26-м о д д а. Прокурор, эксперт, мутахассис, таржимон ва
суд мажлисининг котибини рад қилиш асослари
Ушбу Кодекснинг 25-моддаси 1 ва 3-бандларида кўрсатилган рад қилиш асослари прокурор, эксперт, мутахассис, таржимон ва суд мажлисининг котибига нисбатан ҳам қўлланилади.
Агар эксперт, мутахассис ва таржимон ишда иштирок этувчи тарафларга ёки бошқа шахсларга хизмат юзасидан, ёхуд бошқача тарзда қарам бўлса, эксперт ва мутахассис эса шунингдек, тафтиш ўтказган ёки хулоса ҳам берган бўлиб, уларнинг материаллари мазкур фуқаролик ишини қўзғатишга асос бўлиб хизмат қилган бўлса, уларни рад қилиш тўғрисида арз қилиниши мумкин.
1. Рад этиш ҳақида ФПКнинг 25-моддасида белгиланган қоидалар прокурор, эксперт, мутахассис, таржимон ва суд мажлисининг котибига ҳам татбиқ этилиши мумкин.
Судья (суд)ни рад этиш тўғрисидаги аризани кўришда қонунда талаб қилинган қоидаларни қанчалик мавжудлигига эътибор бериш лозим.
Фуқаролик ишларини судда кўришда прокурорнинг процессда иштирокига нисбатан билдирилган норозиликка судья алоҳида аҳамият билан қараши лозим, чунки прокурорнинг асосий вазифалари қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини, конституциявий тузумини ҳимоя қилиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва бошқалар “Прокуратура тўғрисида”ги 2001 йил 29 августда янги таҳрирда қабул қилинган қонунда ифодаланган. Прокурор ўзига юклатилган вазифани холисона, беғараз, фақат қонунга амал қилган ҳолда иш тутиш керак бўлганлиги туфайли ҳар қандай иш кўриш билан боғлиқ бўлган шубҳаларга йўл қўйилмаслиги лозим.
2. Одил судловни амалга ошириш учун муҳим асослардан бўлиб ишда иштирок этувчи шахслар иш материаллари билан атрофлича тўлиқ танишган ва процессда қатнашганларнинг баёнотларини тўлиқ англаб олган бўлиши лозим. Шу мақсадда процессда иштирок этаётган бошқа миллатга мансуб ҳар қандай фуқаро таржимон талаб қилишга ҳақли, суд эса, бундай талабни қаноатлантиришга мажбур.
Таржимонни фуқаролик ишини кўришда қатнашиши ва унинг иш бўйича холислиги ва беғаразлиги процесс иштирокчиларининг процессуал ҳуқуқларини тўлиқ англаб олишга, далилларни исботланганлиги ва унга тўғри баҳо берилганлигини тушунтириб беришга ёрдам кўрсатади.
Таржима туфайли тарафларда иш кўриш жараёнида қонунда белгиланган қатор процессуал ҳаракатларни амалга оширишга имконият туғилади.
Ишни мазмунан кўриш жараёнида таржимон бирор бир шахснинг фойдасини кўзлаб, унинг манфаати учун нотўғри таржима қилган тақдирда уни жавобгарликка тортиш, ишни кўришдан четлатиш (рад этиш) масаласини ишни кўраётган суд ҳал этиши лозим.
Ижро ҳаракатлари амалга оширилаётганда ижро иши юритилаётган тилни билмайдиган шахсларга таржимон хизматидан фойдаланиш ҳуқуқи таъминланади.
Таржима қилиш учун зарур бўлган тилларни биладиган ҳар қандай вояга етган, муомалага лаёқатли жисмоний шахс таржимон бўлиши мумкин. Таржимон суд ижрочисининг қарори билан тайинланади.
Таржимон ўз меҳнати учун ҳақ олиш ҳуқуқига эга бўлиб, бу ҳақ ижро ҳаракатларини амалга ошириш харажатларига киритилади.
Ижро босқичида ҳам таржимон била туриб, нотўғри таржима қилган тақдирда қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўлади, бу ҳақда уни суд ижрочиси ёзма равишда огоҳлантиради.
3. Суд мажлисининг котиби ишни судда мазмунан кўришда процесснинг бориши, процессдан ташқари суднинг ва процессда иштирок этувчи шахсларнинг амалга оширган процессуал ҳаракатлари ҳақида баённома тузади ва бу ҳаракатлар баённомада ўз ифодасини топган бўлиши керак. Суд мажлиси котибининг асосий вазифаси тарафлар, учинчи шахслар, прокурор, вакил, давлат бошқаруви органлари вакилларини, гувоҳ, эксперт, мутахассис, таржимонларнинг кўрсатувлари, баёнотлари ва фикрларини аниқ-тиниқ баённомага тушириши лозим, бу эса, ўз навбатида ишни юқори судларда кўришда биринчи инстанция судининг иш кўриш жараёни бўйича тўлиқ тасаввурга эга бўлишга имкон беради.
Фуқаролик ишини кўраётган судья ишда иштирок этувчи шахслар томонидан ишга оид тақдим этилган ҳужжатлар ва маълумотларни суд котиби баённомага қанчалик тўғри киритганлиги масаласи муҳим аҳамиятга эга. Агар суд мажлиси котибининг кўрилаётган ишга ва тарафларга нисбатан холислигига шубҳа туғдирадиган ҳолатлар аниқланса, судья уни ишни кўришдан четлатиш масаласини ҳал этиши лозим.
4. Айрим фуқаролик ишларини судда кўришда судья иш материалларига оид бўлган ҳужжатларга аниқлик киритиш мақсадида айрим (фан, санъат, ҳунар, техника ва ҳоказо) соҳаларнинг билағон шахсларига мурожаат этишлари лозим бўлиб қолади. Бундай ҳолларда қонун уларга эксперт, мутахассисларга белгиланган тартибда расмий мурожаат этиш ҳуқуқини беради. Шу туфайли қонунда ишни кўриш жараёнида келиб чиққан фан, санъат, техника ёки хунар соҳасида махсус билим талаб қиладиган масалаларни тушунтириш учун суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимосига кўра ёки ўз ташаббуси билан экспертиза тайинлаш ёки мутахассис таклиф қилиши мумкинлиги белгиланган (ФПКнинг 84, 90-моддалари).
Эксперт ва мутахассисларга нисбатан қонунда белгиланган рад этиш (четлатиш) асосларидан ташқари қўшимча асослар ҳам бўлиши мумкин, бунга асос бўлиб, унинг берган хулосаси ишни ҳолатини ўзгартиришга сабаб бўлган бўлиши ва ҳоказо. Масалан, экспертнинг ўтказган тафтиши, текшируви асосида келтирилган зарарни ундириш билан боғлиқ бўлган ҳолатлар, тайинланган экспертнинг етарли даражада малакага эга бўмаганлиги ҳам ишда иштирок этувчи шахслар томонидан уни четлатиш учун қўшимча асос бўлишини суд (судья) ҳал этиши лозим.
Шунинг учун эксперт ва мутахассисларни тайинлашда, судья иштирок этувчи шахслар уларнинг малакаси, ихтисослиги, билим даражаси, тажрибаси ҳамда иш юзасидан хулоса бериш салоҳиятига эътибор бериш зарур.
Агар ишнинг мазмунига таъсир кўрсатмайдиган ҳолларда масалан, прокурорнинг суд мажлиси котиби билан ёки экспертнинг таржимон билан қариндошлик муносабатлари уни рад этиш учун асос бўлмаслиги лозим.
Бундай ҳолларда иш кўришдан четлатиш (рад этиш) учун асос сифатида агар, илгари кўрилган ишда қатнашган мутахассис эксперт бўлиб, суд мажлисининг котиби прокурор бўлиб ва ҳоказо қатнашган бўлсалар, рад этиш масаласини муҳокама қилиш мумкин бўлади.
Ижро босқичида таржимон ва мутахассисни рад қилиш тўғрисидаги масалани суд ижрочиси ҳал қилади. Суд ижрочиси таржимон ва мутахассисни рад қилиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш натижаларига мувофиқ асосланган қарор чиқаради, қарор катта суд ижрочиси томонидан тасдиқланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |