидан қабул қилинган ҳужжатлар қатъий ва Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудида бажарилиши мажбурий.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди фуқаролик ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, вилоятлар, шаҳар, туман судларининг судлов фаолияти устидан назорат олиб бориш ҳуқуқига эга.
Олий суд ишларни биринчи инстанцияда, апелляция, кассация ва назорат тартибида кўради.
Республика Олий суди суд амалиётини ўрганади ва умумлаштиради, қуйи судларнинг суд статистикасини таҳлил қилади ва суд ишларини кўриб чиқиш пайтида республика қонунларини қўллаш юзасидан келиб чиқадиган масалалар бўйича судларга раҳбарий тушунтирувлар беради. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг раҳбарий тушунтирувлари берилган қонунни қўлловчи судлар, бошқа органлар ва мансабдор шахслар учун мажбурийдир. Республика Олий суди, Олий суднинг Пленум қарори ҳамда раҳбарий тушунтирувлари қандай бажарилаётганлиги устидан назорат қилиб боради, ҳамда қонунларда ўзига берилган бошқа ваколатларни амалга оширади1.
Бошқа судлар ҳам ўзларига юклатилган ваколат доирасида иш кўрадилар. Масалан, Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, вилоят суди, Тошкент шаҳар суди:
-ўз ваколатлари доирасида ишларни биринчи инстанция суди сифатида, апелляция, кассация ва назорат тартибида кўради;
-туманлараро, туман (шаҳар) судларининг судлов фаолияти устидан назорат олиб боради, суд амалиётини умумлаштиради;
-қонун ҳужжатларида ўзига берилган бошқа ваколатларни амалга оширади.
Ўзбекистон Республикаси ҳарбий судлари:
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмита, Миллий хавсизлик хизмати, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги қўшинларининг ва қонун ҳужжатларига мувофиқ ташкил этиладиган бошқа ҳарбий тузилмаларнинг ҳарбий хизматчилари, шунингдек ўқув йиғинларида бўлган вақтда ҳарбий хизматга мажбурлар томонидан содир этилган жиноятлар тўғрисидаги ишларни;
Ҳарбий қисмлар, қўшилмалар ва бирлашмалар, ҳарбий бошқарув органларининг қўмондонлигига нисбатан ҳарбий хизматчиларнинг даъволари бўйича фуқаролик ишларини ва ҳарбий бошқарув органлари ҳамда ҳарбий мансабдор шахсларнинг ҳарбий хизматчиларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузувчи хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан шикоятларни;
Алоҳида ҳолатларга кўра умумий юрисдикция судлари фаолият кўрсатмаётган жойларда барча фуқаролик ва жиноят ишларини;
давлат сирларига тааллуқли ишларни;
қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ишларни кўради.
2. Юқори судларни қуйи судлар устидан назорат қилиш шакллари қуйидагилар: а) суднинг ҳал қилув қарорлари ва ажримларини апелляция, кассация тартибида қайта кўриш; б) қонуний кучга кирган суднинг ҳал қилув қарорлари, ажримлари ва қарорларини назорат тартибида қайта кўришдан иборат.
Юқори судлар суд амалиётини тегишли туркумдаги фуқаролик ишларини умумлаштириш билан судларни нималарга эътибор беришлари зарурлиги ҳақида хабардор қилади. Бу умумлаштиришлар ўз навбатида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумида кўрилиб, тегишли раҳбарий қарорлар қабул қилиш учун асос бўлиши ҳам мумкин.
Демак, юқори судлар қуйи судларнинг муайян ишни кўриб ҳал қилув қарори, ажрим ва қарорлар чиқариш йўли билан қонунда белгиланган тартибда уларнинг мустақиллигига таъсир этмаган ҳолда ҳаракат қилиши лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |