3-боб. СУДЬЯ ВА ПРОЦЕССНИНГ БОШҚА ИШТИРОКЧИЛАРИНИ РАД ҚИЛИШ
25-м о д д а. Судьяни рад қилиш асослари
Қуйидаги ҳолларда судьянинг ишни кўриши мумкин бўлмайди ва у рад қилинади, агар:
1) ишнинг пировард натижасидан шахсан бевосита ёки билвосита манфаатдор бўлса, ёхуд унинг холислигига шубҳа туғдирадиган бошқа ҳолатлар мавжуд бўлса;
2) шу иш илгари кўрилганида гувоҳ, эксперт, мутахассис, таржимон, вакил, прокурор, суд мажлисининг котиби сифатида қатнашган бўлса;
3) ишда иштирок этувчи тарафнинг ёки бошқа шахсларнинг қариндоши бўлса.
Бир-бирига қариндош шахслар суд таркибига кириши мумкин эмас.
1. Фуқаролик ишларини судда кўришда фуқаролик процессуал кодексида белгиланган принципларга амал қилган ҳолда одилона ҳал қилув қарори, ажрим ва қарорларни чиқариш учун иш юритиш билан боғлиқ бўлган процессуал нормаларни тўғри татбиқ қилиш лозимлиги юқорида баён қилинган эди.
Суд (судья) ишни тайёрлов босқичида кўриш жараёнида бошқа процессуал масалалар билан бир қаторда суд таркиби, унда тарафлар ва ишда иштирок этувчи шахсларнинг муносабатларини аниқлаши лозим. Агар суд таркиби бўйича унинг қонунийлиги юзасидан судьянинг фикр-мулоҳазалари бўлган тақдирда ишни мазмунан кўришга қадар уларни ҳал этиш учун имконият бўлади.
Суд амалиётида судьяни ишни кўришдан четлатиш (рад қилиш) учун асослар қаторига улар ишнинг ҳал этилишидан ҳар томонлама манфаатдор бўлиш ёки холислик қоидаларининг бузилишига шубҳа туғдирадиган ҳолатлар бўлганида тарафлар ва бошқа шахсларда ана шундай ҳуқуқлардан фойдаланиш имконияти вужудга келади.
Қонунда судьянинг иш юзасидан қайси ҳолларда ва қандай ҳажмда бевосита ёки билвосита манфаатдор бўлишининг ҳамма ҳолатларини ёритиб бериш имконияти бўлмаганлиги туфайли бундай ишларни мазмунига эътибор бериши ҳамда судья ўзининг виждонига ҳавола қилган ҳолда ҳал этиши лозим бўлади.
Ишда иштирок этувчи тарафлар ва бошқа шахсларнинг судьяни ишни кўришдан четлатиш учун турли асоссиз баҳона-сабабларни эмас, балки талабнинг жиддий ҳолатларини инобатга олиши керак. Судьянинг бундай ҳаракатлари иш бўйича бевосита ёки билвосита манфаатдор бўлишига шубҳа туғдирмаслиги мумкин эмас.
Айрим ҳолларда ишни тўғри ҳал қилишга турли йўллар билан тўсқинлик қиладиган ва ишни асоссиз чўзишга қаратилган ҳаракатларни инсофсизларча тарафлар ва бошқа шахслар судьяга нисбатан бўхтон, уйдирма, баҳоналар билан четлатишга ҳаракат қиладилар. Бундай ҳолларда судья, иш бўйича четлатиш ҳақидаги аризани атрофлича ўрганиб, асоссиз талабларни рад этишлари ва ишни мазмунан кўришга киришишлари лозим.
Ишни кўришдан четлатишда шахсни бевосита ва билвосита манфаатдорлик масаласига атрофлича ёндашиш талаб этилади.
Четлатиш (рад этиш) учун асослар деганимизда, кимга нисбатан четлатиш тўғрисида арз қилинган бўлса, шу шахснинг ишда иштирок этувчи шахслар билан дўстлик, қариндошлик муносабатларида бўлиши, хизмат жиҳатидан ёки бошқача манфаатдор бўлишлиги тушунилади.
Юқорида таъкидланганидек, ишни кўришга қадар судьяларни рад этиш масаласи маълум бўлган ҳолларда бундай талаб синчковлик билан текширган ҳолдагина суд таркибини ўзгартириш чораларини кўриш мақсадга мувофиқ бўлади.
Рад қилиш асослари қаторига судьянинг манфаатдорлигидан ташқари, ФПКнинг 25-моддаси 2-бандида белгиланган ҳолатлар бўлиши мумкин. Жумладан, судья ишда шахсан гувоҳ сифатида қатнашмаса ҳам бироқ, у муқаддам иш юзасидан тегишли маълумотларга эга бўлиши, ҳодиса содир бўлган жойдан хабардорлиги ва бошқа ҳолатлар назарда тутилади.
Қонунда белгиланганидек, рад этиш учун қариндошлик муносабатлари ҳам асос бўлади. Бунинг учун Оила кодексининг 57-моддасида кўрсатилган шахслар қариндошлар қаторига киришига эътибор бериш лозим. Агар ишни мазмунан кўришда иш юзасидан вакилнинг манфаатдорлиги аниқланган тақдирда, уни четлатиш тўғрисидаги талабга судья атрофлича баҳо бериши лозим.
Агар суд ижрочиси, таржимонлар ва мутахассислар тарафлар, уларнинг вакиллари ёки ижро иши юритишда иштирок этаётган бошқа шахсларнинг қариндошлари бўлсалар ёхуд ижро иши юритиш натижасидан манфаатдор бўлсалар ёки уларнинг беғаразлигига шубҳа туғдирадиган бошқа ҳолатлар мавжуд бўлса, улар ижро иши юритишда иштирок этиши мумкин эмас ва улар рад қилиниши лозим.
Худди шу асослар бўйича ундирувчи, қарздор ёки уларнинг вакиллари мазкур шахсни рад қилишлари мумкин. Рад қилиш асосланган бўлиши, ёзма равишда баён этилиши ва ижро ҳаракатларини амалга ошириш бошлангунига қадар маълум қилиниши керак, рад қилиш учун асослар мавжудлиги ижро ҳаракатларини амалга ошириш бошланганидан кейин маълум бўлиб қолган ҳолатлар бундан мустасно
Do'stlaringiz bilan baham: |